Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча мўминларга ўз тоқатларига яраша касб қилишни фарз қилди: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверинглар! Аллоҳни кўп ёд этингизлар, шояд, (шунда) нажот топурсизлар” (“Ҳаж” сураси, 9-оят). Ҳалол касб қилишга нафақат оддий инсонлар, балки пайғамбарлар ҳам буюрилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуоъони каримда барча пайғамбарларга шундай хитоб қилади: “У (Аллоҳ)сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, у (ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверинглар ва Аллоҳнинг берган ризқидан енглар. Тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (“Мулк” сураси, 15-оят). Аллоҳ таоло мўминларга ҳалол касбдан ўзларига нафақа қилишга буюриб, қуйидагича марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, ўзингиз касб этган ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз…” (“Бақара” сураси, 268-оят). Юқоридаги оятларнинг далолатига кўра, барча пайғамбарлар ҳам маълум касб билан машғул бўлганлар. Жумладан, Одам алайҳиссалом деҳқончилик қилганлар. Нуҳ алайҳиссалом савдогарлик қилганлар. Иброҳим алайҳиссалом баззоз (газмол сотувчи) бўлганлар. Довуд алайҳиссалом совут ясар эдилар. Сулаймон алайҳиссалом занбил тўқир эдилар. Идрис алайҳиссалом кийим тикар эдилар. Закариё алайҳиссалом дурадгор эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарлик қилганлар. Бундан ташқари, барча пайғамбарлар қўй боққанлар. Саҳобаи киромлар ҳам маълум бир касблар билан машғул бўлганлар. Жумладан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу баззоз (газмол сотувчи) эдилар. Умар розияллоҳу анҳу тери ошлар эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу савдогар эдилар. Али розияллоҳу анҳу котиблик қилар эдилар. Ўз даврида Шом диёрининг фақиҳи бўлган Авзоий раҳматуллоҳи алайҳ Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳнинг орқаларида бир кўтарим ўтинни кўтариб келиб, уни сотиб тирикчилик қилаётганларини кўрдилар. Мўмин киши ўзи, оиласи учун ва қарзларини адо этиш учун кифоя қиладиган миқдорча касб қилиш фарздир. Ҳалол касб қилишнинг савоби жуда каттадир. Бирор касб эгаси бўлган инсон ўз аҳволини бошқага ошкор этмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким касб қилмай, тиланчилик эшигини ўзига очса, Аллоҳ таоло унга муҳтожлик ва бечораликнинг етмиш эшигини очиб қўяди”. Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло ризқ беради, деб касбдан қўлларингизни тортманглар, Аллоҳ таоло тилла ва тангани осмондан ёғдирмайди”, – дедилар. Луқмони Ҳаким фарзандига қуйидагича васият қилдилар: “Касбдан қўлингни тортма. Ким халқнинг муҳтожи ва бечораси бўлса, унинг дини танг, ақли заиф бўлади ва унинг муруввати ботил бўлади ҳамда халойиқ унга ҳақорат кўзи билан қарайди”. “Мўминларм ризқни Аллоҳ таолодан деб билади ҳамда ризқни касбга сабаб деб билади ва Аллоҳ таолонинг буйруғига мувофиқ мол ҳақини адо этади ва касби сабабли ибодатни тарк қилиб гуноҳкор бўлмайди”. Маълумки, ибодат асоси луқманинг ҳалоллигидадир. “Ҳулятул-авлиё” асарида шундай дейилади: “Аллоҳ таолонинг йўли ўн қисмдир. Мазкур ўн қисмдан тўққис қисми ҳалол ризқни талаб қилиш ва бир қисми қолган ишлардир. Мўмин бандага лойиқ ва муносиби шуки, ҳалол молни талаб қилади, ҳаром ва шубҳадан тийилади. Ибодатнинг қабул бўлиши тақво биландир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “…Аллоҳ фақат тақволи кишилардан қабул қилур” (“Тавба” сураси, 27-оят”). Тошкент ислом институти ўқитувчиси С. Примов Манба 572
Бугун, 25 сентябр куни, муҳтарам меҳмонлардан бири, машҳур аллома, муҳаққиқ олим шайх Муҳаммад Аввома Тошкент Ислом институтига ташриф буюрдилар. Шайх Аввома ҳазратлари оила аъзолари, жумладан, ўғиллари доктор Муҳиддин Аввома ҳамроҳлигида ташриф буюрдилар. Учрашув давомида аллома институтнинг мударрислари ва талабалари билан суҳбат қилиб, уларга насиҳатлар қилдилар. Ташриф қизиқарли ва манфаатларга бой бўлди. 575
Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида асосий ўринни эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб етуклик сари юксалиб боради. Китоб мутолаа қилмаган инсоннинг онги ривожланмай маънавий қашшоқликка олиб боради. Шундай экан инсон ҳаётида маънавиятини юксалтириб бориши лозим. Бунинг учун эса илм ўрганиб, китоб ўқиб, билмли бўлиши даркор. Юқоридаги фикрларга мувофиқ, талабаларнинг диний-маърифий ва маънавий савияларини янада юксалтириш мақсадида 2018 йил 22 сентябрь куни Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Ўзбекистон халқаро ислом академияси” нашриётида чоп этилган китоблар ҳамда ТИИ АРМга июль-сентябрь ойларида келган янги китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада 58 номдаги жами 160 дона китоб намойиш қилиниб улардан Айман Рушдий Сувайднинг “Ҳилятут тилава”, Имом Муҳаммад бин ал-Ҳасан аш-Шайбонийнинг “ал-Асл”, Али ал-Қорийнинг “Тафсирул Мулла Али ал-Қорий”, Акмалуддин ал-Ҳанафийнинг “ал-Иная шарҳул ҳидая”, Фахруддин ал-Ҳанафийнинг “Табйинул ҳақоиқ шарҳу канзид дақоиқ”, Муҳаммад Абдулҳақ ал-Ҳанафийнинг “ал-Иклил”, Ш.Воҳидов, А.Қодировларнинг “Қуръони каримдаги сўзлар ва ибораларнинг арабча-ўзбекча кўрсаткичли луғати”, Ж.Тошқулов, Н.Юсупова ва И.Бекмирзаевларнинг “Ислом ҳуқуқшунослиги” ҳамда М.Султонова, Н.Аббосхоноваларнинг “Саййидлар шажараси” каби кўплаб турли диний-маърифий мавзуларга оид китоблар институт жамоасига ҳавола этилди. Китоб – энг яқин дўст, мутолаа – завқ. Шунинг учун бўлса керак, кўргазма илмга интилувчан китобхонлар билан гавжум бўлди. Бу эса улар қалбида мутолаага бўлган қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилади. Бинобарин, китоб мутолаасига қаратилаётган эътибор миллий ўзлигимиз ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этиши билан алоҳида қадрлидир. Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази мудири Камолиддин Маҳкамов 740
XIX аср охири ХХ аср биринчи ярмида Наманган шаҳридан етишиб чиққан улуғ уламолардан бири Саййид Собитхон тўра Абул Маонийдир. У киши ҳақида маълумотлар жуда кам. Чунки Собитхон тўра яшаган давр мустамлакачилик сиёсатининг ватанпарварлар ва зиёлиларга қарши кураши авж олган вақтга тўғри келади. Собитхон тўра 1866 йил Наманганда таниқли олим Саййид Файзхон тўра хонадонида туғилди. У илмий муҳитда ўсиб улғайди, илк устози отаси бўлди. Сўнг Наманган мадрасасида ўқиб, шаҳарнинг кўзга кўринган олимлари, жумладан, Ҳазрат Иноятхон Лангарийдан сабоқ олди. Сўнг илмини янада чуқурлаштириш мақсадида Ҳўқанди латифга борди. Бу ерда бир неча йил туриб, “Мадрасаи Хон”да илм сирларидан воқиф бўлди, мадрасани муваффақиятли битириб, она шаҳрига қайтди. Ёши улғайгач, ҳажга борди. Мадинада уч йил муқим яшаб қолди. Бир кеча тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради. У зот олимга “ватанга қайтинг” ишорасини қиладилар. Шундан сўнг у ота юртига қайтиб, қолган бутун умрини Наманганда ўтказди. XIX асрнинг сўнгги йилларида Намангандан етишиб чиққан олимларнинг кўпи ундан сабоқ олишган. Собитхон тўра очиқ чеҳрали, ширинсўз ва тақволи инсон бўлган. У илм бобида улкан муваффақиятга эришган эди. У мадрасадан қайтиб келиши билан китоб варақлар, ёзаётган асарларига қимматли маълумотлар тўплар эди. “Тафсири Жалолайн”ни кўп ўқир эди. Собитхон тўра тасаввуф, тафсир, ҳадис, тил ва адабиёт, тарих, жуғрофия, мантиқ ва бошқа илмлардан яхши хабардор эди. Ўзи ҳам араб, форс ва ўзбек тилларида ижод қилди. Олимнинг “Башорат ан нажот фи ишорат ас-салот” китобида диний амаллар, ибодатларга оид турли фиқҳий масалалар жамланган. Ушбу асарнинг 52 бетдан иборат қўлёзма нусхаси ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Ушбу даргоҳда унинг қаламига мансуб “Тажҳиз ал амвот” асари қўлёзмаси ва бу китобнинг 1907 йили Бухорода нашр этилган тошбосма нусхаси ҳам бор. Ушбу асарда ўлим ва дафн маросими билан боғлиқ масалалар батафсил ёритилган. У хурофий тушунчалар авжига чиққан бир даврда ёзилгани боис катта аҳамият касб этган ва одамларни ҳидоят йўлига бошловчи муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилган. Бундан ташқари, олим фиқҳ илмига оид яна бир нечта асарлар ёзган. Собитхон тўра тафсир ва ҳадис илмлари тарғиботчиси сифатида ҳам танилган. Ўша даврда Туркистон аҳолисида ушбу илмларга эътибор сусайиб кетгани учун ҳам шу йўналишга алоҳида эътибор берган. Саййид Собитхон тўра турмуши ҳашамсиз яшаган, дунё лаззатларига парвосиз эканидан мол-дунё орттирмаган. Тушган совға-саломларни камбағалларга, илм толибларига эҳсон қилиб юборган. Саййид Собитхон тўра юртимизни жуда ҳам севар, шу боис чоризм мустамлакасига айланиб қолган муқаддас Ватанини озод ва ҳур кўришни орзу қилар эди. Талабаларига Ватан озодлиги учун ҳаракат қилиш, керак бўлса, бу йўлда жон бериш кераклигини таъкидлар эди. Болшевиклар инқилоби бошлангач, Собитхон тўра шогирдларини Ватан мустақиллиги йўлида бирлашишга руҳлантирар эди. Собитхон тўранинг халқ ўртасидаги нуфузини яхши билган болшевиклар уни зимдан кузатиб, назорат қилиб туради. Собитхон тўра Абул Маоний 1927 йили 63 ёшда оламдан ўтди, Наманган шаҳридаги “Мангулик” қабристонига дафн этилди. Аллоҳ таоло ул зотни раҳматига олсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Исломхон Убайдуллаев Манба 473
Менимча юқоридаги саволни ўқиган ҳар қандай шахс, унга жавобан: “Албатта, мен файз ва баракага эришишни хоҳлайман” дея жавоб берган бўлса, ажаб эмас. Чунки, инсонлар бу дунё беш кунлик бўлсада, унда яхши ҳаёт кечиришни ҳоҳлайдилар. Албатта, бундай яхши ҳаёт кечиришга Аллоҳ таолонинг Ўзи каломида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида тавсиялар берганлар. Ана шу тавсиялардан бири “Мулк” сураси ҳақида бўлиб, бу суранинг фазилатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Ҳазрати Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У (Мулк сураси) сақловчи ва нажот берувчидир. Қабр азобидан нажот беради”, деганлар. Мулк сураси халқимиз орасида “Таборак” номи билан ҳам маълум-машхурдир. Шунингдек у “Сақловчи” ва “Нажот берувчи” деб ҳам юритилади, чунки у бандаларни Дўзах азобидан сақлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида: “Албатта, Аллоҳнинг китобида (Қуръонда) бир сура бор, унинг оятлари ўттизта бўлиб, ўз ўқувчисини қиёмат куни шафоат қилади. Уни Дўзахдан чиқариб, Жаннатга киритади. У “Таборак (Мулк) сурасидир” деганлар. Бошқа бир ҳадисда Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мулк сураси ҳар бир мўьмин қалбида бўлишини ҳоҳлардим”, деганлар. Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганларки: “Ҳар ким “Мулк” сурасини ўқиса, Қадр кечасига етишганнинг савобини топади. Бу сура ўз ўқувчисини шафоат қилади ва унинг гуноҳлари авф этилади. Ҳар ким бу сурани ўқиса, Аллоҳ таълонинг ҳамма китобларини ўқиганлик савобига эришади. Агар сидқ билан унинг оятларини ўқиса қабр азобини кўрмайди. Агар қабр бошида ўқилса, ўша қабодаги майитнинг азоби енгил бўлади ва қабри Жаннат бўстони айланади”. Ривоят қилинади, кимки оғир бир мусибатга учраса, Аллоҳ таолодан сўраб, тўғри соф иймон-эътиқод ва ихлос билан маъноларини тадаббур ва тафаккур қилиб, “Мулк” сурасини кирқ бир марта ўқиса, иншаа Аллоҳ, У зот енгиллик беради. Ва яна бирор бир манзил-маконда юқорида айтиб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда ушбу сура ўқилса, у ерда, иншаа Аллоҳ, файз ва барака зиёда бўлади. Агар кимки кўз оғриғига учраган бўлса, уч кун давомида ҳар куни уч марта “Мулк” сурасини, бунда ҳам юқорида айтиб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда ўқиса, инша Аллоҳ, шифо топади. Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов 637