“Гул очган атиргул буталари очиқ дераза оша уй томон мўралади. Кай ва Герданинг стуллари бор эди, улар бир-бирларининг қўлларини ушлаганча стулларида ўтиришарди. Қор маликасининг совуқ ва ҳашаматли саройи уларнинг ёдларидан қўрқинчли туш каби унутилган эди”. Ҳ.К.Андерсен, “Қор маликаси” Ҳар йили машҳур ҳикоянавис адиб Ҳанс Кристиан Андерсеннинг туғилган куни – 2 апрелда Халқаро болалар китоби куни дунё бўйлаб нишонланади. Ушбу байрам 1967 йилда Ёшлар китоблари халқаро кенгаши (IBBY) ташаббуси ва қарори билан жорий этилган. Кенгаш ушбу кун орқали болаларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини яхшилаш, янги авлод маънавий ва интеллектуал қиёфасини шакллантиришда болалар китобининг ролини оширишни тарғиб қилади. Шунингдек, байрамнинг мақсадларидан бири болалар адабиёти, китоб санъати ва маданиятини ривожлантириш ҳамда болалар китобхонлиги борасидаги мавжуд муаммоларга дунё ҳамжамияти эътиборини қаратишдан иборат. Айтиш керакки, болалар адабиётининг пайдо бўлиши ва ривожланиши нисбатан яқин ўтмишга эга. XVII асрнинг ўрталарига қадар болаларга эртаклар асосан оғзаки айтилган ва улар ота-оналар орқали етказилган. XVIII асрда болалар Д.Дефонинг “Робинзон Крузо” ва Ж.Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари” сингари машҳур асарлари билан танишдилар, шарқ эртаклари тўпламлари эса бу даврда ҳали машҳур эмас эди. XIX асрга келиб ака-ука Гримм ва Ҳанс Андерсенлар болаларга эртаклар тақдим қила бошладилар. Россияда ҳам болалар адабиётини ривожлантиришга катта эътибор берилди. XVIII-XIX асрларда болалар асарлари А.Пушкин, С.Аксаков, А.Шишков, А.Погорелский ва бошқалар томонидан яратилган. Кейинчалик биринчи болалар журналлари чиқа бошлади. Ҳозирги кунда болалар адабиёти алоҳида бадиий йўналиш ҳисобланади. Ҳар йили дунёнинг турли ҳудудларида жойлашган Ёшлар китоблари халқаро кенгашининг филиаллари ушбу ажойиб байрам – Халқаро болалар китоби кунини халқаро миқёсда нишонлаш бўйича ҳомийлик қилади. Ҳар йили байрам шиори эълон қилиниб, мезбон мамлакатнинг машҳур болалар ёзувчилари томонидан бутун дунё болаларига мактуб юборилиб тадбирга таклиф этилади. Шунингдек, таниқли рассомлар Халқаро болалар китоблари кунига бағишлаб кўргазмали плакат таёрлашади. Кейинчалик ушбу материаллар болалар адабиётини ривожлантириш ва китоб мутолаасини оммалаштириш тарғиботи ишларида фойдаланилади. Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Болалар китоблари куни фестивалида болалар ёзувчилари ва рассомлари ушбу адабий соҳадаги асосий мукофот – Ҳанс Кристиан Андерсен номидаги Халқаро мукофотга сазовор бўладилар. Андерсен олтин медали “Кичик Нобел мукофоти” ҳам деб аталади. Олтин медал болалар китоблари бўйича халқаро кенгашнинг навбатдаги конгрессида номзодларга топширилади, шунингдек болалар китобларининг дунё тилларига қилинган энг яхши таржималар учун ҳам фахрий ёрлиқ берилади. Болалар китоблари куни муносабати билан турли мамлакатларда энг яхши бадиий асарларга бағишланган кўргазмалар, танловлар, конференциялар ва фестиваллар ўтказилади. Тадбирларга замонавий болалар ёзувчилари ва шоирлари таклиф қилиниб болалар ва ўсмирлар билан мулоқот қиладилар ҳамда ушбу ҳафталик давомида асарлар мутолаа қилинади. 1 583
Фарзандга меҳр қўйиш, бу — фақат уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилишдан иборат эмас, балки ёшлик чоғидан бошлаб уни миллий тарбия, ахлоқ-одоб ва юксак маънавият асосида вояга етказишдир. Сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихида асосан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор берилса-да, яқин-яқингача бола ҳуқуқлари муаммоларига аҳамият берилмас эди. Фақат XX асрнинг биринчи ярмидан бошлаб мазкур масалада халқаро ҳужжатлар қабул қилина бошланган. Жумладан, 1923 йилда англиялик Эглантайн Жебб томонидан асос солинган “Болаларни қутқаринг” халқаро кенгаши, кейинчалик “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларация” (1959), “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” (1989) ва бошқа бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар фикримизнинг исботи бўла олади. Исломда эса инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларидан бошланади. Болалар ҳуқуқларига саккиз юз йил аввал Мовароуннаҳрда катта эътибор берилган. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича цивилизациялар тарихида жиззахлик фақиҳ Маждуддин ал-Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари мазкур йўналишдаги илк ҳуқуқий манба бўлган. Алломанинг тўлиқ номи Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Маждуддин ал-Уструшаний бўлиб, у XII асрнинг охири ва XIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалардан биридир. “Жомиъ аҳком ас-сиғор”нинг илк нашри 1982 йили ироқлик профессор Абдулҳамид Абдулхолиқ Байзалий ва иккинчи нашри 1994 йили Қоҳирада “ал-Азҳар” университети профессори Абу Мусъаб Бадрий ҳамда ўқитувчи Маҳмуд Абдурраҳмон Абдулмунъим томонидан амалга оширилган. Муфтий Усмонхон Алимов ва тарих фанлари номзоди Муслим Ризқихўжа ўғли Атаев “Жомиъ аҳком ас-сиғор”нинг Миср Араб Республикасида тайёрланган иккинчи нашрини Тошкентда сақланаётган бешта қўлёзма нусхалари билан ўзаро солиштириб, асарнинг араб тилидаги тузатилган ва тўлдирилган учинчи нашрини тайёрлаган. Асосан вояга етмаган ёш болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига бағишланган бу асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба бўлиб қолади. Мусулмон оламида Маждуддин ал-Уструшанийдан кейин болалар ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли фиқҳий асар деярли ёзилмади. Шу нуқтаи назардан қаралганда алломанинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари болаларнинг ҳуқуқлари хусусида ёзилган деярли ягона фиқҳий асардир. Аммо болаларга тааллуқли ҳадислар тўплами мавжуд бўлиб, у имом Шамсуддин Муҳаммад ибн Аби Бакр ибн ал-Қаййим ал-Жавзия (691-751/1292-1350 й.)нинг “Туҳфат ал-мавдуд би аҳком ал-мавлуд” асаридир. Бу асар 17 бобдан иборат бўлиб, унда бола сўрашнинг мустаҳаблиги, қиз болалардан ғазабланишнинг макруҳлиги, фарзанд хушхабарини етказиш, чақалоқ қулоғига азон ва иқомат айтиш, боланинг танглайини кўтариш, ақиқа ва унинг ҳукмлари ва у ҳақидаги ихтилофлар, бола сочини олиш ва соч оғирлигича садақа бериш, исм қўйиш вақти ва мажбурийлиги, болани хатна қилиш ва унинг ҳукмлари, қулоқ тешиш ҳукми, болаларнинг овқат ейиш одоблари, эмизикли боланинг сўлагига доир ҳукмлар, болаларни ўпиш, уларга одоб ва илм бериш, болаларни тарбиялашдаги бошқа фойдали масалаларни ўз ичига олган мухтасар асардир. “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асарида фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолда берилган болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғиб, тизимлаштирилган ва батартиб жамланган. Бу асар дунёга келиши учун Маждуддин ал-Уструшаний ҳанафий мазҳабининг ўз давригача яшаб, ижод этган 120 дан ортиқ фақиҳларининг фикрларини мужассам қилган. Шу жиҳатлари билан бу мукаммал асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба ҳисобланиши билан бир қаторда замонавий ҳуқуқшунослик учун ҳам тарихий аҳамият касб этади. Ислом ҳуқуқшунослиги асосида битилган ушбу асарда болалар ҳуқуқлари бўйича келиб чиқадиган муаммолар одилона ҳал қилиниб, ижтимоий ҳаётда болаларнинг хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқларининг дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб саволлар муҳокама...
Фарзанд тарбияси, унинг одоб-ахлоқ масаласи ҳар бир даврда доим эътиборга лойиқ муҳим мавзулардан бири ҳисобланади. Айниқса, ёш авлодга гўзал таълим-тарбия бериш, уларни яхши хислатларга ўргатиш, ҳалол ва ҳаромни ажратадиган ва инсофли қилиб тарбиялаш ота-она зиммасидаги энг муҳим ва масъулиятли бурчдир. Фарзанд – Аллоҳ таолонинг ота-онага берган буюк неъмати бўлиши билан биргаликда, уларнинг зиммасидаги муҳим масъулияти ҳамдир. Ота-оналар фарзандларини одобли, ахлоқли ва барча яхши хислатларни ўзида жамлаган этиб тарбиялашса, ўша буюк неъматнинг қадрига етган ҳамда зиммаларидаги муҳим масъулиятни бажарган бўладилар. Энг муҳими, жамиятга керакли, фойдаси тегадиган ва уни равнақ топишида ўз ҳиссасини қўшадиган фарзандларни ўстирган, тарбия қилган бўладилар. Муқаддас ислом динимизда бошқа мавзуларда бўлгани каби фарзанд тарбиясига оид ҳам тавсия ва кўрсатмалар бор. Чунончи, Қуръон карим ва Ҳадис шарифларда фарзандни чиройли тарбиялаш, унга гўзал одоб бериш ота-онанинг фарзандга берадиган энг яхши туҳфаси эканлиги таъкидланган. Ота-она фарзанди дунёга келганида оқ ювиб оқ тарайди, ҳеч кимдан кам бўлмасин деб кийинтиради, едириб-ичиради. Бу борада эртаю кеч тиним билмай меҳнат қилади. Аслида, гўзал одоб-ахлоқ фарзанд учун энг муҳим ва зарур озуқа эканлигини баъзи ота-оналар унитиб қўйишади. Натижада, фарзандини фақат едириб-ичириш, кийинтириш билан чекланиб қолишади. Бу эса фарзанднинг келажакда ноқобил бўлиб улғайишига сабаб бўлиб қолади. Одоб-ахлоқ, таълим-тарбия тўғрисида ватандошимиз, буюк муҳаддис Имом Абу Исо Термизий раҳматуллоҳи алайҳ “Сунан” асарида алоҳида одоб-ахлоқ номли боб очиб, унда гўзал одоб фарзанд учун энг керакли туҳфа эканлиги ҳақида қуйидаги ҳадис шарифни келтиради: “Айюб ибн Мусо отасидан, у киши бобосидан ривоят қилади, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ота фарзандига берадиган туҳфалари ичида энг афзали гўзал одобдир”. Ҳадис шарифда гўзал одоб, таълим-тарбия ота фарзандига қолдирадиган молу дунё, унга берадиган ҳадя ва туҳфалар ичида энг яхшиси ва афзали эканлиги таъкидланяпти. Зеро, фарзанд янги ниҳол кабидир. Уни қайси томонга эгилса, ўша томонга қараб ўсади. Яхши томонга эгилса, келажакда яхши инсон бўлиб вояга етади. Ёмон томонга эгилса, ёмон инсон бўлиб вояга етади. Шундай экан, фарзандларимизни қайси томонга қараб ўсаётганига эътибор берайлик. Энг яхши туҳфа – гўзал одоб ила фарзандларимизни тарбиялайлик! Ўзбекистон халқаро ислом академияси 2-босқич магистранти Х.Юсупов 466
Биз оналар болаларимизни ҳаммадан ҳимоя қилгимиз, бизнинг кўз қорачиғимизни хафа қилган бошқа боланими ёки баъзида ўқитувчиними таъзирини бериб қўйгимиз келади. Афсуски, бу аралашувимиз фарзандимизни жамиятдаги ўрнига, муаммоларни ўзи ҳал қилишига таъсир қилади. Мисол тариқасида бир воқеа айтиб бермоқчиман. 2-синф ўғлим мактабда иштонини ҳўллаб қўйибди. Табиийки, ўзини шарманда бўлган ҳис қилиб, жуда тушкун ҳолатда уйга кирди. Кириши биланоқ жуда қаттиқ йиғлаб юборди, ғурурли ўғлим бу уятга чидай олмаётган эди, унинг устига айбдор ҳам ўқитувчи экан. У дарс вақтида ҳожатга чиқишига рухсат бермаган ва бола танаффусгача сабр қилолмаган. Ҳар қандай онадек жуда ҳам жаҳлим чиқди, ўқитувчисини таъзирини бериб, мактабдан ҳайдатгим келарди. Лекин ўзимни босиб, ўқитувчисига қўнғироқ қилдим. Унинг жуда афсусда эканлигини, ўзини айбдор ҳис қилаётганини кўриб ҳеч нарса дея олмадим. Қаттиқ гапирганимдан фойда ҳам йўқ эди, унга кейинроқ алоқасига чиқишимни айтиб, гўшакни қўйдим. Ўтган ишни ўзгартира олмас эдим, лекин боламни ўзига ишончи ортиши учун нимадир қилишим керак эди. Мактабга бора олмаганим учун синфдошлари фикрига умуман таъсир қилолмасдим, унинг устига ўқитувчи билан муносабатим ёмонлашиши, уни фарзандимга муносабатини ёмонлаштирар эди. Шунинг учун ўқитувчи ёрдамидан фойдаланишга қарор қилдим. Ўқув йилининг охири бўлгани бизга қўл келди. Ўқитувчи фарзандим билан алоҳида хонада гаплашиб, айб ундан ўтганини айтди ва кейинги дарслар давомида ҳар бир ютуғини мақтаб, таъкидлаб турди. Алҳамдулиллаҳ, тез кунларда бўлган воқеа унутилди. Ўқитувчи мақтагани учун бошқа болалар ўғлимни яна ҳурмат қила бошлади. Фарзандимнинг ўзи эса, айб унда эмаслигини билиб, ўзини нокис ҳис қилмай қолди. Демак, фарзандимиз кўчада ёки мактабда одамлар билан муаммога учраса, баъзи нарсаларга эътибор бериб, шошилмасдан қарор чиқаришимиз керак экан. 1. Бу муаммога бизнинг аралашувимиз шартми? Баъзи ҳолларда болалар уришиб ярашиб ўйнайверади, аралашган ота-оналар эса душман бўлиб қолишади. Бошқа болалар билан урушиш-ярашиш табиий ҳол, болаларимиз шу билан жамиятда ўз ўрнини топади ва ўзини тутишни ўрганади. 2. Воқеани яхшилаб суриштириб, айбдор фарзандимиз бўлса, уни тан олишга ўргатишимиз керак. Меҳрингиз сабабли уни ҳимоя қилаверсангиз адолатли фарзанд тарбия қила олмай қоласиз. 3. Воқеадан фарзандимиз қандай азият чекди. Энди буни тўғрилаш учун нима қилишимиз кераклигини ўйлаб ҳаракат қилишимиз керак. Яъни ҳар бир ҳаракатимиз мақсадимизга йўналтирилган бўлсин. Юқоридаги воқеа каби баъзида айбдорларни жазоламасдан, улар ёрдамида муаммони ҳал қилишимиз ҳам мумкин. 4. Фарзандингиз ҳислари, муаммоларига бефарқ бўлманг. Бошқалар билан муаммоларига тўғридан тўғри аралашмасангиз ҳам, маслаҳатларингиз билан, ҳеч бўлмаса, меҳрингиз ва ишончингиз билан далда бўлишингиз мумкин. Унутманг, фарзандингиз кундан-кун улғайиб, ўз муаммоларини ҳал қилишга, жамиятнинг бошқа аъзолари билан муомала қилишга ўрганмоқда. Сиз эса доим унинг олдида бўлиб, ҳамма муаммоларини ҳал қилиб бера олмайсиз. Манбаа: http://muslima ona kundaligi 242
1. Доимийликнинг йўқлиги. Ота-оналарга «илҳом» келганда жуда ҳам талабчан бўлади, бошқа вақтларда эса қоидаларни, ота оналарнинг ўзлари ҳам унутиб қўйишади. Масалан, болалар баъзи хатолари учун қаттиқ жазоланади, баъзи хатоларига эътибор ҳам берилмайди. Баъзида намоз ўқишлик қаттиқ талаб қилинади, баъзида эса умуман огоҳлантирилмайди, ўқимаса ҳам эътибор берилмайди. 2. Оилада 2 ҳил қадрият хукм суради. Яъни, яхши одам қандай бўлиши кераклиги ҳақида ҳамма гапиради, лекин амалда ҳеч ким бу нарсаларни бажармайди. Масалан, ҳалоллик ҳақида гапирилади, лекин майда нарсаларда ҳалолликка эътибор берилмайди. 3. Оиладаги қоидалар катталар орасида келишиб олинмаган. Ота ёки она талаб қилган нарсани бобо ва бувилар боланинг олдида керак эмас дейди ва жазолашни ман қилади. (Қўявер, аҳир бу болаку; Бу сафар кечира қолинг ойижониси кабилар). Ёки она ман қилган нарсаларга отаси рухсат беради. 4. Болага ҳеч қандай чегаралар қўйилмайди. Болаларнинг талаб қилган ҳамма нарсалари, кўп ишлаб болага вақт ажрата олмаётган ота-она ёки бола меҳрини қозонмоқчи бўлган буваси томонидан сўзсиз олиб берилади. Ота оналар буваси олдида жазолашга ҳижолат бўлганидан ёки ғалвага тоқати йўқлигидан фарзандига ҳеч қандай чегара қўя олмайди. 5. Боланинг ҳар бир қадами назорат остида бўлади. Бола учун ҳамма қарорлар чиқарилади, қоидалар тушунтирилмай, шунчаки амал қилишга мажбурланади. Келажакдаги касби, қизиқишлари ота-онаси тарафидан танланади. Илтимос қилган нарсалари нега экани тушунтилмайди ҳамда шунчаки олиб берилмайди 6. Катталар камчиликлари болалар олдида муҳокама қилинади. Бизда буни кенг тарқалган кўриниши – оналар хатосини оталар ёки қайноналар болалар олдида гапиришидир. Натижада фарзанд тарбиячисининг гапларини жиддий қабул қилмайди ва фикрини ҳам ҳурмат қилмай қўяди. Манбаа: http://muslima ona kundaligi 527