Президентимиз 2019 йилнинг 15 июнида Душанбе шаҳрида ўтказилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитидаги сўзлаган нутқида динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази самарали платформа бўлишини алоҳида таъкидлаган эди. Ана шу ташаббуснинг навбатдаги амалий тасдиғи сифатида жорий йилнинг 2-3 ноябрь кунлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида АҚШ Тинчлик институти билан ҳамкорликда халқаро анжуман ўтказилди. Унда Ўзбекистон, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Туркманистон ва Афғонистондан элликка яқин халқаро эксперт ҳамда илмий доиралар вакиллари иштирок этди. Тадбир доирасида меҳмонлар Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу йўналишда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мухбиримиз халқаро семинар иштирокчиларининг фикр-мулоҳазаларини ёзиб олди. Қуйида улар билан танишишингиз мумкин: Нэнси ЛИНДБОРГ, АҚШ Тинчлик институти президенти: — “С5+1” доирасида бўлиб ўтаётган семинар АҚШ Тинчлик институти ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинганидан бағоят мамнунмиз. Анжуманда Марказий Осиё давлатларининг илмий доира вакиллари, адашиб нотўғри йўлга кириб қолганларни соғлом ҳаётга қайтариш соҳасининг етук экспертлари қатнашмоқда. Семинардан кўзланган асосий мақсад террористик ва экстремистик ташкилотларга алдов йўли билан кириб қолганларни тўғри йўлга бошлаш, нотинч ўлкаларга кетганларни юртига қайтариб, реабилитация қилишга кўмаклашиш масалаларини муҳокама қилиш, фикр ва тажриба алмашишдан иборат. Бу ишларни амалга оширишда “С5+1” мамлакатлари билан ҳамкорликни тобора кенгайтирмоқдамиз. Ишончим комилки, самара ўзини узоқ куттирмайди. Биз Ўзбекистонга ташриф асносида ҳукумат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари мутасаддилари билан кўплаб учрашувлар ўтказиб, шу масалаларни муҳокама қилдик. Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббуси билан бир гуруҳ аёл ва болалар юртга қайтарилгани жасоратли иш бўлди. Бу эзгу тадбир бошқа давлатлар учун ўрнак бўлиб, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ўхшаш ҳаракатлар бошланишига туртки берди. Марказ тўғрисидаги таассуротларим бир олам. У миллий ва замонавий меъморлик анъаналари асосида барпо этилган, барча қулайликларга эга, техник жиҳозланиши ривожланган давлатлар вакилларида ҳам ҳавас уйғотади. Айниқса, бу ердаги илмий муҳит алоҳида ажралиб туради. Тадқиқотчилар билан учрашиб билдимки, бу ерда ўз соҳасининг етук мутахассислари ишлайди. Кенешбек САЙНАЗАРОВ, Қирғизистон Республикасидаги “Муштарак манфаатларни аниқлаш” Марказий Осиё дастурлари директори: — Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўта ноёб муассасалардан бўлиб, бутун Марказий Осиё халқларининг умумий илмий ва маданий мулки саналади. Биз марказ билан май ойидан буён яқиндан ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Мана, бу ердаги дўстларимиз билан ушбу семинарни ўтказмоқдамиз. Анжуманда Марказий Осиёдаги барча мамлакатлардан вакиллар қатнашаётгани жуда қувонарлидир. Ишончим комилки, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бутун минтақа мамлакатлари диний-маърифий муассасалари, барча маърифатпарвар илм намояндалари учун Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан бошқа буюк алломаларнинг йўлини давом эттиришга хизмат қиладиган мулоқот майдонига, шериклик марказига айланади. Марказ раҳбарияти билан суҳбатда Марказий Осиёнинг ҳар бир давлатидан 3-4 нафардан ёш тадқиқотчиларни бу ерда тадқиқот олиб боришини ташкил қилиш масаласини ҳам муҳокама қилдик — токи, таълим ва изланишлар ниҳоясига етгач, улар юртига қайтиб, олган билимларини ўз тилида ёйсин. Имом Бухорий яшаган даврдан ҳозирги кунгача битилган қўлёзмаларнинг қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик тилларига таржима қилиниши буюк алломаларнинг бой меросини тарғиб қилиш йўлида муҳим дастуриламал, айни пайтда радикализм ва экстремизм каби иллатларга қарши маърифат билан курашишнинг кучли механизми бўлади....
