Фарзанд тарбияси, унинг одоб-ахлоқ масаласи ҳар бир даврда доим эътиборга лойиқ муҳим мавзулардан бири ҳисобланади. Айниқса, ёш авлодга гўзал таълим-тарбия бериш, уларни яхши хислатларга ўргатиш, ҳалол ва ҳаромни ажратадиган ва инсофли қилиб тарбиялаш ота-она зиммасидаги энг муҳим ва масъулиятли бурчдир.
Фарзанд – Аллоҳ таолонинг ота-онага берган буюк неъмати бўлиши билан биргаликда, уларнинг зиммасидаги муҳим масъулияти ҳамдир. Ота-оналар фарзандларини одобли, ахлоқли ва барча яхши хислатларни ўзида жамлаган этиб тарбиялашса, ўша буюк неъматнинг қадрига етган ҳамда зиммаларидаги муҳим масъулиятни бажарган бўладилар. Энг муҳими, жамиятга керакли, фойдаси тегадиган ва уни равнақ топишида ўз ҳиссасини қўшадиган фарзандларни ўстирган, тарбия қилган бўладилар.
Муқаддас ислом динимизда бошқа мавзуларда бўлгани каби фарзанд тарбиясига оид ҳам тавсия ва кўрсатмалар бор. Чунончи, Қуръон карим ва Ҳадис шарифларда фарзандни чиройли тарбиялаш, унга гўзал одоб бериш ота-онанинг фарзандга берадиган энг яхши туҳфаси эканлиги таъкидланган. Ота-она фарзанди дунёга келганида оқ ювиб оқ тарайди, ҳеч кимдан кам бўлмасин деб кийинтиради, едириб-ичиради. Бу борада эртаю кеч тиним билмай меҳнат қилади. Аслида, гўзал одоб-ахлоқ фарзанд учун энг муҳим ва зарур озуқа эканлигини баъзи ота-оналар унитиб қўйишади. Натижада, фарзандини фақат едириб-ичириш, кийинтириш билан чекланиб қолишади. Бу эса фарзанднинг келажакда ноқобил бўлиб улғайишига сабаб бўлиб қолади.
Одоб-ахлоқ, таълим-тарбия тўғрисида ватандошимиз, буюк муҳаддис Имом Абу Исо Термизий раҳматуллоҳи алайҳ “Сунан” асарида алоҳида одоб-ахлоқ номли боб очиб, унда гўзал одоб фарзанд учун энг керакли туҳфа эканлиги ҳақида қуйидаги ҳадис шарифни келтиради:
“Айюб ибн Мусо отасидан, у киши бобосидан ривоят қилади, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ота фарзандига берадиган туҳфалари ичида энг афзали гўзал одобдир”.
Ҳадис шарифда гўзал одоб, таълим-тарбия ота фарзандига қолдирадиган молу дунё, унга берадиган ҳадя ва туҳфалар ичида энг яхшиси ва афзали эканлиги таъкидланяпти. Зеро, фарзанд янги ниҳол кабидир. Уни қайси томонга эгилса, ўша томонга қараб ўсади. Яхши томонга эгилса, келажакда яхши инсон бўлиб вояга етади. Ёмон томонга эгилса, ёмон инсон бўлиб вояга етади. Шундай экан, фарзандларимизни қайси томонга қараб ўсаётганига эътибор берайлик. Энг яхши туҳфа – гўзал одоб ила фарзандларимизни тарбиялайлик!
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
2-босқич магистранти Х.Юсупов