islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрган анҳорлар

Анҳорлар ҳақидаги зикр Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳу Молик ибн Соъсоъа розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда келган. Унда: “(Жибрил) айтди: “Бу Сидротул Мунтаҳо”. Қарасам, тўртта анҳор бор экан. Иккитаси зоҳир ва иккитаси ботин. Шунда мен: “Бу нима эй Жибрил?”, – дедим. У: “иккита ботини жаннатдаги анҳорлар. Иккита зоҳири эса Нил ва Фурот”, – деди”[1], – дейилади.

Молик розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа ривоятда: “Унинг аслида (яъни Сидратул Мунтаҳонинг) тўртта анҳор бор”, – деб айтилган.

Шарик розияллоҳу анҳунинг ривоятида эса: “Дунё осмонида иккита анҳор бор экан, тинмай оқиб туришган эди. Ва: “Эй Жибрил, бу икки анҳор нима?”, – деб сўрадилар (Расулуллоҳ соллаллоу алайҳи васаллам). У: “Бу Нил ва Фурот, иккаласининг унсури (боши)”,  деди. Сўнг осмонда давом этдилар ва бошқа бир анҳор кўрдилар, унинг устида маржон ва забаржаддан бўлган қаср бор. Қўли билан урсалар, у ўткир ҳидли миск экан.
“Бу нима эй Жибрил?”, – дедилар. У:
“Роббингиз сиз учун яшириб қўйган Кавсар”, – деди….”.

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Саҳиҳи Муслим”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Жаннатдаги тўрт анҳор: Нил, Фурот, Сайҳон ва Жайҳон”, – деб айтилади. Бу эса Сидратул Мунтаҳо жаннатда экилганлигини эҳтимол қилади. Анҳорлар эса унинг остидан чиқади. Шунда у (Сидратул Мунтаҳо) жаннатда эканлиги саҳиҳ бўлади”[2], – дейдилар.

“Дунё осмонида иккита анҳор бор экан, тинмай оқиб туришган эди. Ва: “Эй Жибрил, бу икки анҳор нима?”, – деб сўрадилар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам). У: “Бу Нил ва Фурот, иккаласининг унсури (боши)”,  деди.

Ушбу ҳадисдаги “унсур” сўзи луғатда “асл”, бу ерда эса “иккаласининг жамланиш жойи”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сидротул Мунтаҳонинг олдида жаннатнинг икки анҳорлари билан яна иккита анҳор кўрдилар. Ва бу дунёда эса Сидратул Мунтаҳонинг остидан чиққан анҳорларни ёлғиз, жаннатнинг икки анҳорисиз кўрдилар. Бу ҳадисдаги  “унсур”лафзи билан дунё осмони билан ажралиб туришлари ирода қилинган. Шундай деб Ибн Диҳя раҳимаҳуллоҳ айтганлар.

Ибн Абу Ҳотим розияллоҳу анҳунинг ривоятларида эса қуйидагича айтилади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳи саломни кўрганларидан сўнг айтдилар: “Сўнг мени еттинчи осмоннинг устига олиб кетди то устида ёқут, забаржад ва маржондан бўлган чодирлар бор анҳорнинг олдига етиб тўхтади ва унинг устида яшил қуш бор. Мен кўрган энг чиройли қуш.
“Бу Аллоҳ сизга берган Кавсар”, – деди Жибрил. Қарасам, тилло ва кумуш идишлар ёқут ва зумрад тошлар устида унинг ичида сузаётган эди. Суви эса оқликда сутданда оқроқ. Айтдиларки:
“Унинг идишидан бирини олиб, у сувдан идишни ботириб олдим ва ичдим. Унинг таъми эса асалдан ширинроқ, ҳиди мискданда ёқимлироқ”, – дедилар”.

Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг ҳадисида эса:
“Унда оқаётган булоқ бор экан, уни “Салсабил” деб айтилади. Ундан иккита анҳор ажраб чиқади: бири “Кавсар”, иккинчиси “Раҳмат” анҳори деб номланади”.

Имом Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Мен айтаманки, бу икки анҳорни (Кавсар ва Раҳмат анҳорлари) шу бобдаги ҳадисда ўтган “иккита ботин анҳор” деб тафсир қилса бўлади. Муқотил раҳимаҳуллоҳдан ҳам шундай ривоят қилинган: “Икки ботин: Салсабил ва Кавсар”.

