عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بنِ مَسعودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” عَلَيْكُمْ بِالصِّدْقِ فَإِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الْجَنَّةِ وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَصْدُقُ وَيَتَحَرَّى الصِّدْقَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ صِدِّيقًا وَإِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ فَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ وَإِنَّ الْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَكْذِبُ وَيَتَحَرَّى الْكَذِبَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ كَذَّابًا “ Абдуллоҳ ибн Масуъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинг. Албатта ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Албатта яхшилик жаннатга олиб боради. Киши ростгўйликда ва тўғри сўзлашга ҳаракат қилишда бардавом бўлади. Ҳатто Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқ деб ёзиб қўйилади…”. (Бухорий ва Муслим ривояти). Халқимиз азал-азалдан турли хил миллий ва умуминсоний фазилатлари билан дунё ҳамжамияти орасида алоҳида ажралиб турувчи халқ ҳисобланади. Бағрикенглик, меҳмондўстлик, ҳушмуомалалик, катталарга ҳурмат – буларнинг барчаси халқимизнинг олий фазилатларидандир. Шу жумладан ростгўйлик ҳам. Муқаддас динимиз ҳам инсонларни ростгўй бўлишга чақирувчи ва ростгўйликни тарғиб қилувчи дин ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳали нубувват келмасидан олдин ҳам халқ ичида “ал-Амийн” яъни “ишончли” дея ном чиқарганликлари эса бу гапимизга ёрқин далил бўла олади. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Юқоридаги ҳадиси шарифда Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам барчани рост гапиришга ва ростгўй бўлишга чақирганлар. Шу билан бирга ростгўйларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомини баён қилиб берганлар. Ростгўйликда бардавом бўлган инсон ростгўйлиги учун жаннатга киритилишини ва унга Аллоҳ таоло ҳузурида “Сиддиқ” деб ном берилишини эшитган ҳар бир мусулмон, шубҳасиз ростгўй бўлишга интилади. Ҳамма ростгўйликка интилса, инсонлар орасидаги тушунмовчиликларга ҳам барҳам берилади. Натижада, жамият ҳаёти ҳам ижобий томонга ўзгаради. Тўғрисўзликнинг Аллоҳ ҳузуридаги мақомининг боиси ҳам айни мана шунинг учун бўлса ажаб эмас. Уламоларимиз: “Ростгўйлик бу – қалбингдаги ҳақиқатни тилингда зоҳир қилишингдир”, – дейишган. Демак, зоҳиран қилган ишларимизнинг барчаси қалбимизда бўлмоқлиги керак. Ҳеч бир ҳаракатимизни ростгўйликдан йироқ ҳолда, хўжакўрсинга қилмаслигимиз лозим бўлади. Ростгўйлик – Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишда, инсонлар билан муомала қилишда, ваъдада, олди-сотди масалаларида, никоҳ ва бошқа масалаларда кишининг зоҳири худди қалби каби бўлмоқлигидир. Киши инсонлар билан муомалада бир хил бўлиши, ваъдасига вафо қилиши, олди-берди масалаларида ва бошқаларида тили ва ҳаракатларини қалби ила мутаносиб қилиши лозим бўлади. Ҳадиси шарифнинг давомида: “…Ўзингизни ёлғончиликдан сақланг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик оловга олиб боради. Киши ёлғон сўзлашда ва ёлғон сўзлашга ҳаракат қилишда бардавом бўлади. Ҳатто Аллоҳнинг ҳузурида каззоб деб ёзиб қўйилади”,- дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти). Бу ҳақида Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Ростгўйлар билан бирга бўлинглар”. (Тавба,119) Уламоларимиз: “Ёлғон бу – қалби тасдиқ қилмаган нарсани айтишдир. Омонатга хиёнат ҳамда бошқалар томонидан айтилган рост сўзни била туриб тасдиқламаслик ҳам ёлғондир” ,-деганлар. Ёлғон гапириш динимиз ҳаром қилган амаллардандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни қай даражада ростгўйликка тарғиб қилсалар, ёлғончиликдан шу даражада қайтарганлар. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки лаби ва икки оёғи орасидагига кафолат беролса, мен у учун жаннатни кафолат бераман”, дедилар. (Бухорий ривояти). Бу ҳадиси шарифдан ҳам маьлум бўлмоқдаки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким менга икки лаби орасидагига кафолат беролса, мен у учун жаннатни кафолат бераман”, демоқдалар. Агар жаннатга киришимиз учун тилимиз аҳамиятли бўлмаганида эди,...
Мўмин банда учун иймони тақозо қиладиган муҳим ишлардан бири – Роббиси тайин қилган қазо ва қадарга рози бўлишдир. Мўмин киши ўзига етган нарсанинг етмасдан қолиши мумкин эмаслигига, ўзига етмаган нарсанинг эса етиши мумкин эмаслигига иймон келтирган бўлади. Шу эътиқодига кўра ўзига бирор хурсандчилик етса, шукр қилишга, бирор хафаликка дучор бўлса, сабр қилишга ўтади. Бундай эътиқоднинг фақат мўминларда бўладиган улкан саодат эканини севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа сўзлари билан тушунтириб қўйганлар: Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг ишидан ажабланаман. Албатта, ишининг барчаси хайрлидир, бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда бўлмайди. Агар унга бирор хурсандчилик етса, шукр қилади, бу унга хайрли бўлган бўлади. Агар унга бирор хафалик етса, сабр қилади, бу ҳам унга хайрли бўлган бўлади”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган. Ушбу тушунчанинг мўминлар учун қанчалар катта бахту саодат экани мўмин ва мўмин бўлмаган кишининг мусибатга учраган ҳолатида яққол намоён бўлади. Ҳа, бундай ажойиб бахтга эришиш учун киши фақат мўмин бўлиши ва иймони тақозосига кўра ҳаёт кечириши лозим. Шунинг учун ҳам баъзи уламолар ушбу ҳадисни таърифлаб: “Ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир ёки бутунлай Исломдир, дейилса ҳам, ҳеч бир муболаға қилинмаган бўлади”, – деганлар. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим Манба 432
Ақиқа ҳанафий мазҳабида мустаҳаб, мубоҳ амалдир. Арабча “ал-ақийқа” “اًلعقيققة” шаклидаги сўз бўлиб, унинг ўзаги “عقوق”, “уқуқун”, маъноси кесмоқ, қирқмоқдир. Шаръий-истилоҳий маъноси ҳам луғавийсига яқин, албатта. Ақиқа ўғил ёки қиз чақалоқ туғилганининг еттинчи кунида сочини олиб, унинг вазнича тилла ёки кумуш садақа қилиш ёхуд ўғил болага иккита, қиз болага битта қўй сўйишдир. Исломнинг бу ақл бовар қилмас кўрсатмасини бугуннинг тараққий топган тиббиёти ҳозирда ўрганиб, қуйидагича хулоса бермоқдалар! Чақалоқ сочини олишнинг тиббий фойдалари 1. Бола она қорнидалигида қуриб қолмаслиги учун ва онанинг бачадонидан чиқаётгандаги тўқнашувлардан ҳимоя қилиш учун унинг танасини ёғли модда қоплайди. Бу модда гўдакнинг бош терисига микроб ва вирусларни тўплаб, унинг соч илдизларига зарар етказиб, уни заифлаштира бошлайди. Шу ёпишқоқ моддадан халос бўлиш учун биринчи ҳафтасида унинг сочини қириб олмоқ лозим. Ундан кеч қолинса, бактериялар тўпланиб, ўрнашиб олади. Ундан кейин соч олиш унчалик фойда бермайди. 2. Сочни олиш бош-мия тешикларини очиб, ундаги буғланиш-димланишларни чиқариб юбориши билан кўриш, эшитиш ва ҳид сезиш қобилиятининг яхшиланишига ёрдам беради. 3. Сочни олиш соч илдизларини бақувват қилади. Заиф сочдан қутулиб, ўрнига бақувват соч чиқишига сабаб бўлади. 4. Гўдакнинг сочини олиш унинг ташқи кўринишини ҳам покиза ва ёқимтой қилиб қўяди. Бошқалар қалбини унга нисбатан нафрат, ҳасад ва ёқтирмаслик каби нарсалардан тозалайди. 5. Мусулмон одам ўзига берилган буюк неъмат – янги чақалоқ хурсандчилигини бошқалар билан бирга баҳам кўради. Қўй сўйиб, камбағалларга тарқатиши билан ёки гўдакнинг сочи вазнича тилла ёки кумушни садақа қилиши ила бошқаларни ҳам хурсанд қилади. Ақиқа ҳам боланинг соғлигига фойда, ҳам камбағалларнинг шодлигига сабаб, ҳам бу ишларни холис ниятда қилган ота-онага ажр-мукофот олишга қулай имконият, у биргина фарзанд ёки ота-онасига эмас, балки жамиятнинг энг ёрдамга муҳтож вакилларига ҳам манфаат келтирувчи Исломий кўрсатмалардан бири экан. Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Баҳодир Баҳромжон ўғли Манба 624
Инсонлар ҳаётда доимо тўкин ва ҳеч бир жиҳатдан муҳтожлик сезмай яшашга интилади. Бунинг учун бойлик йиғишга, яхши маош олиб ишлашга, савдо билан шуғулланиб тезда кўп мол-дунё ортиришга ҳаракат қилади. Шу сабаб кўпчилик бой-бадавлат бўлгиси келади ва Аллоҳ насиб қилган бўлса ҳаракатлари бир сабаб бўлиб бойликка ҳам, муҳтожликсиз ҳаётга ҳам эришади. Аммо бойлик ва молнинг кўплигини, фақат ўзида бўлишни истаб дунё йиғиш инсонни ёлғизлик ва маънавий қашшоқликка олиб боради. Маънавий қашшоқлик ортидан эса Ислом динида қораланган қатор иллатлар келиб чиқади. Ана шундай ёмон иллатлардан бири – бахиллик бўлиб, унинг ёмон одат экани ҳақида Қуръони каримда қуйидагича келтирилади: “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир” (Оли Имрон сураси, 180-оят). Бахил ўзини бахиллик қилмаяпман, ўз молимни ҳимоя қилиб тежамкорлик қиляпман деб ўйлайди ва закотини бермай фақат йиғиб асрайди, аммо оятда айтилаётгандек у ўзи учун ёмонликнинг айни ўзидир. Бу дунёда барака топмагани бир жазо бўлиб умрини зое қиладиган бўлса, қиёматда ўша закоти берилмаган, бахиллик қилган моллари бўйнига ўралиб дўзахга бошлаб кетади. Ушбу оятни тафсир қилиб келган ҳадисда бахилнинг ҳолати яна ҳам очиқ айтиб ўтилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга мол берса-ю, закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки холли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб: “Мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман”, дейди”, дедилар. Кейин “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар”, оятини охиригача ўқидилар” (Бухорий ривоят қилган). Ҳадисда бахилнинг ҳолати аниқ баён этиб берилмоқдаки, бундан ортиқ шарҳга зарурат йўқ, унинг зарари эгасини хорликка судраб кетади. Бахилликнинг зарари шундаки у жамиятда камбағалларнинг кўпайиб муҳтожлик ва табақаланиш кенг ёйилишига сабаб бўлади. Ислом дини эса инсонлар орасида муҳтожлик ва молига қараб табақаланишдан сақлашга чақиради. Мол тўплаш бандасига қанчалик ёқмасин, агар Аллоҳ унинг тақдирига мол бериб бой бўлишни ёзмаган бўлса бойлик унга етмайди. Энди Аллоҳ унга Ўз фазлидан мол ва бойлик берса-ю, у банда Аллоҳнинг фазлини инкор этиб ўзим топганимни нега бераман деса, бу дунёдан-ку шу ҳолатда яшаб ўтар, аммо Аллоҳ уни қиёматда моли билан азобланувчилардан қилиб қўяди. Аммо закоти берилмаган моллар шу дунёдаёқ ўз эгасига кулфатлар олиб келаверади. Мол эгаси ё саломатлиги ёки фарзандлари, ёки уй-жойи, ёхуд касби-коридан балоланаверади. Шундай экан, бахиллик фақат ва фақат инсоннинг ўзига зарардир. Бахиллик нафақат молда, балки инсон, оддий ҳолатдаги буюмлари ва бошқа жиҳатларини қизғанишида ҳам кўринади. Инсонлар жамиятда қўшни бўлиб яшайди шу сабаб ҳам қўшнининг ҳаққи Ислом динида жуда катта ўринда туради. Қўшни у ҳамма тушунадиган уй-девор қўшни бўлса, бундан ташқари, мактаб, коллеж, институт ва ҳамкасблар ҳам бир-бирлари ҳаёт йўли давомида қўшни бўлиб яшашда давом этади. Шу жиҳатдаги қўшниларга ҳам бахиллик қилиш мусулмон кишига хорлик ва жамиятдан узилиш, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқиб дунё-охиратда баракасиз ва савобсиз Аллоҳнинг даргоҳидан ва фазли ила жаннатга киришдан маҳрум бўлади. Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”, дедилар (Термизий ривояти). Мўмин кишининг хулқи ва одоби ҳақидаги бу ҳадисда бутун ҳаёт йўлини изга солиб турувчи ҳикмат бор....