Қадим замонда йўлларда кўплаб қароқчилар одамларни тунар ва уларни асир қилиб қул бозорида сотар эдилар. Ана шундай кунларнинг бирида қароқчиларнинг қўлига ёши кекса, йўқсил бир отахон тушиб қолди. Қароқчилар бошлиғи унга: “Қул бозорида сотилиб кетишни истамасанг бизга юз танга топиб бер шунда сени озод қиламиз”- деди. Бечора отахон яқинларига мактуб ёзиб ҳолатни баён қилиб шундай деди: “Биламан сизларда мени озод қилиш учун пул йўқ. Мен бу мактубни ҳолимдан хабардор бўлишингиз учунгина ёзаябман”. Бу қариянинг қалби тоза ва жасур ўғли бор эди. Отасининг шундай аҳволга тушиб қолганини билгач, дарҳол йўлга отланди. Қароқчилар қароргоҳига келиб ўзини таништиргач уларга: “Жаноблар, мен сизлардан отамни гаров пулисиз озод қилиб юборинглар деб сўрамайман. Чунки биламан сизлар бундай қилмайсизлар. Отам кекса ёшли ва кучдан қолган. Уларни сотсангиз ҳам кўп фойда олмайсиз. Яхшиси, унинг ўрнига мени сотиб юборинглар. Шунда сизлар кўпроқ даромад қиласиз”- деди. Бундай таклиф қароқчиларга жуда ёқиб тушди. Улар маслаҳатлашиш учун вазиятни қароқчилар бошлиғига тушунтирдилар. Қароқчилар бошлиғи бу жасур ва олийжаноб йигит ҳақидаги ҳикояларни эшитгач ўз қулоқларига ишонмади ва йигитни ва унинг отасини ҳузурига келтиришни буюрди. У қариянинг ўғлига ҳайрат билан қараб: “Ҳа, ҳа, бу дунёда нақадар жасур ва мард фарзандлар бор а! Бизда инсонийлик ўлиб кетибдими арслоним?! Сенга отингни ҳадя қиламан!” – деди. Шундан сўнг кекса отахон ва унинг фидокор ўғли хурсанд ҳолда уйга қайтишди. Бу ҳикоя Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини ёдимизга солади: لا يجزي ولد والدا إلا أن يجده مملوكا فيشتريه فيعتقه “Ҳар бир фарзанд отаси олдидаги қарзини ҳеч қачон адо қила олмайди. Илло, уни қул ҳолатида сотиб олиб озод қилиб юборса бундан мустасно”. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 300
Кунларнинг бирида Али ва Оиша гилос мевасидан тўйиб ейиш учун дарахт устига чиқиб олишди. Али шохларнинг учида турган меваларга қараб интилар, юқоридаги гилослар унга гўёки яхшироқ пишгандек туюлар эди. Оиша бир неча бора уни огоҳлантириб шохлар борган сари ингичкалашиб кетаётганини, яқин атрофидаги гилослар ҳам яхши пишганини айтиб огоҳлантирди. Алининг кўзлари эса фақат юқоридаги меваларни кўраётгандек Оишанинг бирорта гапига парво қилмасдан кўтарилиб борар эди. У тўсатдан гилослари кўп бўлган шох билан бирга ерга қулади. Али дарахтнинг катта шохини шунингдек оёғини ҳам синдириб олди. Энди у бир неча ҳафта гипсланган оёқлари билан узоқдан гилос мевасини томоша қилиб ётишга мажбур эди. Алининг бу қилмишини очкўзлик деб аташ мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари инсонни ўйлашга чорлайди: لو كان لإبن آدم واديان من ذهب لأحب أن يكون له ثالث و لا يملأ فاه إلا التراب Одам боласида икки водий тўла олтин бўлса ҳам учинчисини хоҳлади. Унинг оғзини тупроқдан бошқа нарса тўлдира олмайди. (Термизий, Зуҳд 28) Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 381
Алихон яхши бола эди. Лекин дўстлари уни ҳамма билан тортишавергани сабабли яхши кўрмас эдилар. Куз кунларининг бирида кўл бўйида йиғилган болалар денгизлар ва кўллар ҳақида суҳбат бошлашди. Айтишардики, денгизлар чуқурроқ ва унинг суви ҳам кўлникига қараганда совуқроқ бўлади. Алихон эса доимгидек уларнинг гапини аксини таъкидлай бошлади. Болалар унинг табиатини билганлари сабабли баҳсга киришмадилар. Улар бир оз нарироққа кетишдида, сувга текис, силлиқ тошларни ирғита бошлашди. Тошлар худди какликлар сингари сувнинг мовий сатхида сакраб-сакраб кетар эди. Бу сафар Фаррух отган тошлар кўпроқ сакрар эди. У отган тошлар сув устида сирпаниб узоқ юргандан кейин кўздан ғоиб бўлар эди. Алихон ҳасад билан унга: “Қани сени тошларинг қандай экан кўрайликчи?” – деди. Фаррух кафтлари орасидаги тошларини кўрсатди. Аслида унинг тошларини бошқаларнинг тошидан ҳеч қандай фарқи йўқ эди. Муғомбир Алихон бирор баҳона топиш учун: “Мана! Сени тошларинг худди қоғоз сингари ингичка экан. Бундай тошларни ҳар қандай одам ҳам яхши ота олиши мумкин” – деди. Фарруҳ унинг ниятини фаҳмладида, шу ондаёқ: “Мени тошларимни ол, ўзингникини эса менга бер, ўшанда кўрасан!” – деди. Шундай қилдилар. Лекин натижа ўзгармади. Шу пайт автоҳалокат сабабли оқсоқланиб қолган Хайдар исмли бола Алихоннинг олдига келиб: “Бугун омадинг келмаябди”- деди. Омадсизлиги боис жаҳли чиқаётган Алихон қўполлик билан унга бақириб: “Сен нимани ҳам тушунар эдинг, чўлоқ!”- деди. Алихонни бу гапи болаларни ранжитди. Ҳамма уни ўзгаларга нисбатан одобсизлиги учун уялтира бошлади. Зеро, Алихоннинг қилган бу иши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларига мутлақо тўғри келмас эди. Шундай эмасми?! لا تمار أخاك و لا تمازحه Биродарингиз билан тортишманг ва уни мазаҳ қилманг! (Сунани Термизий, Бирр 58) Рус тилидан Оҳунжон Ахмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 233
