Рамазон ойи мусулмонлар учун ибодат, тавба, раҳмат ва мағфират мавсумидир. Бу ойнинг энг улуғ неъматларидан бири – Қадр кечаси бўлиб, Аллоҳ таоло бу муборак тунни бутун инсоният тарихидаги энг шарафли вақт қилиб белгилади. Унинг фазилати ҳақида Қуръони Каримда алоҳида сура нозил қилинган бўлиб, унда: «Албатта, Биз уни (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр сураси, 1-оят), деб марҳамат қилинади. Ушбу оят Қадр кечасининг нақадар улуғ ва муборак эканини англатади, зеро инсониятга тўғри йўлни кўрсатувчи Каломуллоҳ айнан шу кечада дунё осмонига туширилган. Шу сабабли бу тун мўмин-мусулмонлар учун раҳмат эшиклари ланг очиладиган, гуноҳлар кечирилиб, нажот топиладиган фурсатдир.
Рамазон – нафақат сабр ва ибодат, балки яқинларимизга бўлган меҳримизни кўрсатадиган энг хайрли ва баракали ойдир. Бу муборак даврда ҳар бир мўмин дуо ва зикр билан руҳини поклашга интилади. Аммо Рамазоннинг файзи фақат масжидлардаги таровеҳларда эмас, балки ҳар бир хонадоннинг кўрки бўлган саҳарлик ва ифторлик дастурхонларида ҳам яққол сезилади. Кўпчилигимиз учун Рамазон – ширин таомлар атрофидаги оилавий суҳбатлар демакдир. Лекин ана шу файзли давралар ортида кўзга ташланмас беминнат меҳнат борлигини гоҳида унутиб қўямиз.
Рамазон ойи энг кутилган ой бўлиб, ҳар бир мусулмон учун катта аҳамиятга эгадир. Рамазонда тонг отгандан то қуёш ботгунга қадар овқат ва ичимликдан бош тортилади. Аллоҳ таолонинг чексиз марҳамати билан мўмин учун буюрилган ҳар бир амал ҳам руҳий, ҳам жисмоний қадр-қимматга эга ҳисобланади. Ҳатто рўза тутишдаги талаб ва одатларнинг ҳам руҳият ва тана учун фойдали жиҳатлари бисёрдир. Рўзанинг ҳикматлари, инсоннинг дунёю охирати учун манфаатлари кўп. Ҳатто бошқа дин вакиллари ҳам унинг инсонга фойдалари ҳақида ўрганиб, эътироф этмоқдалар ва ўз ҳаётларида татбиқ қилмоқдалар. Ҳозирги даврда ҳам рўза тутиш айнан соғлиқ учун ниҳоятда фойдали эканлиги ҳақида кўпчилик бир овоздан таъкидламоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолишнинг инсон организми учун жуда фойдали эканини кўп тарғиб қилмоқдалар.- Фахриддин ЕРНАЗАРОВ, “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси
Ислом жамиятда аёлга инсоният тараққиётида ижобий ва фаол қатнашиши учун ўрин берган. Бунинг учун аввало унинг ўзига таълим олиш, маданий савиясини ошириш ва илмий ишлар билан машғул бўлиш ҳаққини берди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”, деб илм олишнинг фарзлиги борасида аёлларни эркаклар билан бир ўринда зикр қилдилар. Бундай чақириқнинг жавоби ўлароқ Ислом жамиятида кўплаб олима аёлларни тақдим этди. Улар ҳам ўз ўрнида Абу Ҳанифа, Имом Бухорий, Замахшарий, Марғилоний, Навоий, ибн Сино, Амир Темур, Бобур каби олиму саркардаларни тарбия қилдилар. Зеро, “Ҳар бир буюк шахс ортида аёл туради”, деган сўз айни ҳақиқатдир. Бу тўғрида мутафаккир шайх Саъдий Шерозий шундай дейди: “Илм – аёл учун зийнат. Ақлини нодонликдан халос этган ҳар бир аёл номус, иззат, аёллик қадрини тушуниб етади. Бундай аёл ҳеч бир ишда адашмайди. Илмсиз аёл эса бола тарбиялашда турли хатоларга йўл қўяди”... - “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Фарҳод ЖЎРАЕВ
Инсон ҳаётида ота-онадан улуғ, уларнинг дуосидан қимматлироқ неъмат йўқ. Биз улар сабаб дунёга келдик, меҳри билан вояга етдик ва дуолари билан ҳаёт йўлларида қадам ташламоқдамиз. Шу боис Ислом динида ота-онага яхшилик қилиш, уларни эъзозлаш ва рози қилиш энг улуғ ибодатлар қаторига қўйилган. - ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон тумани “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