Мўмин банда учун иймони тақозо қиладиган муҳим ишлардан бири – Роббиси тайин қилган қазо ва қадарга рози бўлишдир. Мўмин киши ўзига етган нарсанинг етмасдан қолиши мумкин эмаслигига, ўзига етмаган нарсанинг эса етиши мумкин эмаслигига иймон келтирган бўлади. Шу эътиқодига кўра ўзига бирор хурсандчилик етса, шукр қилишга, бирор хафаликка дучор бўлса, сабр қилишга ўтади. Бундай эътиқоднинг фақат мўминларда бўладиган улкан саодат эканини севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа сўзлари билан тушунтириб қўйганлар: Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг ишидан ажабланаман. Албатта, ишининг барчаси хайрлидир, бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда бўлмайди. Агар унга бирор хурсандчилик етса, шукр қилади, бу унга хайрли бўлган бўлади. Агар унга бирор хафалик етса, сабр қилади, бу ҳам унга хайрли бўлган бўлади”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган. Ушбу тушунчанинг мўминлар учун қанчалар катта бахту саодат экани мўмин ва мўмин бўлмаган кишининг мусибатга учраган ҳолатида яққол намоён бўлади. Ҳа, бундай ажойиб бахтга эришиш учун киши фақат мўмин бўлиши ва иймони тақозосига кўра ҳаёт кечириши лозим. Шунинг учун ҳам баъзи уламолар ушбу ҳадисни таърифлаб: “Ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир ёки бутунлай Исломдир, дейилса ҳам, ҳеч бир муболаға қилинмаган бўлади”, – деганлар. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим Манба 503
Ақиқа ҳанафий мазҳабида мустаҳаб, мубоҳ амалдир. Арабча “ал-ақийқа” “اًلعقيققة” шаклидаги сўз бўлиб, унинг ўзаги “عقوق”, “уқуқун”, маъноси кесмоқ, қирқмоқдир. Шаръий-истилоҳий маъноси ҳам луғавийсига яқин, албатта. Ақиқа ўғил ёки қиз чақалоқ туғилганининг еттинчи кунида сочини олиб, унинг вазнича тилла ёки кумуш садақа қилиш ёхуд ўғил болага иккита, қиз болага битта қўй сўйишдир. Исломнинг бу ақл бовар қилмас кўрсатмасини бугуннинг тараққий топган тиббиёти ҳозирда ўрганиб, қуйидагича хулоса бермоқдалар! Чақалоқ сочини олишнинг тиббий фойдалари 1. Бола она қорнидалигида қуриб қолмаслиги учун ва онанинг бачадонидан чиқаётгандаги тўқнашувлардан ҳимоя қилиш учун унинг танасини ёғли модда қоплайди. Бу модда гўдакнинг бош терисига микроб ва вирусларни тўплаб, унинг соч илдизларига зарар етказиб, уни заифлаштира бошлайди. Шу ёпишқоқ моддадан халос бўлиш учун биринчи ҳафтасида унинг сочини қириб олмоқ лозим. Ундан кеч қолинса, бактериялар тўпланиб, ўрнашиб олади. Ундан кейин соч олиш унчалик фойда бермайди. 2. Сочни олиш бош-мия тешикларини очиб, ундаги буғланиш-димланишларни чиқариб юбориши билан кўриш, эшитиш ва ҳид сезиш қобилиятининг яхшиланишига ёрдам беради. 3. Сочни олиш соч илдизларини бақувват қилади. Заиф сочдан қутулиб, ўрнига бақувват соч чиқишига сабаб бўлади. 4. Гўдакнинг сочини олиш унинг ташқи кўринишини ҳам покиза ва ёқимтой қилиб қўяди. Бошқалар қалбини унга нисбатан нафрат, ҳасад ва ёқтирмаслик каби нарсалардан тозалайди. 5. Мусулмон одам ўзига берилган буюк неъмат – янги чақалоқ хурсандчилигини бошқалар билан бирга баҳам кўради. Қўй сўйиб, камбағалларга тарқатиши билан ёки гўдакнинг сочи вазнича тилла ёки кумушни садақа қилиши ила бошқаларни ҳам хурсанд қилади. Ақиқа ҳам боланинг соғлигига фойда, ҳам камбағалларнинг шодлигига сабаб, ҳам бу ишларни холис ниятда қилган ота-онага ажр-мукофот олишга қулай имконият, у биргина фарзанд ёки ота-онасига эмас, балки жамиятнинг энг ёрдамга муҳтож вакилларига ҳам манфаат келтирувчи Исломий кўрсатмалардан бири экан. Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Баҳодир Баҳромжон ўғли Манба 707
Инсонлар ҳаётда доимо тўкин ва ҳеч бир жиҳатдан муҳтожлик сезмай яшашга интилади. Бунинг учун бойлик йиғишга, яхши маош олиб ишлашга, савдо билан шуғулланиб тезда кўп мол-дунё ортиришга ҳаракат қилади. Шу сабаб кўпчилик бой-бадавлат бўлгиси келади ва Аллоҳ насиб қилган бўлса ҳаракатлари бир сабаб бўлиб бойликка ҳам, муҳтожликсиз ҳаётга ҳам эришади. Аммо бойлик ва молнинг кўплигини, фақат ўзида бўлишни истаб дунё йиғиш инсонни ёлғизлик ва маънавий қашшоқликка олиб боради. Маънавий қашшоқлик ортидан эса Ислом динида қораланган қатор иллатлар келиб чиқади. Ана шундай ёмон иллатлардан бири – бахиллик бўлиб, унинг ёмон одат экани ҳақида Қуръони каримда қуйидагича келтирилади: “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир” (Оли Имрон сураси, 180-оят). Бахил ўзини бахиллик қилмаяпман, ўз молимни ҳимоя қилиб тежамкорлик қиляпман деб ўйлайди ва закотини бермай фақат йиғиб асрайди, аммо оятда айтилаётгандек у ўзи учун ёмонликнинг айни ўзидир. Бу дунёда барака топмагани бир жазо бўлиб умрини зое қиладиган бўлса, қиёматда ўша закоти берилмаган, бахиллик қилган моллари бўйнига ўралиб дўзахга бошлаб кетади. Ушбу оятни тафсир қилиб келган ҳадисда бахилнинг ҳолати яна ҳам очиқ айтиб ўтилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга мол берса-ю, закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки холли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб: “Мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман”, дейди”, дедилар. Кейин “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар”, оятини охиригача ўқидилар” (Бухорий ривоят қилган). Ҳадисда бахилнинг ҳолати аниқ баён этиб берилмоқдаки, бундан ортиқ шарҳга зарурат йўқ, унинг зарари эгасини хорликка судраб кетади. Бахилликнинг зарари шундаки у жамиятда камбағалларнинг кўпайиб муҳтожлик ва табақаланиш кенг ёйилишига сабаб бўлади. Ислом дини эса инсонлар орасида муҳтожлик ва молига қараб табақаланишдан сақлашга чақиради. Мол тўплаш бандасига қанчалик ёқмасин, агар Аллоҳ унинг тақдирига мол бериб бой бўлишни ёзмаган бўлса бойлик унга етмайди. Энди Аллоҳ унга Ўз фазлидан мол ва бойлик берса-ю, у банда Аллоҳнинг фазлини инкор этиб ўзим топганимни нега бераман деса, бу дунёдан-ку шу ҳолатда яшаб ўтар, аммо Аллоҳ уни қиёматда моли билан азобланувчилардан қилиб қўяди. Аммо закоти берилмаган моллар шу дунёдаёқ ўз эгасига кулфатлар олиб келаверади. Мол эгаси ё саломатлиги ёки фарзандлари, ёки уй-жойи, ёхуд касби-коридан балоланаверади. Шундай экан, бахиллик фақат ва фақат инсоннинг ўзига зарардир. Бахиллик нафақат молда, балки инсон, оддий ҳолатдаги буюмлари ва бошқа жиҳатларини қизғанишида ҳам кўринади. Инсонлар жамиятда қўшни бўлиб яшайди шу сабаб ҳам қўшнининг ҳаққи Ислом динида жуда катта ўринда туради. Қўшни у ҳамма тушунадиган уй-девор қўшни бўлса, бундан ташқари, мактаб, коллеж, институт ва ҳамкасблар ҳам бир-бирлари ҳаёт йўли давомида қўшни бўлиб яшашда давом этади. Шу жиҳатдаги қўшниларга ҳам бахиллик қилиш мусулмон кишига хорлик ва жамиятдан узилиш, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқиб дунё-охиратда баракасиз ва савобсиз Аллоҳнинг даргоҳидан ва фазли ила жаннатга киришдан маҳрум бўлади. Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”, дедилар (Термизий ривояти). Мўмин кишининг хулқи ва одоби ҳақидаги бу ҳадисда бутун ҳаёт йўлини изга солиб турувчи ҳикмат бор....
