Ҳаммамиз ҳам болаларимизга бақирамиз, баъзида сабаб билан, баъзида эса сабабсиз. Аслида, ҳохлаган нарсангизни сал баландроқ овозда, қатъий оҳангда талаб қилишнинг ёмон жойи йўқ. Лекин бақириш болаларни журъатсиз бўлиб қолишлари сабабларидан бири. Агар бақирувчи она бўлса, секин-секин хурмати тўкилади. Ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат ҳар сафар узоқлашиб бораверади.
Бақиришимизга асосий сабаб – фарзандларимизга биз ҳохлаган нарсаларни қилдиришимиз ёки улар худди биз ҳохлагандек бўлишини исташимиздир. Ўзимиз нима сабабдан, қандай мақсадда бақиришимизни тушуниб олсак, бу иллат билан курашиш осонлашади.
1. Болаларни биз айтган ишни тез қилдириш учун. Агар бола сиз айтган ишларни қилмаса, сизга эътибор бермаса, демак ёки сиз етарлича талабчан эмассиз, ёки бола ҳаёли нималар биландир банд. Бу ҳолатда бақириш биз учун «қўрқитиш қуроли». Бир мултфилмда «ҳурмат қилиш учун қўрқитиш эмас , ҳурматга сазовор бўлиш керак» деган эди. Бизни ҳолатимизда эса айтилган ишни охиригача қилиниши талаб ва назорат қилсак талабчан бўлиш учун етарли. Болалар телефон, телевизор ёки китоб билан бандлигида иш буюриш ҳам бефойда. Аввал эътиборини ўзингизга тортишни унутманг, масалан телевизорни ўчиринг. Унутманг, сизни қўрқитиш учун бақиришингиз фарзандларингиз орасида ҳам тарқалиши мумкин, катталари кичкиналарига бақираётган бўлса, тезда ўзингиз устингизда ишланг.
2.Болалар биз хоҳламаган ишни қилиб қўйганда. Бу ҳолатдаги бақириш уларни ёлғон гапиришга мажбур қилиши ҳақида гаплашган эдик. Болалар хато қилиб ўрганишларини тушуниб қабул қилишимиз керак. Синган идиш, йиртилган кийим ёки портфель, йўқолган пул, буларни тақдир экан, деб қабул қилиб қўяверинг. Болаларнинг хатоларини эса бақирмасдан ҳам тушунтириш мумкин.
3. Оталар ёки оналар чарчаган ёки стресс ҳолида эканида. Унутманг яхши она бу- соғлом, асаблари жойида, дам олган онадир. Яхши оталар ҳам шундай. Шунинг учун ҳам вақтида овқатланиш ва дам олишингизга эътибор беринг, токи болаларингиз бундан азият чекишмасин. Ҳаётингиздаги муаммоларингизни эса Аллоҳга таваккал қилиб, хотиржам яшашни ўрганинг.
Ҳамма нарсани билиб тушунган ҳолимизда ҳам одатларимизга ўзгартириш киритиш осон бўлмайди, жаҳл чиққанида ақл кетади. Фавқулодда ҳолатларда муносабат билдирмасликка ҳаракат қилинг. ”Астағфируллоҳ” денг, юзингизни совуқ сувда ювинг. Ўзимизни босиш осон бўлмаса, ёки бақирмаслик ҳаёлимиздан кўтарилса, атрофдагилардан ёрдам сўраш мумкин. Уйимиздаги катта одамлардан ёки болаларнинг ўзидан ҳам сизга «астағфируллоҳ», дейишни эслатишини сўрашингиз мумкин.
Бирданига бир кунда ҳамма нарса ўзгариб кетишини кутманг, ўзингизни ҳам айбламанг! Сабр ва қатъият билан жуда кўп нарсани ўзгартириш мумкин.
Манбаа:http://muslima ona kundaligi