islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Фарзанд тарбияси

Бўлимлар

Болаларга бақириш

  Ҳаммамиз ҳам болаларимизга бақирамиз, баъзида сабаб билан, баъзида эса сабабсиз. Аслида, ҳохлаган нарсангизни сал баландроқ овозда, қатъий оҳангда талаб қилишнинг ёмон жойи йўқ. Лекин бақириш болаларни журъатсиз бўлиб қолишлари сабабларидан бири. Агар бақирувчи она бўлса, секин-секин хурмати тўкилади. Ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат ҳар сафар узоқлашиб бораверади. Бақиришимизга асосий сабаб – фарзандларимизга биз ҳохлаган нарсаларни қилдиришимиз ёки улар худди биз ҳохлагандек бўлишини исташимиздир. Ўзимиз нима сабабдан, қандай мақсадда бақиришимизни тушуниб олсак, бу иллат билан курашиш осонлашади. 1. Болаларни биз айтган ишни тез қилдириш учун. Агар бола сиз айтган ишларни қилмаса, сизга эътибор бермаса, демак ёки сиз етарлича талабчан эмассиз, ёки бола ҳаёли нималар биландир банд. Бу ҳолатда бақириш биз учун «қўрқитиш қуроли». Бир мултфилмда «ҳурмат қилиш учун қўрқитиш эмас , ҳурматга сазовор бўлиш керак» деган эди. Бизни ҳолатимизда эса айтилган ишни охиригача қилиниши талаб ва назорат қилсак талабчан бўлиш учун етарли. Болалар телефон, телевизор ёки китоб билан бандлигида иш буюриш ҳам бефойда. Аввал эътиборини ўзингизга тортишни унутманг, масалан телевизорни ўчиринг. Унутманг, сизни қўрқитиш учун бақиришингиз фарзандларингиз орасида ҳам тарқалиши мумкин, катталари кичкиналарига бақираётган бўлса, тезда ўзингиз устингизда ишланг. 2.Болалар биз хоҳламаган ишни қилиб қўйганда. Бу ҳолатдаги бақириш уларни ёлғон гапиришга мажбур қилиши ҳақида гаплашган эдик. Болалар хато қилиб ўрганишларини тушуниб қабул қилишимиз керак. Синган идиш, йиртилган кийим ёки портфель, йўқолган пул, буларни тақдир экан, деб қабул қилиб қўяверинг. Болаларнинг хатоларини эса бақирмасдан ҳам тушунтириш мумкин. 3. Оталар ёки оналар чарчаган ёки стресс ҳолида эканида. Унутманг яхши она бу- соғлом, асаблари жойида, дам олган онадир. Яхши оталар ҳам шундай. Шунинг учун ҳам вақтида овқатланиш ва дам олишингизга эътибор беринг, токи болаларингиз бундан азият чекишмасин. Ҳаётингиздаги муаммоларингизни эса Аллоҳга таваккал қилиб, хотиржам яшашни ўрганинг. Ҳамма нарсани билиб тушунган ҳолимизда ҳам одатларимизга ўзгартириш киритиш осон бўлмайди, жаҳл чиққанида ақл кетади. Фавқулодда ҳолатларда муносабат билдирмасликка ҳаракат қилинг.  ”Астағфируллоҳ” денг, юзингизни совуқ сувда ювинг. Ўзимизни босиш осон бўлмаса, ёки бақирмаслик ҳаёлимиздан кўтарилса, атрофдагилардан ёрдам сўраш мумкин. Уйимиздаги катта одамлардан ёки болаларнинг ўзидан ҳам сизга «астағфируллоҳ», дейишни эслатишини сўрашингиз мумкин. Бирданига бир кунда ҳамма нарса ўзгариб кетишини кутманг, ўзингизни ҳам айбламанг! Сабр ва қатъият билан жуда кўп нарсани ўзгартириш мумкин. Манбаа:http://muslima ona kundaligi 344

Болалар жаҳлимизни чиқарганда нима қилиш керак?

Фарзандларимиз ҳаётимизга маъно беради, уларсиз жуда кўп нарсалар маъносини йўқотади. Лекин улар баъзида шундай ишлар қиладики, жаҳлимиз чиқмасдан иложимиз йўқ. Болалар тайёрлаган «кутилмаган совға»лардан бирданига ҳам кулгимиз, ҳам йиғлагимиз келади. Жаҳлимиз чиққанида бақиришимиз ёки болаларни калтаклашимиз ҳам мумкин. Бу ишимиз нотўғри эканини ҳам жуда яхши биламиз. Ҳатто жуда босиқ одам ҳам, жаҳли чиққанида бошқа одамга айланади. Айниқса, фарзандларимизга жаҳлимизни «қўрқмасдан» кўрсатамиз. Афсуски ўйламасдан гапирилган гап ва берилган жазо ёмон асоратлар қолдириши мумкин. Жаҳл келганда ақл кетади. Унутманг, болаларимиз хатолари, таваккаллари билан дунёни ўрганишяпти. Сизни жаҳл қилишингиз ва уларни қўрқитишингиз болаларни қўрқоқ, беқарор қилиб қўйиши мумкин. Унинг устига, сизнинг ҳаракатларингиз бор ҳолатни ҳам ўзгартира олмайди. Бу борада бир қанча ҳадислар ҳам бор: Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетди, бўлмаса ёнбошласин», дедилар”. Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган. Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган. Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин», дедилар. Абу Довуд ривоят қилган. Бундан ташқари ўзимизда синовдан ўтган «тезкор» маслаҳатларни ёзиб қолдирсам: 1. 10 марта Астағфируллоҳ денг, агар тинчлана олмасангиз яна ҳам кўпроқ. 2. Фарзандингиз руҳан, жисмонан шаклланиб бўлмаганини ва шу хатолар орқали ривожланаётганини эсланг. 3. Мақсадингизни унутманг. Бўлар иш бўлди, эндиги мақсад болаларга қаерда қандай хато қилганини тушунтириш, жаҳл қилиб, бақириб фақат ҳурмат ва ишончни йўқотиб қўйишимиз мумкин. Энди эса, тинчланиб, фарзандингиз билан суҳбатлашиб, воқеани муҳокама қилинг ҳамда фарзандингизга бундай иш қилиш мумкин эмаслигини ёки нотўғри эканлигини тушунтиринг. Манбаа: http://Muslima ona kundaligi 369

СИЗГА ГАПИРИШДАН ҚЎРҚАМАН, ОНАЖОН!

Болаларимизга етказадиган энг катта зараримиз нима, биласизми? Уларга гапиришни тақиқлаш. Кўпчилик ота-оналар болаларининг кўп гапириши, кўп савол беришини «вайсақилик» дея тушуниб, бу одатга бетоқатлик қиладилар. Тан олишга мажбурмиз – бу «вайсақилик»ни ўзимиз пайдо қилдик. Агар бола «мияни қоқиб, қўлга бергудек» кўп гапираётган бўлса, бунинг сабаби оддий: унинг гапларини ҳеч ким етарли даражада тингламаяпти. Бола шўрлик бор-йўғи ўзини тинглашларини истаяпти, холос. Агар бола доимий равишда катталарнинг ишига аралашаётган бўлса, демак, у ўзига эътибор қаратишларини хоҳлайди. Демак, у билан етарли даражада мулоқот қилинмаяпти. Кун бўйи уйда – бола билан бирга эканимиз – у билан мулоқотга етарли вақт ажратаётганимизни билдирмайди. Бир кунда ҳеч бўлмаганда ярим соатгина бола билан бирга унинг расмли эртак китобларини варақлаб, ҳеч бўлмаганда биттагина эртакнинг моҳиятини тушунтириб берганимизда эди, боланинг мулоқотга бўлган эҳтиёжи қондириларди ва бу эътиборимиз билан боланинг хулқ-атворида пайдо бўла бошлаган вайсақиликнинг одатга айланиб кетишига монелик қилган бўлардик. Кун бўйи ишлаб чарчагач, бажарилмай қолиб кетган ишларимиз ҳақида қайғурамиз-у, бутун кун давомида кичкинтойимиз билан ярим соатгина мириқиб гаплашмаганимиз ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. * * * Бугун боғчада рўй берган қизиқ воқеани ота-оналарига айтиб бериш илинжидаги болакайлар бири олиб, бири қўйиб бидирлай бошлайдилар. Аммо ишдан чарчаб келиб, «энди оёғини узатган» ота ва севимли сериалини ўтказиб юборишни истамайдиган она томонидан совуққина ёки «бирпас жим турларинг» қабилидаги танбеҳлар билан қарши олинадилар. Болакайларнинг дами ичига тушиб кетади. Айни шу ўринда тарбиянинг қайсидир қисмига дарз кетганини кўпчилик ота-оналар англамайдилар. * * * Ҳар қандай мавжудот ўзаро мулоқотга эҳтиёж сезади. Бу эҳтиёж кичкина болаларда айниқса кучли бўлади. Кўп мулоқот қиладиган болалар йиғлоқи бўлишмайди, гапиришни тезроқ ва яхшироқ ўрганишади. Мулоқот ҳақида кўп гапириш мумкин, чунки у тарбиянинг барча жиҳатларига алоқадор. Лекин бугун биз асосий шартлар ҳақидагина гаплашамиз. ОДАТДАГИ АҲМОҚНИСОЛАР ВА СУҲБАТДАГИ «ХАВФ» Аксарият ўсмирларнинг ота-оналари қиладиган ҳасрат: — Гап гапирсанг, тўнғиллаб беради. Қовоғини солиб юради. Одамга ўхшаб гаплашмайди… Бу ҳасратга ҳамиша бир хил  (сийқаси чиққан) жавоб тайёр: — Тушуниш керак, улар ҳозир шунақа ёшда. Ўтиш даврида шундай бўлади… Психологлар ва педагоглар айни шу муаммо бўйича фикр билдириб, бундай муаммоларнинг келиб чиқишига ўсмирлар ва катталар ўртасидаги мулоқотнинг етарли даражада эмаслиги сабаб бўлади, дейдилар. Мен бундай ҳолларда нима қилиш кераклиги ҳақида тўғри йўналиш бера оладиган бирорта қўлланмани излаб тополмадим. Ташхис тўғри қўйилган, лекин муаммони ҳал қилишнинг самарали йўлини топиш ота-оналарнинг ўзига ҳавола қилинган. Менимча, бу муаммоларнинг сабабини илгарироқдан – ота-онанинг ёш болаларини тингламаслик одатидан ахтармоқ керак. Болалар ота ёки онасига ўзларини безовта қилаётган ҳолатлар, масалан, ўз қўрқувлари ҳақида гапириб бераётганларида, беихтиёр шу ёмон нарсалардан қутулишни ўйлайдилар. * * * Кичкинтой қоронғуда ухлашдан қўрқади. Онаси уни ўз билганича тинчлантирмоқчи бўлади: — Жинни-пиннимасмисан?! Одам ўз уйидаям қўрқадими? Тезда ётиб ухла, қўрқадиган ҳеч бало йўқ бу ерда!.. Бу «таскинлар» билан болакай ботир бўлиб қолмайди. Онасини яна жеркиб ташлашларидан безиллаб, дардини ичига ютади. Ҳатто катта бўлганида ҳам қоронғуликдан қўрқаверади. Чунки онаси унга: — Қўрққанингда, ёнингда мен борлигимни эслагин, болам. Сени тушунаман. Истасанг, чироқни ёқиб ухла. Мен ҳамиша ёнингдаман! – демади. * * * Тушунган бўлсангиз керак, боланинг гапларини етарлича тингламай, унинг ўзига хос ташвишларини англамай, у шўрликни ўзимиздан анча нарига итариб юбораётганимизни сезмай ҳам қоламиз. Ўсмирлик даврида «тўнғиллаб», ичимдагини топ, деб юрганлар...

