Ёзилганидан бери қўлма-қўл бўлиб келадиган, кўплаб илм даргоҳларида таълим бериладиган мўътабар тафсир китобларидан бири шубҳасиз Имом Байзовийнинг тафсир китобларидир. Имом Байзовий ўз тафсирларини “Анворут-танзил ва асрорут-таъвил” деб номлаган бўлиб, бу тафсир ўрта ҳажмдаги китобдир. Муфассир ушбу китобда тафсир билан таъвилнинг ўртасини араб тили қоидаларига мувофиқ жамлаган, далилларни эса имкони борича аҳли сунна вал жамоа эътиқодига мувофиқ келтирган.
Имом Байзовий мазкур тафсирни ёзиш сабаблари борасида китоб муқаддимасида қуйидагиларни ёзади: “Мен кўпдан саҳобаларнинг улуғларидан ва тобеъийнларнинг уламоларидан менга етиб келган тафсир ва ўзим ҳамда мендан аввал яшаб ўтган уламолар истинбот қилган фикрлар, нукталарни ўзида мужассам этган, саккиз қурродан эшитилган қироат йўлларини ҳам ўз ичига олган бир китоб ёзишни орзу қилиб юрардим. Аммо тайёргарлигим ва тўплаган манбаларим етарли бўлмаганидан, мен бу улуғ ишни бошлашдан андиша қилар эдим. Аллоҳ таоло менга бу ишга киришишим башоратини берди. Мен ният қилган китобимни “Анворут-танзил на асрорут-таъвил” деб номладим”.
Имом Байзовий ўз тафсирини мукаммал ниҳоясига етказгани ҳақида китобнинг 5-жилд 204-бетида маълумот берган.
Тафсирул-Байзовий борасидаги уламолар фикрлари. Барча китобларда бўлгани ушбу тафсир борасида ҳам уламолар томонидан турли фикрлар билдириб ўтилган. Беайб Парвардигор, деб бежизга айтилмаганидек ушбу китобда ҳам баъзи хато ва камчиликлар топилган. Китоб борасида фикр билдирган уламолар орасида китобнинг кенг маънолиги, ёзилишининг осонлиги, ўқувчиларга тарғиб ва тарҳиб учун яхши хизмат қилишини эътиборидан ундаги хатоларга кўз юмиб, уни мақтаб, кўкка кўтарган уламолар ҳам бор. Ҳақни ҳақ деб, мақталадиган ўринларида мақтаб, камчиликларини билдириб, эътиқодга зарарли нуқсонлар етадиган ўринларда қаттиқ танқид қилган уламолар ҳам йўқ эмас. Биз эса ушбу ўринда мазкур асар борасида фикр билдирган бир неча уламоларни ҳамда уларнинг фикрларини баён қилишга киришамиз.
Ушбу тафсир борасида “Кашфуз-зунун” китоби муаллифи Ҳожи Халифа роҳимаҳуллоҳ китобнинг балоғатли эканига ва манбаларига ишора қилиб қуйидаги фикрларни айтиб ўтганлар: “Байзовийнинг ушбу тафсири қадри улуғ, кўп маъноли китобдир. Муаллиф унда “Кашшоф”дан араб тили грамматикаси, балоғатнинг маъоний ва баён каби санъатларига боғлиқ жиҳатларни, “Ат-тафсирул-кабир” китобидан эса калом ва фалсафий илмларни, “Тафсирур-Роғиб”дан эса оятлардаги нозик ишоралар, кўз илғамас ҳақиқатлар ва сўзларнинг келиб чиқиши борасидаги маълумотларни қисқача келтириб ўтган. Сўнгра ундаги бўшлиқларни ақлий далиллар билан қувватланган фикрларни қўшиб тўлдирди. натижада кўнгилдаги шакларни кетказди ва илмийлигини янада оширди… Имом ўзининг чуқур тафаккури билан калом илми чавандозлари майдонида жавлон уриб, илмлар борасидаги маҳоратини кўрсатиб қўйди ва юксак мақомга лойиқ эканлигини иисботлаб қўйди. Гоҳида эса оятларнинг нозик ишораларини тўсувчи пардаларни олиб, ўзига тортувчи истиъораларни келтиради. Мантиқ таржимонларию уларнинг мезонларидан ҳамда ақлга тўғри келадиган сирлардан ҳам ҳикмат ва унинг тили ёрдамида ўзгача пардаларни олиб ташлайди. Натижада эса одамлар учун ечими қийин бўлган муаммоларни ҳам ечиб беради”.
Ундан сўнг Ҳожи Халифа Имом Байзовийнинг илмий баҳслар ва уларни устун ва заифларини аниқлаш борасидаги услублари ҳақида қуйидагича сўз юритадилар: “Нозик баҳслар борасида адаштирувчи шубҳалардан омонда бўлган далилларни келтириб, уларга далилларнинг услубларини баён қилади. У зотнинг “қийла” (айтилади, айтилишича) лафзи билан (бир оятга) берган иккинчи, учинчи ва тўртинчи маъноли тафсирлари худди мардуд ва маржуҳнинг заифлигидек заиф хабарлардир”.
Сўнгра Ҳожи Халифа Имом Байзовийнинг сифатлар ва эшитиб билинадиган нарсаларни баён қилувчи оятлар борасидаги фикрларини, ундан кейин Имомнинг суралар охирида келтирган мавзу ва заиф ҳадислари тўғрисида баён қилади. Ҳожи Халифа шу ўринда ҳеч қандай ҳужжат бўла олмайдиган ва мақсадни ифодалай ҳам олмайдиган далиллар билан Имом Байзовийнинг ушбу ишидан кўз юмади.
Имом Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ ушбу китоб ҳақида шундай дейдилар: “Дарҳақиқат қози Носируддин Байзовий ушбу китобни мухтасар қилган бўлсада маромига етказган, ҳар қандай зарур маълумотларни келтирган, унда мўътазилий ўринларини ажратиб, фитнали жойларни кетказган. Муҳим жиҳатларни етказа олиш билан бирга қўшимча маълумотларга ҳам имкон топган. Натижада эса ёп-ёруғ кундаги қуёшнинг машҳурлиги каби машҳурликка эришган. Кўпчилик ихлосмандлар китоб атрофида парвона бўлдилар, олимлар тилида унинг гўзал сифатлари оғизма-оғиз бўлди. Шу боисдан ҳам уламолар бу китобни мутолаа қилиш ҳамда дарс беришга иштиёқманд бўлдилар ва уни ўзлари севиб қабул қилиб, бошқаларга етказишга шошилдилар”.
Имом Байзовий ва у зотнинг тафсири борасида фикр билдирган уламолардан бири Муҳаммад Ҳусайн Заҳабий роҳимаҳуллоҳдир. У киши ўзларининг “Ат-тафсир вал-муфассирун” номли китобларида Имом Байзовийни матайдилар ва қуйидагиларни ёзадилар: “Байзовий китобини “Кашшоф” тафсиридан мухтасар қилган, бироқ китобини Замахшарийнинг мўътазилий фикрларидан ажратиб ёзган”.
Кейин Имом Заҳабий тафсир китобнинг ёзилиш услублари, тафсир қилишда қўлланилган қоидалар, уларнинг афзал ва ноқис жиҳатларини баён қиладилар. Баъзи ўринларда мақтасалар, ўрни келган вақтда камчиликларини аниқ баён қилганлар.
Имом Заҳабий хотима ўлароқ ушбу тафсирни мақтаб унга ажратилган бўлимни қуйидаги сўзлар билан якунлайди:
“Хулоса қилиб айтганда, ушбу китоб шу услубда ёзилган мўътабар тафсирлардан бири бўлиб, Аллоҳнинг каломини тўғри ва мукаммал тушунишни, унинг сир-асрорини билишни истаган ҳар бир толиб учун муҳим бўлган ажойиб манбадир. У бир неча марта чоп қилинган бўлиб, ўрта ҳажмли китобдир”.
Ушбу китоб борасида фикр билдириб ўтган уламолардан яна бири Муҳаммад Фозил ибн Ашурдир. У киши ҳам Имом Заҳабий сингари китоб, унинг ёзилиш услуби, Имом Байзовийнинг тафсир ёзишдаги манбалари ҳамда ривоят қилган кишилари борасида тўхталиб ўтган. Тафсирнинг ёзилиш услубини ҳижрий 7 аср бошидаги барча фанларда кузатилган илмий ёзув қоидаларига биноан деб баҳолайди.
Тафсирга ёзилган шарҳ ва ҳошиялар. “Кашфуз-зунун” соҳиби Ҳожи Халифа Имом Байзовийнинг тафсирига элликдан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар ёзилганини баён қилган. Юсуф Аҳмад Али эса ўзининг “Ал-байзовий ва манҳажуҳу фит-тафсир” номли докторлик ишида уни юзта деб айтган. Қуйида ушбу тафсирга ёзилган баъзи шарҳ ва ҳошияларни келтириб ўтамиз:
Имом Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу китобга ҳошия ёзиб қолдирганлар. Бу китоб номини эса “Навоҳидул-абкор ва шавоҳидул-афкор” деб номлайдилар.
Шиҳоб Хафочи роҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу китобга ҳошия ёзганлар ва унинг номини “Инаятул-қозий ва кифаятур-Розий” деб номлаганлар.
Муҳйиддин ибн Шайх Муслиҳиддин Мустафо Қувжавийнинг ҳошияси. Ушбу ҳошия жуда фойдалари кўп, иборалари енгил тушунишга осон бўлган ҳошиялардан биридир.
Ибн Тамжид номи билан машҳур Муслиҳиддин Мустафо ибн Иброҳимнинг ҳошияси. Бу китоб ҳам машҳур бўлган, унинг муаллифи Муҳаммад Фотиҳнинг муаллими бўлган.
Қози Фозил Закарийё ибн Муҳаммад Ал-ансорий Мисрий (вафоти 926 ҳижрийда) нинг ҳошиялари. Китобни “Фатҳул-жалил бибаяни хофиййи анворит-танзил” деб номлаганлар.
Шамсиддин Муҳаммад ибн Юсуф Кирмонийнинг ҳошиялари.
Тафсирул-Байзовийнинг манбалари. Имом Байзовийнинг оятларни тафсир қилишдаги энг асосий ўзаги бошқа муфассирлар каби Қуръони каримнинг ўзидан истифода олиш бўлган. Лекин ҳар доим ҳам бир хил услубда бўлмаган: баъзан оятни тафсир қилиб, ундаги муродни луғавий маъносининг зоҳирига қараб берган, баъзан эса маъно жиҳатидан ўша оятга ўхшаш оятни келтириш билан тафсир қилган.
Кейинги манба эса ўз-ўзидан суннати набавий экани тафсир илмидан хабардор бўлган кишиларга маълум. Имом Байзовий ўзининг тафсири “ат-тафсир бил-маъсур” бўлмаса-да оятларни тафсир қилиш асносида ҳадисларнинг саҳиҳ, ҳасан, иллатли ва заиф турларини ҳам келтириб қўяверган. Бундай қилишдан Имом Байзовий маълум мақсадларни қасд қилган. Аша шундай мақсадлардан бири оятлар далолат қилган нарсаларни баён қилишдир.
Имом Байзовий ўз тафсирларини саҳобаи киромлар ва тобеинлардан ворид бўлган ривоятларни қўшиш ила янада бойитган. Имом бир оят борасида ўз фикрларини билдиргач, ўша маънони янада баён қилиш ҳамда ўз фикрни қўллаб қувватлаш мақсадида саҳобаи киромлар, тобеъинлардан бўлган кишиларнинг сўзларини келтириб ўтган.
Имом Байзовийнинг мазкур тафсирни бир қанча тафсир китобларидан фойдаланиб ёзган. Жумладан, Имом 3амахшарийнинг «Ал-Кашшоф» тафсири ушбу тафсирнинг асосидир. Бошқача қилиб Тафсирул-Байзовий Кашшофнинг мухтасаридир, десак хато қилмаган бўламиз. Лекин Имом Байзовий мўътазилий эътиқодга алоқадор нарсаларни тарк қилган. Шунга қарамасдан, баъзи оятларни тафсир қилишда Имом Замахшарийнинг фикрини тасдиқлаб қўйган жойлари ҳам бор.
