Араб миллатига мансуб бир шайх билан бўлиб ўтган савол-жавобни ҳавола қиламиз.
Ассалому алайкум. Муҳтарам Шайх ҳазратлари!
Талаба олим бўлиши учун бир қанча маънавий ва моддий машаққатли босқичларни босиб ўтади. Бир киши Аллоҳ насиб этиб, шу босқичларда талабага моддий таъминотчи бўлиб, дафтар-китоб, турар жой, еди-ичди, агар уйланган бўлса, оилавий харажатларига ёрдам берган киши ҳамда кам таъминланган олимларга ҳам кўмакчи бўлиб, ундан фарзандларини ғам-ташвишига овора бўлмай, илмини ривожлантириб, ўз устида ишлаб, халққа манфаатли китоблар ёзиш талаб қилиб, ўзини фақат илмга бағишлашини айтиб, унинг ўрнига барча юмушларини бажариб, фарзандларини уйли-жойли қилиб, ўқимоқчиларини ўқитиб, керак бўлса, олимнинг ёзган китоблари чоп этилишига ҳам таъминотчи ва кафил бўлган киши Қиёмат кунида ўша олим ва талабалардек ажр-мукофот оладими?
Шайхнинг жавоблари қуйидагича:
Аллоҳга ҳамд, Расулуллоҳга ҳамда саҳобаларига салавот ва салом бўлсин!
Талабанинг ўқиши давомийлигини таъминлашга ёрдам бериш инфоқ-эҳсон қилиш керак бўлган энг муҳим ва савобли ўринлардан биридир. Агар бир кишига Аллоҳ таоло талаба ёки моддий ёрдамга муҳтож олимнинг иқтисодий кафил-ҳомийси бўлишни насиб этган бўлса, унга ҳам талабанинг савобидек, ажр-мукофот берилади дея умид қиламиз. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхшиликка далолат қилувчи-ундовчи ўша яхшиликни қилувчи каби ажр олур” – деганлар. (Имом Термизий ривояти). Яна бир ривоятда У зот: “Кимки одамларни ҳидоят-тўғри йўлга чақирса, унга чақириғига эргашган кишиларнинг ажрларича ажр-савоб бўлур. Бу (яъни чақирувчига ажр берилиши) уларнинг ажрларидан бирор нарсани камайтирмайди” – деганлар. (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ривоятда эса: “Ким рўзадор ифтор қилиб берса, унга рўзадорнинг ажридек ажр бўлур (ёки ёзилур)” – деганлар.
(Имом Аҳмад ривояти).
Бу ва бошқа шу маънодаги ҳадисларни чуқур ўрганган олимлар улардан қуйидаги умумий қоидани хулоса қилганлар: Аллоҳнинг тоат-ибодаларидан бирини бажарувчи кишига ёрдам берган шахсга ўша тоат-ибодатни бевосита бажарган кишининг ажр-савобича ажр ва савоб бўлур. Ёрдамчига берилаётган ажр ибодат қилувчига берилажак ажрни камайтирмагай!
Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
мудири Баҳодир Баҳромжон ўғли