islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Долзарб мавзулар

Бўлимлар

Қуръон – қалб ғийбатининг шифоси

Одамларда кўп учрайдиган қалб касалликларидан бири ёмон гумон қилишдир. Қуръони каримда бадгумонликдан қайтарилган. Зеро, бир одам қалбида қандай ният борлигини – қалб сирларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Кўзи билан кўрмагунча биров ҳақида ёмон гумон қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Чунончи, гумонга суяниб иш тутиш, ўзгалар ҳақида юзаки хулоса чиқариш тўғри эмас. Қуръони каримда шундай хитоб қилинган: “Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан сақланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилиб юрманг, бир-бирингизни ғийбат қилманг! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродари гўштини ейишни яхши кўрадими?! Ахир ёмон кўрасизлар-ку! Аллоҳдан қўрқинг! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, Меҳрибондир” (Ҳужурот сураси, 12-оят). Бу ердаги “гумон”дан мурод – бир одам ҳақида ҳеч қандай ҳужжат-далили бўлмай туриб шубҳаланиш. Кўринишдан салоҳиятли, туппа-тузук инсон ҳақида ёмон гумон қилинмайди. Чунки бу туҳмат саналади. Туҳмат қилган, биродаридан шубҳаланган одам гуноҳга ботади. Гоҳида инсон хотирига кимдир ҳақида кутилмаган ўйлар, баъзи иккиланишлар келиб қолади. Буни бадгумонлик билан аралаштирмаслик керак. Ёмон гумонга нафс суянади, қалб мойил бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сизлар бадгумонликдан эҳтиёт бўлинглар! Зеро, бадгумонлик энг ёлғон сўздир. Жосуслик қилманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманг, бир-бирингизни ёмон кўриб қолманг, душманлик қилманг, Аллоҳнинг ака-ука бандалари бўлинглар”. Яна бир ҳадисда шундай дейилган: “Қайси бир мусулмон банда биродаридан шубҳаланса, Парвардигоридан шубҳаланибди. Чунки Аллоҳ “кўп гумонлардан сақланинглар”, деган”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Каъбани тавоф қилдилар. Кейин Каъбатуллоҳга юзланиб: “Сен нақадар поксан, ҳидинг нақадар хушбўй! Қанчалик улуғсан, ҳурматинг қанчалик баланд! Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасамки, бир мўмин банда ҳурмати Аллоҳ наздида сенинг ҳурматингдан улуғроқдир. Моли, қони, фақат яхши гумонда бўлиш (ҳурмати ҳам сеникидан улуғроқдир)”, дедилар. Ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: – Умматим орасида учта иллат: шумланиш, ҳасад ва бадгумонлик бўлади, – дедилар. Шунда бир киши сўради: – Ё Расулуллоҳ, улардан қандай қутулиш мумкин? – Агар (қалбингда биродарингга нисбатан) ҳасад пайдо бўлса, (Аллоҳга) истиғфор айт. Бировдан ёмон гумон қилсанг, (унга суяниб) иш тутма. Агар шумлансанг, (қилмоқчи бўлган ишингни тўхтатиб қўйма,) уни амалга ошир. Мусулмон одам биродари ҳақида яхши гумон қилади, ҳеч қандай далили бўлмай туриб ҳар хил ёмон хаёлларга бормайди. Зеро, яхши гумон қилиш Аллоҳга итоат этиш саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши гумон қилиш (Аллоҳга) чиройли ибодат қилиш сирасидандир”, деганлар. Ёмон гумон – маъсият, яхши гумон эса ибодатдир. Мўмин ака-укаларидан яхши гумон қилган инсон Аллоҳнинг амрига чиройли итоат этган бўлади, Парвардигорига қурбат ҳосил қилади. Кўнглида кири йўқ, шубҳа-гумонлардан холи инсонни Аллоҳ яхши кўради. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Биродаринг оғзидан чиққан сўзни яхшиликка йўйиш имкони бўлса, ундан ёмон гумон қилма”. Шунга кўра, мусулмон одам биродари қилаётган ишни, гапираётган гапини имкон қадар яхшиликка йўяди, “Бу билан нима демоқчи”, “Гап бу ёқда экан-да, мен билмай юрганаканман”, деб бўлар-бўлмас гапларни айтиб мусулмон биродари ҳақида гап тарқатиш яхши эмас. Салафи солиҳлар тавсиясига кўра, мўмин биродари сиртдан номаъқул иш қилаётганини кўриб қолса, унга етмишта узр қидирилади. “Мен билмаган бирон сабаби бордир”, “Бекорга бундай қилмаётгандир”, деб яхши гумонда бўлинади. Бадгумонликдан йироқ инсоннинг қалби хотиржам бўлади. Чунки бировнинг кетидан тушиб, хатосини қидириш, ғийбат қилиш билан киши ҳаёти пароканда бўлади, тинчи бузилади. Одамлардан яхши гумон қиладиган инсоннинг кўнгли тоза, ҳаёти осуда бўлади. Зиёвуддин РАҲИМ, “Қуръон – қалблар шифоси” китобидан Манба 414

Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган тўрт тоифа

Банда учун Аллоҳ таолонинг лаънатига учрашдан ҳам оғирроқ мусибат бўлмаса керак. Ҳа, Аллоҳнинг раҳмати қай даража олий бахт бўлса, лаънатланиб раҳматидан мосуво бўлмоқ шу даража ачинарли бахтсизликдир. Аллоҳ ҳеч бир мўминни раҳматидан маҳрум қилмасин, лаънатига дуч келиб бадбахт бўлишдан асрасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёви, аҳли байт аъзоси Али розияллоҳу анҳудан баъзи асҳоблари бир кун шундай савол сўради: Ҳазрат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтга бошқа одамларга ўргатмаган нарсаларни ўргатганми? Биз билмаган нарсалар ҳам бормики хоссатан сизларга ўргатилган. Агар бўлса биз билан бўлишсангиз? Али розияллоҳу анҳу жавоб берди: Йўқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ўзимизга алоҳида бирор нарса ўргатмаганлар. Оммага нимани етказган бўлса, биз ҳам ўшани биламиз холос. Илло, мана бу қиличим қинида сақлаб юрган бир саҳифа бор. Ўшанда ёзилган нарсаларни сизларга айтиб бераман: عن الله من ذبح لغير الله، لعن الله من سرق منار الارض، لعن الله من لعن والديه، لعن الله من آوى محدثا Аллоҳ таолодан бошқасига атаб жонлиқ сўйганларни Аллоҳ лаънатлади! Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзлаштириб олганларни Аллоҳ лаънатлади! Ота-онасини лаънатлаганларни Аллоҳ лаънатлади! Динда янгилик пайдо қилганга жой берганни Аллоҳ лаънатлади! Имом Бухорий ривояти. Изоҳ: Лаънат деб Аллоҳ таолонинг раҳматидан мосуволикка айтилади. Ислом жонлиқни фақат Аллоҳнинг номи ила ва фақат унинг ризолиги йўлида қурбон қилишга буюради. Аллоҳдан ўзгасига аталган қурбонлик ҳам, унинг гўшти ҳам ҳаром бўлади. Бу ишни қилганлар эса тавба қилмаса лаънатга гирифтор бўлишади. Шунингдек, Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзлаштириб олиш ҳам ҳаром саналади. Ҳадисларда ер ўғриларини қабр қаттиқ қисиши ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳам жуда оғир гуноҳ. Ҳаттоки, Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алай ноқонуний ўзлаштирилган ерда яшовчи инсоннинг уйига мутлақо кириш мумкин эмаслигига алоҳида урғу беради. Касаллигида зиёрат учун ҳам кириш гуноҳ. Тўй қилса, таклиф этилганлар тўйига бориб уйида меҳмон бўлиши ҳам гуноҳ бўлади. Ота-онани лаънатлаш икки хил бўлиши мумкин. Тўғрида тўғри ўз оғзи билан ота-онасини ҳақоратлаб лаънатлаганлар ёки кимнингдир ота-онасини ҳақорат қилади, у ҳам жавоб тариқасида бунинг ота-онасини ҳақорат қилади. Натижада бировнинг ота-онасини ҳақоратлаш билан ўз ота-онасига ҳам лаънат олади. Қиёмат куни булар ҳам тавбасиз кетишса Аллоҳнинг раҳматидан мосуво бўлишар экан. Динда янгилик пайдо қилган одамни бидъатчи дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир бидъат залолат, залолат эса жаҳаннамга олиб бориши тўғрисида куюниб гапирганлар. Ислом уламолари бидъатчилар билан илиқ муносабатда бўлишдан қайтарадилар. Юқоридаги ҳадисда ҳам бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатлади деб бекорга айтилмаган. Салафи солиҳлар йўлини лозим тутган ҳар бир содиқ мўмин, бидъат аҳлидан иложи борича нарида юриши керак. Жазоирлик шайх Абдулазиз ибн Рийс ҳижрий 1429 ражаб ойининг 8 санасидаги илмий анжумандаги чиқишида сукутий ижмоъ ҳақида гапириб, унинг мисоли тариқасида икки масалани кўрсатиб ўтган эди: 1- Қуръонни махлуқ – яратилган, деган киши кофирдир, деган масалага боғланган ижмоъ; 2- Аҳли бидъатни ҳажр қилишлик ва у билан муносабатларни узишлик лозим эканига боғланган ижмоъ. Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби Авазбек Мўминов 306

Эзгулик тарсакиси

Бир вақтлар катта бир олим ва валий зот яшаган эканлар. У киши кўплаб олимларни тарбия қилганлар. Шундай олим шогирдларидан бири ҳийлагина ўзига бино қўйган, илм йўлида амалга оширган баъзи катта ишлари билан манмансираб, фахрланадиган бўлиб қолибди. Лекин устозининг ҳузурида унинг изҳори фазли тавозе ва камтарликнинг ҳарир либосига ўралган шаклда бўй кўрсатарди. Бир куни у ўзининг қилган ишлари ҳақида устозига гапира туриб, ўзимиз ҳеч ким бўлмасак ҳам, Аллоҳ бизнинг қўлимиз орқали ўз динига нусрат бермоқда, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Аллоҳ бу динни фожир кишининг қўли билан ҳам азиз қилур!”, деганлар-ку, дея юқоридагидек “камтарлик” қилибди. Лекин, қалбининг туб-тубида бу сўзлари учун устозидан лутф, мақтов ва эътироф кутиш истаги тинмай типирчиларди. Шу вақт кутилмаганда устози унга шундай хитоб қилди: “сен ҳали ўзингни бу ҳадиси шарифда тилга олинган фожир кимсага тенглаштиряпсанми?! Валлоҳи, сен ҳали бу ҳадиси шарифдаги фожир кимсачалик бўлганинг йўқ. Бу қадар хомтама бўлма! Ўзингни алдама. Бугундан бошлаб, фақат камчилик ва гуноҳларинг ҳақида ўйла, тақсиротингни тўғрилаш ҳақида бош қотир. Дин номига қилган бирорта ишингни эслама. Аллоҳни муроқаба қил!”. Бу сўзлар шогирднинг бошига гурзи мисол тушди. Ва бир онда унинг оламини остин-устун этди, ларзага солди. Унинг уфқини беркитиб қўйган нарцисизм булутларини ҳар томон тарқатиб юборди. Ортиқ, шогирднинг қалб самосида махофатуллоҳ, маърифатуллоҳ ва муҳаббатуллоҳ қуёши қайта порлади. Устоз биргина таважжуҳи билан шогирднинг қалб кўзини очиб, унга етиб келган асл воқеълигини кўрсатган эди. Қараса, кўзига жаннат осмонлари бўлиб кўринаётган нарсалар ботқоқлик узра ёйилган оқ туманлар экан. Шогирднинг кўзларидан шашқатор қуйилувчи ёшлар унинг қалб ойнасини ювди, жилолади. Энди у ҳаммадан камсуқум, ҳаммадан мутавозе, ҳаммадан гўзал хулқли ва фақат ўз камчиликларини ислоҳ қилиш йўлини тутган инсонлардан бўлди. Кундузлари соиму тунлари эса қоим бўла бошлади. Ортиқ у кимни кўрса албатта ўзидан афзал деб билар ва ҳавас қиларди. У шу тобда Аллоҳ томонга олиб борадиган ҳақиқий йўлга сулук этганди. Устози кеча кундуз унинг ҳаққига дуои хайр қилар, мудом яхшилик соғинарди унга. Йиллар ўтди, шогирд аввалгидан кўпроқ ишларни амалга оширди, китоблар битди, донғи чор-атрофга ёйилди. Ўзи ҳам чин валийлардан бўлди. “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси А.Султонхўжаев Манба 295

ТАМАГИРЛИК

Мусулмон инсон мол-дунёга ҳирс қўймайди ва кишилар қўлидаги бойликка тамагирлик қилмайди. У зарур нарса билан кифояланади ва борига қаноат қилади. Тамагирлик арабча “тамаъа” сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани қалбдан кучли орзу қилишга айтилади. “Тамаъ қилди” билан “ҳирс қўйди” бир хил маънони англатади. Агар тамаъ Аллоҳ таолонинг раҳматини орзу қилиш маъносида бўлса, яхши ҳисобланади. Бунга Иброҳим алайҳиссаломнинг тамалари мисол бўлади: “Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан таъма қилганим – умидвор бўлганим ҳам, Унинг Ўзи”. Аллоҳ таоло Ўзига хавф ва тама билан дуо қиладиганларни мадҳ этган: “Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар“. Аммо тамаъ дунёнинг ўткинчи ҳойи-ҳаваси йўлида бўлса, ёмон нарса ҳисобланади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Билингки, тама фақирликдир. Тама қилмаслик бойликдир”, деган. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Кўпгина ақлларнинг қулаши тамаъларнинг чақмоғидандир”. Каъб ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳумолар бирга бўлишганда Каъб розияллоҳу анҳу: — Эй, Ибн Салом! Илм арбоблари кимлар? — деди. — Унга амал қилувчилар, — деди. — Билганларидан кейин уламоларнинг қалбидан илмни кетказган нарса нима? — деди. — Тамагирлик, нафснинг очкўзлиги ва одамлардан ҳожатини раво қилишни сўраш, — деб жавоб берди. Тамагирликнинг зарарлари: 1. Тамагирлик иймон заифлигининг аломатидир. 2. Тамагирлик Аллоҳ таолога бўлган ишончдаги нуқсондир. 3. Тамагирлик Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонда бўлишдир. 4. Тамагирлик ўз эгасига доимий камбағалликни жалб қилади. 5. Тамагирлик доимий чарчоқликдир. Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у зот: “Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ неъмат берилмаган”, – дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган). Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо, ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун, ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас. Мазкур ривоятларда мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар берилмоқда. Мусулмон одам унга Аллоҳ таоло томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган бўлар экан. Ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўклигидадир. Абу Ҳозим: “Кимда уч нарса бўлса, ақли расо бўлур: ўзини билса, Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилса ва тилини тийса”, деган. Баъзи ҳукамолар шундай дейдилар: Агар тамагирликка: — Отанг ким? — дейилса, — Қадарга шак келтириш, — дейди. — Ҳунаринг нима ? — дейилса, — Хорликни касб қилиш. — Ғоянг нима? — дейилса, — Маҳрумлик, — дейди. Тамагирлик азизни хор қилади. Тамасизлик хорни азиз қилади. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 1 149

Шогирднинг устози ҳузуридаги одоблари

Шогирднинг устози ҳузуридаги одоблари қуйидагилардан иборат: Шогирд устоз ёнида керакли гапни гапириши; Устози сўрамаган масалалардан сўз очиб очиб, мавзудан чалғитмаслиги; Талаба устозидан изн олмагунча савол сўрамаслиги; Шогирд устоз ўртага қўйган масалада уни мулзам қилиш учун: “Фалон киши бу масалада бошқа фикрда, унинг фикри сизникидан устун кўриняпти”, деган гаплар қилмаслиги; Устозининг ҳузунли ва сукутли дамларида ўринсиз саволарга тутиб, безовта қилмаслиги; Талаба устози айтмоқчи бўлган сўзни ёҳуд саволни ярмидан олиб, оғзидан олиб давомини айтишга одатланмаслиги лозим. Шунингдек, талабалар устозини ғийбат қилиш каби гуноҳлардан жуда ҳам эҳтиёт бўлишлари керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: Эй мўминлар, кўп гумондан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир. (Ҳужурот,12). Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 397
1 176 177 178 179 180 230