Масжиддан қайтаётган икки қўшни суҳбатидан: – Қўшни, янги имомизнинг қироатлари чиройли экан-а! Намозларни маза қилиб ўқияпмиз. Маърузалари ҳам маъноли, Қуръон-ҳадисдан гапирар эканлар. Аллоҳ рози бўлсин, илмли инсон эканлар. – “Олим бўлма, одам бўл”, дейишади. Илм бўлса-ю, илмига амал қилмаса бундан ёмони йўқ. Баъзи имом-домлалар илмига амал қилмайди. Бу янги домлаям эски имомимиздек илмига амал қилмас экан… – Ҳой, қўшни, майли домлаларни қўйиб турайлик. Сиздан анчадан бери бир нарса ҳақида сўрамоқчи бўлиб тургандим. Ҳарқалай диний илмингиз мендан кўра тузукроқ. Айримлар ғийбат қилишни ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда жоиз дейишяпти. Ҳақиқатан ҳам баъзи мазҳабларда ғийбат қилиш жоизми? – Ким айтяпти шу гапни?! Ғийбатни мутлақ ҳаром қилингани айнан Қуръоннинг ўзида зикр қилинган. Тўртала мазҳабда ҳам ғийбат қилиш – ҳаром! Мен буни аниқ биламан! – Ғийбат ҳукмини аниқ билсангиз нега ўзингиз амал қилмайсиз? Нега мулла-имомларни ҳадеб ғийбат қилаверасиз? Агар улар илмига амал қилмаса, сиз ҳам билганингизга амал қилмаяпсиз-ку! Бир вақтнинг ўзида “илмига амал қилмайди”, деб иккала имомимизни ҳам ғийбат қилдингиз-а! Устига-устак, “Тўртала мазҳабда ҳам ғийбат қилиш – ҳаром! Мен буни аниқ биламан!” – дейишингиз мени ҳайрон қолдирди. Илмига амал қилмаётган бирор домлани кўрганимизда ўзимиз ҳам қанчадан-қанча билганларимизга амал қилмаётганимизни ҳам ўйлайлик! Мусулмон одам ҳар томонлама инсофли, адолатли бўлиши керак, қўшни! – Гапингиз тўғри, қўшнижон. Ғафлатда қолибман, тавба қилдим! Кўзимни очдингиз. Сиздек инсонни менга қўшни қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!… Манба: fitrat.uz 446
Илм толибини ҳақиқий маънода илм толиби қиладиган муҳим нарсалардан бири маълумотларни таҳқиқ ва тадқиқ қилиш, тўғрисини нотўғрисидан ажратишдир. Бу ҳам секин-секин пайдо бўлиб ривожлантириладиган нарса ҳисобланади. Дастлаб, талаба бу нарсаларни устозидан сўраб ўрганади. Кейинчалик мустақил равишда муҳаққиқ ва мудаққиқ олимларнинг китобларига назар солади, луғат ва қомуслардан фойдаланади. Ҳадиси шарифларнинг шарҳига бағишланган китобларга қарайди ва ҳоказо. Талаба китобларда учрайдиган тарихий шахслар, уламолар, саҳобаи киромлар ва бошқаларнинг исмларини ҳам қандай ўқилишини шу тариқа билиб олиши мақсадга мувофиқ. Қайси ҳарф устида қандай ҳаракат бор, қайси ҳарф сукунли, шуларга эътибор қаратиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Араб тилидаги кўп сўзлар кўринишдан бир хил ёзилади. Лекин, улардаги ундош ҳарфлар усти ёки остида бўлиши керак бўлган ҳаракатлар кўпинча ёзилмасдан ўқувчининг ўз ақли ва билимига ҳавола қилиниши туфайли илм толиби уларни гоҳида чалкаштириб ўқийди. Ҳаракатларни нотўғри қўяди ва натижада ё умуман маъносиз бир сўз пайдо бўлади ёхуд бошқа маънодаги сўзни бошқа маънода ишлата бошлайди. Киши то шу нарсаларга жиддий эътибор бериб, ўрганмагунча олим бўлиш тугул талаба ҳам бўлиши қийин. Бекорга олимлар ҳадиси шарифлардаги ҳаётда кам учрайдиган сўзларга алоҳида тўхталиб, ҳаракатларигача баён қилиб кетмаганлар. Ҳолбуки, араб тили юқорида ишора қилинганидек ёзув услуби консонант (абжадий) хат турига асосланган тил ҳисобланади. Бунда фақат бир-бирига уйғун бўлиб келувчи ундош ҳарфларгина ёзувда акс этади. Ҳаракат (унли)лар эса ўқувчининг заковатига ҳавола қилинади. Шундай экан ҳали сўзларни сиёқул каломга қараб бир-биридан ажрата олмайдиган одам яхшиси устозидан сўраши ёхуд тегишли китоблардаги шарҳ ва ҳошияларга қараши лозим. Замонамизнинг машҳур ҳанафий олимларидан, Шом юртидан чиққан кўплаб муҳаққиқ ва фақиҳларнинг давомчиларидан бўлмиш Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг ютуқларидан бири ҳам айнан тадқиқ ва таҳқиқ масаласига ғоятда эътиборли эканликлари экан. Айни шу масалага яъни талаба учун илмнинг дақиқ жойларигача ўрганиш муҳимлигига ўзларининг сўнги китобларидан бири бўлган “маолиму иршодийя лисиноати толибил илм” китобларида ҳам тўхталиб ўтганлар. Зотан, бу зотнинг устозлари ва устозларининг устозлари ҳам аслида муҳаққиқ олимлардан бўлишган. Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда, Мустафо Зарқо ва бошқалар. Аллоҳ таоло уларни кенг бепоён раҳматига дохил этсин! Фақиҳ ва муҳаддис шайх Муҳаммад Аввома ҳазратларини ҳам Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрасин, умр-у ризқларига баракот берсин! Яна сўзимизни давом эттирсак, баъзан оддий бир масдарни нотўғри ишлатиш ҳолатларига гувоҳ бўламиз. Масалан, кетмоқ маъносини ифодаловчи “ذَهَاب” (“заҳааб(ун)) сўзини “зиҳоб” дея зол ҳарфини касрали қилиб ўқиймиз. Ёки – “وجد”важд сўзини вужд деб ўқиймиз. Ваҳоланки, бу икки сўз икки хил маънода ишлатилувчи бошқа-бошқа феъллардан ясалган от ҳисобланади. Биринчиси, яъни важд бу қалбда пайдо бўлувчи муҳаббат, ишқ ва ҳоказо. Тасаввуф истилоҳида эса инсон қалбига табиий равишда келувчи ухровий қўрқув, ижобий маънодаги ҳузн ё хурсандчилик ва ҳоказолар назарда тутилади. Вужд эса кенглик, моддий бойлик каби маъноларни англатади. Бу содда нарсалар аслида. Лекин шу каби ҳолатлар кўп учраб туради. Жума кунидаги хутбаларда Аллоҳ таолонинг “ал-Жавод” исмини “Жаввод” дея атайин, ноўрин андиша туфайли вов ҳарфини ташдидли ўқиш ҳам шунга мисол бўла олади. Ёки, яна ўша хутба сўнгидаги дуоларда “варҳамнаа маъаҳум ваҳшурнаа минҳум” дея биринчи феълни “маъа” ҳарфи билан, иккинчи феълни эса “мин” ҳарфи билан ишлатилиши ҳам ғалат машҳур бўлиб қоляпти. Бундай нарсалар маънони бузади. Унинг ўрнига бемалол: “варҳамнаа ваҳшурнаа маъаҳум!” (яъни: “бизларга улар қаторида марҳамат кўрсат ва улар билан бирга ҳашр эт!”) деяверинг, тўғри бўлади, хато бўлмайди....
“Ужб” сўзи луғатда “кеккайиш”, “такаббурлик” ва “фахрланиш” маъноларини англатади. Уламолар инсонда вужудга келадиган ужб сифатини турлича таърифлашган. Роғиб Асфаҳоний: Ужб – инсон ўзини ўзи ҳақли бўлмаган даражага ҳақлиман деб ўйлашидир, деган. Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ: Ужб – неъматни ҳақиқий неъмат берувчига нисбат беришни унитиб, уни ўзида катта санаб унга суяниб қолишдир, деган. Ибн Абдуссалом: Инсон ўзига берилган неъмат ёки яхши амални Аллоҳдан эканини унитиши ва буларни ўз нафсидан деб хурсанд бўлиши ужбдир, деган. Аллоҳ таоло мутлоқ суймайдиган кибр ҳам айни мана шу ужб, яъни ўзидан-ўзи фахрланиш ортидан юзага келади. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларда ужбни ёмонлаб зикр қилган. Аллоҳ таоло Ҳунайн ғазоти кунида мусулмонларнинг мағлубиятга ужб сабаб бўлганини эслатиб шундай дейди: “…Ҳунайн кунида (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади[1]”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса ҳалок қилувчидир: итоат қилинадиган бахиллик, эргашиладиган ҳавои-нафс ва киши ўз нафси билан фахрланиши[2]” – дедилар. Бошқа бир ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ужбни катта гуноҳлардан бири эканини айтиб шундай деганлар: “Агар сизлар бирор гуноҳ қилмайдиган бўлганларингизда, мен сизларга бунданда каттароғидан қўрққан бўлар эдим. У ужбдир[3]”. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ҳалокат иккита нарсада: Ужб ва Аллоҳнинг раҳматидан умидни узишда”, деган. Маълумки, бахт-саодатга талаб қилиш билан эришилади. Умидни узган одам талаб қилмайди. Ўзидан ўзи фахрланган одам мақсадга эришиб бўлдим деб ўйлайди ва ҳаракат қилмайди. Шунинг учун ҳам ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бу икки сифатни ҳалокат сабабчилари сифатида айтган. Али розияллоҳу анҳу: “Ўзидан ўзи фахрланиш тўғриликни зидди ва ақлларнинг офатидир”, деб бежиз айтмаган. Шерозий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: “Билгинки, ужб энг ёмон сифатдир. У фазилатларни тортиб олиб, пасткашлик келтиради. Нафратни келтириб чиқариб, яхшиликларни йўқ қилади. Ёмонликларни ошкор қилиб, ҳалокатга олиб боради”. Уламолар ужбни саккизта қисми мавжуд эканини айтишиб, буларнинг олдини олиш йўлларини ҳам таъкидлаб ўтишган. Биринчиси, инсон ўзининг хилқатининг гўзаллигига қараб фахрланади. Буни Аллоҳнинг неъмати эканини ва бир лаҳзада йўқ бўлиб қолишини унутади. Бунинг олдини олиш учун биринчи нимадан яратилгану, оқибатда яна нимага қайтишини мулоҳаза қилсин. Иккинчиси, ўзига берилган куч-қувват бўлиб, унга шукр келтиришни унутиб, ушбу куч-қувватни ато этган зотга суянишни тарк қилиб қўяди. Бунинг олдини олиш учун ҳақиқий куч-қувват эгаси Аллоҳ эканини эътироф этиб шукр келтирсин. Ўзидаги куч-қувват тортиб олиниб, энг заиф бандага айланиб қолишини унутмасин. Учинчиси, ақл бўлиб, уни чиройли санаб бундай ақл фақат менда бор деб ўйлаб қолади. Бунинг олдини олиш учун, аввало Аллоҳга қайта-қайта шукр келтирсин. Бу неъмат бошқаларга берилмагандек, ўзидан ҳам олиб қўйилиши мумкин эканини ўйлаб кўрсин. Ақл сабабли қанчалаб илмга эга бўлмасин, барибир оз эканини унитмасин. Тўртинчиси, улуғ насабга эга бўлиш бўлиб, у билан фахрланиши ва шу сабабли мен кўплаб одамлардан афзалман деб қолиши. Бунинг олдини олиш учун, насаб бирор савоб келтирмаслиги ёки бирор азобни даф қилмаслигини билсин. Аллоҳ ҳузурида энг ҳурматли инсон тақводор инсондир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима ва аммалари София розияллоҳу анҳумоларга “Мен сизларга Аллоҳдан бирор нарсани беҳожат қила олмасман” деганлар. Бунинг олдини олиш учун, насаб билан фахрланиш бу бошқанинг камоли билан ўзини азиз тутиш эканини билсин. Сўнг яна, яқин (тирик) отаси нутфадан пайдо бўлганини ва узоқ (вафот этган) бобоси тупроққа айланиб...
Фарзандларига яхшилик қилиш ота – онанинг фитратларида бор. Эҳтимол, шу сабадан ҳам бирор оят ёки ҳадисда ота-онани ўз фарзандига меҳр кўрсатиб, яхшилик қилишга алоҳида тарзда тавсия қилганини кўрмаймиз. Улар ҳатто ўзлари касал бўлишлари эвазига ҳам болалари соғ-саломат юришларини, оч қолишса ҳам, фарзандлари тўқ бўлишларини хоҳлашади. Қўлларидаги мазали таомни болаларига едириб, ҳузурланишади. Лекин баъзилар улғайгач, қандай катта бўлишганини тез унутиб қолишади. Шу боис фарзандларга ота-онанинг ҳақини қайта – қайта эслатиб туриш керак. То фарзандлар боласини деб тунларини бедор ўтказган, ўғил – қизини ўзидан ҳам ортиқ кўрган зотларнинг қадрига етишсин. Энг муҳими Қуръони каримда ота-она ҳақи Аллоҳнинг ҳақидан кейин зикр этилганини, ота-онага шукр қилиш Аллоҳга шукр қилиш билан тенг эканини ҳамда Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ эканини унутмасин. Ота-онага яхшилик қилиш ва унинг мукофати борасида оят ва ҳадисларда қуйидаги кўрсатмаларни кўришимиз мумкин: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онанинга эса яхшилик қилинг! Шунингдек, қариндош…га ҳам” (Нисо 36). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-онага яхшилик қилишни Аллоҳга суюкли амалларнинг энг улуғи деганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: ” Аллоҳ таолога қайси амал энг суюкли?” деб сўрадим. У зот “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар. Мен: “Кейин қайси амал? дедим. У зот: “Ота –онага яхшилик қилиш ” , дедилар” (Муттафақун алайҳ). Фарзанд зиммасига ота –онанинг бир қанча ҳақлари бор: Яхшилик қилиш. Уларни моддий жиҳатдан муҳтож ҳолатда қолдирмаслик, яшаш шароитларини яхшилаш, қўллаб-қувватлаш. Яъни, уларнинг диний ва дунёвий манфаатлари йўлида сайъ-ҳаракат қилмоқлиги лозим бўлади. Ширин сўз ва чиройли муомалада бўлиш. Ота-онанинг ёши ўтган сайин ёрдамга ва эътиборга зориқади. Фарзанд уларга доимо чиройли муомала қилиб, ширинсўз бўлиши керак. Аммо ғазаб қилиш, сиқилганини кўрсатиш, ота-онанинг юрагини ларзага солади. “Роббингиз, Унинг Узигагина ибодат қилишингиз ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Эй инсон! Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, улага “уф!…” дема ва уларни жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт!” ( Исро,23) . Тавозе ва мулойимлик кўрсатиш. Гоҳо фарзандлар оталаридан кўра бойроқ, бошқалар разарида обрўлироқ бўлиб қодишади. Динимиз бундай ҳолатда, болалар қанча бой ва обрўга эга бўлмасин, ота-онасига мулойим ва меҳрибон бўлишни буюрган: “Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут…” (Исро,24). Ота-она ҳаққига дуо қилиш. Фарзанд гўё ота-она парваришлаган ниҳол. Инсон яхшиликни қайтаришга ожиз бўлса, унинг учун дуо қилиш гўзал вафодорликдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида одам вафот этилганида, унинг барча амали тўхтаб, фақат уч нарсадан савоб етиб туриши айтилган. Улардан бири солиҳ фарзанд қилган дуодир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…Ва айт: “Эй Раббим! Мени гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро,24). Ота-онанинг дўстлари билан алоқани мустаҳкамлаш. Фарзандлар ота-онанинг вафотларидан кейин қариндошлар билан алоқаларини мустаҳкамлашлари, уларнинг дўстлари ҳолидан хабар олиб туришлари керак. Бани Салама қабиласидан бўлган бир киши Пайғамбаримиздан: “Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-она вафотларидан кейин улар учун яхшилик қилишимга бирор иш борми?” деб сўради. Пайғамбаримиз: “Ҳа, уларнинг ҳақига дуо қилиб, истиғфор сўрашинг, васиятларини амалга оширишинг, қариндошлари билан алоқани мустаҳкам-лашинг ва дўстларини ҳурмат қилишинг” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Имом Муслимдан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз: (Ота-она вафотидан кейин) қилинадиган энг катта яхшилик – уларнинг дўстлари билан алоқа ўрнатишдир” , деганлар. Уламолар ота-онага нисбатан қилинадиган мазкур ҳақларда онанинг...
Унинг кўриниши сизни мафтун қилган, пишиқлиги ажаблантирган ва мустаҳкамлиги хайратган солган бинони кўрганмисиз?! Бундек бинолар асос ва устунлардан, девор ва тиргаклардан, ғиштлардан ташкил топган бўлади. Бинонинг жиҳозлари бир қанча бўлиб, бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб туради. Бинонинг жипслиги ва салобати мана шуларнинг натижасида юзага келади. Мусулмонлар ҳам асосларининг пишиқлиги, биноларининг юксаклиги ва алоқаларининг мустаҳкамлигида худди юқорида сифатланган бинога ўхшайдилар. Уларнинг бу ҳолатга эришишлари Аллоҳ таолонинг “Оли Имрон 103” оятидаги амрига бўйинсунганларидан бўлса, эҳтмимол. Пайғамбаримиз с.а.в. ўз умматларини сифатлаб айтган сўзлари бунга ёрқин намунадир: “Мўмин мўминга нисбатан баъзиси-баъзисини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино сингаридир”. Имом Бухорий ривояти. Мусулмонлар Аллоҳ таоло ўзининг каломида (Анбиё 92) дея марҳамат қилганидек бир уммат – бир жасаддирлар. Ундаги бир аъзо бошқа аъзодаги дардни ҳис қила олади. Нўъмон бин Башир р.а. Пайғамбаримиз с.а.в. дан ривоят қилган ҳадисда шундай марҳамат қилинади: “Мўминларни ўзаро меҳр-муҳаббатда бир танадек эканларини кўрасиз. Агар танада бирон аъзо касалланса, ундаги бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлишади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Шу сабабли ҳам ушбу бирликни муҳофаза қилиш учун ислом бир мусулмонни бошқа мусулмонда ҳақлари борлигини белгилаб қўйди. Мусулмонни ҳурматини сақлаш. Ҳар бир мусулмонни қони, моли ва обрўсида ҳурмати бордир. Булар умумий ҳуқуқлар бўлиб, осуда инсоний ҳаёт биноси ана шунинг устига барпо бўлади. Инсон ўз нафсида хотиржам бўлиши керак. Унга бирор зўравон ноҳақ зулм қилиши керак эмас. Инсон ўз молида хотиржам бўлиши керак. Унга бирор ўғри ёки зўрлик ила тортиб олувчи тажовуз қилиши керак эмас. Инсон ўз обрўсида ҳам хотиржам бўлиши керак. Уни шарафи оёқ ости қилинишига ёки насабига доғ тушурилишига йўл қўйилмаслиги лозим. Инсонни қони, моли ва обрўсини сақлаш маъносида, жонга ва аъзоларга қилинган жиноятларга қасос, ўғирлик ва зинода ёлғондан айблашликка ҳад жорий қилинган. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам ушбу ҳақларни сақлаш лозимлигини таъкидлаб, шундай марҳамат қилганлар: “Бир мусулмонни бошқа мусулмонга қони, моли ва обрўси ҳаромдир”. Муттафақун алайҳ. Саломга жавоб қайтариш. Мусулмонни бошқа мусулмон зиммасидаги ҳақи, унинг олдидан ўтганда ёки уни зиёрат қилиб борганда ёки унинг уйига ё иш жойига киришга изн сўраганда унга тинчлик-омонлик тилашлигидир. Тоинки бу билан унинг кўнглини кўтариб, ҳаётини барқорорлигини сўраган бўлади. Бу эса, “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи” дейишлик ила бўлади. Агар бирор кишига салом берилса, у ўзининг самимий муҳаббатини изҳор қилган ҳолда “ва алайкум ассалому ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳу” деб, жавобни унданда чиройли шаклда қайтариши лозим бўлади. Аллоҳ Қуръонда шунга буюрган: (Нисо 86). Салом беришликда саломдан бошқаси унинг ўрнига ўтмайди. Зеро салом мусулмонларнинг дунё ва охиратдаги кўришишларидир. (Иброҳим 23). Беморни зиёрат қилиш. Инсон бемор бўлганда мадорсизлик сезади ва руҳан бўшашади. Унга умидсизлик оралайди. Ўлим шарпаси гўё уни ютиб юборгудай кўз олдида намоён бўлади. Касаллик саломатлигини адо қилганини ҳис қилади. Бемор мана шундай ҳолатда ўзига тасали берадиган бир инсонни, дуо қиладиган зиёратчини ва шифо топишига умид ўйғотадиган биродарни қидиради… Беморни зиёрат қилишлик Ислом буюрган мусулмонлик ҳақ-ҳуқуқларидан биридир. Бу беморни кўнглини кўтариб, унга тасалли бериш, шифо топиш ва ҳаётга бўлган ишончини ошириш ҳамда мана шундай машаққатли дамда у билан бирга эканини намоён қилиш каби юксак мақсадларни амалга ошириш учун машруъ қилинган. Шу билан бирга зиёратчи ҳам бемор ва беморликни кўрганда соғликни қийматини янада билиб, ўзидаги соғлик неъмати учун Аллоҳга шукр қилади....