Кунларнинг бирида Акмал исмли болакай дўстлари билан бирга беркинмачоқ ўйнаётган эди. Ўйин бошланган, болаларнинг барчаси беркиниш учун ҳар томонга тарқалиб кетишар эди. Акмал беркиниш учун йўл четидаги катта каштан дарахти ортидан жой топди. Шерикларини қидириб топиш вазифаси юклатилган болакай уни бу ердан топиб олиши қийин эди. Шу пайт оппоқ соқолли нотаниш бир киши каштан дарахти ортида беркиниб турган Акмални олдига келди ва:
“Ўғлим, сендан бир манзилни сўрамоқчиман”,-деди. Акмал тезда ортига ўгирилди-да отахонга қараб кўрсатгич бармоқларини бурни устига қўйиб: “жим, жим!” – деди. Нима учун жим туриш кераклигини билмаган қария ҳайрат билан Акмалга эътироз билдириб деди: “Нега мен жим туришим керак ўғлим?! Сенга савол бердим, билсанг жавоб бер, билмасанг ўзинг жим бўл! Ҳақиқатдан ҳам, бу шаҳарлик болалар қандайдир ғалатида!”
Болаларни қидириб топаётган бола кекса отахон дарахтнинг ортидаги ким биландир гаплашаётганини кўриб, дўстларидан бири ўша ерга яширинганини сезди ва оёқ учида юриб дарахт томонга яқинлаша бошлади. Бу вақтда тоқати тоқ бўлган қария ортига қайтиб кетишга чоғланди ва деди:
“Афсус, бу болаларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларини ўргатишмаган экан:
من هدى زقاقا كان له مثل عتق رقبة
“Ким бир кишига йўл кўрсатиб юборса унга қул озод қилиш мислича савоб бўлади” (Термизий, Бирр 37).
Акмал қариянинг бу гапларини эшитиб ўзидан уялиб кетди. Ўйинни ҳам унутди. Отахоннинг ёнига келиб қилган иши учун узр сўради ва уни қўлларидан тутиб керакли манзил томон етаклаб кета бошлади.
Рус тилидан Оҳунжон Ахмад ва
Муаттар Абдулқаюм таржимаси