(3-қисм) Тадқиқотларга кўра, Нуҳ қавми тош асридан бронзага ўтиш даврида Дажла ва Фурот дарёларининг ўртасида жойлашган Месопотамияда яшаган. Бу одамлар қишлоқ хўжалигига асосланган жамиятнинг бой ва фаровон вакиллари эдилар. Нуҳнинг неча йил умр кўрганлиги тўғрисидаги эҳтимолларни юзага чиқаришда Қуръони каримнинг “эллик йил кам минг йил” (Анкабут,14) деган изоҳи ёрдам беради. Бу археологлар томонидан Нуҳ қавми яшаган даврни милоддан аввалги 3500-4500 йиллар оралиғида деган таҳминларига мос келади. Нуҳ алайҳиссалом ёшлигиданоқ яхши инсон бўлиб тарбия топди ва Аллоҳнинг ибодатида бўлди. У қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланиб, чорвачилик ва ҳунармандчилик касби билан тирикчилик қилар эди. Эллик ёшида, Аллоҳ уни ўша замонда яшаган барча халқлар ва қабилалар учун пайғамбар қилди. Унга Аллоҳ таоло томонидан илоҳий китоб туширилмаган. Нуҳ қавми ўз ерларида хурмо дарахтлари, дон ва сабзавотларнинг барча турларини экиб ҳосил олганлар. Нуҳ аҳолиси дарё орқали савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйган бўлиб, ўз ҳудудларига ёндош диёрлардан темир ва тош олиб келишар, шаҳар атрофларида гўзал иморатлар қуриб, у ерда дон сақлаш учун омборлар қурганлар. Вад, Суваг, Ягус, Ягук, Наср деб номланган бутларга сиғинишиб уларга атаб қурбонликлар қилишарди. Ушбу бутларнинг баъзилари эркак ёки аёл, баъзилари ҳайвонлар шаклида ясалган. Бойлар камбағалларни талон-тарож қилиб, гуноҳ ишларни тинмай қилишарди. Нуҳ қавми ўз авлодлари Од ва Самуд қавмларидан ҳам баттарроқ бузғунчи қавм бўлган. Шаҳарларда матолар ишлаб чиқариш ва ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари ривожланган эди. Фаровонлик шу даражага етган эдики, савдогарлар маҳсулотларни бойларга етказиб беришга улгура олмас эдилар. Одамлар ҳашамат ва кайфу сафонинг чегарасини билмас, пулларни ўйин-кулги ва ортиқча нарсаларга сарфлашарди, лекин иш камбағал ва муҳтожларга ёрдам беришга келганда, уларга ўз моларидан заррача бермай, ҳақоратлаб қувиб соларди: «Унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлар: «Биз сени ҳам фақат ўзимизга ўхшаган одам эканингни кўряпмиз, сенга ичимиздан эси паст пасткашларимизгина эргашаётганини кўряпмиз, сизларнинг биздан устун фазлингизни кўрмаяпмиз, балки сизларни ёлғончи деб ўйлаяпмиз», дедилар» (Ҳуд, 27). Қуръон тафсирчилари бу воқеаларни баён қилишда Нуҳ алайҳиссаломнинг хотини ва болаларининг исмларини китобларига киритдилар. Тўфонда қолиб ҳалок бўлган ўғлини Канъон ва бошқаларларнинг исмлари ҳам келтирилди. Нуҳ алайҳиссалом ясаган кемага ундан ташқари 80 киши чиққан бўлиб, унинг ўғиллари Сом, Хом ва Ёфаслар ҳам бор эди. Нуҳнинг мана шу 3 ўғилларидан янги авлодлар келиб чиқди: Сомдан араблар, форслар ва европаликлар; Ҳомдан ҳиндлар ва африкаликлар, Ёфасдан турклар ва бошқа осиёликлар тарқалди. Интернет маълумотлари асосида Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев тайёрлади 2 566
Маълумки, Республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби таълим соҳасида ҳам туб ўзгаришлар жараёни кечмоқда. Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонуни, «Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастур» ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг олий ўқув юртларида талабаларни ўқув ишлаб чиқариш амалиёти» ҳақидаги Низоми таълим тизими жумладан, олий таълим муассасалари олдига етук педагогик кадрлар тайёрлаш вазифасини қўймоқда. Талабаларда маънавий ва маърифий, ўқув-тарбия ишларини амалга ошириш, ўқитиш ва тарбия услубларини ўзлаштиришнинг касбий малака ва кўникмаларини шакллантириш, педагогик фаолиятга ижодий, тадкиқотчилик нуқтаи назаридан ёндашиш, ўз меҳнати натижаларини таҳлил қилиш малакасини, мавжуд педагогик тажрибаларни ўрганиш, ўз билимини такомиллаштириш эҳтиёжларини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2014 йил 12 февралдаги 01А/012-сонли буйруғига асосан Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти 4-курс талабаларининг ЎМИ тасарруфидаги диний таълим муассасаларида педагогик амалиёт ўташлари белгилаб қўйилган. Мазкур буйруқ ижроси бўйича ТИИда олий таълим муассасаларининг 2019-2020 ўқув йили учун ўқув жараёни жадвалига мувофиқ педагогик амалиёт муддати 2019 йил 4 ноябрдан 27 декабргача (8 ҳафта) этиб тасдиқланди. Жорий йилнинг 1 ноябрь куни ТИИ да 4-курс талабалари иштирокида амалиёт ўташ жараёнида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар борасида таклиф ва тавсиялар бериш мақсадида мажлис бўлиб ўтди. Мажлисда ТИИ маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев, ўқув-услубий бўлим бошлиғи Ш.Шаджалилов, ҳадис ва ислом тарихи кафедраси мудири А.Тошпўлатов, маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Олимов, куратор О.Ҳошимов иштирок этди. Мажлис давомида: талаба-амалиётчи амалиёт дастуридаги барча турдаги ишларни ўз вақтида бажариши, ўқув тарбиявий, маънавий-маърифий ва талабаларнинг ақлий, ахлоқий, меҳнат, эстетик ишларини муштарак тарзда олиб бориши; амалиёт даврида ўзини маънавий ахлоқий сифатларга эга ёш мутахассис, ишга, талабаларга, касбга муҳаббат билан қарайдиган инсон сифатида кўрсатиши; ўқув тарбия муассасаси жамоаси ишларида фаол иштирок этиши; ҳар бир талаба «Кундалик ҳисобот» дафтари тутиб, унда кузатишларини, ўқувчилар билан олиб борилган ўқув тарбиявий, маънавий-маърифий ишлар тахлилини қайд этиб бориши лозимлиги; амалиёт даврида вужудга келадиган барча масалалар бўйича амалиёт раҳбарига, ўқув-тарбия муассасаси маъмурияти ва ўқитувчиларига мурожаат қилишлари; ўқув тарбия жараёнини такомиллаштириш, амалиётни ташкил этишга оид таклифлар киритишлари; анжуман ва мажлисларда қатнашишлари; муассасадаги кутубхона, кабинетлардаги ўқув методик адабиётлардан фойдаланишлари мумкинлиги айтиб ўтилди. Мажлис сўнгида Аллоҳ таолодан талабаларнинг ҳақларига амалиётни муваффақиятли ўтаб қайтишларини сўраб дуойи хайрлар қилинди. 4-курс талабаси Нодиров Ҳумоюн 600
Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида асосий ўринни эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб етуклик сари юксалиб боради. Китоб мутолаа қилмаган инсоннинг онги ривожланмай маънавий қашшоқликка олиб боради. Шундай экан инсон ҳаётида маънавиятини юксалтириб бориши лозим. Бунинг учун эса илм ўрганиб, китоб ўқиб, билмли бўлиши даркор. Юқоридаги фикрларга мувофиқ, талабаларнинг диний-маърифий ва маънавий савияларини янада юксалтириш мақсадида 2019 йил 4 ноябр куни Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Бизнинг янги китоблар” номли китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада араб ўзбек турк ингилиз тилларидаги 100 номдаги жами 320 дона бадиий адабиёт ва турли диний-маърифий мавзуларга оид китоблар институт жамоасига ҳавола этилди. Китоб – энг яқин дўст, мутолаа – завқ. Шунинг учун бўлса керак, кўргазма илмга интилувчан китобхонлар билан гавжум бўлди. Бу эса улар қалбида мутолаага бўлган қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилади. Бинобарин, китоб мутолаасига қаратилаётган эътибор миллий ўзлигимиз ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этиши билан алоҳида қадрлидир. Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси Ҳ.ИЛЁСОВ 522
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси ахолисига ахборот-кутубхона хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида” ги ПҚ-4354-сонли қарорининг ижроси юзасидан “INFOLIB-2019” – VIII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доираси ўтказилаётган Ислом цивилизация маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур билан “Таржима ва тафсир ифтихори” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда ТИИ матбуот котиби А.Абдуазимов, Маънавият-маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Олимов, “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчилари И.Убайдуллаев, С.Қурбонов ҳамда 1-курс талабалари иштирок этди. Тадбир аввалида Ислом цивилизация маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари сўзга чиқиб, илмий фаолияти ҳақида батафсил маълумот бериб, тингловчилар томонидан мавзуга оид берилган саволларга атрофлича жавоб берди. Шунингдек, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази директори У.Уватов тадбир иштирокчиларига юртимиздан етишиб чиққан таржимонлар ҳақида маълумот бериб, шайх ҳазратлари уларнинг гултожи эканлигини таъкидлаб ўтди. Талабалар тафсир ва таржима илми борасида етарлича маълумотга эга бўлди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Олимов 384