Имом Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Имом Муслим: “Сайҳон ва Жайҳон ва Нил ва Фурот барчаси жаннат анҳорларидандир” лафзи билан  ривоят қилган ҳадисга келадиган бўлсак, юқоридаги ҳадис бунга қарши келмайди. Чунки бундан мурод: “ерда тўртта анҳор бор, уларнинг асли жаннатдан”, дегани. Шунда Сайҳун ва Жайҳун Сидротул Мунтаҳонинг остидан отилиб чиқиши собит бўлмайди. Нил ва Фурот эса бу сифат билан улардан ажралиб туради. Лекин, бобимиз ҳадисида (яъни “Сайҳон ва Жайҳон ва Нил ва Фурот барчаси жаннат анҳорларидандир”) зикр қилинган икки ботин анҳорлар Сайҳун ва Жайҳундир. Валлоҳу аълам!”.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мана бу ҳадисга кўра Нил ва Фурот жаннатдан. Ва у иккалалари Сидротул Мунтаҳонинг остидан чиқади. Сўнг Аллоҳ хоҳлаган жойга оқишади. Сўнг эса ерга тушишади сўнг оқиб Нил ва Фурот дарёларидан чиқишади. Буни ақл инкор қилмайди. Чунки унга хабарнинг зоҳири гувоҳлик бермоқда. Бас, бунга суянилади.

Иёз раҳимаҳуллоҳнинг: “Ҳадис Сидратул Мунтаҳонинг асли ерда эканлигига далолат қилмоқда. Чунки “Нил  ва Фурот унинг остидан чиқади”, – деб айтдилар. Ўйлаб кўрилса, у иккаласи ердан чиқади, бундан Сидратул Мунтаҳонинг асли ҳам ерда бўлишини тақозо қилади”, – деган сўзларига келадиган бўлсак, ҳосил гап шуки, Сидратул Мунтаҳонинг асли жаннатда. У иккиси аввало Сидратул Мунтаҳонинг аслидан чиқишади, сўнг ерга ўрнашгунча оқишади, сўнг отилиб чиқишади. Ва бу ҳадис билан Нил ва Фуротларнинг асли жаннатдан отилиб чиққанлиги учун фазилатига далили қилиб келтирилди. Шунингдек Сайҳон ва Жайҳоннинг ҳам.

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Исро ҳадисида у иккаласини зикр қилинмаганлигини сабаби балки, улар ўзлари асл бўлмаганлиги, балки Нил ва Фуротдан ажраб чиққанликлари учундир. Бир қийлда бу анҳорларга “анҳор” лафзи ишлатилишини сабаби улар тотлилиги ва чиройлилиги ва баракасида жаннат анҳорларига ўхшаганликлари учундир”, – деб айтилган. Бироқ, биринчи фикр авлороқ[3]. Валлоҳу аълам!

Хулоса:

Юқоридаги трули фикрларни жамлаб, хулоса қиладиган бўлсак, Сидратул Мунтаҳонинг остидан 4 анҳор оқиб чиқади. Улар:

  1. Нил;
  2. Фурот;
  3. Сайҳон;
  4. Жайҳон.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатда “Салсабил” номли анҳорни кўрдилар. Ундан 2 анҳор:

  1. Кавсар
  2. Раҳмат анҳорлари оқиб чиқар эди.

2 ботин анҳорга келадиган бўлсак, улар Сайҳон ва Жайҳон анҳорларидир. Бизнинг юртимиздаги Сайҳун ва Жайҳун эмас. Имом Ибн Ҳажар Асақалоний раҳимаҳуллоҳ ҳам шундай деганлар. Чунки, бу ҳадис айтилган даврда ҳам Сайҳун ва Жаҳун анҳорлари мавжуд эди ва улар ўша даврда ҳам “Сайҳун ва Жайҳун” деб аталар эди.

Валлоҳу аълам!

Тошкент ислом институти талабаси
Бахтиёр Нажмиддинов

[1] Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳул Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий”, “Дорур-райён лит-турос”, Қоҳира, 1986.
[2] Аллома Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний. “Исро ва Меърож”, Қоҳира, “Дорул ҳарройн”, нашриёти, 2002.
[3]  Аҳмад ибн Абу Бакр Қуртубий. “Жомеъу аҳкамил Қуръон”, “Ал-Рисола” нашриёти, Байрут, Лубнон. 2006.

78630cookie-checkРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрган анҳорлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: