islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Фарзанд тарбияси

Бўлимлар

Ғазаб

Холид жуда кучли ва бақувват бола эди. У хотиржам ҳолатда чўзган қўлини букмасдан стулларни кўтариш қобилиятига эга эди. Мактабда унга кураш борасида тенг келадигани йўқ эди. Ҳаммадан ҳам кўпроқ Нуриддин билан уришар эди. Кунлардан бир куни улар мактаб ҳовлисида уришиб қолишди. Нуриддин енгилди. Мағлуб бўлган Нуриддин синфга қайтиб кирди-да ўч олиш учун Холиднинг дафтарига чизиб ташлади. Бу нарса Холидни жуда ғазаблантирди ва Нуриддинни ёнига бориб юзига мушт туширди. Нуриддиннинг бурнидан отилиб чиққан қон унинг кийимларини ва синфхона ерини қизартириб юборди. Синхонадаги барча ўқувчилар ҳайрат ва таажубда эди. Шу чоғда хонага кириб келган муаллим Холидни қилган ишидан хабардор бўлди. Ва унга танбеҳ бериш мақсадидида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини мисол қилиб келтирди: ليس الشديد بالصرعة إنما الشديد الذي يملك نفسه عند الغضب “Кучли инсон рақибини мағлуб қилган киши эмас, балки ғазабланганда ғазабини енга олган кишидир”. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 546

Ҳамён

Бир бадхулқ савдогар бозор олдидан ўтиб кетаётиб ичида саккиз юз олтин бўлган ҳамёнини тушириб қўйди. У ҳар томонга зир югуриб қидирдию, бироқ ҳамёнини кўрган бирор кишини учратмади. Сўнг жарчи орқали кимки унинг ҳамёнини кўрган бўлса ва келтириб берса юз тилло беришини эълон қилди. Унинг ҳамёнини жуда ҳалол ва ростгўй бўлган Вали исмли косиб топиб олган эди. У бу топилмани эгаси топилгунга қадар сақлаб қўйишга қарор қилган эди. Косиб жарчининг эълонидан сўнг тўғри савдогарнинг олдига борди ва ҳамёнини қайтариб берди. Савдогар эса ўта бахил, ўзгаларнинг яхшилигини қадрламайдиган киши эди. У ичида пуллари топилганидан роса хурсанд бўлсада, буни билдирмади. Пулларни дарҳол санаб чиқди ва: ”Эй биродар, сен ҳамёнимдан ўзинга берилиши керак бўлган пулни олиб қўйибсан-ку”-, дея бечора косибга туҳмат қилди. Шунда косиб савдогарнинг ёқасидан тутиб шундай деди: “Менга қаранг хожам, мен камбағал бир одамман аммо асло бирор кишининг ҳаққига хиёнат қилмайман. Ўғри ва фирибгарликдан ҳазар қиламан. Сиз менга ваъда қилинган ўша пулингизни бермаслигингиз мумкин аммо мени ўғирликда айблай олмайсиз!” – деди. Юзсиз савдогар эса Валини айблашда давом этди. Шундан сўнг улар қозига мурожаат қилишди. Икки томонни эшитгач қози савдогар ёлғон гапираётгани ва жазога маҳкум эканлигини билди. Аммо у ўзининг жаҳли чиқаётганини билдирмасликка ҳаракат қилиб шундай деди: “Савдогар таъкидлашича, ҳамёндан юз олтин танга олинган, косиб эса ҳеч қандай пул олмаганини таъкидламоқда. Мен уларнинг иккисига ҳам ишонаман. Демак ушбу ҳамён савдогарга тегишли эмас ва бу эгаси топилгунга қадар шу ерда сақланади”,- деди. Бахил савдогар қилиб қўйган ишидан пушаймон бўлди. Аммо энди кеч эди. Бу ношукр савдогарнинг воқеаси бизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини эслатиб юборади: من لا يشكر الناس لا يشكر الله “Инсонларга шукр қилмайдиган киши Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 317

Кичик чўпоннинг қари қўйи

Макка водийсида қўй-сурувларни боқадиган кичик бир чўпон бола бор эди. Халқ уни Умму Абднинг ўғли деб чақирарди. Унинг асл исми эса Абдуллоҳ ибн Масъуд эди. Масъуд Маккадан бир пайғамбар чиққани тўғрисидаги хабарларни эшитарди. Аммо унинг ёши кичик бўлгани ва Маккадан анча узоқда яшагани учун бу хабарларни яхшилаб суриштирмасди. Қўйларини боқишдан бошқа иш билан машғул бўлишга ҳали кичиклик қиларди. Қўйларини ўтлатиб юрадиган кунларнинг бирида у томон келаётган икки кишини кўрди. Улар ёнига анча яқинлашгач, бу икки ҳайбатли кишининг чарчагани ва сувсаганини англади. Ҳар иккисининг ҳам томоғи қуриган, лаблари ёрилган эди. Салом бердилар ва : «Эй болакай, бизга чанқоғимизни қондириш ва теримизни совутиш учун сут соғиб бер», дедилар. Бола: «Иложим йўқ! Бу қўйлар меники эмас. Булар менга омонат!», деб жавоб берди. Меҳмонларга бу жавоб маъқул бўлди. Улардан бири «Ундай бўлса, менга сут бермайдиган қари бир қўйни келтир», деди. Бола яқинда турган қари бир қўйни кўрсатди. Меҳмон бўлса ўша қари қўйни олдига кетди. Бир нималар деб,  сут соға бошлади. Бола бўлса ичидан кулиб: «Ажабо қари қўйлар қачондан буён сут бермайдилар», деди. Бир оздан кейин қари қўйнинг елинлари ишиб сут оқа бошлади. Меҳмонларнинг ҳар иккалари ҳам сутдан ичдилар. Ва болага ҳам ичирдилар. Бола бўлса кўрганларига ишонмасди. У: «Озгина олдин айтган сўзларингизни менга ҳам ўргатинг», деди. Ҳанузгача у танимаган киши: «Сен яхши ўрганасан ва олим киши бўласан», деб жавоб берди. Албатта, у Киши севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айнан ўзлари эдилар. Ёнидаги инсон эса У зот солаллоҳу алайҳи васалламнинг қадрдон дўстлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу эди, албатта. Улар Макка мушрикларидан етган азиятлардан сиқилган ва бироз нафас олиш учун шаҳар ташқарисига чиққан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу кичик чўпонни учратганларидан мамнун эдилар. Бир оздан кейин бу бола, яъни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу мусулмон бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилиш учун изн сўради ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ёнларига олдилар. Шундай қилиб бу кичик чўпон бола қўй боқишни ташлаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хизматчи бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сен яхши ўрганасан ва олим киши бўласан», деган сўзлари эса ҳар бир айтган гаплари каби ҳақиқат бўлди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бутун саҳобалар ичида номи чиққан саҳобалардан бўлдилар… Турк тилидан Эркинжонова Нодира таржимаси Мухаррир: Мухаммад 556

Заҳар

Ҳусайн амаки шаҳардан қишлоққа қайтаётган эди. Унинг кайфияти аъло. Чунки, ўзи билан бозорга олиб борган молларини барчасини сотди. Йўлда эса эшагини ўтлатиш ва ўзи ҳам бироз мизғиб олиш мақсадида булоқ бошида тўхташга қарор қилди. Булоқнинг ёнгинасидаги дарахт соясида уйқуга кетишдан олдин қўлга киритган пуллари ҳақида ўйлади. Уларни ишончли жойга қўйиш керак эди.  Пуллари жойида эканлигини текшириб бўлгач, халтачасани қўйнига солдида уйқуга кетди. Бахтга қарши бу ҳолатни дарахтда бир қароқчи кузатиб турар эди. Инсонларга бахтсизлик келтириш эвазига яшайдиган бу қароқчининг кўзлари хурсандчиликдан ёниб кетди. Ҳусайн амакининг ухлаганига ишонч ҳосил қилган золим секингина дарахтдан сирғалиб тушди. Сўнгра чўнтагидан қамиш пояси ва заҳар солинган қутини чиқарди. Қамишнинг ғовак пояси ичига заҳарни солдида, аста уйқудаги Ҳусайн амакининг олдига яқинлашди. Мақсади уйқудаги кишининг ичига заҳарни пуфлаб ўлдириш ва пулларини ўзлаштириш эди. У энгашиб заҳарни пуфлашни бошлаган ҳам эдики, тўсатдан Ҳусайн амаки аксириб юборди. Қамишдаги заҳарнинг барчаси катта тезликда ярамас қароқчининг оғзига қайтиб кирди. Унинг ёмонлиги ўз бошига етди. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган ушбу ҳадислари нақадар ҳақиқат: “من ضارّ ضارّ الله به“ “Бошқаларга зарар берадиган кишига Аллоҳ ҳам зарар беради”. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 373

Камар

Нодир жуда ҳам одобсиз бола эди.  Ўзининг қўпол ишлари ҳамда сабабсиз жанжаллари билан укаларини ғашига тегарди. Нодирнинг бу хатти-ҳаракатлари онасини қаттиқ ранжитарди. Онаси унга: “Болажоним, ҳеч кимга озор берма, атрофдагиларга ёмон гапирма, дилларини оғритма”, – деб кўп насиҳат қиларди. У доим ўзини ҳақ ва айбсиз деб ҳисоблар ва шундай эканлигига онасини ишонтиришга ҳаракат қиларди. Қолаверса, ўзини мана шундай тутишга бошқалар сабаб бўлаётганини ҳам таъкидлар эди. Бир куни онаси Нодир билан бозор айланиб юрган вақтида унга: “Агар бугун ҳеч ким билан урушмасдан ақлли бола бўлиб юрсанг мана бу камарлардан ўзингга ёққанини олиб бераман”, – деди. Уйга қайтганларида бу гапдан Нодирнинг укалари ҳам хабардор бўлишди. Шу сабабдан кун давомида уни жаҳлини чиқаришга ҳаракат қилишарди. Аммо ҳарчанд уринсалар ҳам унинг жаҳлини чиқара олмадилар. Чунки у ўзини қўлга олиб бошқалар билан уришмасликка қатьий қарор қилган эди. Кеч бўлганда онаси: “Ўғлим, мана кун давомида сен биргина камарга эришиш учун ўзингни жуда яхши тутдинг. Лекин  аслида буни оддий нарсалар учун эмас, балки Аллоҳ таоло шундай бўлишини хоҳлагани ва У хулқи гўзал бандаларини яхши кўргани учун  қилишинг керак ” – деди. Қанийди Нодир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини билганида: (من ترك المراء و هو محقّ  بُني له في وسط الجنة) “Мен ўзи ҳақ бўлсада  тортишишни тарк қилган киши томондаман. Ваъда бераманки, ўзи ҳақ бўла туриб инсонлар билан тортишмаган кишига жаннатда бир қаср бино қилинади”. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 254
1 19 20 21 22 23 26