Қозоғистонда қозоқ тилида фаолият кўрсатувчи «IOA» ислом онлайн-академияси иш бошлади. Академияда «Нур Муборак» ислом университети устозлари дарс ўтади. 120 видеодарсдан кейин курсни тугатганлик ҳақида сертификат берилади. Энг яхши талабага эса умра сафарига бориш имконияти тақдим этилади. Онлайн-академияда ўқиш бир йил давом этиб, олти ойлик икки модулдан иборат бўлади. Биринчи модуль тугагач, талаба имтиҳон топширади ва истагига кўра иккинчи модулни давом эттиради. Биринчи модулда ҳадис, ақида, фиқҳ, усул фиқҳ, ислом психологияси дарслари, иккинчи модулда имом Мотуридий ақидаси, террология ва конфликтология, ҳадис, ислом иқтисодиёти дарслари ўтилади. Ўқиш – пуллик. Манба: Muslim.uz 396
Ўзбекистонда “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони Карими” монография-албомини яратиш бўйича илмий дастур устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳада Халқаро ислом тадқиқотлари маркази раҳбари Ефим Резван ва “Қуръон ва Исломдан олдинги шеърият” йўналиши раҳбари Анна Кудрявцева иштирок этмоқдалар. «Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё коллекцияларида» лойиҳаси амалга оширилиши натижасида уч йил давомида дунёнинг етакчи шарқшунослари, археологлари, коллекционерлари ва этнографлари билан биргаликда 20 жилдлик китоб албомлари нашр этилди ва Ўзбекистон маданий мероси хазиналари тўғрисидаги 20 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар яратилди. Ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони Карими” нашрининг концепцияси бутун дунё бўйлаб Қуръон қўлёзмаларининг Ўзбекистон ҳудудига оид тўпламларини қидириш, 114 та шундай қўлёзмани танлаб олиш, синчковлик билан ўрганиш ва тавсифлашни ўз ичига олади. Режага кўра, ҳар бир сура альбомда ушбу рўйхатлардан бирининг саҳифалари билан кўрсатилади. Ўзбекистонда Ефим Резваннинг тадқиқоти асосида “Катталангар Қуръонининг ҳақиқатлари ва афсоналари” туркум ҳужжатли фильм намойиш этилди, унинг натижасида “Усмон Қуръони” монографияси нашр этилди. Ушбу асар “Humanitas” номинациясида “Йил китоби” миллий мукофоти лауреати бўлди; МДҲга аъзо давлатларнинг “Китоб санъати” иккинчи халқаро танлови “Маданиятлар мулоқоти” номинациясида лауреат; ЮНЕСКОнинг “Маданиятлараро мулоқотга салмоқли ҳисса қўшадиган энг яхши нашр” номинацияси дипломини олди. islamisemya.com сайтининг хабар беришича, «Ўзбекистон — буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият» ҳафталиги доирасида тақдимоти бўлиб ўтган бир қатор фильмларнинг намойиши ҳам ўзбек ва рус оммавий ахборот воситаларининг “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони Карими” лойиҳасига қизиқишини кучайтирди. Лойиҳа устида иш давом этмоқда. Бир неча асрлар давомида бугунги Ўзбекистон замини ислом дунёсининг муҳим маънавий ва интеллектуал марказларидан бири бўлиб келган. Мамлакатнинг энг қизиқарли тарихи нафақат тарихий хроникаларда ва улуғвор меъморий обидаларда, балки бу ерда яратилган, сақланадиган ёки ўрганилган Қуръон қўлёзмаларида ҳам акс эттирилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати Манба: Muslim.uz 430
Ҳозирги даврда республикамизда диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, жамиятдаги ижтимоий иллатларга барҳам бериш вазифалари диний соҳада малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу муносабат билан Тошкент ислом институтида 2019–2020 ўқув йилидан Модуль таълим тизими жорий этилди. Ушбу таълим тизими орқали имом-хатиблар асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда ўқишга қабул қилинмоқда. 2019–2020 ўқув йилида Модуль таълим тизимига 120 нафар ўрта махсус маълумотли имом-хатиб саралаб олинди. Шулардан 60 нафари 1-даврани тамомладилар. Жорий йилнинг 22 октябрь куни ТИИ Модуль таълим тизимида 2-давра ўқишлари бошланиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда ЎМИ раиси ўринбосари И.Иномов, муфтий маслахатчиси А.Матқулов, ЎМИ таълим ва кадрлар таёрлаш бўлими бошлиғи С.Шерхонов, Вақф ҳайрия жамоат фонди раҳбари И.Халилов, ТИИ ректори У.Ғафуров, Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев, маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлим бошлиғи в.б. А.Олимов иштирок этди. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди ва муфтий маслахатчиси А.Матқулов томонидан 2-давра ўқишлари муваффақиятли ўтишини сўраб дуолар қилинди. Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров сўзга чиқиб, диний таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Тошкент ислом институтида жорий этилган Модуль таълим шакли тўғрисида маълумот бериб 2-давра талабаларини муборакбод этиш учун сўзни ЎМИ раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномовга берди. Иброҳим домла барчани янги ўқув давраси билан қутлаб, ЎМИ раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг табригини етказди. Ушбу имкониятдан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси А.Матқулов, Вақф ҳайрия жамоат фонди раҳбари И.Халилов сўзга чиқиб, ҳозирги глобаллашув асрида барча бирдай огоҳ бўлиши, хусусан, имом-хатиблар ўз устида тинмай ишлаши лозимлиги, доимий равишда билим ва кўникмани ошириб бориш, турли бузғунчи ғоялар билан ёшлар онгини эгаллашга уринаётган тоифаларга қарши раддиялар бериб бориш бугунги куннинг талаби эканини таъкидлаб ўтди. Тадбир сўнгида Вақф ҳайрия жамоат фонди томонидан ҳар бир талабага мусҳаф совға қилинди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи в.б. А.Олимов 397
#РАДДИЯ • Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни муржиийликда айблайдиганларга раддия Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиъа ва Қадария», дедилар» (Термизий ривоят қилган). Тарихда, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қадрларини пастга уриш ва обрўларини кетказиш мақсадида баъзи ғаразгўйлар томонидан у зотнинг шаънларига тўғри келмайдиган ҳар хил бўҳтонлар тўқилган ва у кишини муржиъа тоифасидан деб айблашга уринганлар. Бундай тоифалар ҳозир ҳам учраб туради. Буларнинг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тўғрисида билдирган салбий фикрлари, Аҳли суннанинг ушбу буюк олимининг қадрларига ва обрўларига путур етказа олмайди. Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний «ал-Милал ва-н-ниҳал» асарида муржиийларни адашган фирқалар қаторида санаб ўтган. «Муржиия» калимаси араб тилидаги «иржо» сўзидан келиб чиққан бўлиб, икки хил маънони англатади: 1) Кечиктириш, орқага суриш, бирор нарсани вақтинча орқага ташламоқ (қўйиб турмоқ). Бунга Қуръоннинг «Аъроф» сураси, 11-оятининг маъносини мисол келтириш мумкин: «Айтдилар: «Уни ва акаси (Ҳорун)ни ҳозирча қўятур…» (Аъроф» сураси, 11-оят). 2) Бирор нарсага умид қилиш. Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний ушбу асарларида таъкидлашларича, муржиия таълимотининг ақидасига «иржо» сўзининг биринчи маъноси мос келади. Чунки, муржиийлар мўмин банда бажариши лозим бўлган барча амалларни (фарз, суннат ва ҳ.к.) орқага сурганлар. «Иржо» сўзининг иккинчи маъносини ҳам уларнинг ақидасига қўллаш тўғри келади. Чунки, муржиийларнинг ақидасига кўра, худди кофирга тоат фойда бермаганидек, ҳар қандай гуноҳ-маъсият иймонга зарар етказмайди. Саййид Афифий «Ҳаят ал-имам Аби Ҳанифа» асарида келтиришича, «Шарҳ ал-мавоқиф» асари муаллифи айтишига қараганда, муржиий тоифасига мансуб Ғассон номли киши Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни муржиий тоифасидан деган. У мусулмонлар тан олган имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг эътиқоди билан бир хил эканлигини даъво қилиб, ўзининг мазҳабини ривожлантириш мақсадида ушбу гапни айтган (Афифий. Ҳаят ал-Имам Аби Ҳанифа. 190-бет). Ибн Абдулбарр раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишларича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳасадгўйлари кўп бўлган. Улар у зот ҳақида ҳар хил бўҳтонлар тўқиганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан муржиийлик айби қўйилиши ҳам шулар жумласидандир (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми. 195-бет, «Sharq» нашриёти, 2011й.). Аллома Абул-Маҳосин Қувнавийнинг таъкидлашича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи хаворижларнинг ақидасига зид ўлароқ, кабира гуноҳ қилган одамни Аллоҳнинг иродасига ҳавола қилганлар. Агар хоҳласа, афв этади, деганлар. Бу эса, ўз навбатида у кишига нисбатан муржиий, деб таъна тоши отилишига сабаб бўлган (Алий Қорий. Шарҳ ал-фиқҳ ал-акбар. 18, 185-бетлар. Дамашқ, Дор ан-нафоис, 2009й.). Аслида эса, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳласа гуноҳи кабираларни кечиши мумкинлиги – Аҳли сунна ақидаси эканлиги ҳаммага маълум. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Аҳли сунна ва муржиийлар эътиқоди орасида катта фарқ мавжуддир. Муржиийлар ақидасига кўра, Аллоҳни танишнинг ўзи кифоя қилади. Тоатлар ва ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳ-маъсиятлар иймонга фойда ҳам, зарар ҳам етказмайди. Аҳли сунна ақидасига кўра эса, иймон келтиришда Аллоҳни танишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки қалбда ихтиёрий тасдиқ ва тилда иқрор бўлиши лозим. Шу билан бирга мўмин одамга тоатлар фойда беради ва гуноҳ-маъсиятлар унга зарар бўлиб, дўзах томон етаклайди (Бобиртий. Шарҳ ал-Васият. 110-бет). Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «ал-Фиқҳ ал-акбар» асарларида, муржиийларга хеч қандай алоқалари йўқ эканлигини ўзлари очиқ ойдин кўрсатиб: «Биз муржиийларга ўхшаб, тоатларимиз қабул қилинган ва гуноҳларимиз афв қилинган, демаймиз», деганлар. Аллома Омадийнинг айтишига қараганда, муътазила тоифаси дастлабки даврларда тақдир масаласида ўзларига хилоф чиққанларни муржиий, деб атаганлар ёки...
Тил ўзида миллат қиёфаси, урф-одатлари, асрлар давомида шаклланган қадриятларини акс эттиради. Она тили халқнинг ҳаётини намоён этиб, келгуси авлодлар учун бебаҳо маънавий бойликдир. Шу боис ҳам мустақил Ўзбекистонда давлат тилига муҳим эътибор қаратиб келинмоқда. Жорий йилнинг 21 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2019 йил 4 октябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ва унда белгиланган вазифалар ижроси доирасида “Ўзбек тилининг жамият тараққиётида тутган ўрни” мавзусида 1-4 курс талабалари иштирокида маънавият соати бўлиб ўтди.Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Ўзбекистон” телерадиокомпаниясининг олий тоифали суҳандони Ш.Қаюмов, институтнинг матбуот котиби Аброр Абдуазимов, Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи в.б. А.Олимов сўзга чиқиб, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишида айнан она тилимизнинг ҳиссаси тенгсиз экани, ўз она тилининг софлиги ва тараққиёти учун барча бирдай курашмоғи зарурлиги, Мир Алишер Навоий, Мирзо Бобур каби буюк аждодларимизнинг ижодини ўрганиш жуда катта билимни талаб қилиши, бунинг учун биз, энг аввало, диний-дунёвий илмларни пухта ва чуқур эгаллаш билан биргаликда араб, форс, турк қолаверса, бошқа хорижий тилларни ҳам билишимиз кераклиги, сўзлашув маданияти ва имло қоидаларига риоя қилиш, саводли бўлиш учун кўп китоб мутолаа қилиш, ўқиш ва ёзиш санъатини имкон қадар ўрганиш лозимлигини айтиб ўтилди. Ўз навбатида таъкидлаш керакки, тилшунослар маълумотига кўра, бугун ер юзида 7 мингга яқин тил ва лаҳжа бўлиб, шулардан бор-йўғи 178 таси давлат тили мақомига эга. Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, она тилимизнинг софлиги, унинг бойиши йўлида жон куйдиш фарзандлик бурчи эканини англаб етдилар. 4-курс талабаси Нодиров Ҳумоюн 611