Кунларнинг бирида Акмал исмли болакай дўстлари билан бирга беркинмачоқ ўйнаётган эди. Ўйин бошланган, болаларнинг барчаси беркиниш учун ҳар томонга тарқалиб кетишар эди. Акмал беркиниш учун йўл четидаги катта каштан дарахти ортидан жой топди. Шерикларини қидириб топиш вазифаси юклатилган болакай уни бу ердан топиб олиши қийин эди. Шу пайт оппоқ соқолли нотаниш бир киши каштан дарахти ортида беркиниб турган Акмални олдига келди ва: “Ўғлим, сендан бир манзилни сўрамоқчиман”,-деди. Акмал тезда ортига ўгирилди-да отахонга қараб кўрсатгич бармоқларини бурни устига қўйиб: “жим, жим!” – деди. Нима учун жим туриш кераклигини билмаган қария ҳайрат билан Акмалга эътироз билдириб деди: “Нега мен жим туришим керак ўғлим?! Сенга савол бердим, билсанг жавоб бер, билмасанг ўзинг жим бўл! Ҳақиқатдан ҳам, бу шаҳарлик болалар қандайдир ғалатида!” Болаларни қидириб топаётган бола кекса отахон дарахтнинг ортидаги ким биландир гаплашаётганини кўриб, дўстларидан бири ўша ерга яширинганини сезди ва оёқ учида юриб дарахт томонга яқинлаша бошлади. Бу вақтда тоқати тоқ бўлган қария ортига қайтиб кетишга чоғланди ва деди: “Афсус, бу болаларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларини ўргатишмаган экан: من هدى زقاقا كان له مثل عتق رقبة “Ким бир кишига йўл кўрсатиб юборса унга қул озод қилиш мислича савоб бўлади” (Термизий, Бирр 37). Акмал қариянинг бу гапларини эшитиб ўзидан уялиб кетди. Ўйинни ҳам унутди. Отахоннинг ёнига келиб қилган иши учун узр сўради ва уни қўлларидан тутиб керакли манзил томон етаклаб кета бошлади. Рус тилидан Оҳунжон Ахмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 266
Энг катта отамизни тупроқдан яратган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Эркак кишининг сулби ва аёл кишининг қорнидан зурриётлари бўлмиш инсонни яратган Роббимизга ҳамдлар бўлсин, У қариндошчиликни ҳам ибодатга боғлаб қўйди ва бизга илм олиш ва ҳақ йўлни кўра олиш неъматини берди. Ёшликда тўғри тарбия олишимизга муваффақ қилди ва ўсмирлик пайтида бизни бало-қазолардан сақлади. Бизга соғ ва соғлом зурриёт насиб қилди, уларнинг орқасидан келадиган савобга эришишни муяссар қилди. Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 40-41-оятида шундай зикр қилди: ﴿رَبِّ اجْعَلْنِي مُقِيمَ الصَّلَاةِ وَمِنْ ذُرِّيَّتِي رَبَّنَا وَتَقَبَّلْ دُعَاءِ ⎈ رَبَّنَا اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ يَوْمَ يَقُومُ الْحِسَابُ﴾ Сўнгра никоҳни шарафини ва фазлини, фарзандларни улуғ неъматлигини билдириб, бизларга Аллоҳ ўғил ва қиз фарзандлар берди. Аллоҳдан шу фарзандларимиз юзимизни ёруғ қилиши ва шу фарзандларимиз билан ҳайрли ниятларимиз амалга ошишини сўраймиз. Фарзандимизда илм олишда озгина дангасаликни, иккиланишликни, чалғишликни кўрсак шу мақолани фарзандларимизга ўқиб беришликни маслаҳат берамиз. Бу мақолада фарзандларимиз илмга изланишига янаям ундаб, уларни тўғри йўлдан юриши учун насиҳат қилаяпмиз. Биз биламизки, агар Аллоҳ кимнидир тўғри йўлга бошламоқчи бўлса, у инсон йўлдан адашмайди, ёки аксинча Аллоҳ қайси инсонни пешонасига нотўғри йўлни ёзиб қўйган бўлса, ҳечким уни тўғри йўлга сола олмайди. Лекин Аллоҳ таоло Ал-Аср сурасида: وَتَوَاصَوْا بِالْحَقِّ وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ﴾ ﴿ «Бир-бирингизни ҳақга чақиринглар ва сабрни бир-бирингизга улашинглар», ва Ал-Аълаа сурасида: ﴿فَذَكِّرْ إِن ٰ نَّفَعَتِ الذِّكْرَى﴾ «Агар эслатиш манфаъат берса, эслатинг». Шу оятларни шарҳи учун ушбу мақолани фарзандларимизга ёзишга қарор қилдик ва Улуғ Аллоҳ барча куч қувват эгасидир, Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин. Таржимон: “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Озода Махкамова 275