islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 15, 2018

Day

“Ягона олимпиада-2018”нинг ғолиб ва совриндорлари аниқланди

Аввал хабар берганимиздек, бугун 15 май куни Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчи курс талабалари ўртасида “Ягона олимпиада-2018”нинг якуний Республика босқичи ўтказилди. Олимпиада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 30 мартдаги “2017-2018 ўқув йилида Ягона олимпиада якуний босқичини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 01А/041-сонли буйруғига кўра ташкил этилди. Айни пайтда 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчи курс талабалари иштирок этган “Ягона олимпиада-2018”нинг якуний Республика босқичи ўз ниҳоясига етди. Имтиҳон ва тест синовларига Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Давлат санъат музейи мутахассиси жалб қилинди. Танлов низом талаблари асосида холис, шаффоф ва адолатли ўтиши ЎМИ, ТИИ кузатувчилари томонидан назорат қилинди. Олимпиада якунида ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов сўз олиб, олимпиада натижалари юзасида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Сўнг ректор У.Ғафуров имтиҳон натижалари билан таништирди. Ҳакамлар ҳайъати ҳисоб-китобларига кўра, биринчи ўринни “Хадичаи кубро” аёл-қизлар ЎМИБЮ талабаси Рокия Юсуфий Саиджамол қизи эгаллаб, 1-даражали диплом ва Тошкент ислом институтига конкурссиз тўлов-шартнома асосида ўқишга кириш имкониятига эга бўлди. 2-ўринни “Ҳидоя” ЎМИБЮ талабаси Маҳамадалиев Мусоҳон Ғуломжон ўғли қўлга киритди, у 2-даражали диплом ҳамда телевизор билан мукофотланди. 3-ўрин Сaййид Муҳйиддин мaxдум ЎМИБЮ талабаси Кобулов Оятиллоҳ Фарходбек ўғлига насиб этди, унга 3-даражали диплом ҳамда ташкилотчилар томонидан микротўлқинли печь совға қилинди. Қолган иштирокчиларга мақтов ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим қилинди. Совға, диплом ва фахрий ёрлиқларни ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов, бўлими мутахассислари А.Дўсматов ва С.Шерхонов топширдилар. Ягона олимпиадада талабалар қуйидаги фанлардан ўз билимларини синовдан ўтказдилар: –  Маънавият ва маърифат (ижодий имтиҳон); – Араб тили (ижодий имтиҳон); – Фиқҳ (тест); – Қуръон ва тажвид (тест); – Тарих (тест); Хабарингиз бор, олимпиада доирасида Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс марказига олиб келинган янги китоблар кўргазмаси ҳам ўтказилди. Кўргазмага ЎМИ томонидан тақдим қилинган диний-маърифий мазмунда 21 турдаги 25 дона араб, инглиз, рус ва турк тилларидаги газета ва журналлар ҳамда ЎМИ, “Мавароуннаҳр”, “Ғафур Ғулом”, “Ўзбекистон” ва “Ҳилол” нашриётлари томонидан олиб келинган 85 турдаги 95 дона китоблар иштирокчилар ва меҳмонларга намойиш қилинди. Эслатиб ўтамиз, эртага “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танлови ҳам ўтказилади.   370

Марказий Осиё мутафаккирларининг илмий-маънавий ва диний-маърифий меросининг ёш авлод тарбиясидаги ўрни

“…шу ишларимиз, ислоҳотларимизнинг барча-барчаси улуғ ва ягона бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, халқимизнинг тинчлиги, осойишталигини асраш, аҳоли фаровонлигини ошириш, фарзандларимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялашдан иборат”[1]. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда ҳар жиҳатдан етук ва баркамол шахсни тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб келган. Шу маънода, бугун амалий ишлар доирасида ёш авлодни ҳаётга қатъий эътиқод ва қарашлар руҳида тарбиялашга ва менталитетимизга ёт бўлган зарарли ижтимоий иллатларга қарши тура оладиган, миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар асосида камолга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти марҳум Ислом Каримов “Биз мутафаккирларимизнинг қутлуғ меросидан бутун халқимиз, жумладан, ёшларимизнинг ҳам бахраманд бўлишига, уларнинг маънавий муҳитда камол топишига, ислом динининг инсонпарварлик фалсафаси, буюк ғоялари ёш авлод юрагидан ҳам жой олишига шароит яратмоқдамиз. Бошқача айтганда, биз фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган Ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий Ҳикматлари асосида тарбия қилмоқдамиз”, – деб таъкидлаган эди. Мазкур эзгу ишларнинг мантиқий давоми сифатида қисқа муддат ичида мамлакатимизда улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан халқимизнинг маънавий меросини қадрлаш, маърифий ислом динини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий, Қашқадарё вилоятидаги Абу Муин Насафий мақбаралари, Навоий вилоятидаги Нурота зиёратгоҳи ва бошқа қадамжолар қайтадан тўлиқ таъмирланди. Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида фиқҳ мактаби, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактаби ташкил этилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти – ISESCOнинг Махсус кафедрасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Мазкур ташаббус ислом маърифатини ёшлар онгига сингдириш, умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали илмий-маънавий, диний-маърифий меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилиши таъкидланган эди. Бугун мазкур таклиф ижроси ўлароқ, Ҳалқаро ислом академияси тизимида Таълим, фан ва маданият масалалари  бўйича ислом ташкилоти –  ISESCOнинг  Махсус кафедраси фаолият юритмоқда. Биз қуйидаги йўналишлар бўйича фаолиятни янада ривожлантириш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз: – ёшларимизни маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказувчи нохолис ахборотлар таҳдидидан ҳимоя қилиш; – Марказий Осиё мутафаккирларнинг асарларидаги толерантлик (бағрикенглик) муҳитини афкор оммага янада кенгроқ ёритиш; – муқаддас ислом динини пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтиришда заминимиздан етишиб чиққан алломаларимизнинг тарбиявий ўгитларидан кенг фойдаланиш; – экстремистик оқимлар томонидан тарғиб қилинаётган ақидавий даъволарига улуғ алломаларимизнинг дин соҳасидаги асарларидан фойдаланиб, асосланган илмий раддиялар бериш; – мутафаккирлар асарларининг жамият ҳаётига фойдаси, унинг замиридаги улкан бунёдкорлик, баркамол авлод тарбияси каби улуғ мақсадларини ёритиш, уларнинг асарларини тарғиб қилишга қаратилган ишланмаларни кенг аҳоли оммасига етказиш; – алломаларининг ислом динининг эзгулик, тинчлик ғояларини тарғиб қилувчи асарлари мазмунини оммабоп нашрларда мунтазам равишда чоп этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш. Шунингдек, ёшларда дин хақида ҳолис дунёқарашни шакллантиришда Марказий Осиё мутафаккирларининг меросидан унумли фойдаланиш ҳам самарали натижа беради. Бинобарин, уларнинг беқиёс маънавий меросини ёшларимизга таълим бериш орқали илм соҳаларига бўлган қизиқишларининг янада орттиришга сабаб бўлади. Зеро, Шарқ мутафаккирларининг қарашларида инсоннинг маънавияти, ...

Рамазон ойи туҳфаси

الحمد لله ربّ العالمين، و أفضل الصلاة و أتمّ التسليم على أشرف الأنبياء و المرسلين ، و على آله و أصحابه أجمعين، و من تبعهم بإحسان إلى يوم الدين. و بعد Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай дейди: ” (يأيها الذين ءآمنوا كتب عليكم الصيام كما كتب على الذين من قبلكم لعلكم تتقون “(البقرة:183 (Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз) Ҳадиси қудсийда шундай ривоят қилинади: (قال رسول الله صلّى الله عليه و سلّم: قال الله تعالى:“… الصيام لي و أنا أجزي به .” (رواه البخاري “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтидилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Рўза меникидир. Унинг мукофотини мен бераман”. (Имом Бухорий ривояти) Мусулмонларга Рамазон ойи рўзасининг фарз қилинишида бисёр ҳикматлар бордир. Аллоҳ таоло ўзининг бандаларига рўзани уларни фақат очлик билан имтиҳон қилиш учун фарз қилган эмас. Балки, у орқали бандаларига беҳисоб фазлу карамини тортиқ қилишни хоҳлади. Бу фазлу карамларнинг энг олийси – банданинг бу ойда тақвоси зиёда бўлишидир. Тақво эса ибодатнинг муддаосидир. Бир киши улуғ саҳоба Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳудан тақвонинг маъноси ҳақида сўради. Улуғ саҳобанинг жавоби унга савол тариқасида бўлди: “Умрингда бирор марта тиконли йўлдан юрганмисан?”. Шунда ҳалиги киши “ҳа” деб жавоб берди. Улуғ саҳоба яна сўради: “у йўлдан қандай ўтгансан?”. “Эски-туски кийимларимни ўзимга маҳкам ўраб олдим ва эҳтиёткорлик билан юрдим. Натижада, менга ҳеч нарса зиён етказмади”, деди ҳалиги киши. Ҳазрат Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу тақвони мана шу ҳолатга қиёслаб: “Бу, яъни хатарли йўлдан сақланишинг, айни тақвонинг таърифидир. Қайси банда ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида ўзини мана шундай ҳимоя қилса, у асло гуноҳу маъсиятга дучор бўлмайди”, деб жавоб берди. Демак, Рамазон ойи – мўминниг тақвоси зиёда бўладиган ойдир. Рўза –  бу, фақат емак ва ичмакдан тийилиш эмас. Балки, банда бутун вужуди билан тийилиши – рўза ҳолатида бўлишидир. Мисол учун, кўзлари билан уларни номаҳрам назардан тийиш орқали рўза тутади. Тиллари билан уларни ёлғон, ғийбат ва шу каби иллатлардан тийиш орқали рўза тутади. Хуллас, мусулмон киши Рамазон ойида бутунлай рўза ҳолатида бўлиши лозимдир. Аллоҳ таоло кириб келаётган муборак Рамазони шариф ойини барчамизга муборак қилсин. Бу ойни ғанимат билиб, тақвомиз зиёда бўлишини Ўзи насиб айласин. Омин! (“Why Fasting is prescribed ” номли маърузадан. Муаллиф: Шайх Зулфиқор Аҳмад Нашқбанди ҳафизаҳуллоҳ. Инглиз тилидан: Халилуллоҳ Юсуф таржимаси)   369

“Кўкалдош” мадрасасида “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танлови ўтказилади

2018 йил 16 май куни ЎМИ тасарруфидаги диний таълим муассасалари Ҳадис фани ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танлови ўтказилади. Ушбу танловда Тошкент ислом институтидан “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёсов иштирок этади. “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси”га 1-даражали диплом, энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида пул мукофоти ва телевизор совға қилинади. Эслатиб ўтамиз, уч йиллик педагогик тажрибага эга ўқитувчилар иштирок этадиган ушбу кўрик-танловда 4 та йўналиш бўйича билимлар синовдан ўтказилади. Натижаларни кўрик-танлов якунида эълон қиламиз. 492

Институтимиз хаттотлари фахрли ўринларда

Дарҳақиқат араб ёзуви ислом динининг маънавий-маърифий ҳамда маданий тараққиётида улкан ўрин тутади. Ушбу ёзувнинг график асослари бир хил бўлишига қарамай ундаги ҳарфлар шакл жиҳатдан турли услубларда битилади. Шунинг учун, китоб кўчириш ўша даврда энг нуфузли ҳунар, ҳатто, санъат сифатида баҳоланган. Бу ҳунар эгалари хаттот ёки котиб деб аталган ва моҳир котиб қалами билан ёзилган ҳар бир битик бебаҳо хаттотликни санъат даражасига кўтарган. Жорий йилнинг 14 май куни Тошкент шаҳрида жойлашган “Абул Қосим”  мадрасаси биносида Хаттотлик бўйича мусобақанинг Тошкент шаҳар босқичи бошланди. Унда юртимиздан етишиб чиққан машҳур хаттотларининг Аллоҳнинг муқаддас китоби Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар битилган хат турлари ва улардаги оддий инсон бир қарашда англай олмайдиган нафис маъно ва шакллари акс этган асарлари намойиш этилди. Мазкур мусобақада институтимизнинг 1“З”-курс талабаси Ҳабибова Зилола  3-ўринни эгаллади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ бўлиб ўтди.     646
1 2