Икки боб ўртасидаги ўзаро муносабат: Албатта, биринчиси (таҳорат) асл ва иккинчиси (таяммум) ўринбосардир. Шунинг учун кейин келтирилди.
“التيمم – Таяммум” У луғатда “ҳар қандай қасд қилиш” маъносини билдиради.
Шариатда эса: “Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга суртиш таяммумдир”.
Таяммумниг ҳукми, у сабабли намоз ўқишнинг жоиз бўлишидир. Бунинг маъноси: таяммум фақат мубоҳ қилиш учундир. Аммо сув билан қилинадиган таҳорат ва ғусл таҳоратсизликни кўтарувчидир.
“Сиҳоҳ”да айтилади: يممْتُه “яммамтуҳу” – قصدته “қосадтуҳу” яъни, уни қасд қилдим. Ва تيممته “таяамматуҳу” – تقصدته “тақоссадтуҳу” яъни, уни мақсад, ният қилдим. Жумлада تيممت الصعيد للصلاة “таяммамтус соъида лис солати”яъни, намоз учун (покиза) тупроқни ният қилдим, кўринишида келади. Ушбу лафзнинг асли: التعمد “таъаммуд – қасд қилмоқ” ва التوخي “таваххий -мақсадни кўзламоқ”дир.
Ибн Сиккийт[1] айтадилар: Аллоҳ таолонинг: “[2]فتيمموا صعيدا طيبا – … бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинглар”, оятининг маъноси “اقصدوا الصعيد –уқсудуус соъида” яъни, “тупроқни қасд қилинглар”дир. Сўнг ушбу калима кўп ишлатилиши натижасида, таяммум – юз ва икки қўлни тупроқ ила масҳ қилиш маъносига айланиб кетган.
“الصعيد – соъид”ни Фарро[3] “тупроқ” деганлар. Саълаб эса, Аллоҳ таолонинг: “[4]فَتُصْبِحَ صَعِيدًا زَلَقًا” яъни, “у сип-силлиқ тупроққа айланиб қолса” оятини далил қилиб, ернинг юза қисмига “соъид” деган.
Ушбу лафзнинг кўплик шакли “صُعُدٌ –суъудун” ва “صُعُدات –суъудат” бўлиб, ҳудди “طُرُق –туруқун” ва “طُرُقات –туруқот” га ўхшайди. “الصعود – суъууд” аслида “الهبوط –ҳубуут” пасайиш, тушишнинг зиддидир. Лафз “الصُعود” бўлиб замма билан ўқилганда ўзакни билдиради. Жумлада: “صعد في السلم صعود – Соъида фис суллами суъудан” Нарвонда тепаликка чиқди, маъносида келади.
[1] Абу Юсуф Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Сиккийт. Фарро, Абу Амр аш-Шайбоний ва Асмаъийлардан дарс олган. Ўз асарлари билан танилган. Энг машҳур асари “Китаб ислаҳул мантиқ”дир. У (Халифа) Мутаваккилнинг фарзандларини мударриси бўлган. Лекин кейинчалик ўрталарида низо чиқиб қолган. Ҳижрий 244-санада вафот этган.
[2] Ушбу оят “Нисо” сураси 43-оятнинг бир қисми ҳамда “Моида” сураси 6-оятнинг бир қисмидир.
[3] Абу Закариё Яҳё ибн Зиёд ибн Абдуллоҳ ибн Манзур ал-Асламий. (761-822 м. 144-207 ҳ.) Ал-Фарро ад-Дайламий ал-Куфий исми билан танилган. Наҳв, луғат ва адабиёт фанида Куфа уламоларининг энг билимдони бўлган. Наҳв ва сарф фанига доир кўплаб асарлар муаллифи. Энг машҳур асари “ал-Ҳудуд фин наҳв вал мушкал”. Умрини кўп қисмида Бағдодда яшаганлар. Умрининг охирги қирқ кунларида Куфада ўз оиласи билан бўлиб, сўнг Маккага кетаётганларида йўлда вафот этганлар.
[4] “Каҳф” сураси 40-оят. Тўлиқ оят: Шояд Роббим менга сенинг боғингдан яхшироғини берса, сенинг боғингга осмондан офат юбориб, у сип-силлиқ тупроққа айланиб қолса.
ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
катта ўқитувчиси Фарҳод домла Жўраев