islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Ақида

Бўлимлар

Мотуридий ақидасида имон масаласи

Маълумки, аҳли сунна валжамоа ақидасида асосий иккита мазҳаб мавжуд бўлиб, улар мотуридия ва ашъария мазҳабларидир. Бу икки мазҳабнинг орасида унчалик катта бўлмаган, жузъий тафовутлар мавжуд бўлиб, мана шу тафовутлардан бири мўминнинг имони зиёда ва ноқис бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақидаги масаладир. Бу масала устида ҳар икки мазҳаб уламолари узоқ баҳс ва мунозаралар олиб боришган. Ашъарийлар имон зиёда ва ноқис бўлишликни қабул қилади, десалар, мотуридийлар эса, имон зиёда ҳам бўлмайди, ноқис ҳам бўлмайди, балки тоат ибодатлар билан унинг нури ва қуввати зиёда бўлади, гуноҳ ва маъсиятлар билан унинг нури хира тортиб, заифлашиб боради, дейдилар. Ҳар икки мазҳаб уламолари ҳам ўзларининг фикрларига Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар с.а.в.нинг ҳадисларидан далиллар келтирадилар. Масалан, Қуръони каримдаги қуйидаги оятни ҳар икки мазҳаб уламолари ўзларича таъвил қилишган: إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آَيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ яъни: “Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча  ишларида) таваккул қиладиган кишилардир”. (Анфол сураси, 2-оят). Бу мавзудаги тортишувнинг хулосаси, охир оқибатда ўртадаги тафовут жуда ҳам катта эмас, балки фақатгина лафзларда ҳар хил талқин қилиниши эканлиги билан якун топади. Имоннинг зиёда ва ноқис бўлиши ёки бўлмаслиги масаласининг пайдо бўлиши аслида имонга берилган таърифга бориб тақалади. Бошқача қилиб айтганда, имомнинг рукни нечта эканлиги борасидаги ихтилоф натижасида юқоридаги масала келиб чиққан. Ашъарий мазҳаби бўйича имоннинг рукни учта, қалб билан тасдиқлаш, тилда иқрор этиш ва амал қилишдир. Бизнинг мотуридия ақидамиз бўйича имоннинг рукни иккита, тасдиқ ва иқрор. Аммо, амаллар имоннинг таркибига кирмайди. Айнан мана шу масала жуда ҳам кўп низоларга сабаб бўлган. Яъни, амалларни имоннинг таркибига киради дейиш билан, амал қилмаган кишини имонсиз дейиш келиб чиқади. Аммо, ҳар икки мазҳабда ҳам кабира гуноҳ қилган кишини имонсиз, ёки кофир дейиш мумкин эмаслиги таъкидланган. Шу ҳижатдан бу масалада ҳам мазҳаблар ўртасидаги тортишув лафзий эканлиги шу билан аён бўлади. Энди имоннинг зиёда ва ноқис бўлиш ёки бўлмаслиги масаласига қайтадиган бўлсак, юқорида айтиб ўтганимиздек, бизнинг мотуридия ақидамизга кўра имом зиёда ҳам бўлмайди, ноқис ҳам бўлмайди. Балки, унинг нури зиёда ва ноқис бўлиб туради. Бу хусусда “Ал-фиқҳул акбар” китобида шундай дейилган: الايمان هو الاقرار و التصديق. و ايمان اهل السماء و الارض لا يزيد و لا ينقص من جهة المؤمن به و يزيد و ينقص من جهة اليقين و التصديق. و المؤمنون مستوون في الايمان و التوحيد متفاضلون في الاعمال. яъни: Имон – бу иқрор ва тасдиқдан иборатдир. Осмонлару Ер аҳлининг имонлари имон келтирилмиш нарсалар жиҳатидан кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Аммо ишонч ва тасдиқ жиҳатидан озайиб-кўпайиб туради. Мўминлар имонда, тавҳидда, ўзаро тенгдирлар, аммо амалда бир-бирларидан ортиқ-камдирлар. Бу масала “Ақоиди насафия”да шундай баён қилинган: الايمان هو التصديق بما جاء به من عند الله و الاقرار به. و اما الاعمال فهي تتزايد في نفسها. و الايمان لا يزيد و لا ينقص. яъни: Имон – бу Аллоҳ томонидан келган барча хабарларни тил билан иқрор ва дил билан тасдиқ этишдир. Амаллар эса кўпайиб-озайиб туради. Имон эса кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам (балки унинг нури зиёда ва кам бўлиб туради). Демак, имон бир бутун нарса. Унинг ноқис бўлиши мумкин эмас. Чунки, унинг ноқис бўлиши шак демакдир. Шак эса куфр демакдир. Шу...

Руҳ ва нафс ўртасида фарқ борми?

Руҳ ва нафс сўзлари луғавий ва истилоҳий жиҳатдан бир-бирларидан қуйидагича фарқланади. Руҳ сўзи луғатда жонзотлар у сабабли тирик бўладиган нарса маъносида ишлатилади. Қуръони каримда бу сўз тўрт хил маънода келган: 1. Ваҳийга далолат қилувчи бўлиб келган.  يُنَزِّلُ الْمَلَائِكَةَ بِالرُّوحِ مِنْ أَمْرِهِ عَلَى مَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ “У Ўз амри билан фаришталарни руҳ (ваҳий) билан бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига нозил қилади” (Наҳл сураси, 2-оят). 2. Жаброил алайҳиссаломга далолат қилувчи бўлиб келган. تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ “Фаришталар ва Руҳ (Жаброил) тушади” (Қадр сураси, 4-оят). 3. Қуръонга далолат қилувчи бўлиб келган. وَكَذَلِكَ أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ رُوحًا مِنْ أَمْرِنَا “Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик” (Шўро сураси, 52-оят). 4. Жонзотлар у сабабли тирик бўладиган нарса маъносида келган. وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ “Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ Роббимнинг ишидир”, деб айт” (Исро сураси, 85-оят). Руҳнинг ҳақиқатини билиш мумкин ё мумкин эмаслиги ҳақида икки хил ҳукм айтилган: 1. Руҳнинг ҳақиқатини билиш мумкин. Бу ҳақида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ “Ҳужжатуллоғил болиға” асарида қуйидагиларни ёзган: “Ушбу оят баъзи олимлар ҳисоблаганидек бу умматдан ҳеч ким руҳнинг ҳақиқатини билмаслигига далил бўла олмайди. Зеро, шариат айтмаган нарсаларни, албатта билиш мумкин бўлмайди дейиш тўғри эмас. Балки шариат кўпинча бирор нарсани айтмаслиги агарчи уни билиш баъзиларга мумкин бўлсада, уни англаш ўта нозик бўлгани ва шу сабабли уни оммага тақдим қилиш тўғри бўлмаслиги эътиборидан бўлган. Билингки, руҳнинг ҳақиқатидан аввал идрок қилинадиган нарса шуки, у тирик жонзотлардаги ҳаётнинг асосидир. Қайси жонзотга руҳ пуфланса у тирик бўлади, ундан руҳнинг ажраши туфайли ўликка айланади”. 2. Руҳнинг ҳақиқатини билиш Аллоҳга хосдир, бандалар уни билишдан ожиздирлар. Бу ҳақида Абулбаракот Насафий раҳматуллоҳи алайҳ “Мадорикут танзил” асарида қуйидагиларни ёзган: “Руҳнинг нималигини билишни Аллоҳ таоло Ўзига хослаб қўйган. Бунинг ҳикмати шуки, ақл ўзи билан бирга (бир танада) бўлган нарсани идрок қилишдан ожиз қолиши, унинг Холиқ таолони идрок қилишдан умуман ожиз эканига далолат қилади”. Шунга кўра руҳ ҳақидаги таърифлар комил таъриф ҳисобланмайди. Руҳнинг нафс билан бир ёки бир эмаслиги ҳақидаги баҳсда мазкур маъноларнинг тўртинчиси, яъни жонзотлар у сабабли тирик бўладиган нарса маъноси назарда тутилади. Нафс сўзи араб тилида кўплаб маъноларда ишлатилади: 1. Руҳ маъносида. Масалан, خرجت نفسه (нафси чиқди, яъни руҳи чиқди); 2. Қон маъносида. Масалан, ما لا نفس له سائلة (оқувчи нафси, яъни қони бўлмаган нарса); 3. Айнан ўзи маъносида. Масалан, جاء هو نفسه (унинг нафси, яъни айнан ўзи келди); 4. Кўз тегиш маъносида. Масалан, نفسته بنفس (унга нафс тегибди, яъни кўз тегибди). Аллома Али ибн Муҳаммад Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ “Китабут таърифот” асарида нафс ҳақида қуйидагиларни ёзган: “ Нафс – ҳаёт, ҳис қилиш ва ихтиёрий ҳаракат қувватларини тутиб турувчи латиф буғ бўлган моддадир. Ҳаким зот уни ҳаётга тааллуқли руҳ деб атаган. Шунга кўра у (яъни, руҳ) баданнинг чироғи бўлган модда ҳисобланади. Инсон вафот этган чоғда баданининг ташқарисидан ҳам, ичкарисидан ҳам ушбу чироқнинг зиёси узилади. Ухлаган пайтда эса ушбу чироқ зиёси фақат баданнинг ташқарисидан узилади, ичкарисидан эса узилмайди. Бундан уйқу билан ўлимнинг бир жинсдан экани маълум бўлади. Чунки ўлим мазкур чироқ зиёсининг тўлиқ узилиши бўлса, уйқу унинг тўлиқ бўлмаган узилишидир. Қодир ва Ҳаким бўлган зот нафснинг баданга боғланишини уч турли қилган: 1. Нафснинг...

Мотуридия ва ашъария таълимотлари ўртасидаги ўзаро ҳамфикрлик сабаблари

Ислом дини дастлаб Расулуллоҳ алайҳиссалом даврларида ҳеч бир қарашларга эга эмас эди. Табиийки, бу даврда Расулуллоҳ алайҳиссалом бевосита Ислом дини шариатини етказувчи ва ислом умматининг таянчи бўлганлар. Ислом диёрлари кенгайгач, ушбу ўлкада яшовчи инсонлар урф одати ва шу ўлка муҳитининг ҳам турли хил қарашларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Кийинчалик бу эътиқодий қарашларда яққол намоён бўла бошлади. Уламолар томонидан эътироф этилган “Аҳли сунна вал жамоа” деб тан олинган икки таълимот вакиллари алоҳида ўрин эгаллади. Булар мотуридия ва ашъария бўлиб, уларнинг таълимотларига эътибор қаратган киши улар орасидаги жуда катта яқинликка гувоҳ бўлади. Ақидавий масалалардаги бу ўзаро яқинлик натижасида, икки тараф хам “Аҳли сунна вал жамоа» деб эътироф этилган икки мактабга айланди. Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Мансур Мотуридий бутун умрини Мовароуннаҳр диёрида ўтказиб, шу ерда вафот этган. Имом Абу Ҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий Ироқда яшаб, ўша ерда вафот этган. Олимнинг илм талабида Ироқ ўлкасидан бирон жойга сафар қилгани ва Мовароуннаҳр диёрига сафар қилгани ҳақида маълумот келмаган. Мотуридий билан Ашъарий, бир замонда яшаган бўлсалар-да, улар бир-бирларини кўрмаган ва бир устоздан ҳам сабоқ олмаганлар. Буни биз Мотуридийнинг бизгача етиб келган китобларида Ашъарийни мутлақо тилга олмаганини, шунингдек Ашъарий ҳам ўз асарларида, хусусан, исломга оид тоифаларни зикр этган «Мақолат ал-исломийин» китобида Мотуридий ҳақида биронта ҳам маълумот келтирмаганини мисол қилишимиз мумкин. Шундан келиб чиқиб бу икки таълимот ўртасидаги ўзаро ақидавий яқинликни қандай изоҳлаш мумкин? Машҳур олим Абу Заҳранинг таъкидлашича, бу яқинлик асоси айнан икки алломанинг бир хил рақибларга қарши ғоявий кураш олиб борганидадир. Шунга кўра, бу икки олимнинг ақийдавий қарашларнинг асосида ўзаро яқин бўлиб баъзи бир жазъий масъалалардагина ихтилоф учрайди. Жумладан, Аллоҳни таниш борасидаги масалада бўлиб, Аллоҳни таниш шаръан вожибми ёки ақлан вожибми деган савол юзасидан. Ашъарий наздида, Аллоҳни таниш фақат шаръан вожибдир. Мотуридий наздида эса, Аллоҳни таниш шаръан ҳам, ақлан ҳам вожибдир. Сайқалиддин Аҳмедов “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси 312

Аллоҳнинг каломи борасида эътиқодимиз

Буюк мазҳаб бошимиз бўлган забардаст олим Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ қандай зот эканлиги барча мусулмон уммати учун сир эмас. Бу зот ёзиб қолдирган илмлар қаторида ақоид илми ҳам инсонларга тўғри йўл кўрсатувчи ва улар роббисига нисбатан қандай эътиқодда бўлишлик кераклиги борасида батафсил баён қилиб берди. Имом ўзининг “Фиқҳул Акбар” китобда бандалар роббисини таниши ва у зотга нисбатан эътиқодий қарашларини қисқа ва лўнда тушунтириб берди. Бу илмнинг аҳамияти қанчалик буюк эканлигига китобининг номидан ҳам билиб олиш мумкин. Имом китобини шундай иборалар билан бошлайди. “Тавҳид илмининг асли ва тўғри деб эътиқод қилишга сазовор маълумотлар қуйидагилардан иборат: Ҳар бир мусулмон киши дили билан тасдиқ этган ҳолда тили билан ушбуларни айтиши вожибдир: “Аллоҳ ва фаришталарига, китоблари, пайғамбарлари ва қайта тирилишга, Ўзи белгилаган яхши-ёмон тақдирга ҳақ ва рост деб имон келтирдим. Охиратдаги ҳисоб-китоб, амаллар торозиси, жаннат, дўзах барчаси ҳақдир”. Ақийда масалалари ичидаги кўп ихтилоф келиб чиқган Аллоҳ таолонинг калом сифати “гапирувчи зот” борасида ҳам “Фиқҳул Акбар” китобида шундай деб айтади: “Аллоҳ таолонинг зотий сифатлари ҳаёт, қудрат, илм, калом, эшитиш, кўриш ва ирода сифатларидир”. Аллома Мулла Али Қори китобнинг шарҳида Аллоҳ таолонинг калом сифатига шундай шарх бериб ўтади. “Калом Аллоҳ таолонинг зотида қоим турувчи нафсий каломи, азалий зотий сифатларидандир”. Демак Ушбу Калом сифати ҳодис “янги, кейин пайдо бўлган” сифат эмас, балки у Аллоҳ таолонинг зоти билан бирга азалий ва абадий, У зотдан ажрамайдиган сифат деб эътиқод қилиш энг тўғри йўл эканлигини айтиб ўтади. Абул Муъин ан-Насафий ўзининг ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид китобида Аллоҳ таолонинг калом “гапирувчи” сифати борасида шундай дейди. “Калом сифати ҳақида Аҳли суннанинг мазҳаби қуйидагичадир”: Аллоҳ таоло калом билан гапирувчи зотдир. Бу калом унинг азалий сифатидир. Бу калом ҳарф ва овозлар жинсидан эмас; унда жимлик (тўхташ) ва офат йўқдир. Аллоҳ таоло бу сифат билан гапирувчи, буюрувчи ва ҳабар берувчидир. Қуръони каримдаги амр, наҳий, хабар каби иборалар шу калом сифатига далолат қилувчидир. Бу ибораларни Аллоҳнинг каломи деб айтилиши эса, уларни Аллоҳнинг зотида азалий бўлган каломни ифодаловчи, билдириб турувчи эканлигига биноандир. Аллоҳ таоло барчамизни ўзининг ҳидоятидан адаштирмасин ва шариатига мукаммал амал қилишга муваффақ қилсин. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Аҳмедов Сайқалиддин  529

ИСТИВО МАСАЛАСИ: САЛАФ ВА ХАЛАФ УЛАМОЛАР ИМОМ АШЪАРИЙ ВА ИМОМ МОТУРИДИЙ БИЛАН ЯКДИЛ БЎЛГАНЛАР (якуний мақола)

91. Аллома Исмоил ибн Абдулбоқий Ёзжий раҳматуллоҳи алайҳи (1121-ҳижрий санада вафот этганлар) Алий ибн Усмон Ўший раҳимаҳуллоҳнинг “Бадъул-амолий” китобига ўзи ёзган шарҳининг мухтасар шакли бўлмиш «Нурул-маолий ли шарҳи бадъил-амолий» китобида айтадилар: لا يجوز وصفه تعالى بالاستقرار على العرش أو في مكان أو في جهة ما وتعالى الله وتنزه عن ذلك وهذا مذهبنا أهل الحق Аллоҳ таолони Арш устида қарор топган деб ёки бирор макон ё қайсидир тарафда деб сифатлаш жоиз бўлмайди. Аллоҳ таоло ушбу нарсалардан пок ва олийдир. Мана шу бизнинг аҳли ҳаққ мазҳабимиздир. 92. Машҳур тасаввуф арбоби Сўфий Аллоҳёр ибн Аллоҳқули Темирёр Деҳнавий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (1133-ҳижрий санада вафот этганлар) «Саботул-ожизин» асарида шундай ёзганлар: إيرور حاضر هميشه يوق مكاني أنكا قيلغان إيماس سبقت زماني أوزي بي شبهه دور هم بي نمومه روا إيرماس أنكا جون جكونه كونكلده كيجسه كوزكا توشسا هر شيء إيرور أندين منزه خالق حي Эрур ҳозир ҳамиша, йўқ макони, Анга қилғон эмас сабқат замони. Ўзи бешубҳадир ҳам бенамуна, Раво эрмас анга чуну чигуна. Кўнгилда кечса, кўзга тушса ҳар шай, Эрур андин муназзаҳ Холиқу Ҳай. 93. Исмоил Ҳаққий Бурусавий номи билан машҳур муфассир ва сўфий аллома Исмоил ибн Мустафо Истанбулий Ҳанафий Хилватий раҳматуллоҳи алайҳи (1137-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Руҳул-баён» номли жуда машҳур ва йирик тафсир китобида шундай деганлар: قال ابن الشيخ: ومعنى الاستواء عليه الاستيلاء عليه بالقهر ونفاذ التصرف فيه وخص العرش بالإخبار عن الاستواء عليه لكونه أعظم المخلوقات فيفيد أنه استولى على ما دونه Ибн Шайх айтади: Аршга истиво қилишнинг маъноси ҳукмронлик ва уни буткул тасарруф қилиш ила уни эгаллш деганидир. Арш яратилмиш нарсаларнинг энг буюги бўлгани учун унга истиво қилганлик ҳақида хабар бериш билан хосланди. Бу эса ундан бошқа нарсаларни ҳам эгаллаганини билдиради. 94. Шайх Абдулғаний Набулусий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (1143-ҳижрий санада вафот этганлар) «Кифаятул ғулам» номли манзумаларида шундай ёзганлар: و ليس يحويه مكان لا و لا تدركه العقول جل و علا Аллоҳни бирорта макон асло иҳота қила олмайди, ақллар ҳам У жалла ва ъалони идрок эта олмайди. 95. Аллома шиҳобиддин Саййид Маҳмуд Алусий Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи (1270-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Руҳул-маъоний» номли тафсир китобида айтадилар: وحاصله وجوب الإيمان بأنه تعالى استوى على العرش مع نفي التشبيه وأما كون المراد استولى فأمر جائز الإرادة لا واجبها إذ لا دليل عليه وإذا خيف على العامة عدم فهم الاستواء إذا لم يكن بمعنى الاستيلاء إلا بالاتصال ونحوه من لوازم الجسمية فلا بأس بصرف فهمهم إلى الاستيلاء فإنه قد ثبت إطلاقه عليه لغة Хуллас калом, Аллоҳ таолони халойиққа ўхшатишни инкор этиш билан бирга Унинг Аршга истиво қилганига иймон келтириш вожибдир. Истиводан мурод эгаллади деган маъно бўлиши ирода жоиз санайдиган ишдир, лекин вожиб эмас. Чунки вожиблигига далил йўқ. Агар истиво сўзини тушунмаслик оммага енгил бўлиб, уларнинг тушунчасида эгаллаш деган маъно бўлмай, фақат ўрнашиш ва шунга ўхшаш Аллоҳга жисмни исбот қиладиган маъноларгина бўлса, улар эгалламоқ деган маънога ўз тушунчаларини ўзгартиришларининг зарари йўқ. Чунки истиво сўзини эгаллаш маъносида луғатда ҳам собит бўлган. 96. Муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Дарвеш Байрутий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (1276-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ад-дурратул вазийя фий тавҳиди Роббил-барийя» номли рисоласида шундай ёзганлар: وقد أول الخلف الاستواء بالقهر والاستيلاء على العرش Чиндан ҳам халаф уламолар...
1 12 13 14 15 16 25