УЧИНЧИ МАВЗУ
Оҳод хабарлар
Оҳод хабарнинг таърифи: Луғатда آحاد [о́ҳа́д] калимаси бир, битта маъносидаги أحَدٌ [аҳад]нинг кўплигидир. Баъзиларнинг айтишича, ҳудди شاهِدٌ [ша́ҳид] сўзи أشهاد [ашҳа́д]га жамланганидек, واحد [ва́ҳид]нинг жами ҳам бўлаверади .
Истелоҳда эса у бир ёки иккита одам ривоят қилган, лекин уч асрдан ҳеч бирида машҳур бўлмаган, ҳатто уни қабул қилишга ижмо ҳам қилинмаган ҳар бир хабардир .
Оҳоднинг ҳукми. Оҳод хабар амални тақазо этади, лекин яқийний илмни ифода этмайди. Яъни яқиний илмни ҳам ва ҳотиржамлик илмини ҳам ифода этмайди. Бу аксар аҳли илм ва жумҳур фақиҳларнинг мазҳабидир. Тўрт мазҳаб уламолари ва бошқалар ҳам шундай деганлар жумласидандир .
Оҳод хабарга амал қилиниш собит эканининг маъноси. Хабар вожибликка далолат қилганда ва шу вақтда вожибликдан ман қилувчи йўқ бўлса, унга амал қилиш вожибдир. Шундан маълум бўладики, мустаҳабликка далолат қилувчи хабарнинг мазмунига амал қилиш вожиб эмас. Чунки у вожибга далолат қилмайди. Ҳудди шунингдек, мансухга ҳам амал қилиб бўлмайди, чунки бу ҳолда амалга монеълик бор. Лекин юқоридаги оҳод хабарга амал қилиниш собит эканининг маъноси қуйидагича бўлиши ҳам мумкин – унга амал қилиш вожиблиги унинг ҳолатларидандир .
Оҳод хабарнинг ҳадлар мавзусида тутган ўрни. Ҳанафийлар оҳод хабар билан ҳужжатланиш ўринларини бешга бўлганлар:
1. Жазо бўлмаган фақат Аллоҳ таолонинг ҳаққи ҳисобланган шаръий амаллар. Ҳукми: Бундай амалларда шартлар тўлиқ топилган бўлса, оҳод хабарлар билан ҳужжатланса бўлади.
Мисоли: Ибодатга тегишли барча амаллар.
2. Бандаларнинг ҳаққидан бўлган амал бўлиб, унда фақат илзом қилиш (ҳужжат билан исбот қилиш) бор. Ҳукми: Бу амал фақат шаҳодат лафзи билан, ўрни келганда ададлар билан, валийликка аҳллигининг мавжудлиги ва яна хабарга керак бўлган бошқа шартлар топилиши билан собит бўлади.
Мисоли: Ўғрилик, зино туҳмати ва шунга ўхшашлар.
3. Бандаларнинг ҳақларидан бўлган амал бўлиб, унда илзом қилиш (бировнинг зиммасига молиявий ёки бошқа бирор масъулият юклаш) йўқ. Ҳукми: Бу амал оҳод хабарлар (битта шахснинг хабари) билан ҳам собит бўлади. Бунда хабар берувчининг адолатли бўлиши шарт қилинмайди. Бироқ у тамиз ёшига етган бўлиши шарт.
Мисоли: Вакил қилиш, музораба, ҳадя беришдаги элчилар, тижоратга изн беришлар. (Буларнинг ҳаммасида балоғатга етганлик шарт қилинмасада, тамиз ёшида бўлиши шарт қилинади. Масалан, тамиз ёши, яъни тасарруфлардаги фойда ва зарарни ажрата олиш ёшидаги боладан бирор ҳадя бериб юборилса, у бола бориб: “Бу фалончидан ҳадя”, деса, биргина шу боланинг хабари (яъни оҳод хабар) билан ҳам ҳадя бериш тасарруфи собит бўлаверади. Шунингдек, унинг вакиллиги ҳам ўтади. Яъни вакил қилиб юборувчининг номидан иш қилаверади. Гарчи, бу ерда ваколат берувчи ҳамда вакил қилинган шахс иккиси якка-якка шахслар бўлса ҳам. Бу ўринда вакилнинг сўзларига ишониб ҳудди ваколат берувчининг ўзи билан ишлагандек ишлайверилади).
4. Бандаларнинг ҳақларидан ҳисобланган амал бўлиб, унда бир эътибордан бировнинг зиммасига мажбурият юклаш бор, бир эътибордан эса йўқ.
Мисоли: Вакилни бўшатиш, тижоратга изн олган одамнинг изнини тугатиш, бокира қиз жим турган пайтида валийси уни никоҳлаб қўйганини билган бўлиши (яъни, қизга валийсининг никоҳлаб қўйгани хабари етиб келганда жим туриши ва буни билган бўлиши. Бунда ота тарафидан қизнинг зиммасига мажбурият юклаш бор. Иккинчи томондан эса қиз рад қилишга ихтиёрли бўлиб, бунда ҳеч кимга мажбурият юклаш маъноси йўқ. Юқоридаги мисолларда ҳам шу икки жиҳат мавжуд).
Ҳукми: Хабарни етказувчи уни қабул қилаётган тарафдан вакил ёки элчи бўлса, етказувчида адолат сифатининг мавжуд бўлиши шарт қилинмайди, чунки хабар етказувчи тасарруфда ўзидан бошқасининг ўрнидадир (яъни, унинг номидан иш қилувчи ҳисобланади).
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов