islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Фарзанд тарбияси

Бўлимлар

Тиш дориси

Яхши кийинган бир мусофир шаҳар яқинидаги ресторанлардан бирига кирди. Сўнгра ошхона хизматчисига  яхши тайёрланган бифштекс ва салат олиб келишини буюрди. Таомлар келтирилгач,  озгинасини оғзига солдию: “Воооой, яна тишим оғрияпти”,- дея бақириб юборди. Шу вақтда унинг олдига қўлига катта сумка кўтарган киши етиб келди-да сумкасидан бир кичкина шишача чиқарди. Шиша ичидаги суюқликдан пахтани намлаб: “Илтимос мана буни оғриган тишингизга қўйиб олинг” – дея унга узатди. Ҳалиги киши  унинг айтганини қилди. Бир оздан сўнг  қувончдан: “Ажойиб, ажойиб, мен ҳеч қандай оғриқни сезмаябман!”- дея бақирди. Унинг овозини эшитган атрофдаги одамларнинг аксарияти  ул иккисининг атрофини ўраб олишди.  Тез орада катта сумка кўтариб келган кишининг сумкасидаги дориларининг барчаси сотилиб кетди. Бир соатдан кейин тиши оғриган одам ва дори сотувчи  поезд бекатида учрашишди. Поезд келишини кутишаркан у иккиси бу шаҳарда қандай яхши фойда қилишганини айтиб, бир-бирини табриклашар эди. Худди шу вақтда уларни икки полиция ходимлари қўлга олишди. Гап шундаки, булардан сохта дори олиб тиш оғриғидан халос бўла олмаган киши дарҳол полицияга мурожаат қилган эди. Бу қаллоблар маҳкамага келтирилгач полиция комиссари улардан: “Сизлар қайси динга амал қиласизлар?” – дея сўради. У иккиси ердан бошларини кўтара олмасдан: “Алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз”, – дейишди. Полиция комиссари янада ғазабланди ва уларни жазолашга ҳукм чиқарди. Сўнг иккисига қарата сизлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:                                                    (من غش فليس منا) “Ким ёлғон гапирса бизлардан эмас!” деганларини эшитмаганмисизлар?”-деди. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 306

Жаннатдаги қўшни

Кунларнинг бирида бир подшоҳ халқ унинг бошқарувига қандай муносабатда эканлигини билиш мақсадида вазири билан шаҳар айлангани чиқди. Одамлар уни таниб қолмаслиги учун ташқи кўриниши ва кийимларини ўзгартириб олди. Бу вақтда қишнинг совуқ кунлари эди. Улар масжид ёнидан ўтиб кетаётганларида  совуқда қалтираб ўтирган икки бечораҳол кишига йўлиқишди. Уларнинг бошпанаси йўқ эди. Подшоҳ бу икки фақирнинг ўзаро суҳбатларини эшитиш учун  уларга яқинроқ борди. Улардан бири совуқдан шикоят қилиб шундай  ҳазил қилар эди: “Эртага жаннатга тушсам у ерга подшоҳимизни киритмайман!  Агар мабодо жаннатни эшикларига яқинлашаётганини кўрсам, мана шу оёқ кийимимни ечиб бошига отаман”. Иккинчиси ҳам қизиқиб: “Нега сен уни жаннатга киритмайсан?”, -деди. Шунда ҳалиги шериги  :” Албатта киритмайманда, биз бу ерда совуқдан эгилиб кетябмизку, у бўлса бизни ҳатто борлигимизни ҳам билмайди. Яна бирдан жаннатдаги қўшнимиз бўлиб қолса-я. Биласанми  дўстим, мен бундай бепарво киши жаннатда қўшним бўлишини хоҳламайман!”- дея жавоб берди. Улар иккиси бирдан кулиб юборишди. Бу  гапларни эшитган подшох вазирига қараб: “Бу иккисини эслаб қол!”- деди. Саройга қайтиб келганларидан кейин эса ўша икки камбағални келтириш учун масжидга одам юборди. Бу икки бечора қўрқув исканжасида саройда ўзларини нималар кутаётганидан хавотирда эдилар. Аммо уларни шароитлари жуда қулай бўлган бир уйга олиб келдилар ва: “Сизлар бу ерда истаганингизча еб-ичишингиз, яшашингиз мумкин  ҳамда подшоҳимизнинг ҳаққига дуо қиласизлар, аммо у кишининг жаннатга киришига қаршилик қилмайсизлар”-дейилди. Подшоҳнинг  тутган  йўли нақадар гўзал! Зеро Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шундай бечораҳол инсонларга ёрдам берганлар ҳақида бундай деганлар: (من نفس عن مؤمن كربة من كرب الدنيا نفس الله عنه  كربة من كرب الآخرة) “Кимки бир  мўминни бу дунёдаги   қийинчиликдан қутқарса, Аллоҳ таоло уни охиратдаги қийинчиликдан қутқаради”. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм  таржимаси. 703

Арвоҳ

Бир савдогар тун қоронғусида уйига қайтаётган эди.  Шу чоғда у йўл устидаги девор остида тунашга тайёргарлик кўраётган қора танли кекса бир отахонни кўриб қолди. Маълум бўлдики, қариянинг кўриниши болаларини қўрқитиб юборишидан ҳадиксираган маҳалла аҳли унга бошпана бермабди. Савдогар отахонни уйига таклиф қилди, иссиқ таом едирди, ётиши учун оппоқ чойшаблар солиб алоҳида хонага жой қилиб берди. Дераза олдида ётган қария туннинг қоқ ярмида тушунарсиз шовқин овозидан уйғониб кетди. Қарасаки, ойнинг хира нури остида  кўча томондаги дераза орқали икки ўғри уйга киришга уринмоқда. Улар савдогарни ўлдириб, пулларини ўғирлаб кетиш ниятида эди. Қора танли қария дарҳол оппоқ чойшабга ўралиб ўрнидан турди-да қўлларини кўтари6 “Ҳей, нима қиляпсизлар?!” – деб бақирди. Ўғрилар кутилмаганда гўёки оппоқ кафандаги  арвоҳни кўришгач қўрқувдан: “Онажооооон, бу ерда арвоҳлар бор!”- дея бор овози билан бақириб ойнадан чиқиб қочиб қолишга уринишди. Шу вақтда улардан бирининг оёғи синди, бошқасининг эса боши ёрилди. Ўғрилар ҳали қочиб кетишга улгурмасларидан шовқинни эшитган одамлар у ерга тўпландилар. Ва улар қўлга олинди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мусулмонларга қарата айтган сўзлари нақадар гўзал:                             ( إن الله في عون العبد ما دام العبد في عون أخيه) “Модомики киши биродарига ёрдам берар экан, Аллоҳ унга ёрдам беради”. Рус тилидан Оҳунжон Аҳмад ва Муаттар  Абдулқаюм таржимаси 332

Ғаддор

Ёз кунларининг бирида анҳор бўйида бир нечта болалар ўйнаб юрган эди. Уларнинг орасида Ғаффор исмли болакай ҳам бўлиб, у доим жониворларни қийноққа солиб юрганлиги боис болалар унга “ғаддор” (қаҳри қаттиқ, золим) дея лақаб қўйиб олишган эди. Ғаффор ҳар сафар янги-янги  қалтис ўйинларни ўйлаб топар эди. Ўзига таклиф қилинган одатий ўйинларни эса хушламас эди. Кунларнинг бирида Ғаддор ўзига ҳамфикр бўлган дўстлари билан четроққа ўтиб нималарнидир  келишиб олди. Сўнг улар болаларнинг олдига келиб, янги қизиқарли ўйин ўйлаб топганларини эълон қилишди. Болаларнинг барчасида қизиқиш пайдо бўлди. Ғаффор эса дўстлари билан бу маҳаллага яқинда кўчиб келган, сузишни билмайдиган Алининг ортидан бориб  тўсатдан уни даст кўтаришди-ю силтаб-силтаб сувга улоқтиришди. Қўрқув исканжасида қолган Али сув юзасида бир кўриниб бир ғоиб бўлиб типирчилар эди. Унинг жон талвасасида қилган бу ҳаракатлари Ғаффор ва унинг шерикларини  кулгисига сабаб бўлар эди холос. Шу аснода болалар орасида турган жасур болакай Исмоил дарҳол кийимларини ечиб ўзини сувга отди. Фақат угина Ғаффорга қарши харакат қила олар, бундай ноҳақликка жим қараб тура олмасди. Икки дақиқа ўтар-ўтмас Исмоил Алини қирғоққа олиб чиқди. Охирги сонияларда бу воқеага гувоҳ бўлиб қолган юзлари истарали бир киши Исмоилни олдига келиб уни бошини меҳр билан силади ва  шундай деди: “Болажоним, сен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларига амал қилдинг. Зеро у зот: (المسلم أخو المسلم لا يظلمه و لا يسلمه) “Мўмин мўминнинг биродаридир. У ўз биродарига зулм қилмайди. Шунингдек, уни золимнинг қўлида ҳам қолдирмайди”, – дея марҳамат қилганлар. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 414

Кўзгу

Кунлардан бир куни бош вазир бир неча аъёнлари билан бозор расталарини айлангани чиқди.  Айланиб юриш асносида у қул бозорига ҳам кириб кўришни хоҳлаб қолди. Бу бозорда озодлигидан маҳрум бўлган бечора қуллар сотилар эди. Вазир қулларни яхшилаб кўздан кечириш учун  уларга яқинроқ жойга борди. Шунда ёши улуғ қуллардан бири унга қарата: “Хожам, саллангизда доғ бор экан”, – деди. Вазир салласини ечиб қўлига олди. Кекса қул ҳак экан. Чиндан ҳам вазирнинг салласида доғ бор эди. Демак вазир кун давомида шу доғ билан юрган экану, ёнидагиларнинг бирортаси буни айтмабди. Вазир бундан қаттиқ ғазабланди.  Сўнгра  атрофидаги аъёнларига: “Сизлар шунча вақт мен билан бирга  бўлсангиз ҳам шу ҳолатда юришимга кўз юмдингизми? Салламдаги доғни кўра туриб сукут сақладингизми?!”- деди ранжиган ҳолатда. Ва яна гапида давом этиб: “Оддийгина бир қул мен учун ҳақиқий дўст бўлиб чиқишини тасаввур ҳам қилмагандим. Энди эса  дўстим қул бўлишига асло рози бўлмайман, дарҳол уни сотиб олинглар ва озод қилинглар!” – деди. Сўнгра вазир бу воқеа инсонларни ёдида сақланиб қолиши учун катта бир қоғозга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мўмин мўминнинг ойнасидир”, деган ҳадисларини ёзишга ва уни жамоат жойларига ўрнатиб қўйишга буюрди. Чиндан ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларига амал қилиш мўминлар учун нақадар  фойдали! (المؤمن مرآة المؤمن) “Мўмин мўминнинг кўзгусидир”. Рус  тилидан  Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таримаси 351
1 20 21 22 23 24 26