islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳни осмонда десак нима бўлади? | 4-мақола

Ўхшаши йўқ бўлган Зот Аллоҳ Таолога ҳамду санолар бўлсин.

Олий қадар Зотни танишда бизларга ўрнак бўлган ҳабибимиз Муҳаммадга саловату дурудлар бўлсин.

Далилларни тушунишда бизларга тўғри йўлни кўрсатиб кетган барча уламоларимиздан Аллоҳнинг ўзи рози бўлсин.

“Худди шунингдек гоҳида  فوق (устида, юқорида) калимаси зикр қилиниб, ундан макон жиҳатдан юқорилик ирода қилинади. Гоҳида зикр қилиниб ундан мартаба жиҳатдан юқорилик яни олийлик ирода қилинади. Аллоҳнинг далилларига қарама-қаршиликни йўқотиш учун мартаба жиҳатидан бўлган олийликка юрилади”[1].

Шарҳ:

وَهُوَ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ

Ва У Алий ва Азийм Зотдир[2].

سَبِّحِ اسْمَ رَبِّكَ الأعْلَى

Олий қадар бўлган Роббинг исмини поклаб ёд эт[3].

Аллоҳ Таоло Олий Зот экани борасидаги юқоридаги оятларни ҳеч ким инкор қилмайди. Фақат, бу ердаги олийлик макон жиҳатидан эмас, балки мартаба, мақом эътиборидандир. Бундай дейишимизга сабаб далилларни жамлаганимизда бир бирига қарама қаршилик бўлмасдан, мувофиқ бўлиши учун.

Агар макон жиҳатидан олий десак لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ “У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир”, ва وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُوًا أَحَدٌ “Ва Унга ҳеч ким тен бўлмаган”[4], оятларига ва ақлий далилларга зид келади. Мартаба, мақом жиҳатидан Олий Зот десак юқоридаги оятларга мувофиқ бўлади. Далиллар орасида зидлик ҳам бўлмайди. Чунки Аллоҳ Таоло шу даражада Олий Зотки унга ҳеч бир нарса тенг бўлолмас. Бу эса оятнинг маъносини ва ақлий далилларни янада такидлайди. Қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки “Бу далиллар мадҳ, мақтов кўринишида келган”. Аллоҳ Таоло Курсий оятида ўзни мадҳ этган.

“Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ, У тирикдир ва қайюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, холос. Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган. У уларни муҳофаза қилишдан чарчамас. Ва У Алий ва Азийм Зотдир”[5].

Олий қадар бўлган Роббинг исмини поклаб ёд эт[6].

Кўрдикки ҳар иккала оятда ҳам мадҳ, улуғлаш ўрнида келмоқда. Маконда олий дейилса бу улуғлаш бўлмайди. Чунки, масалан бир одам тоғнинг устида яшайди, бошқа бири пастда, водийда яшайди. Ҳеч шубҳа йўқки бу ўринда водий тоғнинг юқорисидан афзал ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳар доим маконда юқори бўлиш, улуғлаш ҳисобланмайди.

Аввалги сатрларда, уларнинг далилларида юқори тараф қолганларидан афзал деб келди. Албатта, ундай эмас. Чунки бу одат ва урф эътиборидан шундай. Шунинг учун бизнинг одатимиз ва урфимизда юқори афзал бўлгани учун Қуръони Каримни юқорига қўямиз. Лекин агар ақлга қўйиб берсангиз ақл учун юқори ҳам паст ҳам бир ҳил. Ақлнинг ҳукмида юқорини афзал дейишга ундайдиган сабаб йўқ. Аслида йўқ, лекин агар бир жамиятни тасаввур қилсак ва у ажамиятда “юқори эмас балки паст тараф афзал”, деган тушунча бўлса, ўша жамиятда Қуръонни пастга қўйиш уни улуғлаш ҳисобланади. Бу фаразий мисол холос. Демоқчимизки юқори ёки паст тарафнинг афзаллиги қайси эътибордан қарашингизга боғлиқ. Баъзи давлатларда кўп қаватли уйларнинг юқори қавати афзал бўлса, баъзи давлатларда эса пастки қаватлар афзал ҳисобланади. Демак эътиборий ишларда буниси афзал деб далилланиш тўғри бўлмайди.

