Аллоҳ таоло инсонларни кўплашиб, жамоа-жамоа бўлган ҳолда яшашга мос қилиб яратди. Мақсад: улар бир-бирлари билан танишсинлар, хайрли ва эзгу ишларда ҳамкорлик қилсинлар. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида шундай баён қилади: يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا яъни: «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят). Ояти каримада башариятни бир ота ва бир онадан яратилгани, уларни турли миллат ва элатларга бўлингани илоҳий ҳикмат асосида жорий қилинган, фитрий иш эканига ишора қилинмоқда. Бундан кўзланган энг катта мақсад: инсонлар бир-бирлари билан танишиб, маърифат ҳосил қилишдир. Одамларнинг ҳар хиллигида ҳам бир ҳикмат бор. Бу ҳикмат қуйидаги ояти каримада мана бундай баён қилинади: وَلَوْ شَاء رَبُّكَ لَجَعَلَ النَّاسَ أُمَّةً وَاحِدَةً «Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди». (Ҳуд сураси, 118-оят). Аллоҳ таоло инсонларни ҳар хил қилиб яратди. Унинг иродаси шундай бўлди. Агар хоҳласа, уларни бир уммат қилиб қўярди. Чунки инсон табиатидан маълум нарса шуки, бир хилликдан зерикади, малолланади. Бундан келиб чиқадики, инсониятни ҳар хиллиги бир хилликка хизмат қилар экан. Фирқаларга бўлиниш жуда кўп салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Уларни қуйида далиллар билан бирма-бир баён қиламиз. Фирқаланиш мумкин эмас! Чунки фирқаларга бўлиниш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган қабиҳ иш саналади. Ўзини чин уммат сановчи ҳар бир киши бу ишни қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан огоҳлантирганлар. قال النبي صلى الله عليه وسلم: «إياكم والفُرقة» رواه الترمذي. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фиқаланишдан эҳтиёт бўлинглар!», деганлар. (Термизий ривоят қилган). Фирқаланиш кулфат келтиради Фирқаланиш ҳеч бир замонда бирор кишига фойда келтирган эмас. Унинг ортидан фақат азоб келган. عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال: «الجماعة رحمة، والفُرقة عذاب». رواه أحمد والطبراني والبيهقي Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат раҳмат, фиқаланиш азобдир», дедилар. (Имом Аҳмад, Табороний ва Байҳақийлар ривоят қилган). Фирқаланиш ортидан одамлар устига келган қанчадан-қанча бало-офатлар, азобу мусибатлар, турли хил кулфатлар яқин ва узоқ тарих саҳифаларига қонли ҳарфлар билан ёзилгани барчага маълум. Тафриқачи мунофиқ ва ёлғончидир وَالَّذِينَ اتَّخَذُوا مَسْجِدًا ضِرَارًا وَكُفْرًا وَتَفْرِيقًا بَيْنَ الْمُؤْمِنِينَ وَإِرْصَادًا لِّمَنْ حَارَبَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ مِن قَبْلُ ۚ وَلَيَحْلِفُنَّ إِنْ أَرَدْنَا إِلَّا الْحُسْنَىٰ ۖ وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ «Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир». (Тавба сураси, 107-оят). Бу ояти каримада мунофиқларни сифатлари, қилган қабоҳатлари баён этилмоқда. Яъни, уларни асосий қилмишлари: мўминларга зиён келтириш, куфр уруғларини сочиш, тафриқага солиш ва бошқалар. Тафриқачиларнинг ишлари Аллоҳга ҳавола إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا لَسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ إِنَّمَا أَمْرُهُمْ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ يُنَبِّئُهُمْ بِمَا كَانُوا يَفْعَلُونَ «Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур». (Анъом сураси, 159-оят). Тафриқачи бидъатчи ва нафсига тобе кимсадир قال البغوي رحمه الله: هم أهلُ البدع والأهواء Имом Бағавий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги оятни қуйидагича изоҳлайди: «Улар (тафриқа қилувчилар) бидъат...
Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг ҳақлари беқиёс. Улар маънавият боғининг боғбонларидирлар. Биз уларни қанча кўп улуғласак, эъзозласак шунча оз. Ислом динининг таълимга берган аҳамиятидан таълим ходимлари бўлмиш устозларни муаллимларни улуғлаш ва уларга бўлган ҳурмат ва эҳтиром юзага келган. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару эрнинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ хам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар.” дедилар. Ҳаммамизнинг у ёки бу соҳада устозимиз бор. Бировимиз бир устоздан касб-ҳунар ўрганганмиз. Бошқамизга мактаб ва олий ўқув юртларида бир неча устозлар турли илмлардан сабоқ беришган. Инсон ким бўлишидан қатъий назар қайси соҳа вакили бўлмасин билим олиш учун устозга муҳтож. Пайғамбарлардан бошқа ҳамма инсонлар илм ҳосил қилиш учун муаллим остонасини ўпган. Ўрни келганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки динимиз исломда илмлар динийдунёвийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм исломда ардоқланади. Устозларнинг меҳнатини, шогирдларига илмни тушунтириб етказишдаги заҳмати, бу йўлда чеккан беҳисоб машаққатини таърифлашга сўз етмайди. Шунинг учун олимларга эҳтиром кўрсатишга, уларнинг иззатини жойига қўйишга, хизматларини адо этишга бурчлимиз. Улуғ муҳаддис, ҳофиз Шайх Айдарус ибн Умар ал-Ҳазрамий ўзининг “Уқудул лаал фи асанидир рижал” номли китобида шундай дейдилар: “Машойихларимиз айтар эдилар: “Кимга Аллоҳ таоло устозлардан таълим олиш неъматини насиб этса, унга уларни доимо ёдда тутиш, уларнинг фазилатларини ва фойдаларини оммага етказиш, ҳақларига дуо қилиш, Аллоҳдан улар учун розилик сўраш каби ишлар билан шукр бажо келтириш лозим бўлади. Бу – шогирд зиммасидаги энг муҳим вазифалардандир. Зотан, устоз унга отаси бергандан кўра афзалроқ бўлган абадий саодатга етказувчи нарсани тақдим этгандир. Бинобарин, устознинг ҳурмати отанинг ҳурмати каби. Шу боис ҳар бир толибдан устозини ва унга тааллуқли барча нарсаларни эҳтиром қилиши, улуғлаши ва унга нисбатан уламоларимиз баён қилган одоблар билан муносабатда бўлиши талаб қилинади”. Муваффақ Хоразмийнинг “Имом Абу Ҳанифа маноқиблари” номли китобида келтирилади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч ҳам оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳаққига истиғфор айтаман. Зотан мен доимо менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман”, деган эканлар. Ислом тарихи олтин саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилган бу сатрлар афсона эмас, балки айни воқеий ҳақиқатдир. Шу билан бирга бу айтганларимиз уммондан бир қатра, холос. Ховос тумани “Ҳуснобод” жомеъ масжиди имом хатиби, Тошкент Ислом институти 2-курс талабаси Б.Носиров 414
Инсон ҳаётида эришиши мумкин бўлган энг катта муваффақияти ҳамда энг буюк бойлиги Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлишдир. Бу буюк муҳаббатга лойиқ бўлиш йўллари Қуръони каримда муфассал баён этилган. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал шариатни нозил қилиб, Расулуллоҳ алайҳиссалом буюрган нарсани қилишга, қайтарганидан қайтишга амр этди. Агар банда шундай қилса, албатта, Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлишини баён этди. Бунинг ёрқин ифодаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларида намоён бўлади. “Суннат” луғатда “йўл” деган маънони англатади. Шариатда эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган буйруқлар ва қайтариқларга эргашиш бўлиб, бу шариатдаги вожиб буйруқларни, мустаҳаб буйруқларни ҳамда қайтариқларнинг барчасини қамраб олади. Муҳаддис уламолар суннатга қуйидагича таъриф берадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган гап, иш, тақрир (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида саҳобалар томонидан қилинган бирор ишга эътироз билдирмасликлари), холқий ва хулқий сифатлардан иборат барча нарсадир”. Суннатни маҳкам ушлашда бир неча фойдалар бор. Жумладан: Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлиш; Фарзлардаги камчиликларнинг ўрнини тўлдириш; Бидъатга берилиб кетишдан сақланиш; Аллоҳ таолонинг шариатини улуғлаш. Фиқҳ китобларида суннат фарз ва вожиб амалидан кейин келтирилади. Уни қилган савоб олади. Инкор қилувчи кофир бўлмайди, дейилади. Албатта, мусулмон кишининг кундалик ҳаётида энг кўп аҳамият берадиган нарса – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эртаю кеч амал қилмоқдир. Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатнинг аломати – Унинг Ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васалламга ахлоқлари ва ишларида, буйруқлари ҳамда қайтариқларида эргашишдир”. Пайғамбаримизнинг суннатларига эргашиш – бу У зот қилган ишни қилиш, қайтарган ишларни қилмаслик, хулқларидан намуна олиб, чиройли хулқ соҳиби бўлишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган инсон у зотни янада севиб, муҳаббат қилиб боради ва натижада Аллоҳнинг ҳам муҳаббатига эришади. Бу ҳақда Буюк Ҳақ таоло қуйидагича марҳамат қилади: “Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз! Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас” (“Оли Имрон” сураси, 31-32-оятлар). Замахшарий раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида Аллоҳга ҳақиқий ибодат қилишни хоҳлаган банда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиши кераклигини айтадилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Эй ўғилчам, бу менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимни ўз ҳаётига татбиқ этса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилибди. Ким мени яхши кўрса, жаннатда ҳам мен билан бирга бўлади”. Имом Термизий ривояти. Яъни ким у зотнинг суннатларига эргашса, худди уни қайтадан тирилтиргандай бўлади. Ким суннатларини тирилтирса, Пайғамбаримизга муҳаббат қўйганини амалда ҳам кўрсатган бўлади. Ва ким Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрса, жаннатда ўзлари билан бирга бўлиш саодатига мушарраф бўлади. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Инсонларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Расулининг суннатига эргашиш бўлди”. Мусулмон кишининг Аллоҳ таолонинг наздидаги мартабаси Унинг Пайғамбарига эргашиши билан ўлчанади. У суннатни ўз ҳаётига қанчалик кўп татбиқ этса, Аллоҳ таолонинг наздида шунчалик олиймақом ва мукаррам бўлади. Аллоҳнинг бандага муҳаббат қилиши банда орзуларининг интиҳоси, истакларининг энг сўнгги чегарасидир. Зеро, асосий иш севишдаэмас, севилишдадир! Тошкент ислом институти ўқитувчиси Фахриддин Маманосиров 318
Ривоят қилинишича, ҳазрат Сулаймон пайғамбар (алайҳиссалом) денгиз қирғоғида ўтирган эди. Дон кўтариб денгиз томон кетаётган чумолига кўзи тушди. Уни кузата бошлади. Чумоли денгизга етиб борди. Шунда сув ичидан бир қурбақа бошини чиқарди ва оғзини очди. Дон кўтарган чумоли унинг оғзига кириб олди. Қурбақа шу бўйи бир соатча йўқ бўлиб кетди. Сулаймон (алайҳиссалом) бу ҳолдан таажжубланиб фикр юритиб ўтирарди. Бир пайт қурбақа сувдан чиқди. Оғзини очган эди бояги чумоли чиқиб келди. Бироқ дон йўқ эди. Шунда ҳазрат Сулаймон (алайҳиссалом) чумолини чақирди ва ундан донни нима қилгани, қаерда бўлганини сўради. “Эй Аллоҳнинг пайғамбари! – тилга кирди чумоли. – Мана шу денгиз тагида катта тош бор, унинг ичида кўр қурт яшайди. Ризқ талабида ташқарига чиқолмайди. Аллоҳ таоло унга озуқа етказишни менга, сув тубига шўнғиб, мени манзилга элтишни қурбақага вазифа қилган. Қурбақа оғзини ўша тош тешигига қўяди. Мен тешикдан ичкарига кираман. Қуртга донни бергач, яна қурбақанинг оғзига ўтиб оламан. У эса мени денгиздан ташқарига олиб чиқади”. Ҳазрат Сулаймон (алайҳиссалом): “Ўша қуртнинг бирор тасбеҳ айтганини эшитганмисан?” деб сўради. Чумоли жавоб берди: «У мана бу дуони айтар эди: “Эй раҳмати ила мени тўлқинлар остида ётган мана бу катта тош ичида ҳам унутмайдиган Зот! Ўз раҳматинг ила мўмин бандаларингни ҳам унутмагин!» Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Фазлиддин Сувонов Манба 588