Яхши кийинган бир мусофир шаҳар яқинидаги ресторанлардан бирига кирди. Сўнгра ошхона хизматчисига яхши тайёрланган бифштекс ва салат олиб келишини буюрди. Таомлар келтирилгач, озгинасини оғзига солдию: “Воооой, яна тишим оғрияпти”,- дея бақириб юборди. Шу вақтда унинг олдига қўлига катта сумка кўтарган киши етиб келди-да сумкасидан бир кичкина шишача чиқарди. Шиша ичидаги суюқликдан пахтани намлаб: “Илтимос мана буни оғриган тишингизга қўйиб олинг” – дея унга узатди. Ҳалиги киши унинг айтганини қилди. Бир оздан сўнг қувончдан: “Ажойиб, ажойиб, мен ҳеч қандай оғриқни сезмаябман!”- дея бақирди. Унинг овозини эшитган атрофдаги одамларнинг аксарияти ул иккисининг атрофини ўраб олишди. Тез орада катта сумка кўтариб келган кишининг сумкасидаги дориларининг барчаси сотилиб кетди. Бир соатдан кейин тиши оғриган одам ва дори сотувчи поезд бекатида учрашишди. Поезд келишини кутишаркан у иккиси бу шаҳарда қандай яхши фойда қилишганини айтиб, бир-бирини табриклашар эди. Худди шу вақтда уларни икки полиция ходимлари қўлга олишди. Гап шундаки, булардан сохта дори олиб тиш оғриғидан халос бўла олмаган киши дарҳол полицияга мурожаат қилган эди. Бу қаллоблар маҳкамага келтирилгач полиция комиссари улардан: “Сизлар қайси динга амал қиласизлар?” – дея сўради. У иккиси ердан бошларини кўтара олмасдан: “Алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз”, – дейишди. Полиция комиссари янада ғазабланди ва уларни жазолашга ҳукм чиқарди. Сўнг иккисига қарата сизлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
(من غش فليس منا)
“Ким ёлғон гапирса бизлардан эмас!” деганларини эшитмаганмисизлар?”-деди.
Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси