islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда мусулмон кишининг одоби

Ижтимоий тармоқларда ёмонлару ёмонликлар кўп эмас,
яхшиларнинг фаолияти кам.

Афоризм

Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлар, кўпчиликнинг, шу жумладан мусулмонлар ҳаётига ҳам чуқур кириб борди. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатадики, интернетдан фойдаланишнинг ижобий ва салбий томонлар мавжуд. Ижтимоий тармоқлардан нафақат ўзи ва бошқаларнинг манфаати йўлида, балки кимларгадир зарар етказиш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Шундай экан, гуноҳ қилиб қўймаслик учун мусулмонлар ушбу алоқа воситаларидан жуда эҳтиёткорлик билан фойдаланиши керак.

 Ижтимоий медиадан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар

  1. Хушхулқлик.

Мусулмон ҳамма жойда, шу жумладан виртуал маконда ҳам ўзини муносиб тутиши керак. Хусусан, бошқа одамларни ҳақорат қилишдан сақланиши лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Банда билиб-билмай бир сўзни айтади ва шу туфайли дўзахнинг мағриб билан машриқ орасидан ҳам чуқур жойига тушади” (Имом Аҳмад, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Шу билан бирга, агар кимдир сизни ҳақорат қилса, сиз ўзингизнинг адолат нуқтаи назарингизга асосланиб, худди шундай жавоб беришингиз шарт эмас. Ҳадисда айтилишича, мусулмоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш мумкин эмас (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

  1. Ёлғон ишлатмаслик.

Ёлғонлар шахсий ёзишмаларда ҳам, нашр (пост)ларга берилган шарҳларда ҳам тарқалиши мумкин. Қуръони каримда шундай дейилган:” … Ёлғон сўздан йироқ бўлинг” (Ҳаж, 30). Кўпинча, одамлар яхшиликни ният қилиб нотўғри маълумотларни тақдим этишга жазм қилишади. Яхшиликни ният қилиб ёлғон маълумотларни тарқатишнинг хафвли томони виртуал оламда турли дунёқарашдаги инсонлар бўлганлиги учун бундай ҳолатларни кўриб Исломда ёлғон ишлатиш мумкин экан деган тушунчага келиб қоладилар. Маълумки, ҳатто Иброҳим алайҳисалом ҳам ўз ҳаётида яхшиликни ният қилиб уч маротаба ёлғон ишлатишга мажбур бўлган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат уч нарсага: урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига (оилани сақлаб қолиш мақсадида) гапиришига рухсат берганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

  1. Ҳурмат.

Мўминлар бошқа одамларни ҳурмат қилишлари керак. Бу тўғридан-тўғри ёзишмалар пайтида ҳам, постларни нашр қилишда ҳам намоён бўлиши керак – уларда инсонларни, хоҳ у аёл бўлсин, эркак бўлсин, ҳоҳ у катта бўлсин, кичик бўлсин, таҳқирлаш мумкин эмас! Аллоҳнинг охирги Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким катталаримизни иззат, ҳурмат қилмаса, кичикларимизга раҳм қилмаса, уламоларимизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Мусулмон киши бошқаларга ҳурмат кўрсатар экан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларига амал қилаётган ва шу билан бирга оламларнинг Парвардигори буйруғини бажараётган бўлади.

  1. Тақиқланган маълумотлардан узоқ бўлиш.

Ижтимоий тармоқлардаги тақиқланган видео ва аудио файлларни томоша қилиш ва тинглашдан эҳтиёт бўлиш керак. Бунда биз, таркибида гуноҳ ва унга етакловчи маълумотларни ўз ичига олган видеолар ҳақида гапиряпмиз (фаҳш, қотилликка чақириқлари, терроризмни ёқлаш каби). Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёви Али ибн Абу Толибга: “Эй Али! Назарни назарга эргаштирма! Биринчи кўз тушиши зарарингга бўлмаслиги мумкин, аммо кейингиси, албатта, сенинг зараринггадир”, деганлар (Имом Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоят ривояти).

Интернетнинг фаол фойдаланувчиси бўлганимиз сабабли, биз кўпинча тақиқланган хабар ва маълумотларга кўп ҳолларда тасодифан ёки билмасдан дуч келиб қоламиз. Бундай ҳолда, бизнинг биринчи қарашимиз бехосдан бўлиши мумкин, бу гуноҳ сифатида таъриф этилмайди. Аммо, агар биз бундай саҳифани тарк қилмай ва тақиқланганларни кўриб чиқишни давом эттирсак – унда биз Қиёмат куни ушбу ишимизга жавоб берамиз.

  1. Ғийбатдан эҳтиёт бўлиш.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва тезкор хабар алмашиш (ВКонтакте, Одноклассники, Файсбук, Твиттер, Ватсап, Телеграм, Инстаграм) воситалари, афсуски, турли ғийбатларни тарқатишда асосий каналга айланди, уларнинг ишончлилиги эса шубҳали, яъни маълумот тўғрилигини аниқлашнинг имкони йўқ. Хусусан, уларнинг аксарияти таниқли шахслар тўғрисидаги суҳбатлар билан боғлиқ бўлиб, уларнинг атрофида кўплаб миш-мишлар айланиб юради. Мусулмонлар бу каби суҳбатларда иштирок этмасликлари керак, чунки бу гуноҳдир. Каломуллоҳда шундай дейилган: “Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар” (Ҳужурот, 12).

  1. Камтар бўлиш.

Мусулмон киши ҳар қандай жамоат ичида одамлардан ўзини устун ва ажратиб кўрсатишга уринмаслиги лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан такаббурлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин” (Муслим ривояти). Бунга асосланиб шуни айтиш керакки, мусулмонлар бошқаларга нисбатан кибр қилмаслиги шартдир. Сиз бошқалардан яхши томонингиз билан, фақат яхши ўрнак кўрсатиб ажралиб туришингиз мумкин. Бундан ташқари, сиз ўзингизнинг маълум афзалликларингиз ва бойликларингиз билан мақтана олмайсиз. Агар Аллоҳ бандасига дунёда бирон нарса берган бўлса, демак уни олиб қўйиши ҳам мумкин. Шунинг учун мусулмонлар берилган барча нарсалар учун оламларнинг Парвардигорига шукр қилиб, камтарликни изҳор қилишлари керак.

  1. Гуноҳларни ошкор қилишдан тийилиш.

Кўпгина интернет фойдаланувчилари ўзларининг саҳифалари орқали қилган гуноҳларини ошкор қилмоқдалар. Бунга тунги клубдаги фотосуратлар, одобсиз нарсалар ва бошқалар киради. Мусулмон одамнинг ёмонликларини бошқаларга хабар қилиши жоиз эмас. Ҳар биримизнинг гуноҳларимиз фақат ўзимизга ва Аллоҳга маълум бўлиши керак. Ҳадисларнинг бирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Умматимнинг мужоҳирларидан бошқа барчаси афв этилган. Мужоҳир киши тунда бир гуноҳ амал қилади ва Аллоҳ унинг гуноҳини беркитган бўлади. У эса тонг оттирганда: “Эй фалончи, кеча мен фалон ва фалон амалларни қилдим”, дейди. Ваҳоланки, Аллоҳ унинг гуноҳини беркитганда, у ўз гуноҳини ошкора қилди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Агар бир киши бошқанинг гуноҳини билса, уни ҳам сир тутиши керак. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мўминнинг айбини яширса Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мусулмонлар ижтимоий тармоқлар орқали ўзига ва бошқаларга қандай қилиб манфаат келтириши мумкин

Янги алоқа воситалари инсонларнинг, хусусан мусулмонларнинг кўплаб хайрли ишларни амалга оширишини сезиларли даражада осонлаштирди:

1) Билим олиш ва бошқаларга таълим бериш.  Ижтимоий тармоқлар сизнинг интеллектуал даражангизни ошириш учун, шунингдек, бошқаларга фойдали маълумотлар улашиш учун қулай муҳит ҳисобланади. Интернетда фойдаланувчилар кўплаб таълим порталларини, видео дарсликларни, Исломга оид мавзулардаги мақолалар ва нашрларни топишлари мумкин. Бундан ташқари, таниқли уламолар билан алоқа ўрнатиши ва интернетда билим олиши, китобларни, дарсликларни ўқиши ва юклаб олиши мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида шундай дейилган: “Илм олиш учун чиққан киши Аллоҳ йўлидадир” (Имом Термизий ривояти). Бироқ, айни пайтда интернет орқали таълим олишда жуда эҳтиёт бўлиш лозим. Глобал тармоқда кўплаб маълумотлар мавжуд бўлиб, улар  тизимланмагани сабабли ичида экстремистик манбалар бўлиши мумкин. Шунинг учун, таълим порталини танлашда сиз радикал гуруҳлар таъсирига тушмаслик учун жуда эҳтиёт бўлишингиз керак.

2) Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш. Ижтимоий тармоқлар орқали одамлар ўзларининг яқинлари ва қадрдонлари билан мулоқот қилишлари мумкин, бу Исломда жуда муҳимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бирида: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”, дейилган (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бугунги кунда кўпгина одамлар ўз қариндошларидан узоқда яшайдилар ва уларникига доим ҳам бора олмайдилар. Ижтимоий тармоқлар узоқ масофани осон “босиб ўтишингизга” ҳамда қариндошларингизни эшитиш ва ҳатто кўриш имкониятини беради, сийлаи раҳм қилишга ёрдам беради.

3) Бошқа мусулмонлар билан танишиш. Ижтимоий тармоқларда мусулмонлар ўз иймондошлари ва опа-сингиллари билан танишишлари мумкин. Улар билан алоқа ўрнатиб дўст тутинишлари ва билимларини баҳам кўришлари мумкин. Шунингдек, бу алоқалар ўз минтақаларидаги мусулмонларнинг яқинлашиши ва бирлигига ҳисса қўшади. Аллоҳнинг Китобида шундай дейилади: “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” (Оли Имрон, 103)

Шахсий фотосуратларни ижтимоий тармоқларга жойласа бўладими?

Мусулмонлар орасидаги баҳсли саволлардан бири, фотосуратларни ижтимоий тармоқ саҳифаларига жойлаштиришдир. Баъзилар, бу жоиз эмас дейишади, бошқалари эса бунинг ёмон томони йўқ деб ҳисоблайдилар. Адолат билан таъкидлаш керакки, Исломда бундай фотосуратларни жойлаштиришга қатъий тақиқ йўқ. Аммо бу расмлар, албатта, маълум талабларга жавоб бериши керак:

  • расмда одамнинг аврат жойлари очиқ бўлмаслиги лозим: Эркакларда киндикдан тиззагача бўлган жой ёпиқ бўлиши керак, аёлларда эса юз ва қўллардан ташқари бутун танаси ёпиқ бўлиши;
  • расмда тақиқланган, гуноҳга чорловчи нарсалар бўлмаслиги лозим: фотосуратларда масалан, алкогол, гиёҳванд моддалар, сигареталар бўлмаслиги;
  • норасида гўдак ва болакайларнинг суратларини жойламаслик тавсия этилади: чунки, уларга кўз тегиши мумкин.

Интернет маълумотлари асосида
“Ижтимоий фанлар” кафедраси
ўқитувчиси Т.Азимов

104880cookie-checkИжтимоий тармоқлардан фойдаланишда мусулмон кишининг одоби

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: