islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Динимиз аҳкомлари

Бўлимлар

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – ДУО ВА САБАБИЯТ ҚОНУНЛАРИ (иккинчи мақола)

Шунингдек, банда фойдали нарсаларга эришиш ва зарарли нарсалардан сақланиш учун имкониятидаги зоҳирий сабабларни, яъни сабабият қонунларини юзага чиқаришга уриниши лозимлиги ҳам шариат талаби ҳисобланади. Демак, имкониятидаги сабабият қонунларини юзага чиқариш ҳам, ортидан дуо қилиб натижани Аллоҳдан сўраш ҳам шариатнинг талабидир. Шу маънода сабабият қонунлари ва дуонинг бир-бирларига алоқасини уч турга ажратиш мумкин: 1. Сабабларга суяниб дуони тарк қилиш беодобликдир. Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлган деҳқон ерини шудгорласа, уруғларнинг яхшисини танласа, экинларини ўз вақтида суғорса, қўйингки мўл ҳосил олишга сабаб қилиб қўйилган барча нарсаларни амалга оширса-ю, дуога бепарво бўлса, мўл ҳосилни фақатгина тайин қилиб қўйилган сабаблар яратади, деган ваҳм юзага келиб қолади. Бу эса барча нарсаларнинг тадбиркори бўлган Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик бўлади. 2. Сабабларни юзага чиқаришга уринмасдан дуо қилиб ўтириш шариатни тушунмасликдир. Масалан, модомики, мўл ҳосил Аллоҳ таолонинг бериши билан бўлар экан ҳосилга сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш ўрнига У зотга дуо қилишга “зўр бериш” керак, бу ёғи Аллоҳга таваккул, деган тушунчада бўлиш шариатнинг кўрсатмаларини тушунмаслик бўлади. Чунки дуо қилишга буюрган шариат, сабабларни юзага чиқаришга ҳам буюргандир. Бу ҳақда Саҳл Тустарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ажойиб сўзлари бор: “Кимки ҳаракатни (сабабларни рўёбга чиқаришни) ҳақир санаган бўлса, суннатни ҳақир санаган бўлади, кимки таваккулни ҳақир санаган бўлса, иймонни ҳақир санаган бўлади. Таваккул Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларидир, касб (сабабларни рўёбга чиқариш) у зотнинг суннатларидир. У зотнинг ҳолларига амал қилган киши асло суннатларини тарк қилмасин”. 3. Сабабларни юзага чиқариб натижани Аллоҳдан сўраш шариат талабидир. Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлганларга аввал мўл ҳосил олишнинг сабабларини юзага чиқариш, сўнгра мўл ҳосилни Аллоҳ таолодан сўраш шариат талаби ҳисобланади. Демак, дуо қилувчи сабабларга суяниб ҳам қолмайди, уларни бекорга ҳам чиқармайди, балки имкониятида бор сабабларни бажариб, натижани Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилиб боради. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 727

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – ДУО ВА САБАБИЯТ ҚОНУНЛАРИ (биринчи мақола)

Дуо луғатда, “илтижо”, “ўтинч” каби маъноларни англатади. Истилоҳда банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини, ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишни ва зарарларни даф қилишни сўраши дуо деб аталади. Дуо мусулмон кишининг ҳаётида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан ибодат ҳисобланади. Бу ибодатнинг қанчалар катта аҳамиятга эга эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай баён қилганлар: عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهَ وَسَلَّمَ قَالَ: « لَيْسَ شَىْءٌ أَكْرَمَ عَلَى اللَّهِ تَعَالَى مِنَ الدُّعَاءِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога бирор нарса дуодан кўра қадрлироқ эмасдир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган. Чунки дуо қилувчи ўзининг ожизлигини ва Аллоҳ таолонинг барча нарсага қодирлигини эътироф этаётган бўлади. Шунинг учун мўмин киши доимо дуога ҳаракат қилиши лозим бўлади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 650

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – Саҳобаларнинг энг сўнгги вакиллари ва улар вафот этган жойлар

Қуйидаги зотлар ёшлик пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига сазовор бўлишган ҳамда узоқ умр кўрган саҳобалар саналадилар: – Абу Туфайл Омир ибн Восила розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 110 йилда Маккада вафот этган; – Маҳмуд ибн Рабиъ розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 99 йилда Мадинада вафот этган; – Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 93 йилда Басрада вафот этган; – Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 86 йилда Куфада вафот этган; – Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу. Ҳижрий 96 йилда Шомда вафот этган; – Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи Зубайдий розияллоҳу анҳу ҳижрий 86 йилда Мисрда вафот этган. Шу ўринда айтиш мумкинки, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ушбу саҳобалардан Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи Зубайдийларни ва булардан ташқари Жобир ибн Абдуллоҳ, Оиша бинти Ажрад сингари саҳобаларни кўриб, улардан ҳадис ривоят қилганлари ҳақида саҳиҳ қавллар келган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 786

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – Саҳобаларнинг табақалари

Ҳоким Найсабурий раҳматуллоҳи алайҳ саҳобаларни Исломни биринчи қабул қилганлари ва кўплаб улуғ ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлганлари эътиборидан ўн икки табақага ажратганлар: 1. Олдиндан Маккада Исломни қабул қилганлар табақаси; 2. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Исломга келганидан кейин исломни қабул қилганлар табақаси; 3. Ҳабашистон муҳожирлари табақаси. Мазкур муҳожирлар “Ҳабашистон муҳожирлари” деб аталадиган алоҳида бир табақа саналади; 4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи Ақаба байъатида қатнашган саҳобалар табақаси; 5. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган иккинчи Ақаба байъатида қатнашган саҳобалар табақаси; 6. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага киришларидан олдин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси; 7. Бадрда қатнашган саҳобалар табақаси; 8. Бадр ғазотидан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси; 9. Ҳудайбия ғазотидаги “Байъатур ризвон”да қатнашган саҳобалар табақаси; 10. Ҳудайбиядан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси; 11. Фатҳ йилида мусулмон бўлган саҳобалар табақаси; 12. “Фатҳ куни” ва “Ҳажжатул вадоъ”да ёш ва гўдак ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига муяссар бўлган саҳобалар табақаси. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 717

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – Тириклик вақтларидаёқ жаннат башорати берилган саҳобалар

Баъзи саҳобаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тириклик вақтларидаёқ жаннатий бўлишларини хабар берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида уларнинг ўнтасини номма-ном санаганлар. “Ашараи мубашшара” (башорат берилган ўн киши) номи билан машҳур бўлган саҳобалар қуйидаги зотлардир: عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « أَبُو بَكْرٍ فِى الْجَنَّةِ وَعُمَرُ فِى الْجَنَّةِ وَعُثْمَانُ فِى الْجَنَّةِ وَعَلِىٌّ فِى الْجَنَّةِ وَطَلْحَةُ فِى الْجَنَّةِ وَالزُّبَيْرُ فِى الْجَنَّةِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ فِى الْجَنَّةِ وَسَعْدٌ فِى الْجَنَّةِ وَسَعِيدٌ فِى الْجَنَّةِ وَأَبُو عُبَيْدَةَ بْنُ الْجَرَّاحِ فِى الْجَنَّةِ ». رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ. Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абу Бакр жаннатда бўлади, Умар жаннатда бўлади, Усмон жаннатда бўлади, Али жаннатда бўлади, Талҳа жаннатда бўлади, Зубайр жаннатда бўлади, Абдураҳмон ибн Авф жаннатда бўлади, Саъд жаннатда бўлади, Саийд жаннатда бўлади, Абу Убайда ибн Жарроҳ жаннатда бўлади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган. Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога бундай деганлар: أَمَا تَرْضَيْنَ أَنْ تَكُونِى سَيِّدَةَ نِسَاءِ أَهْلِ الْجَنَّةِ “Жаннат аҳли аёлларининг саййидаси бўлишингизга рози бўлмайсизми?!” Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар ҳақида шундай деганлар: أَنَّ الْحَسَنَ وَالْحُسَيْنَ سَيِّدَا شَبَابِ أَهْلِ الْجَنَّةِ “Албатта, Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир”. Хулоса шуки, ҳадиси шарифларда номлари айтилган саҳобаларни жаннатий деб эътиқод қилинади. Номлари айтилмаган саҳобалар ҳақида эса жаннатий бўлишлари бошқалардан кўра кўпроқ умид қилинади. Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар”нинг шарҳида жаннатий деб эътиқод қилинадиган инсонлар ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Билгинки, инсонларни жаннатий дейиш ҳақида салаф уламоларнинг уч хил қавллари бор: 1. Пайғамбарлардан бошқа ҳеч кимни жаннатий демаслик. Бу қавл Муҳаммад ибн Ҳанафия ва Авзоъийлардан нақл қилинган. Аслида бу гап ҳеч қандай низо бўлмаган қатъий ҳукмдир; 2. У ҳақида насс келган барча мўминларни жаннатий дейиш. Бу гап кўплаб уламоларнинг қавлидир. Аммо бу қавл зонний (яъни қатъий бўлмаган) ҳукм ҳисобланади; 3. Мўминлар гувоҳлик берган кишиларни ҳам жаннатий дейиш. Бунинг далили Имом Бухорий ва имом Муслимларнинг саҳиҳларида келган қуйидаги ҳадисдир: “Жаноза олиб ўтилди, одамлар уни яхши одам бўлганини айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вожиб бўлди”, дедилар. Бошқа бир жаноза олиб ўтилганда унинг ёмон одам бўлганини айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вожиб бўлди”, дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, нима вожиб бўлди?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар яхши хислатларини айтган кишига жаннат вожиб бўлди, сизлар ёмон хислатларини айтган кишига дўзах вожиб бўлди, сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисиз”, дедилар. Бу қавл зоҳир эътиборига кўра кўпроқ умид қилиш маъносидаги ҳукм ҳисобланади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 870
1 38 39 40 41 42 48