“Дуо вақтида қўлларни осмонга  кўтаришда уларга ҳужжат йўқ. Чунки, намозда каъба қибла бўлгани каби, дуода осмон қибла ҳисобланади. Икки ибодатда (бу) икки тарафга юзланиш қибла бўлгани учун. Аллоҳ Таоло каъба ёки осмонда бўлгани учун эмас”[7].

Шарҳ: Нима учун дуода қўлларимизни юқорига кўтарамиз? Чунки, осмон дуонинг қибласи ҳисобланади. Худдики намозда каъба қибла бўлгани учун намозни каъбага қараб ўқиганимиздек,  Аллоҳнинг Зоти каъбада бўлгани учун эмас. Шу каби дуода қўлларни осмонга кўтариш Аллоҳнинг зоти осмонда эканига далолат қилмайди.

“(Аллоҳдан) тарафни инкор қилишдаги бизнинг ҳужжатимиз айтиб ўтганларимиздир. Олти тарафни инкор қилиш, агар бўлганда бир тарафда бўладиган нарсанинг йўқлигидан хабар бериш бўлади, холос. Батаҳқиқ биз зикр қилдикки: “Қудрати чексиз Борий Зот оламнинг бир тарафида бўлиши муҳолдир”. Барча залолатлардан ҳидоят топиш Аллоҳ (тавфиқи) билан”[8].

Шарҳ: Улар юқоридаги далилларида: “Агар бир зотдан барча тарафлар инкор қилинса бу ўша зотнинг йўқлиги ҳисобланади”, дедилар. Яни “Бир нарса бору лекин юқорида ҳам, пастда ҳам, ўнгда ҳам, чапда ҳам, олдида ҳам, орқада ҳам эмас, дейилса демак бу ўша нарсани йўқлиги ҳисобланади. Масалан: бир китобингиз бор лекин у сизга нисбатан бирор тарафда эмас. Демак ўша китоб йўқ дегани”, дедилар.

Муаллиф уларга раддия бериб: олти тарафни инкор қилиш доим ҳам ўша нарсани йўқлигидан хабар бериш бўлмайди. Балки фақат биргина холатда бўлиши мумкин. Яни биз баҳс қилиб турган нарсанинг ҳақиқати қачонки ўша нарса мавжуд бўлганда албатта бир тарафда бўладиган нарса бўлса ва ўша нарсадан олти тараф инкор қилинса, ўшандагина унинг йўқлигидан хабар бериш бўлади. Шу кўринишда бўлсагина сизлар келтирган далил тўғри бўлади. Юқоридаги китоб бунга мисол бўлади. Лекин, агар бир нарса мавжуд бўлсаю бирор жиҳатда бўлмайдиган сифатда бўлса, у нарсадан олти тарафни инкор қилиш унинг йўқлигидан хабар бериш бўлмайди. Масалан: “Фалончининг хафалиги ёки хурсандлиги унинг олдида ҳам, ортида ҳам, ўнгида ҳам, чапида ҳам, юқорисида ҳам, остида ҳам эмас”, деса тўғри бўлаверади. Бу холатда “унинг хафалиги ёки хурсандлигини йўқ”, деб бўлмайди. Чунки, аразлар (сифат)ни жисмга нисбатан алоқаси маконий алоқа эмас. Худди шунингдек хурсандлик ва хафаликни маконга алоқаси йўқ. Агар фалончи хурсанд  бўлса, унинг хурсандчилиги у билан қоим бўлади. “Хурсандлиги унинг бу тарафида”, деб айтиб бўлмайди. Агар “Унинг хурсандлиги олдида, ортида, ўнгида, чапида, юқорисида, остида эмас”, десак “унинг хурсандлиги йўқ экан”, дегани бўладими? Албатта, йўқ. Чунки, хурсандлик хурсанд инсонда пайдо бўлса бирор макон билан сифатланмайди. Хурсандлик мавжуд бўлганда биз ундан олти тарафни инкор қилсак, ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Аллоҳ Таолонинг ҳаққида ҳам шундоқ. Аллоҳ мавжуд, бор, лекин бирор макон билан сифатланмайди. Ундан олти тарафни инкор қилишимизда унинг мавжуд эмаслиги келиб чиқмайди. Шунинг учун Аллоҳ оламнинг юқорисида ҳам, остида ҳам, ўнгида ҳам, чапида ҳам, олдида ҳам, ортида ҳам эмас. Шу билан бирга оламнинг ичида ҳам, ташида ҳам эмас, чунки жисмлар нисбатан ичкари ва ташқари тарафдан бўлган алоқа жисмоний алоқа ҳисобланади. Яъни, жисмлар орасида бўлади бундай алоқа. Аллоҳ Таоло эса жисм эмас.

