islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Долзарб мавзулар

Бўлимлар

АШУРО КУНИ

Ердан самогача савоб бўлади, Мункар-Накирларга жавоб бўлади, Бошдан оёққача нурга тўлади, Имкон борми, ёддан чиқарманг буни, Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.   Иблиснинг қомати етти букилгай, Тоғдек гуноҳлар ҳам дув-дув тўкилгай, Малаклар тарафдан салом ўқилгай, Имкон борми, ёддан чиқарманг буни, Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.   Эзилган қалбларга дармон бўлади, Маҳшарда дўзахга қалқон бўлади, Фирдавс жаннатига сарбон бўлади, Имкон борми, ёддан чиқарманг буни, Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.   Рўза руҳиятни сайқал этади, Ҳар битта яхшилик Ҳаққа етади, Кўз очиб-юмгунча ўтиб-кетади, Имкон борми, ёддан чиқарманг буни, Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.   Саҳардан шомгача раҳмат бўлади, Ҳурларнинг қўлида шарбат бўлади, Энг олий мукофот – жаннат бўлади, Имкон борми, ёддан чиқарманг буни, Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.   Рўза – руҳ шифоси, тиғсиз даводир, Савобдан мосуво шаксиз, гадодир, «Очлик – иллат» демоқ, айни хатодир, Имкон борми, ёддан чиқарманг буни, Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Эркин Қудратов 655

Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар

Ҳадя (совға) улашишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилганлар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ушбу тарғиб қилинган амални адо этишга имкон қадар ҳаракат қилиши фазилатли иш ҳисобланади. Мазкур фазилатли ишга тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар: Биринчи одоб – эзгу ният қилиш. Ҳадя берувчи аввало Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида бир мусулмоннинг кўнглини шод қилишни ният қилиши лозим. Зеро, амаллар ниятларга кўра бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя улашишнинг қандай самаралари борлигини шундай баён қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя  улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, – дедилар”. Имом Байҳақий ривоят қилган. Яъни ҳадя жамият вакилларининг ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга сабаб бўлади. Иккинчи одоб – ҳадяни қавму қариндош ва қўни-қўшнилардан бошлаш. Ҳадяни қавму қариндошлардан бошлаш афзал ҳисобланади. Чунки бу иш силаи раҳм бўлиб, ўртадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ҳадя улашишда қўни-қўшнилардан ва улар орасидан ҳам аввало ён қўшнилардан бошлаш афзал саналади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”, – деганлар. Яъни қўшнисига яхши муомала қилган, яхши ишларида кўмакчи бўлган киши комил иймон эгаси бўлади. Кишининг  яхши-ёмон кунларида доимо ёнида яшайдиган инсон унинг қўшниси бўлади. Шу маънода дастлаб қўшнисига ҳадя бериш яхшиликни ўзига яқин кишилардан бошлаш ҳисобланади.  Учинчи одоб – ҳадяни арзимас санашдан сақланиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ўзаро ҳадя улашишга тарғиб қилиб шундай деганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, чунки ҳадя кўнгилдаги норозилик туйғусини кетказади. Бирор аёл ҳам қўшни аёлга қўй туёғининг ярмини бўлса ҳам (ҳадя қилишни) ҳаргиз арзимас санамасин”, – дедилар”. Имом Темизий ривоят қилган. Яъни ўзаро ҳадя улашиш жамият вакиллари орасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг боғланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳадя берувчи ҳам, уни олувчи ҳам ҳадяни асло арзимас санамаслиги лозим бўлади. Чунки ҳадя берувчи агар уни арзимас санаса, одатда ҳадя берилмай қолиб, ундан кўзланган мақсад ҳосил бўлмай қолади. Ҳадяни қабул қилувчи ҳам берилган ҳадя ҳар қанча оддий бўлмасин, асло арзимас санамаслиги керак. Шунингдек, ҳадяни ёки берувчисини камситадиган гапларни ҳазиллашиб гапиришдан ҳам қатъий равишда тийилиши лозим бўлади. Чунки бундай қилиш ораларини бузиш учун шайтонга имконият эшигини очиш бўлади. Шунинг учун ундан тийилиш вожиб бўлади. Тўртинчи одоб – ҳадяни қайтармаслик. Ҳадяни қабул қилиш дўстлик рамзи ва ҳадя берувчини ҳурмат қилиш белгиси бўлади. Ҳадяни қабул қилмай қайтариш эса берилган ҳадяни ёқтирмаслик ёки ҳадя берувчини камситиш каби маъноларни ифодалайди. Бу эса ўртада совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда ҳадяни қайтармасликка алоҳида буйруқ келган:  Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳадяни қайтарманглар ва чақирувчини(нг) (чақирувини) қабул қилинглар ва мусулмонларни урманглар”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган. Аммо ҳадяни қабул қилмаслик жоиз бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан, агар берилган ҳадяни пора ўрнида берилганини билса, ёки берилган ҳадядан кўпроғини ундан “ундириш” ёки бошқа бирор ғаразли ниятини амалга ошириш илинжида бераётганини сезса, ҳадяни қабул қилмаслик мумкин бўлади. Бешинчи одоб – ҳадя берувчини тақдирлаш Ҳадя олган киши ҳадя берувчига ташаккур айтиб, уни мукофотлаши ҳам суннат ҳисобланади. Қуйидаги ҳадис бунга далилдир: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадяни қабул қилар эдилар ва унга кўра тақдирлар эдилар”. Имом Термизий ривоят қилган. ...

Муҳаррам ойи ва Ашуро кунининг фазилатлари

МУҲАРРАМ ОЙИ Ҳижрий йилимизни бошлаб берувчи муҳаррам ойининг номи луғатда «ҳурматланувчи», «улуғланувчи» деган маъноларни англатади. Бу ой ҳижрий сананинг боши бўлгани, урушлар ҳаром бўлгани, ўнинчи куни Ашуро куни бўлгани учун муҳтарамдир, муҳаррамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаррам ойидаги рўзани Рамазондан кейинги энг афзал рўза деганлар, Рамазондан кейин рўза тутилса, муҳаррамда тутиш афзаллигини айтиб, «У Шаҳруллоҳдир (Аллоҳнинг ойидир). Аллоҳ шу ойда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган, бошқа қавмларнинг ҳам  тавбасини қабул қилади», деганлар. АШУРО КУНИ «Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳурдир. Бу кун барча умматлар томонидан қадимдан ҳурматлаб келинадиган фазилатли кундир. Ислом кириб келган даврда насронийлар ҳам, яҳудийлар ҳам бу кунни улуғлашарди. Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ашуро куни рўза тутганлар, саҳобаларига ҳам рўза тутишни буюрганлар. Буни эшитган баъзи саҳобалар бу кунни бошқа дин вакиллари ҳам улуғлашини эслатишган, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ундай бўлса, келаси йили муҳаррам ойининг фақат ўнинчи кунида эмас, тўққизинчи кунида ҳам рўза тутамиз», дедилар. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутадилар. Ашуро кунининг рўзаси ниҳоятда фазилатли нафл ибодатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умид қиламанки, Ашуро кунининг рўзаси ўтган йилнинг гуноҳларига каффорот бўлади», деганлар. Ашуро кунининг яна бир ажойиб фазилати, хислати бор. Мўмин-мусулмонлар бу кунлари рўзғорни бут қилиб қўйишлари суннатдир. Оила аъзолари учун одатдагидан кенг-мўл сарф-харажат қилса, Аллоҳ таоло бу куннинг ҳурматидан унга йил бўйи кенглик қилиб беради. Имом Тобароний ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади», деганлар. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро деб номланиши ҳақида аллома Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Машориқул анвор» асарларида баён қилиб, жоҳилият кишиларининг тилида «фоъуло» вазни ишлатилмаган, дейдилар. Бинобарин, бу куннинг Ашуро деб номланиши Ислом дини билан боғлиқдир. Ашуро кунида инсоният тарихидаги жуда кўп муҳим воқеалар содир бўлганлиги ҳақида  манбаларда баён қилинган. Жумладан, ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Танбиҳул ғофилин» номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: «Ашуро куни Одам алайҳиссаломнинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушиб, бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутган кундир. Сен ҳам ўша куни рўза тутишга қодир бўлсанг, албатта тутгин». Демак, инсон бирор улуғ неъматга мушарраф бўлса, бунинг шукронасига ҳеч бўлмаса бир кун нафл рўза тутмоғи мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг ҳар душанба куни нафл рўза тутар эдилар. Саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида: «Мен шу кунда туғилганман, шу куни пайғамбар бўлганман», деб жавоб берганлар. Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Тошкент Ислом институти ўқитувчиси, «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Манба 318

Уламоларни эъзозлаш тақводандир

Уламолар, устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар. Улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар. Уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етадилар. Бинобарин, олимларни рисоладагидек ҳурмат қилмай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимизни эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, тадбиркор инсонлар этиб улғайтириш мумкин эмас. Бу – бамисоли уруғни ерга қадамасдан туриб ҳосил кутишдек гап. Ҳурмат ибодатдан яхши, деган ўз ўрнида ҳақ сўз бор. Аллоҳ азиз қилган инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш ибодат. Ҳаж сурасининг 30-оятида бундай марҳамат қилинади: «(Гап) шудир. Кимки Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни катта иш деб билса (риоя қилса), бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир». Аллоҳ даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат экани Қуръони каримда таъкидланади. Устоз ва муаллимлар каби илм соҳиблари ҳам айнан Рабби қадрларини баланд қилган тоифага мансубдирлар. Қуръони каримда бундай дейилади: «(Гап)шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят). Оятда “шиорлар” дея таржима қилинган сўз “шаъааироллоҳ” калимаси билан келган. Аслида буни бир сўз билан бошқа тилга ўгириш мумкин эмас. Тафсир китобларида айтилишича, “шаъааироллоҳ” деб Аллоҳ томонидан фазилати билдирилган барча нарса тушунилади. Устоз ва илм муаллимлари илм шарафи туфайли улуғланадилар. Илм аҳлларининг қадри нақадар улуғ экани қуйидаги оятда ҳам баён этилади: «…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодила сураси, 32-оят).Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир оят ва ҳадислар жуда кўп учрайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда шафоат қилиши, агар у таълим ҳам берса, Ер ва осмонлардаги барча жонзот Аллоҳдан унга мағфират сўраши ва бошқа кўп башоратлар саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган. Сулаймон (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло илм, бойлик ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганида у илмни танлайди. Илмнинг шарофатидан унга бойлик ва подшоҳлик ҳам қўшиб берилади. Ўтган улуғ зотлар, устозлар, уламоларнинг ҳақларини тўлиқ адо этиб, уларнинг қадрлари нечоғли баланд эканини ҳис этишган. Бу борада Ҳазрат Алишер Навоий айтади: “Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила. Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила”. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Устозим Имом Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, уйларимизнинг орасида еттита кўча бор эди. Ҳар намозда ота-онамнинг қаторида у зотга мағфират сўрайман. Шунингдек, бошқа барча устозларимнинг ҳақларига дуо қиламан”. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ўттиз йилдан буён бирор кечада устозим Имом Шофиъийнинг ҳақига дуо қилмай ухламаганман”, дейди. Уламоларга кибр қилиш, уни менсимаслик ёмон хулқдир. Набий (алайҳиссалом): “Ё Аллоҳ, олимга эргашилмайдиган, оқилдан ҳаё қилинмайдиган замон келиб қолмасин!”, дея уламолар ҳурмат қилинмайдиган замон келишидан паноҳ сўраганлар (Имом Аҳмад ривояти). Булар уламоларга кўрсатиладиган одоблар уммонидан айрим томчилар холос. Мухтасар қилиб айтсак, инсон олимларнинг розилигини топишга интилиши ва уларни норози ва хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим. Уйғун Ғофуров Тошкент ислом институти ректори Манба 275

Устозга эҳтиром шогирд зиммасидаги бурчдир

Устозларимиз ёдга олинганда қалбимизда доимо уларга нисбатан чуқур ҳурмат-эҳтиром ҳиссини туямиз. Чунки устозларни ҳурмат қилиш, уларни улуғлаш динимизнинг кўрсатмаси, комил мусулмон кишининг хулқи ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бутун башариятга устоз қилиб юборилганлар. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган: وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا كَافَّةً لِلنَّاسِ بَشِيرًا وَنَذِيرًا Биз сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик[1]. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”, деганлар. Пайғамбарларга меросхўр бўлишдек шарафга эга бўлган зотлар Қуръони каримда шундай мадҳ этилган: شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам[2]. Имом Қуртубий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ушбу оят илмнинг фазлига, уламоларнинг шарафли эканига далолат қилади. Чунки агар уламолардан кўра шарафлироқ бирор кимса бўлганида эди, Аллоҳ таоло Ўзининг исми ва фаришталарнинг исмига уламоларни қўшиб келтиргани каби уларни ҳам қўшиб келтирган бўлар эди”. Устоз муаллимларнинг мақоми энг шарафли мақом ҳисобланади. Ибн Жамоа роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Толиби илм барча ишларида устозига бўйинсуниши, унга худди бемор ўзини моҳир табибга топширгандек топшириши лозим бўлади. Шогирд доимо устознинг маслаҳатига юриши, унга эҳтиром кўрсатишга астойдил ҳаракат қилиши, унинг хизматини қилиш билан Аллоҳ таоло муқарраб бўлишга уриниши керак. Шогирд устозга итоатли бўлишни азизлик, уни улуғлашни фахру-ифтихор, унга тавозели бўлишни обрў мартаба деб билиши лозим”. Яъни, ушбу сўзлар олимларни муқаддаслаштириб юбориш эмас, балки уларни ҳурматлаш ва қадру-қийматлари қанчалар улуғ эканини англатиб қўйиш ҳисобланади. Ўтган улуғ зотлардан бирининг устози ҳузурига борар экан: “Эй Аллоҳим, устозимнинг хатосини мендан тўсгин, унинг илми баракасини мендан кетказиб қўймагин”, дея ихлос билан дуо қилиб бориши ривоят қилинган. Ибн Товус роҳматуллоҳи алайҳ оталаридан: “Олимларни улуғлаш суннатдандир”, деган қавлни ривоят қилган. Имом Шофеъий айтадилар: Имом Моликнинг ҳузурида “Муватто”ни ўқиётганимда у зотнинг қулоқларига овози чалинмаслик учун саҳифаларни эҳтиёткорлик билан варақлар эдим”. Имом Шофеъийнинг шогирдлари Робиъ айтади: Имом Шофеъий билан йигирма йил бирга бўлганман, у зотнинг ҳайбатларидан ҳузурларида сув ичишга ҳам ботина олмаганман”. “Таълимул мутаъллим” китобида баъзи олимлар томонидан Али розияллоҳу анҳуга нисбат берилган қуйидаги ҳикматли шеър келтирилган: أَلَا لَا تَنَالُ الْعِلْمَ إِلَّا بِسِتَّةٍسَأُنْبِيكَ عَنْ مَجْمُوعِهَا بِبَيَانٍ ذَكَاءٍ وَحِرْصٍ وَاجْتِهَادٍ وَبُلْغَةٍوَإِرْشَادِ أُسْتَاذٍ وَطُولِ زَمَانٍ Илмга эришмоқ йўли олтидир, Уларни бирма-бир айлайин баён: Закийлик, тиришиш, маблағ ҳам сабр, Устоз ўгитию ва узун замон. Демак талаба илмни эгаллаши учун албатта устоздан илм ўрганиши ва унинг панду насиҳатларини қабул қилиши лозим. Зеро илм устоз қалбидан шогирд қалбига ўтадиган нурдир. Бу нур фақат устоз орқалигина ўтади. Уламолар таълим олишда устозларнинг ўрнини шундай тушунтирганлар: “Эътибор берадиган бўлсак, башариятни тўғри йўлга йўллаш учун Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон ҳамда бир қанча саҳифалар нозил қилинган. Аммо тирик муаллимлар ниҳоятда муҳим бўлгани сабабли 100 мингдан ортиқ пайғамбарлар устоз қилиб юборилган. Пайғамбарларнинг барчалари китоб билан келмаган, аммо барчалари устоз бўлиб келганлар”. Толиби илм қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим бўлади: Инсонларга умумий салом бериш билан бирга устозга яна алоҳида салом бериш; Унинг ҳузурида одоб билан ўтириш; Унинг ҳузурида қўл ё кўз билан ишора қилмаслик; Унга: “Фалончи сиз айтгандан бошқача айтди”, демаслик; Унинг ҳузурида ҳеч кимни ғийбат қилмаслик; Унга савол беришда хиралик қилмаслик, ва ҳакозолар. Устознинг розилигини олиш шогирд учун нақадар муҳимлигини Алишер Навоий бобомиз шундай баён қилганлар: Агар шогирд шайхулислом агар қозидур, Агар устоз рози – Тангри розидур. Барча устозларимизни устоз ва мураббийлар куни билан муборакбод этамиз, доимо соғ-саломат ва офиятда юришларини илм нурини таратиш йўлида доимо собитқадам бўлиб боришларини сўраб дуолар қиламиз. Устозларимизга итоатли бўлишдек азизликка, уларни улуғлашдек фахру-ифтихорга, ҳамда уларга тавозели бўлишдек обрў мартабага Парвардигори олам барчаларимизни муваффақ қилсин ва бу саодатдан ҳеч қачон бизларни айирмасин.   [1]Сабаъ сураси,...
1 193 194 195 196 197 230