islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Фарзанд тарбияси

Бўлимлар

Меҳмон

Боғда ўйнаётган Ҳамид кўчада кетиб бораётган оппоқ соқолли кекса кишини кўриб қолди. Отахон Ҳамидларнинг чиройли данғиллама дарвозасига етиб боргач дам олиш учун тўхтади. – Болажоним! – деди у Ҳамидни чақириб. – Мен бу меҳмонхонада бир кун тунашим мумкинми? – Амаки, бу меҳмонхона эмас, – деб Ҳамид кулиб юборди. – Бу меҳмонхона бўлмаса, унда нима? – Бу бизнинг уйимиз. – Ҳаа! Яхши, ким қурган бу ҳашаматли уйни? – Менинг бобом. – Бобонг кимга қолдирган уни? – Менинг отамга. – Отангдан кейин кимга қолади? – Менга қолса керак. Отахон Ҳамидга табассум қилиб: – Бу ҳашаматли уйнинг барча олдинги эгалари кимгадир қолдиришган экан, демак, сизлар барчангиз унда меҳмон экансизлар-да, ўғлим, – деди ва қарияларга хос юришда секин одимлаб кетди. Янги ўқув йили бошланди. Одобнома дарсида муаллим барча болаларга ёзги таътил кунларида содир бўлган энг эсда қоларли воқеани айтиб беришни вазифа қилиб берди. Ҳамид оппоқ соқолли кекса отахон билан бўлган воқеани сўзлаб берди. Айрим ўқувчилар отахон айтган сўзларнинг маъносини англай олишмади. Шунда муаллим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини айтиб, отахоннинг сўзларини тушунтириб берди. “Мен бу дунёда худди дарахтнинг соясида бироз дам олиб, сўнг яна йўлида давом этадиган мусофир сингариман”. (Имом Термизий ривояти). “مَا أَنَا في الدُّنْيَا إِلاَّ كَرَاكِبٍ اسْتَظَلَّ تَحْتَ شَجَرَةٍ ثُمَّ رَاحَ وَتَرَكَهَا” Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 271

Ғишт

Ўтган замонларда Ҳожимурод исмли бечораҳол киши яшаган бўлиб у тақводор ва тартибли инсон экан. Бир куни Ҳожимурод уйининг деворини таъмирлаётган вақтда ғиштлар орасида тўртбурчак шаклдаги олтин қуймасини кўриб қолибди. Ана шу пайтда у чексиз қувонибди. “Ва ниҳоят мен камбағалликдан қутуламан. Ўзимга ҳашаматли уй қураман. Ерга оқ мармар тердираман. Хоналарни қимматбаҳо уй жиҳозлари билан тўлдираман. Боғда гуллар экиб, гулзор қиламан. Турли хил мевали дарахтлар экаман, уларнинг шоҳларида дунёдаги энг нодир ва чиройли қушлар сайраб туради,” – деб ўйлабди у. Шунақа ўй-фикрлар билан ухлаб қолибди. Кейинги куни тушида ишчиларни, ошпазларни, уй хизматчиларини ишга ёллаётганини кўрибди. Учинчи куни ҳам оламшумул режалар тузишда давом этибди. Орзу қилавериб, овқатланишни ҳам, намоз ўқишни ҳам ва ҳатто унга бу неъматни берган Аллоҳ таолога ҳамд айтишни ҳам унутиб қўйибди. Ана шундай кунларнинг бирида, орзулар денгизига шўнғиган Ҳожимурод шаҳар атрофида юрар экан қабристон бўйида ғишт қуяётган бир устага кўзи тушиб қолибди. Уста тупроқ кавлаб олиб, уни сув ва сомон билан аралаштириб лой қилар, сўнг эса ғишт қолипларини лой билан тўлдириб чиқаётган экан. Ўша киши қабристон тупроғидан ясалган ғиштлар мустаҳкамроқ чиқишини айтганида, Ҳожимурод юзига таркаси тушгандек сесканиб кетибди ва ўзини урушиб ҳақоратлаган кези ортига қараб кетибди. “Эҳ, сен аҳмоқ! – дебди у ўзига. – Кун келиб сенинг қабр тупроғингдан ҳам кимдир ғишт ясайди. Сен эса, қўлингга олтин қуймаси тушиши билан эс-ҳушингни йўқотиб қўйдинг. Кундан-кунга умринг ниҳояланиб бораётган бўлишига қарамай, намоз ва дуоларни ҳам ташлаб қўйдинг. Ҳар бир ташлаган қадаминг билан ўлимга яқинлашиб бораяпсан-ку. Орзуларингни қўй! Аллоҳ таоло томонидан берилган бу қулай имкониятдан муносиб тарзда фойдалан. Пулларни керакли ўринларга ишлат. Ўйламасдан сарфлаб ташлама!” Шу пайти Аср намозининг азони эшитилибди. Ҳожимурод яхши амаллар қилишга шайланган инсонга хос қатъият билан масжид томон юзланибди. Агар Ҳожимурод Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини билганида эди, юқоридаги ақл-ҳушини йўқотиш ҳолатига тушмаган бўлар эди: “Агар Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, қарзимни тўлашга етадиганидан ортиғи менда уч кундан ошиқ туришини хоҳламайман”. (Имом Бухорий ривояти). “لَوْ كانَ لي مِثْلُ أُحُدٍ ذَهَبًا ما يَسُرُّنِي أنْ لا يَمُرَّ عَلَيَّ ثَلاثٌ، وعِندِي منه شيءٌ إلَّا شيءٌ أُرْصِدُهُ لِدَيْنٍ” Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 373

Пластик ликопча

Дурадгор анча кексайиб қолди. Энди унинг кўзларидаги нур сўниб бармоқларида куч қолмаган эди. Қўллари шу қадар қалтирар эдики, ҳатто, таомланиш асносида овқатни дастурхонга тўкиб юборар эди. Унинг ўғли ва келини эса отахон буни эҳтиётсизликдан қилмоқда деб ўйлаб жаҳлланар эдилар. Охир-оқибат улар қариянинг овқатланадиган жойини алоҳида қилишди. Ўзлари хонтахта атрофида ўтирар, қария эса ерда овқатланар эди. Дурадгорнинг кенжа набираси Ҳасан бобоси учун жуда қайғурар, овқатланаётган пайтда унинг қўлларидан ушлаб ёрдам берар эди. Кунлардан бир куни қария ёшли кўзлари билан хонтахта атрофидагиларни кузата туриб қўлидаги ликопчани тушириб юборди ва у синди. Бу эса оила аъзоларини янада жаҳлини чиқарди. Улар бечора қарияга ҳақоратомуз ва қўпол танбеҳлар билан ташланишди. Овқатни эса шундан кейин пластик ликопчада берадиган бўлишди. Бир куни дурадгорнинг ўғли хотинига меваларни пластик ликопчага солмасликни айта туриб: “Бу ликопчаларни ташлаб юбор!”-деди. Ҳасан эса иккита ликопчани алоҳида ажратиб қўйиб: ”Онажон буларни ташлаб юборманг келажакда керак бўлади”- деди. Отаси қизиқсиниб: “Буларни нима қиласан, ўғлим?” – деди. Ҳасан жавобан: “Сизлар қарганингизда овқатни мана шу ликопчаларда бераман”-деди. Ўғлининг бу гапини эшитган Ҳасаннинг ота-онаси кекса отахонга қилган ишидан жуда афсусландилар ва уни хонтахта атрофида ўтиришга таклиф қилишди. Агар улар ота-онага яхши муносабатда бўлиш инсонни жаннатга етаклайдиган амаллардан эканлигини билганларида ўзларини бундай тутмаган бўлар эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада қандай яхши сўзни айтганлар: رضا الرب في رضا الوالدين و سخط الرب في سخط الوالدين “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Аллоҳнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”. (Термизий, Бирр 3-ҳадис) Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 356

Қобилиятли бола

Учта аёл қўлларида катта саватлар билан бозордан қайтар эди. Улар йўл четидаги ўриндиққа дам олиш учун ўтириб фарзандлари ҳақида гап бошладилар. Бири ўғли жисмонан жуда бақувват экани ва бир неча дақиқа давомида қўллари орқали юра олиши мумкинлигини айтди. Иккинчиси эса фарзанди хушовоз экани ва ҳамма унинг ажойиб қўшиқларига маҳлиё бўлишини айтиб мақтанди. Учинчиси эса жимгина уларни эшитиб ўтирар эди. Аёллар ундан нега жим ўтирганини сўраганларида: “Менинг фарзандимда айтишга арзирлик бирор қобилият йўқ” – деб жавоб берди. Шу пайт аёлларнинг бу суҳбатига гувоҳ бўлиб қолган нуроний отахон уларнинг изидан юриб кетди. Кўчанинг муюлишига етиб келишганида аёллар ҳаммаси саватларини ерга қўйиб ёрилган қўлларию, толиқиб кетган белларини уқалай бошладилар. Шу тобда уларни кўрган фарзандлари югуриб келдилар. Шунда бир бола онасининг олдида ўмбалоқ ошиб қўлларида юра бошлади. Иккинчиси бир ҳарсанг тошни устига чиқиб олиб онаси ёқтирган қўшиқни айта бошлади. Аёллар уларни маъқуллаб олқишладилар. Учинчи бола эса онасининг олдига келиб: “Онажон, чарчамадингизми, келинг мен сизга ёрдамлашаман,”- деб онасининг саватини қўлига олди. Аёллар ёниларидан ўтиб кетаётган бояги отахондан фарзанларининг қобилияти борасида фикр билдиришини сўрашди. Отахон эса: “Мен бу ерда фақат биттагина қобилиятли болани кўрдим. У онасига ёрдам беришга шошилган боладир. Зеро у Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандек иш тутди. Зеро, у зот шундай деган эдилар: أوصي إمرأ بأمه Ҳар бир кишига онасига яхшилик қилишни васият қиламан. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 275

Қўзичоқ

Неъмат қўзичоқларни жуда яхши кўрар эди. У отаси совға қилган қўзичоққа ёз бўйи ғамхўрлик қилиб қаради. Чиндан ҳам бу жуда ёқимли эди. Бу ажойиб қўзичоқ кун давомида унинг ортидан югуриб, шохчалари билан қўлларига суйкалиб ўйнаганида иккиси ҳам чексиз завқланар эди. Отаси бир неча бор Неъматни огоҳлантириб: “Қара ўғлим, эшикни очиқ қолдирма, қўзичоқ уй ичига кириб ҳамма нарсани остин-устун қилиши мумкин” – дер эди. Бир куни Неъмат уйга тўпини олиш учун кирди. Гарчи отасининг гаплари ёдида бўлса ҳам эшикни ёпмади, чунки тезда қайтиб чиқиш нияти бор эди. У шошиб уйга кирар экан ортидан қўзичоқ ҳам кирганини сезмай қолди. Қўзичоқ туёқчаларини тақиллатиб, мовий кўзлари билан Неъматни қидирар экан, хона тўридаги катта кўзгу олдига яқинлашди. Кўзгудаги ўзининг аксини яна бир қўзичоқ деб ўйлаб уни сузиш учун ҳаракатланди. Бу нотаниш қўзи ҳам шохларини тўғирлаб қўрқмасдан ўзи томон келаётгани унинг аччиғини келтирди. Рақибидан олдинроқ ҳаракат қилиш учун бор кучи билан кўзгудаги аксига ташланиб қолди. Шу пайт парчаланган кўзгунинг овози жаранглаб кетди. Қани эди, Неъмат Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг турли вақтларда ёш саҳобалар Абдуллоҳ ибни Умар ва Абдуллоҳ ибн Амрга айтган сўзларини билганида, эҳтимол отасининг гапларига эътибор билан ёндашган бўлар эди! Зеро, У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эдилар: أطع أباك! Отангга итоат қилгин! (Аҳмад ибн Ҳанбал, “Муснад”) Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 464
1 13 14 15 16 17 26