Ҳадя (совға) улашишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилганлар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ушбу тарғиб қилинган амални адо этишга имкон қадар ҳаракат қилиши фазилатли иш ҳисобланади. Мазкур фазилатли ишга тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар: Биринчи одоб – эзгу ният қилиш. Ҳадя берувчи аввало Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида бир мусулмоннинг кўнглини шод қилишни ният қилиши лозим. Зеро, амаллар ниятларга кўра бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя улашишнинг қандай самаралари борлигини шундай баён қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, – дедилар”. Имом Байҳақий ривоят қилган. Яъни ҳадя жамият вакилларининг ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга сабаб бўлади. Иккинчи одоб – ҳадяни қавму қариндош ва қўни-қўшнилардан бошлаш. Ҳадяни қавму қариндошлардан бошлаш афзал ҳисобланади. Чунки бу иш силаи раҳм бўлиб, ўртадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ҳадя улашишда қўни-қўшнилардан ва улар орасидан ҳам аввало ён қўшнилардан бошлаш афзал саналади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”, – деганлар. Яъни қўшнисига яхши муомала қилган, яхши ишларида кўмакчи бўлган киши комил иймон эгаси бўлади. Кишининг яхши-ёмон кунларида доимо ёнида яшайдиган инсон унинг қўшниси бўлади. Шу маънода дастлаб қўшнисига ҳадя бериш яхшиликни ўзига яқин кишилардан бошлаш ҳисобланади. Учинчи одоб – ҳадяни арзимас санашдан сақланиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ўзаро ҳадя улашишга тарғиб қилиб шундай деганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, чунки ҳадя кўнгилдаги норозилик туйғусини кетказади. Бирор аёл ҳам қўшни аёлга қўй туёғининг ярмини бўлса ҳам (ҳадя қилишни) ҳаргиз арзимас санамасин”, – дедилар”. Имом Темизий ривоят қилган. Яъни ўзаро ҳадя улашиш жамият вакиллари орасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг боғланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳадя берувчи ҳам, уни олувчи ҳам ҳадяни асло арзимас санамаслиги лозим бўлади. Чунки ҳадя берувчи агар уни арзимас санаса, одатда ҳадя берилмай қолиб, ундан кўзланган мақсад ҳосил бўлмай қолади. Ҳадяни қабул қилувчи ҳам берилган ҳадя ҳар қанча оддий бўлмасин, асло арзимас санамаслиги керак. Шунингдек, ҳадяни ёки берувчисини камситадиган гапларни ҳазиллашиб гапиришдан ҳам қатъий равишда тийилиши лозим бўлади. Чунки бундай қилиш ораларини бузиш учун шайтонга имконият эшигини очиш бўлади. Шунинг учун ундан тийилиш вожиб бўлади. Тўртинчи одоб – ҳадяни қайтармаслик. Ҳадяни қабул қилиш дўстлик рамзи ва ҳадя берувчини ҳурмат қилиш белгиси бўлади. Ҳадяни қабул қилмай қайтариш эса берилган ҳадяни ёқтирмаслик ёки ҳадя берувчини камситиш каби маъноларни ифодалайди. Бу эса ўртада совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда ҳадяни қайтармасликка алоҳида буйруқ келган: Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳадяни қайтарманглар ва чақирувчини(нг) (чақирувини) қабул қилинглар ва мусулмонларни урманглар”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган. Аммо ҳадяни қабул қилмаслик жоиз бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан, агар берилган ҳадяни пора ўрнида берилганини билса, ёки берилган ҳадядан кўпроғини ундан “ундириш” ёки бошқа бирор ғаразли ниятини амалга ошириш илинжида бераётганини сезса, ҳадяни қабул қилмаслик мумкин бўлади. Бешинчи одоб – ҳадя берувчини тақдирлаш Ҳадя олган киши ҳадя берувчига ташаккур айтиб, уни мукофотлаши ҳам суннат ҳисобланади. Қуйидаги ҳадис бунга далилдир: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадяни қабул қилар эдилар ва унга кўра тақдирлар эдилар”. Имом Термизий ривоят қилган. ...