islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Фарзанд тарбияси

Бўлимлар

«Даволаса 7 кунда, даволамаса 3 кунда тузалади…»

Бугунги мавзуйимиз иситма! Охирги вақтларда дорихоналар кўпайиб кетганлиги жуда кўпчилик қатори мени ҳам ҳайрон қолдирмоқда. Ростдан ҳам, халқимиз дори билан даволашга жуда ҳам берилиб кетган, касалликни олдини олиш учун соғлом овқатланиш ва соғлом ҳаёт тарзига эътибор эса, жуда кам. Бу ҳақда Инша Аллоҳ, бошқа сафар гаплашамиз… Ҳозир таъкидлаб ўтмоқчи бўлган нарсам – биз танамизга ўз-ўзини даволаб, касалликларни енга олиши учун имкон беришимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Тийн сурасида «Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик», дея марҳамат қилган. Иситма бу – нафақат ОРВИ, балки барча инфекцион касалликларнинг кўрсаткичи (симптом) ҳисобланади. Тана ҳароратини кўтарилиши билан организм касалликни келтириб чиқарувчиларга қарши курашади. Касалликни келтириб чиқарувчи вирусларга қарши курашувчи моддалардан энг асосийси бу интерферон. Интерферон – вирусларни нейтраллаштира оладиган оқсил. Уни танада ишлаб чиқарилиши эса, тана ҳароратини ошиши билан узвий боғлиқ. Яъни тана ҳарорати ошганда у кўпроқ ишлаб чиқарилади. Тана ҳарорати ошишининг 2 3- кунларида унинг ишлаб чиқарилиши максимум даражага етади. Агар бу оқсил касалликни енгиш учун кам бўлса, ( бола нозик бўлганида, ёки ота-оналар иситмани «туширса») касалликни 3 кунда даволаниш имконияти йўқолади. Бу ҳолатда ёрдамга бошқа моддалар келади, лекин энди касалликни тузалиши озгина чўзилади, яъни касаллик бошланганининг 7 кунигача. Айтганча, бу кўпчиликни ўйлантирган бир саволга жавоб бўла олади. Одатда ота-онаси жуда ҳам ғамҳўр болалар узоқроқ касал бўлишади. Демак, кўп касалликлар, одатда, даволанмаса 3 кунда, даволанса 7 кунда соғаяр экан. Ҳар бир боланинг иситмага чидамлилиги ҳар ҳил. Баъзи болалар 39 даража иситма билан ҳам ўйнаб юрса, баъзилари эса 37,5 даража иссиқ билан ҳам ҳолдан тойиб қолади. Шу сабабли, ҳаммага умумий қилиб, тана ҳарорати неча даража иссиқ бўлганида дори бериш кераклиги ҳақида умумий маслаҳат бериш мумкин эмас. Тана ҳарорати кўтарилганда , танага ҳароратни тушириш учун имконият бериш керак: 1. Тана ҳарорат терлаганда пасаяди 2. Чиқарилаётган нафас ташқаридаги ҳавони иситганда пасаяди Демак, иситмалаётганда жуда кўп суюқлик ичиш ва хона ҳароратини салқинроқ, 16-18 даражада сақлаш жуда ҳам муҳим. Эътибор беринг! Иситмалаётган бола танасини ташқи тарафдан совитишга ҳаракат қилиш нотўғри (масалан, совуқ нарсалар болани “растирание” қилиш. Бу ҳолатда қон айланиши секинлашиб, терлаш камаяди. Тана ташқи ҳарорати пасаяди, лекин ички аъзолар ҳарорати кўтарилади. Иситмани зудлик билан тушириш керак бўлган ҳолатларда таблетка, сироп, свечалардан фойдаланган маъқул. Иситмани зудлик билан тушириш шартлигига 3 та сабаб бўлиши мумкин: 1. Иситмага чидамсизлик; 2. Касалликни нерв системаси билан боғлиқлиги ( халқ тилида буни судирги дейди) 3. Тана ҳароратининг 39 даража ва ундан юқори эканлиги; Демак, қўшимча даволовчи дориларни таъсирини камайтирмаслик ва организмни касаллик билан курашишига ёрдам бериш учун жуда кўп суюқлик ҳамда салқин хона ҳарорати зарур экан. Илоҳим, фарзандларимиз соғлом ва иммунитети кучли бўлиб улғайсин! П.С. Маслаҳатлар Доктор Комаровский маслаҳатлари асосида тайёрланди Манбаа: http://Muslima ona kundaligi 449

Болаларга исроф қилмасликни ўргатамиз!

Фарзандингиз сиз олиб берган нарсаларни қадрига етмаса, исроф қилаётган бўлса, албатта бу борада нимадир қилишингиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма! Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир.“ (Исро сураси, 26-27 оятлар). Болалар кичиклигидан пул ҳақида тушунчалари бўлмаслиги керак, ҳали эрта деб ўйламанг. Уларни иқтисодий муносабатлардан узоқ сақлашга ҳаракат қилманг. Пул ва кундалик ҳаётимиздаги ҳар бир моддий нарсалар – энг биринчи навбатда инсон ақлий ва жисмоний меҳнатининг самараси эканлигини тушунтиринг. Исроф қилмасликни ўргатиш узоқ ва қийин, шунинг учун имкон борича бу тарбияни эрта бошлаганимиз маъқул. Баъзи ота-оналар болалари кўнгли тусаган ҳамма нарсани олиб беради, натижада болалар уни қадрига етмайди. Улар на ўзларининг, на бошқаларнинг нарсаларини эҳтиёт қилишади. Болаларни тежамкорликка ўргатишнинг бир қанча усуллари бор: 1. Болаларга ўз нарсаларига ўзлари ғамхўрлик қилишини вазифа қилиб беринг. Ўйинчоқлари ва китобларини йиғиштириш, нарсаларини тахтлаш, жойлаштириш уларнинг ўз вазифаси бўла қолсин. Ҳар бир боланинг ёшидан келиб чиққан ҳолатда оилада ўз вазифаси бўлиши керак: 2 ёшли боланинг 2 ёшли болага мос, 10 ёш боланинг 10 ёшга мос вазифалари бўлсин. 2. Болалар ниманидир синдириб қўйса, бу воқеа сизни маҳзун қилганини кўрсатинг. У нарсанинг қийматига нималар олиш мумкинлигини мисол қилинг.( Аввалдан огоҳлантирмаган бўлсангиз, бехосдан қилинган хато учун болани жазолашингиз нотўғри) 3. Болаларга ортиқча кўп ўйинчоқ, кийимлар олиб берманг, бу ҳолатда бола учун нарсаларнинг қадри йўқолади. 4. Катта фарзандларингиз, айниқса ўғил болалар, оила бюджетини режалаштиришда иштирок этсин. 5. Нарсалар харид қилишга болаларни биргаликда олиб боринг, қайси маҳсулотни нима учун олиш керак, қайси бирини олиш керак эмас, уларга тушунтиринг. Каттароқ ёшдаги болага бозорлик қилишни топшириш ҳам мумкин (Лекин бошида баъзи бир хатоларга тайёр бўлинг.) 6. Ўзингиз ҳам тежамкорликда намуна бўлинг. Ҳаттоки, сизни мулкингиз бўлмаган нарсаларни ҳам авайлашингизни кўрган бола, албатта сиздан тежамкорликни ўрганади. (Кераксиз жойда лампочкаларни ўчиринг, сувни исроф қилманг, кийимлар ва овқат борасида ҳам тежамкор бўлинг) Аллоҳ берган неъматларни қадрлаб, эҳтиёт қилиб ишлатиш, бу иймонимизнинг яна бир бўлагидир. Бундай тарбия йўлида Аллоҳ бизга мададкор бўлсин. Манбаа:http://muslima ona kundaligi 234

Фарзандларимиз нима учун ёлғон гапиради?

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди.  Киши рост гапиришда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у «сиддиқ» (фақат рост сўзловчи) деб ёзилади.Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у «каззоб» (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар. Имом Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти. Ростгўйлик – мусулмон киши учун нақадар муҳим эканини биламиз. Шунинг учун ҳам фарзандларимизнинг ёлғон гапириши бизни хавотирга солади. Болаларнинг ёлғонини тузатиш учун биринчи навбатда, уларни нима мақсадда ёки нима сабабли ёлғон гапираётганини тушуниб олишимиз керак. Бу тушунчалар, кичкина болаларимизнинг ёлғон гапириши олдини олишимиз учун ҳам ёрдам беради, инша Аллоҳ. 1. Болалар ёлғонининг энг асосий сабабларидан бири – ота-онанинг ёлғонга жиддий қарамаслигидир. Болаларимиз олдимизда эканлигида бошқаларга «Мени уйда йўқ деб қўй», «Ҳозир мазам бўлмаяпти, узр, боролмайман!», ”Мен йўлдаман”, дейишимиз ёки «Мени умуман пулим йўқ, ғалва қилма!» каби ўзимиз учун аҳамиятсиз туюлган ёлғонларимиз билан болалар миясига аста секинлик билан ёлғон гапириш оддий ҳол эканлигини “сингдириб борамиз!“ 2. Болалар қўрққани учун. Жуда ҳам қаттиққўл ота-оналар фарзандлари жазоланмаслик учун, билиб ёки билмасдан қилган айбларини ёлғон билан яширади. 3. Баъзида эса ота-онасининг ҳафсаласини пир қилмаслик учун. Агар ота-онанинг боладан кутгани жуда кўп бўлса, лекин бола улар ҳохлаганча қобилиятли бўлмаса, ота онасини хафа қилмаслик учун баҳолари, бўлган воқеалар ҳақида ота-онасига ёлғон гапиришга мажбур бўлади. 4. Дўстини ҳимоя қилиш учун. Бу, айниқса ўғил болалар орасида кўп тарқалган синдром. Болалар бир-бирларини ҳимоя қилиш учун ҳақиқатни яширади. 5. Мақтаниш учун. Бундай ёлғон кичкина болалар ўртасида кўпроқ бўлади. Улар дўстлари орасида обрў топиш учун шундай қилишади. Бундай ёлғонлар одатда бойлик ва куч ҳақида бўлади. «Менинг дадамни 2 та машинаси бор!» «Менинг дадам жуда кучли!» каби. 6. Мақсадларига тезроқ эришиш учун. Масалан, «Овқатингни еб бўлсанг, сенга ширинлик бераман», ёки «Дарсингни қилиб бўлсанг, ўйнагани чиқишинг мумкин», деган шартлар қўйганимизда болалар тезроқ ширинлик ейиш ёки ўйнагани чиқиш учун бизни алдашга ҳаракат қилишади. Яна шуни эслатиб ўтиш керакки, бола 4-5 ёшидан бошлаб тушуниб ёлғон гапиради, ундан аввалгиси, шунчаки кимларгадир тақлид бўлиши мумкин. Ёлғон билан қандай курашиш кераклиги ёки уни олдини олиш ҳақида, инша Аллоҳ эртага гаплашамиз. Ҳозирча эса, эслаб қолишимиз керак бўлган асосий қоида: «Болалар ёлғон гапирганда – жаҳл билан, агрессив ҳаракат қилишга шошилманг, аввало ёлғоннинг сабабларини аниқлашга ҳаракат қилиб кўринг». Манбаа: http://muslima ona kundaligi  420

Яхшиликка далолат қилувчи

Совуқ қиш кунларидан бири. Исо мактабга кетаётган эди. У йўл четида юриб бораётган фақир бир болани кўриб қолди. Боланинг устки кийимлари юпун эди. Оёқ кийими ҳам жуда эски бўлиб, улардан сув ўтиб кетаётгани яққол билиниб турар эди. Исонинг қалби ларзага келди. Дарвоқе, уларнинг оиласи ҳам гарчи бирор нарсага зориқмасдан яшасалар-да ўзига тўқ хонадонлардан ҳисобланмас эди. Исо болакайни қаёққа кетаётганини билиш учун ортидан юрди. Қарасаки, болакай ҳам Исо кетаётган мактабга кириб кетди. Бироқ Исо аввал уни кўрганини эслай олмади. У дарс давомида бу болага қандай ёрдам бериш ҳақида кўп ўйлади аммо бир қарорга кела олмади. Агар ўзининг икки йилдан буён кияётган оёқ кийимини берадиган бўлса ўзи оёқ кийимсиз қолиши аниқ. Исо катта танаффус вақтида ўша йигитни қидириб топди ва суҳбатлашди. Улар дарҳол дўстлашиб олишди. Маьлум бўлишича, бир неча йиллар олдин бу болакайни отаси вафот этган экан. У онаси ва укалари билан яшар экан. Уларнинг оиласи бу ерга кўчиб келганига кўп бўлмабди. Исо ўзининг сумкасидан ширинлик чиқариб янги дўстини меҳмон қилди. Уйига келгач отасидан камбағалларга қандай ёрдам бериш мумкинлиги ҳақида сўради. Отаси Исога бу борада бир қанча маслаҳатларни берди. Эртаси куни дарслар ниҳояига етгач Исо камбағалларни қўллаб-қувватлайдиган марказга борди. У ердаги фонд ходимига дўстининг ҳолати ҳақида гапириб берди. Фонд ходими Исонинг гапларини ижобий қабул қилди ва ундан дўстининг манзилини ёзиб олди, сўнгра Исога: “Сен каби инсонларни Аллоҳ таоло ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўради. Зеро Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: (إنّ الدّالّ عَلَي الخَيْرِ كَفَاعلهِ (رواه الترمزي “Яхшиликка далолат қилувчи уни қилган киши кабидир” (Термизий ривояти) деганлар. Яьни ўзга бир инсонга яхшилик қилинишига сабабчи бўлган киши шу яхшиликни қилувчиси каби ажру ҳасанотларга сазовор бўлгай!” – деди. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 252

Қайтим

Бу воқеа муборак Рамазон кунларининг бирида бўлган эди. Ифторлик вақтига яқин қолганда Адҳам янги ёпилган нон сотиб олиш учун новвойхонага борди. Новвойхона олдида кўпгина инсонлар навбатда турар эди. Ифторлик вақти яқин қолганлиги боис навбатда турган инсонлар бетоқат бўлар, новвой ҳам имкон қадар тезроқ ишлашга  ҳаракат қилар эди. Албатта бир вақтнинг ўзида нонларни харидорларга узатиш ва уларнинг пулларини санаб олиш осон эмасди. Адҳамнинг навбати ифорликка жуда оз сониялар қолганида етиб келди. Чарчаб қолган сотувчи унга керагидан ортиқ қайтим бериб юборди. Адҳам иккиланиб бир қўлидаги пулларга бир сотувчига қараб туриб қолди. Новвой унга қараб: “Тинчликми, ҳаммаси жойидами, болакай?” – деди. Адҳам эса: “Ҳаммаси яхши”-деди-да, пулларни кўтарганча уйига югуриб кетди. Кечки овқат вақтида у бир оз ўйчан кўринар эди. Кечқурун ўз жойига ётганида унинг безовталиги янада ортди. Гўёки кимдир  ғойибдан унга: “Сен нега бундай йўл тутдинг? Нега бировнинг ҳаққига хиёнат қилдинг?”- дегандек бўлаверар эди. Адҳам бўлиб ўтган воқеаларни ҳаммасини онасига айтиб беришга қарор қилди-ю аммо дарҳол бу фикридан қайтди. Онаси бу иши сабабли қаттиқ уришишидан ва уялтиришидан қўрқди. Туни билан босинқираб ғалати тушлар кўриб уйғонган Адҳамни сахарлик вақтида ҳам безовталик  тарк этмаган эди. Кундузи  унинг кўзи деворда илиниб  турган тақвимга тушди. Тақвимга яқинроқ борганида унинг очиқ саҳифасида ёзилган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини ўқиди: “الإثم ما حاك في صدرك و كرهت أن يطلع عليه  الناس” (رواه مسلم) “Гуноҳ бу –  қалбингни қийнаган ва сен бошқалар уни билиб қолишидан қўрқадиган амалдир” (Муслим ривояти) Адҳамнинг юзлари қизариб кетди. Гўёки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисни айнан у учун айтгандек эди. У тўғри новвойхонага борди. Сўнгра  новвойдан узр сўраб ўзига тегишли бўлмаган пулларни қайтариб берди. Адҳам нақадар тўғри иш қилди ва ўзини гуноҳдан сақлаб қолди! Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм  таржимаси   472
1 17 18 19 20 21 26