Баъзи саҳобаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тириклик вақтларидаёқ жаннатий бўлишларини хабар берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида уларнинг ўнтасини номма-ном санаганлар. “Ашараи мубашшара” (башорат берилган ўн киши) номи билан машҳур бўлган саҳобалар қуйидаги зотлардир: عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « أَبُو بَكْرٍ فِى الْجَنَّةِ وَعُمَرُ فِى الْجَنَّةِ وَعُثْمَانُ فِى الْجَنَّةِ وَعَلِىٌّ فِى الْجَنَّةِ وَطَلْحَةُ فِى الْجَنَّةِ وَالزُّبَيْرُ فِى الْجَنَّةِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ فِى الْجَنَّةِ وَسَعْدٌ فِى الْجَنَّةِ وَسَعِيدٌ فِى الْجَنَّةِ وَأَبُو عُبَيْدَةَ بْنُ الْجَرَّاحِ فِى الْجَنَّةِ ». رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ. Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абу Бакр жаннатда бўлади, Умар жаннатда бўлади, Усмон жаннатда бўлади, Али жаннатда бўлади, Талҳа жаннатда бўлади, Зубайр жаннатда бўлади, Абдураҳмон ибн Авф жаннатда бўлади, Саъд жаннатда бўлади, Саийд жаннатда бўлади, Абу Убайда ибн Жарроҳ жаннатда бўлади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган. Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога бундай деганлар: أَمَا تَرْضَيْنَ أَنْ تَكُونِى سَيِّدَةَ نِسَاءِ أَهْلِ الْجَنَّةِ “Жаннат аҳли аёлларининг саййидаси бўлишингизга рози бўлмайсизми?!” Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар ҳақида шундай деганлар: أَنَّ الْحَسَنَ وَالْحُسَيْنَ سَيِّدَا شَبَابِ أَهْلِ الْجَنَّةِ “Албатта, Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир”. Хулоса шуки, ҳадиси шарифларда номлари айтилган саҳобаларни жаннатий деб эътиқод қилинади. Номлари айтилмаган саҳобалар ҳақида эса жаннатий бўлишлари бошқалардан кўра кўпроқ умид қилинади. Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар”нинг шарҳида жаннатий деб эътиқод қилинадиган инсонлар ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Билгинки, инсонларни жаннатий дейиш ҳақида салаф уламоларнинг уч хил қавллари бор: 1. Пайғамбарлардан бошқа ҳеч кимни жаннатий демаслик. Бу қавл Муҳаммад ибн Ҳанафия ва Авзоъийлардан нақл қилинган. Аслида бу гап ҳеч қандай низо бўлмаган қатъий ҳукмдир; 2. У ҳақида насс келган барча мўминларни жаннатий дейиш. Бу гап кўплаб уламоларнинг қавлидир. Аммо бу қавл зонний (яъни қатъий бўлмаган) ҳукм ҳисобланади; 3. Мўминлар гувоҳлик берган кишиларни ҳам жаннатий дейиш. Бунинг далили Имом Бухорий ва имом Муслимларнинг саҳиҳларида келган қуйидаги ҳадисдир: “Жаноза олиб ўтилди, одамлар уни яхши одам бўлганини айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вожиб бўлди”, дедилар. Бошқа бир жаноза олиб ўтилганда унинг ёмон одам бўлганини айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вожиб бўлди”, дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, нима вожиб бўлди?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар яхши хислатларини айтган кишига жаннат вожиб бўлди, сизлар ёмон хислатларини айтган кишига дўзах вожиб бўлди, сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисиз”, дедилар. Бу қавл зоҳир эътиборига кўра кўпроқ умид қилиш маъносидаги ҳукм ҳисобланади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 910
Қуйидаги саҳобалар энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар ҳисобланади:1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу – 5374 та ҳадис ривоят қилган;2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу – 2630 та ҳадис ривоят қилган;3. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу – 2286 та ҳадис ривоят қилган;4. Оиша розияллоҳу анҳо – 2210 та ҳадис ривоят қилган;5. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу – 1660 та ҳадис ривоят қилган;6. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу – 1540 та ҳадис ривоят қилган. “Абодила” (Абдуллоҳ исмли саҳоба)ларАбдуллоҳ исмли саҳобалар 300 га яқин бўлган. Лекин ҳадис илмида “Абодила”лар деганда асли исмлари Абдуллоҳ бўлган қуйидаги саҳобалар кўзда тутилган бўлади: 1. Абдуллоҳ ибн Умар;2. Абдуллоҳ ибн Аббос;3. Абдуллоҳ ибн Зубайр;4. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ёки Абдуллоҳ ибн Масъуд.Ушбу зотлар энг охири вафот этган ва кейингилар уларнинг илмларига ниҳоятда муҳтож бўлиб қолган олим саҳобалар ҳисобланади. Шунга кўра бу зотлар бошқалардан “Абодила” номи билан ажралиб турган. Агар бу зотлар бир фатвога иттифоқ бўлсалар, “бу Абодилаларнинг сўзи” дейилган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 3 155
Энг кўп фатво берган саҳоба “Қуръон таржимони” лақабини олган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳисобланади. Чунки хулофои рошидинлар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд сингари илмда пешқадам бўлган зотлар саҳобаларнинг кўпчилиги ҳаёт бўлган пайтларда вафот этиб кетганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса саҳобалар камайиб уларнинг илмларига эҳтиёж кучайган вақтларда яшаб ўтган. Шу сабабли бу зотнинг фатволари кўпроқ нақл қилинган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 837