БОЛАНГИЗНИ СЕРИАЛЛАРГА БОЙ БЕРМАНГ!

Телеэкранларимизда мунтазам айлантирилаётган, маиший мавзудаги турк сериалларининг ғўр ёшлар онгига сингдираётган «хулосалари»: 1. Агар ўзинг истамаган одам билан турмуш қурсанг, унга хиёнат қилишга ҳақлисан. 2. Севгилинг бошқасига турмушга чиқиб кетган бўлса, уларнинг оиласини бузишга ҳаққинг бор. 3. Ёшларнинг севгилиси бўлиши шарт. Ҳатто коллеж ёки лицей ёшида бўлса ҳам, севишиш ва ишқий муносабатларга киришиш мумкин. 4. Зўравонларнинг, жанжалкашларнинг, дўстларини чув туширадиганларнинг, ўз мақсади йўлида одам ўлдиришдан ҳам тоймайдиганларнинг, бировнинг хасмига кўз олайтирадиганларнинг ҳаётда ҳамиша ошиғи олчи (ва улар сериалларда ҳамиша қимматбаҳо кийимлар кийиб, ажабтовур автомобиллар ҳайдайдиган, кошоналарда яшайдиган, келишган, хушрўй одамлар тарзида гавдалантирилади). 5. Болалар ҳамиша ҳақдирлар ва уларга ота-она билан ҳар қандай масалада бемалол тортишиш, жанжаллашиш, яқинларига аччиқ қилиб уйдан чиқиб кетиш мумкин. 6. Синглисининг ёки қайинсинглисининг эри – почча билан севишиш, ҳатто ундан никоҳсиз бола туғиш мумкин. 7. Ўз қайноғасини севиб қолган аёлларни ҳам тушуниш керак. 8. Қизларнингбир нечта йигит билан навбатма-навбат «севишишлари» ва… ҳомиладор бўлиб, фарзанд кўргач, боланинг ҳақиқий отасини аниқлаштириш учун елиб-югуришлари табиий ҳол ва улар «жабрдийда». 9. Келинлар қайнонани ҳурмат қилмасликка ва ҳеч бир масалада у билан ҳисоблашмасликка ҳақлидирлар. 10. Бировларнинг оила ишларига бемалол аралашиш ва уларнинг шахсий муаммоларини омма муҳокамасига олиб чиқиш мумкин. 11. Ҳатто бир тийин пул топмайдиган, ҳаёт ва рўзғор ҳақида ҳеч нима тушунмайдиган ўсмир ёшида бўлсанг ҳам, севган қизинг ёки йигитинг билан қочиб кетиб, яширинча турмуш қуришинг; яқинларингнинг юзига бемалол оёқ босишинг мумкин. 12. Агар турмуш ўртоғингга кўнгилсиз бўлсанг, эски хушторларинг билан кўнгилхушлик қилишга ҳақлисан (бунга монеълик қиладиган одамлар сериалларда ғирт жоҳил – салбий образлар тарзида гавдалантирилади). Бу рўйхатни ҳали яна анча давом эттириш мумкин. Муҳтарам ота-оналар! Агар фарзандингиз айни хулосаларга келишини ва аслида ғараз мақсадларда ишланган сериаллар таъсирида ўз ҳаётини ўзи барбод этишини истамасангиз, уларнинг телеэкранлар орқали нималарни берилиб кўраётганига эътиборсиз бўлманг. Фаразандингиз тарбиясини дилбузарга топширманг. Манбаа: www.mspressa.uz 257

ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИ ОРТИҚЧА ЮМУШЛАР БИЛАН ҚИЙНАБ ҚЎЙМАНГ

Қиз фарзанд ҳотиржам оилада ўзини эркин ҳис қилади. Ўғил фарзандлар эса, меҳнатда янада очилади. Қиз болани ҳимоя остида катта қилиш муҳим ва кичкина маликалардай парваришлаш, қилган иши учун эмас, қиз бўлиб туғилгани учун мақташ керак. Ўғил фарзанд эса – натижага жавоб беради. Яъни бола ақлини таниши билан уни мардлиги, жасурлиги, полвонлигини таъкидлаб бирон бир юмуш, қўлидан келадиган даражада вазифа бериб шу ишни бажаргани учун кўкларга кўтариб мақташ керак. Айнан қилган иши учун!!! Қиз болани эса, бу дунёга келганини ўзи бахтлиги, унинг ўзи севги эканлигини айтиб мақташ керак. Чунки, агар қиз болани қилган иши учун мақтаб ўргатиб қўйсак, келажакда бундай қиз фарзандларда: “Aгар бирон бир юмуш билан ўзимни кўрсатсамгина, мени яхши кўрадилар. Бўлмаса, мени қабул қилишмайди, уларнинг севгисига арзимайман” деган ўй-ҳаёл онгостига ўрнашиб қолади. Бу эса турмуш қурган қизларимизда ҳаётларида қийинчиликларга сабаб бўлади. Ўғил болаларни албатта ёшлик пайтидан спорт билан чиниқтирган афзал. Чунки уларни шу йўл билан чиниқтириш, кучлилигини сезиши учун, ғалабага эришишни ўрганиши эркаклик сифатини оширади. Қиз болаларда сал бошқачароқ, спорт билан шуғуллангани яхши фақат шу спорт туридан завқ олса, мазза қилиб ҳузурланса бу бошқа гап, титул ёки ғалабага эришиш учун қилинган ҳаракат бу ўғил болаларга кўпроқ ҳос. Қиз болаларда эса, машғулотларда шуғулланиш, қийин ишларни бажариш жараёнида оғриққа, машаққатга ўрганиб қолиш натижасида – уларда кучли сабр шаклланади. Бу сифатлар эса эркакларники. Ҳар бир вазиятга чидаш, азобланиш, қачон ўзи ўзгаради дея кутиш… охир оқибат ҳамма юкни бўйнига олиши ҳам аёлларда шу ердан бошланади. Бу ерда гап қиз фарзандларимизни ортиқча оғирлик қиладиган ҳолатлардан асраб авайлаш ҳақида. Лекин, ёшлигидан айниқса, қизларимизга оғриқларга ҳам “Чида ўтиб кетади” деб уларнинг зиммасига тўғри келмайдиган ишлар билан ўраб қўйиш мумкин эмас. Оқибатда келажак учун қалби оғриганда ҳам чидашга мажбур, лекин айтишга тили бормайдиган аёлга айланиб қолиши мумкин… Ҳар бир фарзанд севгида яралган. Улар бизга Яратган томонидан берилган ҳадя. Шундай экан, уларнинг тақдирига бефарқ бўлмайлик. Ҳар бир ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик. Шунда Сиз ва сизнинг ёнингиздаги ИНСОНЛАР бахтли бўладилар. Психолог  Гавхар Абдурахмонова 294
1 16 17 18 19 20 26