islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Гуноҳи кабира қилган инсоннинг диндан чиқиши масаласида мотуридия таълимоти уламоларининг қарашлари

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, гуноҳи кабиралар туфайли мўмин киши куфрга ҳукм қилинмайди. Гуноҳи кабиралар ва сағиралар ўртасидаги фарқ ҳақида Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳу ақоид” китобида қуйидагиларни ёзган: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо кабира ва сағира гуноҳларга шундай таъриф берган: “Ҳад[1] тайин қилинган ёки дўзах билан, ё лаънат айтилиши билан, ё ғазаб қилиниши билан таҳдид қилинган ҳар бир гуноҳ гуноҳи кабирадир. Дунёда ҳад тайин қилинмаган, охиратда қўрқитув билан огоҳлантириш берилмаган ҳар бир гуноҳ сағира гуноҳдир”.

Гуноҳи кабира содир этган кишининг ҳукми борасида Аҳли сунна вал-жамоа ва адашган фирқалар орасида қуйидагича фарқлар бўлган:

Хаворижлар: Гуноҳ туфайли мўмин киши иймондан чиқиб куфрга киради;

Мўътазилалар: Гуноҳи кабира туфайли мўмин киши иймондан чиқади, лекин куфрга кирмайди;

Муржиалар: Кофирга тоат наф бермагани каби, мўминга гуноҳ зарар бермайди;

Аҳли сунна вал жамоа: мўмин банда модомики ҳалол санамаса, гуноҳи кабира туфайли иймондан чиқмайди.

Аҳли сунна вал-жамоанинг мазкур масала тўғрисидаги қарашлари ҳақида “Ақидатут Таҳовий” китобида қуйидагилар ёзилган: “Қибламиз аҳлини модомики Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсани эътироф этар эканлар мўмин мусулмон деб атаймиз… банда иймондан ўзини унга киритган нарсани инкор қилиши билангина чиқади”.

Яъни, мусулмон киши икки шаҳодат калимасини талаффуз қилиб маъноларига эътиқод қилиш билан Исломга кирса, уларнинг маъноларини инкор қилиш билан исломдан чиқади.

Гуноҳи кабираларни содир этганлар қаттиқ гуноҳкор бўлсалар-да, лекин кофир саналмасликларига  оятларда ҳам, ҳадисларда ҳам  Аллоҳ амрига осий бўлган бандани мўмин деб аталгани энг катта далилдир:

“Эй иймон келтирганлар! Сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос (олиш) фарз қилинди”[2].

Бошқа бир оятда эса шундай дейилган:

“Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!”[3].   

Ушбу ояти карималарда катта гуноҳларни содир этган кимсалар мўмин деб аталган. Бу эса гуноҳи кабира сабабли мўмин кишининг диндан чиқиб кетмаслигини англатади. Қолаверса, гуноҳи кабира қилганлар диндан чиқиб кофир бўлганларида қасос олиш, ўғрининг қўлини кесиш, зинокорнинг турмуш қургани ё қурмаганига қараб маълум жазо бериш каби шаръий жазоларга ҳожат қолмасди. Балки уларга умумий қилиб  диндан чиқиб муртад бўлган кимсаларга бериладиган жазо жорий қилинган бўлар эди. Шу маънода мазкур шаръий жазолар тайин қилинганининг ўзи ҳам мўмин кишининг гуноҳ сабабли иймондан чиқиб кетмаслигига ёрқин далилдир.

Машҳур ватандошимиз Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур масала тўғрисида қуйидагиларни ёзган:

“Катта гуноҳлар мўмин бандани иймондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди. Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришни кечирмайди, ундан бошқа кичик ва катта гуноҳларни эса хоҳлаган кимсадан кечиради. Кичик гуноҳга жазо бериши ҳам, агар ҳалол ҳисоблашдан бўлмаса, катта гуноҳни афв қилиши ҳам мумкин. Ҳалол санаш куфрдир. Пайғамбарлар ва солиҳ бандаларнинг катта гуноҳ аҳллари тўғрисидаги шафоатлари кўплаб хабарлар билан собитдир. Гуноҳи кабира содир этган мўминлар дўзахда абадий қолдирилмайдилар”.

Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳу китаб ала алфози куфр” китобида қуйидагиларни ёзган: “Баъзи адашган фирқалар кишиларни шаҳодат калималарини айтаётган бўлсалар-да, Ислом арконларини адо этаётган бўлсалар-да кофирга чиқаришга уринганлар. Бошқа баъзи фирқалар эса юқоридагилардан мутлақо тескари йўл тутишиб, шаҳодат калималарини талаффуз қилганларни бирор ҳолатда ҳам куфрга чиқариб бўлмайди, деб ҳисоблашган. Аҳли сунна вал-жамоадагилар эса куфрга чиқаришни мутлақо инкор ҳам қилмайдилар ва ҳар бир гуноҳ туфайли куфрга ҳам ҳукм қилмайдилар, балки аҳли қибла тўғрисида доимо яхши фикрда бўлишга уринадилар”.

Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ “Зовъул маолий” асарида гуноҳ туфайли куфрга ҳукм қилмаслик тўғрисида қуйидаги ажойиб иқтибосни келтирган: “Инсонлар икки хил бўладилар:

  1. Мўмин одамлар;
  2. Кофир одамлар.

Кофир одамлар билиттифоқ  дўзахда бўлади. Мўмин одамларнинг ўзлари ҳам  икки қисмга бўлинади:

  1. Итоаткор одамлар;
  2. Осий одамлар.

Итоаткор одамлар билиттифоқ жаннатда бўладилар. Осий одамлар ҳам икки қисмга бўлинади:

  1. Тавба қилувчи одамлар;
  2. Тавбани тарк этган одамлар.

Тавба қилувчи одамлар билиттифоқ жаннатда бўладилар, тавбани тарк этган одамлар эса Аллоҳ таолонинг хоҳишида бўладилар”[4].

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Пардаев Абдулқодир

[1]Ҳад луғатда “тўсиш” маъносини англатади. Шунга кўра, икки нарса орасини тўсадиган ва уларни бир-бирига аралашиб кетишдан ҳимоя қилиб турадиган ҳар бир нарсага ҳад сўзи ишлатилади. Масалан, ҳовлининг чегараси уни ажратиб турганлиги учун “ҳовлининг ҳади”, дейилади. Шаръий истилоҳда, бандаларга зарар бўладиган турли фасод ишларнинг олдини олиш учун Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлиб, белгиланган жазо, ҳад дейилади. Ҳад ман қилинган иш содир бўлишдан аввал ундан тўсувчи бўлади, содир бўлгандан кейин эса унга қайтишнинг олдини олувчи ҳисобланади.
[2] Бақара сураси, 178-оят.
[3] Ҳужурот сураси, 9-оят.
[4]Мулла Али Қори. Зовъул маолий. – Истанбул: “Дор Саодат”, 1962.  – Б. 128.

104910cookie-checkГуноҳи кабира қилган инсоннинг диндан чиқиши масаласида мотуридия таълимоти уламоларининг қарашлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: