Аллоҳ таоло инсонни яратишидан асосий мақсад албатта Ўзини танитишдир. Яратилган ҳар инсон борки муддатини яшаб бўлгач, боқий оламга Аллоҳ ҳузурига қайтишга мажбур ва бу дунё умрини ҳисобини бермоғи аниқдир. Суннати санияларида инсон бепарво бўлган аммо жуда қимматли нарса бу вақтдир дея умматларига ҳар сониясини таълимини берган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саломлар бўлсин. Давр ривожлангани сари инсонлар вақт деб номланган Аллоҳ томонидан берилган жуда қимматли бойликларини беҳудага сарфлаб юбормоқдалар. Ҳисобли дунё ҳақида ўйлаган мусулмонлар эса вақтларидан имкон қадар фойдаланиб қолишмоқда. Мусулмон бўлмаганлардан эса, вақт бу пулдир эътиқодида яшовчилар вақтларини пул билан ҳисоблаб жуда қадрлашади. Бугунги глобал ва тезкор даврда инсон нималар билан вақтини бой бераётгани ҳақида тўхталиб ўтамиз. Вақтимизни зое бўлишига сабаб бўлувчи нарсалар жуда кўп. Улардан баъзилари қуйидагилар: 1. Бекорчи, фойдасиз гапларни кўп гапириш. Кўп гапириш, сертакаллуфлик, ҳар-хил фойдасиз, бўлар-бўлмас гапларни гапириш, ғийбат қилиш нафақат вақтимизни олади, балки суҳбатдошларимизнинг ҳам дилини хира қилади. Инсон бошига кўп балолар ўйламасдан айтилган сўз сабабидан тушади. Фақатгина керакли гапларни гапиришимиз, атрофимиздагиларга самимий бўлишимиз, ўринсиз жойларда сукут сақлашимиз, муҳим бўлмаган гаплар учун суҳбатдошимизни вақтини олмаслигимиз зарур. Ҳар жойнинг ўз гапи бор, ҳар гапнинг ўз жойи бор . Бу борада барчамизга ўрнак сарвари коинот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Сўзлаётган тил борки, албатта, унинг олдида Аллоҳ турибди. Бас, нима деяётганини англаган киши Аллоҳдан қўрқсин”. 2. Телефонда узоқ гаплашиш. Баъзида яқинларимиздан ҳол-аҳвол сўраш учун телефон қиламиз. Бунинг учун узоғи билан 3 дақиқа кетади. Лекин суҳбатимиз чўзилиб кетади. Суҳбатда ўзимиз қолиб бошқалар ҳақида гаплашишга ўтиб кетамиз. Аслида бу бекорчи гаплар ўзимиз учун ҳам, суҳбатдошимиз учун ҳам қимматли бўлган вақтимизни кетказишга арзирмикан?! Суҳбат соатлаб давом этиши ҳам мумкин. Одамзотнинг гапи тугармиди? Телефонда кўп гаплашиш саломатлик учун ҳам зарарли. 3. Телевизорни ҳаддан ортиқ кўп кўриш, газета ва журналлардаги суратларга ортиқча тикилиб ўтириш. Масалан баъзи уй бекалари севимли сериалларига кўп вақт сарфлашлари оқибатида ўз вақтида овқат тайёрлай олишмайди. Бу эса турмуш ўртоқларининг норозиликларига сабаб бўлади. 4. Бирор қарор қабул қилиш учун анча вақт ўйланиб юриш. 6. Оилавий муаммолар. 7. Ўзига ортиқча оро бериш учун вақт сарфлаш. Масалан аёллар мустаҳаб бўлмаган ўринлар учун ҳам ортиқча зийнатланиш учун вақт сарфлашлари. 8. Йўқолган нарсани узоқ вақт қидириш. Бирор нарса йўқолиб қолса, аввал яхшигина асабийлашамиз, сўнгра бир нималарни гапириб уйимизни ҳар бир бурчагидан уни излашга тушамиз. Топилмаса яна излаймиз. Хуллас, уйни айланиб юраверамиз. Яхшиси фикримизни бир жойга жамлаб, йўқолган нарсани қаерга қўйганимизни эслашимиз, топилмаса қидирувни тўхтатиб кейинроқ изласак,қидирув муваффақиятли амалга ошади, вақтимиз ҳам кетмайди. 9. Муҳим бўлмаган ахборот учун компютер олдида, соатлаб қолиб кетиш. 10. Замонавий телефон ҳамда компютер ўйинларини ўйнаш. Интернетдаги “Facebook”, “Одноклассники” каби мулоқот сайтларида соатлаб қолиб кетиш. 12. Узоқ вақт бозор айланиш. 13. Кўп ухлаш,ортиқча дам олиш. Шу ўринда қайт этиш лозимки “Уйқучи ва очофат инсондан кўра шайтонга севимли киши йўқдир”. Демак овқат учун ҳам кўп вақт сарф этиш ҳа вақтни исроф қилади ҳам, шайтон алайҳи лаънага севимли қилиб қўяди. 14. Бефойда, ҳаттоки зарарли бўлган баҳс-мунозараларга киришиш. 15. Касал бўлмаса ҳам секин юриш, ишни жуда секин бажариш. Ишни тез ҳамда сифатли бажаришга ҳаракат қилсак, ўша ишни тезроқ тугатишимиз ва навбатдагисига киришишимиз мумкин. Вақтимизни бекорга сарфланишига сабаб бўлаётган омиллардан халос бўлишимиз керак.Бунинг учун бироз эътибор ҳамда шижоатли бўлишимиз лозим. Шунинг мусулмон киши ҳар вақтини қадрлаб, унумли фойдалангани маъқул. Аллоҳ таоло шижоатли ва фойдали иш билан машғул кишиларни...
Инсон ўзининг эҳтиёжи сабабли доимо бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиб туради. Гоҳида ухласа, гоҳида ўтиради, гоҳида юрса, гоҳида югуришга тўғри келади. Баъзида ибодатга машғул бўлса, баъзида касбу ҳунар билан машғул бўлади. Мўмин киши қайси ҳолатда бўлмасин, албатта, ўша ҳолатга тегишли динида кўрсатилган одобларга риоя қилиши лозим бўлади. Зеро, динида унинг ҳаётидаги ҳар бир ҳолатига тегишли одоблар баён қилиб қўйилгандир. Шу маънода эътиборингизга пиёда юришга тааллуқли одобларни ҳавола этамиз. Биринчи одоб – эзгу ният қилиш. Мўмин киши барча ҳолатларида дастлаб эзгу ният қилиши лозим бўлади. Агар бир дўстини зиёрат қилишга борса, ушбу зиёрати билан Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлайди. Агар масжидга йўл олса, ибодатни адо этишга ният қилади. Агар касбу кор учун йўлга отланса, аҳли оиласига ҳалол ризқ топиш ниятини қилади. Агар бирор-бир ўйин ўйнамоқчи бўлса, ушбу ўйиндан олдин у билан соғлигини тиклашни, ибодатга қувватли бўлишни ният қилади. Шу маънода пиёда юришда ҳам мусулмонларга манфаат келтириш сингари эзгу ниятлар қилади. Иккинчи одоб – ҳаром қилинган жойга бормаслик. Мусулмон киши ҳаромга олиб борувчи ҳар бир қадамга гуноҳ ёзилишини, ҳаромдан сақланиб, ҳалолга юрилган ҳар бир қадамга эса савоблар ёзилишини билиши лозимдир. Учинчи одоб – кибр билан юришдан сақланиш. Такаббурлик қилиб юриш ёмон оқибатга олиб борувчи қаттиқ қайтарилган ишдир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай хабар берилган: وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ “Ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас”[1]. Ушбу оятни Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шундай тафсир қилган: “Ер юзида ўзига бино қўйган мутакаббир бўлиб юрмагинки, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқиб қоласан. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас”, – деган. Оятда келган مُخْتَالٍ калимаси “ўзига бино қўйган” маъносини, فَخُورٍ калимаси “бошқага мақтанувчи маъносини англатади”. Тўртинчи одоб – ўртача тезликда юриш. Юришда ҳаддан зиёд тез ҳам, ниҳоятда секин ҳам бўлмасдан, ўртача ҳаракатланиш ҳам пиёда юриш одобидан ҳисобланади. Бешинчи одоб – юришда орқасига алангламаслик. Юриб кетаётган киши агар орқасига аланглайдиган бўлса, бошқаларда у ҳақида турли гумонлар юзага келиши, ёки бирор нарсага қоқилиб кетиши каби турли нохуш ҳолатларга дучор бўлиши мумкин. Шунинг учун мўмин киши тўғрига қараб виқор билан юриши лозим. Олтинчи одоб – юришда сохта қўрқоқлик қилмаслик. Бошқаларнинг эътиборини тортиш учун ўзини қўрқиб кетгандек қилиб кўрсатиш ёки ўзини касалликка солиш каби сохтакорликлар Аллоҳнинг ғазабига дучор қиладиган ишлар ҳисобланади. Шунинг учун мўмин киши судралмасдан шахдам юриши лозим бўлади. Умар розияллоҳу анҳу кўчада касалмандга ўхшаб юрган бир йигитни кўриб: “Касалмисан”, – деб сўради. У: “Йўқ”, – деб жавоб берди. Ҳазрати Умар уни дарралари билан бир уриб: “Бўлмаса дадил юргин”, – деб буюрди. Еттинчи одоб – дадиллик билан юриш. Дадиллик билан юриш ҳам юриш одобларидан ҳисобланади. Дадиллик билан юриш деганда оёқларини судрамасдан шахдам қадамлар билан юриш тушунилади. Юришда пилдираб(жуда майда қадам билан) юриш, касалмандаларга ўхшаб “зўрға” юриш юришдаги одобсизлик ҳисобланади. Мусулмон киши виқор билан, ўзидаги куч-қувватни намоён қилиб юриши лозим. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан кўра севимлидир”. Саккизинчи одоб – ман қилинган юришлардан сақланиш. Мусулмон кишининг одоби уни қуйидаги юришлардан қайтариб туради: – мутакаббирлик билан юриш; – хавотир билан атрофга аланглаб, довдираб юриш; – ўлиб бораётган касалманддек судралиб юриш; – нозланиб юриш; – бирор заруратсиз йўрғалаб юриш....
Устоз, муаллим, мураббийлар биз учун нечоғлик яқин ва қадрли зотлардир. Инсон жаҳолат ботқоғидан халос бўлиб, илму маърифат нури сари одимлашида устозларнинг ўрни бениҳоя катта. Киши бирор илм ёки касбни моҳир мутахассиси бўлишни орзу қилар экан, албатта, бирор етук устозни ўзига муқтадо қилмоғи лозим. Бўлмаса, бунинг ортидан турли кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқиши мумкин. Зеро, халқимизда ҳам: «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар», деган пурҳикмат сўз бор. Нима учун ҳар бир нарсани устоз билан ўрганиш керак? Чунки илм нур бўлиб, у қалбдан қалбга фаришта воситасида ўтади. Устозсиз ўрганилган илмда фойда бўлмайди. Катта уламоларнинг бу борада айтган сўзларига эътиборимизни қаратайлик. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга масжидда илмдан мунозара қилаётган ҳалқа ҳақида айтилди. Шунда у зот: –“Уларнинг боши (устози) борми?”, деди. –“Йўқ”, дейишди улар. –“Унда ҳаргиз фақиҳ бўла олмайдилар”, деди. Демак, ҳар қандай илм ёки касбни устоз билан ўрганиш даркор экан. Дарҳақиқат, шундай масалалар борки унга фақат тажрибали устоз, моҳир олимнинг изоҳи билангина етилади. Улуғларнинг ҳам бир гапи бор: “Ким илмга ёлғиз кирса, ундан ёлғиз чиқади”. Яъни: ҳаракати бефойда бўлади. Бир форсий байтда устоз кўрмай ўтган умрни бефойда экани айтилади: Агар шумори умрат фузун зи ҳаштод аст, Надида хидмати устод лағву барбод аст. Яъни, сенинг ёшинг саксондан ўтган бўлса-да, устоз хизматини кўрмаган бўлсанг, бу умр бефойда ўтибди. Демак, илмга устоз орқали етилар экан. Шундай экан устозларга доимо ҳурмат ва одоб кўрсатишимиз лозим. Мўътабар китобларимизда талабанинг ўз устозга кўрсатадиган одоблари гўзал баён қилинган. Жумладан: кўрганда салом бериш, ҳол сўраш, олдида юрмаслик, кўп савол бермаслик, жойига ўтирмаслик, малолланиб турганда кўп вақтини олмаслик, ҳузурида изн олиб гапириш, ҳақларига дуо қилиш ва бошқалар. Устозга қанчалик ҳурмат кўрсатилса, талабанинг илмига шунча барака киради. Юқорида айтганимиздек, устозларга одоб кўрсатиш билан бир қаторда уларга беодоблик қилиб қўйишдан сақланиш лозим. Машойихлар: «Беодоб бенасиб», дейдилар. Муаллимлик энг олий касбдир. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бу дунёга муаллим ўлароқ юборилгани бу касбни не чоғлик улуғлигини кўрсатади. Динимизда устоз, муаллимларнинг ўрни юқори баҳоланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Ердаги ва осмондаги барча нарсалар инсонларга яхшиликни ўргатувчи муаллимга истиғфор айтади». Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги малоикалар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?! Устозлар ҳурмати, уларнинг фазилатлари ҳақида бир суҳбатда ёки бир мажлисда бу мавзуни батафсил баён қилишни иложи йўқ. Хулоса ўрнида айтар сўзимиз, Аллоҳ барча устозу муаллимларни аввало тану жонларини саломат, умр ризқлари ва хонадонларига барака, илм-маърифат йўлида олиб бораётган ишларида Аллоҳ мададкор бўлсин. Яратган барчаларини ҳар хил ёмонликлардан паноҳида асрасин! Тошкент Ислом институти Махсус сиртқи бўлим 2-курс талабаси Равшанбек Уринбаев 576
Инсон бу дунёда яшар экан, ўзини ўраб турган олам билан қизиқади. Унинг нимадан иборат экани ҳақида фикр юритади. Ана шундай фикрларини тартибга солиб турувчи, ҳаётининг асосини ташкил этиб, бахт-саодат сари элтувчи ягона таълимот – бу Ислом дини ҳисобланади. Ана шундай буюк таълимотнинг моҳиятини англаб етиш эса инсоннинг ҳаёт йўлларини ёритувчи машъала вазифасини ўтайди. Шу маънода Ислом динининг моҳияти, яъни унинг ҳақиқати (асоси) уч қисмдан ташкил топади: 1. Эътиқодий ҳукмлар; 2. Амалий ҳукмлар; 3. Гўзал хулқлар. Эътиқодий ҳукмлар Эътиқодий ҳукмлар деганда фақатгина ишониш ва қалбни унга мустаҳкам боғлаш лозим бўлган ҳукмлар тушунилади. Бу ҳукмларнинг аввалида Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига, комил сифатлар билан сифатланганига иймон келтириш туради. Мусулмон киши номусулмон кишидан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман)” деб гувоҳлик бериши билан ажралиб туради. Мусулмон киши учун ушбу гувоҳлиги мусулмонлигининг асоси ҳисобланиб, унинг ҳамма қарашлари мазкур асос устига қурилади. Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва қайта тирилишга иймон келтириш Ислом ақоидининг асослари ҳисобланади. Амалий ҳукмлар Амалий ҳукмлар деганда мусулмон кишининг ўзига нима фойдали ва нима зарарли эканини билиб, бажариши лозим бўлган ҳукмлар тушунилади. Эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Эътиқодий ҳукмларда инсоннинг Аллоҳ таолога боғланиши тартибга солинса, амалий ҳукмларда инсоннинг жамият вакиллари билан ва бутун борлиқ билан бўладиган алоқаси эътиқодий ҳукмлар асосида тартибга солинади. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларни ўрганмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди. Амалий ҳукмлар икки қисмга бўлинади: 1. Ибодатлар; 2. Муомалалар. “Ибодатлар” қисмида мусулмон кишининг Аллоҳга севимли банда бўлишга уриниб, бажарадиган амаллари баён қилинади. Бу амаллар унинг Аллоҳга бўлган иймонида содиқ эканига белги ҳисобланади. “Муомалалар” қисмида эса мусулмонларнинг умумий манфаатларини сақлашга, бир-бирларига ёки бошқаларга зарар бериб қўйишларининг олдини олишга тааллуқли бўлган амаллар баён қилинади. Гўзал хулқлар Гўзал хулқлар мусулмон кишининг динида тарғиб қилинган одобларни жамлаш ва уларга риоя қилишдир. Уламолар хулқни шундай таърифлаганлар: “Бандадаги мақталадиган ё ёмонланадиган белгилари орқали билиниб турадиган сифат хулқ деб аталади”. Яъни хулқ яхши ёки ёмон бўлиши мумкин, унинг яхши ёки ёмонлиги ташқи аломатлари орқали билиниб туради. Инсонларнинг хулқи икки турга бўлинади: 1. Холқий, яъни туғма хулқ; 2. Касбий, яъни кейинчалик ўзлаштириб олинадиган хулқ. Шунга кўра яхши хулқни ўзлаштиришга уриниш ва ёмон хулқли бўлишдан сақланиш комил мусулмоннинг белгиларидан саналади. Хулоса қилиб айтганда, мусулмон кишининг эътиқоди ва амалларида содиқ экани унинг гўзал хулқидан билиниб туради. Амалий ҳукмлар ҳам, гўзал хулқлар ҳам эътиқодий ҳукмлардан келиб чиқади. Ислом динининг ушбу уч негизи, ҳақиқати бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, мусулмоннинг дунё ва охират саодати мана шу уч негизга қанчалик амал қилишига боғлиқ бўлади. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларга салавот ва саломлар бўлсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим Манба 652
Динимизда аҳли илм, олимлар, устоз ва мураббийларга шу қадар улуғ даража берилган-ки, уларга инсонларнинг энг аълоси ва фазилатлиси деб қаралган. Бу борада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ “Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Оли Имрон сураси, 18-оят). Имом Қуртубий (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Бу оятда илмнинг фазлига, олимларнинг шарафига ва уларнинг фазилатига далил бор. Агар бошқа бирор киши олимлардан ҳам шарафлироқ бўлганда эди, худди олимларнинг исмини боғлагани каби Аллоҳ таоло уларнинг исмини ҳам оятда ўзининг ва фаришталарнинг исмига боғлар эди. Уламоларнинг инсонлар ичида энг шарафли эканини исботловчи кучли далил Аллоҳ таолонинг улар ҳақида нозил қилган ушбу оятидир: …إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ “…Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир” (Фотир сураси,28-оят). Аллоҳ таолонинг бандалари орасида Ўзидан қўрқадиган аҳлидан қилгани ва буни Ўзи васф қилгани уларнинг шарафли эканига кифоя қилади”. Илм эгалари ўша илм билан жоҳил, билимсиз кишилардан фазилатли бўлади. Бунинг исботи эса ниҳоятда гўзал бўлиб у қуйидаги оятдир: …قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ “…Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” ( Зумар сураси, 9-оят). Аллоҳ таоло нозил қилган шариат бўлмиш муқаддас динимиз исломни ҳам Ер юзида фақат илм эгаларигина бошқаларга етказади. Аллоҳнинг динини етказиш билан улар яна бир бор фазл эгасига айланадилар. Чунки фазилатли илмни ўргатиш ила яна фазл топадилар: يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” ( Мужодала сураси,11-оят). Бу билан Аллоҳ таоло олимларнинг даражаларини кўтариб қўйди. Бундай улуғ даража, буюк мартаба эгаларига фақат эргашиш ва иқтидо-итоат қилиш лозим. Зеро, жаҳолат пардалари кўзларини кўр қилган кимсалар йўлларини уламоларнинг илм нуригина ёритади холос. Агар бу итоат “илоҳий амр” билан бўлса нақадар улуғ: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!…” ( Нисо сураси, 59-оят). Бир гуруҳ муфассирлар иш эгаларидан мурод олимлардир, десалар, бошқа муфассирлар иш эгалари амирлар ва олимлардир, деб айтганлар. Олимларнинг даражалари юксак, фазилати улуғ эканлиги борасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак суннати шарифларида ҳам кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, у киши айтадилар: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай деганларини эшитдим: “Кимда ким илм талабида йўлга чиқса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди ва фаришталар унинг қилаётган ишига рози бўлиб, қанотларини толиби илм учун ёзиб туради. Албатта у (илм толиби) учун осмон-у ердаги жонзотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади, Олимнинг обиддан фазли тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан фазли кабидир. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта пайғамбарлар динор ё дирҳамни мерос қолдирмади, балки илмни мерос қолдирди. Кимики уни олса, тўлиқ (мўл-кўл)насиба олибди” (Имом Термизий ривояти). Алломалардан бири ўз китобида уламолар ҳақида шундай деди: Олимлар ерда осмондаги юлдузларнинг ўрнидадир. Зулматда қолган кишилар улар билан ҳидоят...