Юқоридаги сатрлардан хулоса қилсак: “Аллоҳ Таолони бирор макон ёки жиҳатда”, деб айтмаймиз. Бизнинг бу гапимиз зоҳирий маъноси Аллоҳни осмондалигига ёки юқоридалигига далолат қиладиган далилларни инкор қилиш эмас. Балки, Аллоҳни бирор макон ёки тарафда эмаслигига далолат қиладиган қатъий далилларга зид келиб қолмаслиги учундир. Ваҳоланки биз барча ояти карималарга бирдек иймон келтирамиз, бирортасини инкор қилмаймиз. Фақат, қатъий далилларга зид келиб қолмаслиги учун аввало тафвиз(Аллоҳга топшириш) қиламиз ёки бир бирини инкор қилмайдиган маънода таъвил қиламиз. Бир оятни тасдиқлаймиз деб бошқа бир оятни инкор қилмаймиз. Яна бунда барча мукаммаллик эгаси бўлган Аллоҳга нуқсонни нисбат бериш лозим келиб қолади. Чунки жисмлар уларни тутиб турувчига муҳтожлиги бор. Аллоҳ Таъоло ҳеч бир нарсага муҳтож эмас. Улар айтаётган ҳар қандай нуқсонлардан пок Зотдир.  Энг тўғри йўл ҳам, шу эмасми?

Аллоҳга макон ва жиҳат нисбатини берадиган тоифалар ўзларини қандай номламасинлар Аҳли сунна вал жамоадан эмасликлари аниқ. Гарчи ўзларини Аҳли суннаданмиз десалар ҳам. Чунки биз фалон мазҳабдамиз дегани билан унинг ақидасига зид ақидада бўлар экан, у мазҳабдан ҳисобланмайди.

Агар ушбу сатрлардан бирор фойда, манфаъат олган бўлсангиз Аллоҳдан, бирор камчилик, нуқсони бўласа каминадан деб билгайсиз.

Аллоҳ бизларни ҳидоят қилганидан сўнг залолатга кетказиб қўймасин.

Таҳфизул Қуръон кафедраси

4-курс талабаси Қамбаров Иқболжон

[1] Имом Ламишийнинг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид” асари, 64-65-саҳифалар, Дорул ғарб исломий 1995.

[2] Бақара сураси, 255-оят.

[3] Аълаа сураси, 1-оят.

[4] Ихлос сураси, 4-оят.

[5] Бақара сураси, 255-оят.

[6] Аълаа сураси, 1-оят.

[7] Имом Ламишийнинг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид” асари, 65-саҳифа, Дорул ғарб исломий 1995.

[8] Имом Ламишийнинг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид” асари, 65-саҳифа, Дорул ғарб исломий 1995.

225621cookie-checkАллоҳни осмонда десак нима бўлади? | 4-мақола

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: