islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 1, 2018

Day

Мусулмонлар дунёга тақдим қилган ихтиролар: механик таҳорат олиш қурилмаси

Ўрта аср деганда, одатда бизнинг хаёлимизда бадбўй ҳидли, қоронғу, нотоза ва турли касалларлик авж олган макон ва замон гавдаланади. Бироқ Х асрда Ислом олами ҳаммомлар ва турли соғломлаштириш масканлари бунёд қилиб, поклик, тозалик ва озодалик ичра яшар эди. “Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар” (Моида сураси, 6-оят). Мусулмон ўз иймонини жасадий ва руҳий поклик асосига бино қилади: таомланишдан олдин ва кейин қўлларини ювади; намозга киришишдан олдин таҳорат қилишга буюрилади; жунуб ҳолатида ғусл қилиши фарз; жума куни намоздан олдин ғусл қилиш эса мустаҳаб ҳисобланади. Жазарий – етук механик ва муҳандис. ХIII аср бошида “ал-Жомеъ байнал илми вал амалин нафеъ фий саноатил ҳийал”[1] (Механика саноатида назарий ва амалий билимлар жамланмаси) номли китоб ёзди. Олимнинг бу китоби ҳандаса (геометрия)га оид кейинги ихтироларнинг муҳим манбаига айланди. Унда илк механикага оид кашфиётлар келтирилган бўлиб, уларнинг орасида Жазарий тамонидан қурилган биринчи механик таҳорат олиш қурилмалари ҳам мавжуд. Бу қурилма товус шаклида бўлиб, меҳмон келганда унинг олдига қўйилган. Товусниг боши босилганда таҳорат олишга етарли даражада саккиз маротаба сув қуйилган. Бу услуб айни пайтда сувни сақлаш билан бирга уни тежаган. “Muslims heritage in our world” китобидан 4-курс талабаси Халилуллоҳ Юсуф таржимаси [1] Ҳиял илми (علم الحيل)- жисмларнинг мувозанати ва уларнинг ҳаракатланиши ҳақидаги илм. Фанда механика номи билан машҳур. 319

Ўзбекистоннинг замонавий ислом оламидаги ўрни

Ўзбекистоннинг ислом оламида тутган ўрни унинг ислом илмлари ривожига  қўшган улкан ҳиссаси билан белгиланади.  Шонли тарихимиз саҳифаларида ҳадис илмида Имом Бухорий ва  Абу Исо Термизий, тафсирда Абул-Баракот Насафий ва Маҳмуд аз-Замахшарий, ақида ва калом илмида Имом Мотуридий ва Абу Муъийн Насафий, фиқҳ – ислом ҳуқуқшунослигида Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний каби ўз даврининг пешқадам олимларига эргашган ўн минглаб муҳаддис, муфассир, мутакаллим ва фақиҳларнинг номлари зарҳал ҳарфлар билан битилган. Бугун улар қолдирган бебаҳо маънавий мерос дурдоналари Буюк Британия, Япония, Германия, Франция, Россия, Голландия, Ҳиндистон, Туркия, Саудия Арабистони ва Миср каби давлатлардаги  дунёга  машҳур кутубхоналар ва қўлёзма фондларининг фахрига айланган. Мустақиллик шарофати билан бугунги кунда мамлакатимиздаги 16 конфессияга мансуб 2244 та диний ташкилот қаторидан 2043 та масжид, 9 та ислом ўрта махсус ва иккита ислом олий таълим муассасалари ўрин олган. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят» ойномаси ва «Ислом нури» газетаси ҳар ойда қарийб 150 минг ададда чоп этилаётгани, «Ҳидоят сари» ва «Зиё» медиа маркази теледас­турлари, шунингдек, «Одоб хазиналари», «Одоб дурдоналари», «Маърифат гулшани», «Насойимул-муҳаббат» каби кўрсатувларнинг марказий ва маҳаллий телеканаллар орқали эфирга узатилаётгани, Қуръони карим маънолари таржимаси, ҳадиси шарифлар тўпламлари, буюк алломаларимиз асарлари юз минглаб ададда ўзбек тилида нашр этилаётгани, интернет контентида UZ доменида 20 дан ортиқ диний-маърифий сайтлар  фаолият юритиб, ислом таълимотига оид барча саволларга етук мутахассислар томонидан илмий асосда жавоб берилаётгани халқимиз маънавий салоҳиятининг юксалиши ва диний саводхонлигининг ошишида муҳим омил вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистоннинг ислом оламида тутган ўрнини унга халқаро ташкилотлар томонидан берилган баҳодан ҳам билиб олса бўлади. Мамлакатимиз Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан, таълим ва маданият масалаларига ихтисослашган муассасаси – ISESCO, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида мусулмон мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. 2007 йилда халқаро ISESCO ташкилоти томонидан Тошкент шаҳрининг ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилиши мустақил Ўзбекистоннинг ислом оламида тутган ўрнининг муносиб эътирофи бўлди. Шу муносабат билан Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида халқаро анжуманлар ташкил этилди. 2017 йилда Ўзбекистоннинг ислом оламидаги ўрни янада юксалди, десак, муболаға эмас. Сабаби, 2016 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирларининг 43-сессияси Тошкентда ўтказилиши ва унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сўзланган нутқ Ватанимиз тарихида янги босқични бошлаб берди. Президентимиз ўз маърузаларида Ўзбекистон ва ислом олами ҳамкорлигининг янги қирраларини белгилаб бердилар. Жумладан, Президентимиз томонидан Имом Бухорий номли халқаро илмий марказни ҳамда Тошкент ислом университетида – Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO кафедрасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Давлатимиз раҳбарининг ислом маданиятини юксалтириш борасидаги қарорлари нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам эътирофга сазовор бўлгани билан фахрлидир. Юртбошимиз томонидан қабул қилинган 2017 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2017 йил 15 декабрда «Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари юртимизнинг мусулмон дунёсидаги нуфузи янада юксалишига хизмат қилади. 2017 йил 26 августда Тошкент ислом университетида Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO кафедрасинининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда ISESCO бош котиби Абдулазиз ибн Усмон Тувайжирийнинг иштирок этиши ва ўз маърузасида ўзбек заминидан чиққан алломаларнинг ислом илм-фани ва маданиятига қўшган беқиёс ҳиссаларини эътироф этиши мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрўси нақадар баланд эканини яна бир бор кўрсатди. 2017 йилда Президентимиз ташаб­буслари билан Бухорода тасаввуф, Самарқандда калом...