Имом Байзовий ўз тафсирида бошқа муфассирлар, масалан, Ал-Фахр ар-Розий, Ар-Роғиб ал-Исфаҳонийнинг тафсиридан ҳам фойдаланган.
Бундан ташқари Имом Байзовий ушбу тафсирни ёзишда шофеъий ва ҳанафий мазҳабларининг усул, усулул-фиқҳ, фиқҳ китобларидан фойдаланганлар. Бунинг сабаби сифатида уламолар форс ва Хуросон минтақасида ушбу икки мазҳаб етакчи эканини баён қилишган.
Тафсирдаги услублар. Юқорида Имом Байзовий “Кашшоф” тафсиридан фойдаланган, лекин ундаги мўътазилий эътиқодга алоқадор нарсаларни тарк қилган, деб айтдик. Бироқ, ўша китобдан фойдаланганлиги туфайли ундаги услублар ҳам тафсирга ўз таъсирини ўтказган. Ҳатто баъзи ўринларда Имом Замахшарийнинг фикрини тасдиқлаб қўйган жойлари ҳам мавжуд. Шулардан бири қуйидагичадир:
الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لَا يَقُومُونَ إِلَّا كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ
“Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб жинни бўлган кишидек овдираб турарлар…” оятининг тафсирида шундай дейди: “жиннилардек ҳолда туради”. Ушбу тафсир одамларнинг инсонни шайтон урса натижада жиннига айланиб қолади, деган гапларига кўра айтилган.
Муаллиф оятдаги “масс” сўзини жиннилик билан тафсир қилади ва дейди: “Уларнинг яна бир гумонича жин одамни тутса, у албатта, ақлини йўқотади”. Ушбу гап Имом Замахшарийнинг жинларга одамлар устидан бирор бир султонлик берилмаган, улар фақат васваса ва иғво қила оладилар холос, деган фикрига мувофиқдир.
Шунингдек, Имом Байзовий «Кашшоф»нинг муаллифи каби йўл тутиб, ҳар бир суранинг охирида, шу суранинг фазилати, уни қироат қилган кишига бериладиган ажр-савоблар баён этилган ҳадисларни ҳам ривоят қилиб келтиради. Холбуки, барча уламолар бу ҳадисларнинг ёлғонлигига иттифоқ қилганлар. Тафсир ва ҳадис илми бўйича уламолар наздида катта мартабага эга бўлган Имом Байзовийдек олим учун бундай ёлғон ҳадисларга алданиш ва Аз-Замахшарийга эргашиб, уларни ҳар бир сура охирида келтириш катта нуқсон ҳисобланади.
Аммо Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий ўзининг «Ат-тафсир вал-муфассирун» китобида «Кашфуз-зунун» соҳибининг иборасини келтириб, Ал-Байзовийнинг маъзур эканлигини айтади: «Аммо сураларнинг охирида келтирган аксар ҳадисларига келсак, бу Имом Байзовийнинг қалб ойнаси ўта соф, Парвардигорининг илоҳий инъомларига эришган инсонлиги боис ҳадисларнинг сахиҳ ёки заифлик борасидаги сабабларига киришмай, улар борасида бағрикенгроқ муносабатда бўлиб, тарғиб ва таъвил тарафга астойдил бел боғлаганидан далолатдир. Шунинг учун ҳам у бундай ишни қилувчилар борасида яхши гувоҳлик берилмаслигини билса ҳам мана шу йўналишни танлаган».
Имом Байзовий ўз тафсирида Ал-Фахр ар-Розий, Ар-Роғиб ал-Исфаҳонийнинг тафсиридан ҳам фойдаланганини баён қилдик. Бунинг натижасида ҳам балоғат, мантиқ ва фалсафий жиҳатлар ҳам қўшилиб қолган. Бунинг устига ақл ва фаросат билан нозик латиф жиҳатлар, нукталар ва истинботларни тафсир орасига киритиб юборганки, бу ажойиб услуб тафсирнинг жозибасини оширган. Бироқ бу балоғатли услубни ўта мантиқ ва усул борасида моҳир билимдонлар ҳамда луғат уламоларигина теран фаҳмлай олади, бошқалар эса тушунишда бироз оқсаб қоладилар.
Имом Байзовий ўз тафсирининг баъзи ўринларида қироат турларига эътибор қаратадилар. Бироқ, қироатларнинг мутавотирлигига эътибор қилмай шоз ривоятларни ҳам зикр қилиб ўтади. Шунингдек, қисқа бўлса ҳам, наҳвий қоидалар ҳамда аҳком оятларининг тафсирида баъзи фиқҳий масалаларни ҳам баён этган. Баъзи муфассирларда кузатилганидек, Имом Байзовий ҳам фиқҳий масалаларни ёритишда ўзи тақлид қиладиган Шофеий мазҳабининг афзаллигига ишора қилиб кетган.
Имом Байзовий тафсирининг кўп жойида «аҳли сунна» мазҳаби билан бир қаторда мўътазилий мазҳаби қарашларини ҳам ёритиб бергани гувоҳи бўламиз. Масалан: «Бақара» сурасининг 2-3 ояти тафсирида иймон ва мунофиқлик ҳақида аҳли сунна вал-жамоа, мўътазила ва хорижийларнинг фикрларини тўла келтирган ва аҳли суннанинг мазҳабини қувватлаб қўйган.
Мазкур оятнинг: «Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладилар», деган жумласи тафсирида «ризқ» ҳақидаги «аҳли сунна» ва мўътазила фикрларини батафсил баён этиб, бу борадаги «аҳли сунна» эътиқодини тўғри эканини баён қилади.
Имом Байзовий ўз тафсирида исроилиётларни жуда кам ривоят қилган, зарурат жиҳатидан ривоят қилган жойларида ҳам “ривоят қилинган”, “айтилган” деган лафзлар билан хабарларнинг заифлигига ишора қилиб кетган. Мисол тариқасида Намл сурасининг 22-ояти
فَمَكَثَ غَيْرَ بَعِيدٍ فَقَالَ أَحَطتُ بِمَا لَمْ تُحِطْ بِهِ وَجِئْتُكَ مِنْ سَبَإٍ بِنَبَإٍ يَقِينٍ
“Кўп ўтмасдан у (ҳудҳуд келиб): “Мен сен огоҳ бўлмаган нарсалардан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри)дан ишончли хабар олиб келдим” деди”ни олайлик. Муфассир ушбу оятни тафсир қилиб бўлгандан кейин Сулаймон пайғамбар ҳақида “Ривоят қилинишича у Байтул-Мақдисни қуриб битказиб, ҳажга тайёргарлик кўра бошлади…” деб бошланадиган ривоят келтиради ва унда келтирилган одатдан ташқари кўринган нарсалар оддий нарсалар эканлигини айтиб, бу ривоятнинг саҳиҳлигига ишончи комилмаслигига ҳам ишора қилади: “Аллоҳ таолонинг қудрати ва Ўзининг муқарраб бандаларига хослаб берган улуғ мўъжизаларида шундай ажойиботлар борки, унинг билган киши ажойиблигини улуғ санайди, рад этиб билмаган киши эса инкор қилади”.
Имом Байзовий ўз тафсирида кўпроқ Ар-Розийнинг тафсиридан фойдалангани учун, олам ва табиат ҳақидаги оятларига дуч келганда, уларни бефарқ қолдирмасдан, жуда кенг шарҳлаган.
Хулоса қилиб айтганда, Қозий Имом Байзовийнинг «Анворут-танзил ва асрорут-таъвил» номли тафсир китоби, шу услубда ёзилган барча тафсирларнинг энг мўътабари, Аллоҳнинг каломини тўғри ва мукаммал тушунишни, унинг сир-асрорини билишни истаган ҳар бир толиб учун ажойиб манба бўлиб хизмат қила оладиган мўтабар манбадир.
Комилжонова Фотима
Тошкент ислом институти 4-босқич толибаси.