بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ Оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбарлар сўнггиси Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин. Ҳар бир мўмин-мусулмон эътиқодига, амалига ва ахлоқига тааллуқли масалаларни тўғри ўрганиши ва улар тақозосига кўра ҳаёт кечириши динимиз талаби ҳисобланади. Шу маънода Ислом динидаги ҳукмларни умумий уч қисмга ажратиш мумкин: 1. Эътиқодга тегишли ҳукмлар; 2. Амалга тегишли ҳукмлар; 3. Ахлоққа тегишли ҳукмлар. Эътиқодий ҳукмлар деганда фақатгина ишониш ва қалбни унга мустаҳкам боғлаш лозим бўлган ҳукмлар тушунилади. Бу ҳукмларнинг аввалида Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига, комил сифатлар билан сифатланганига иймон келтириш туради. Мусулмон киши номусулмон кишидан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман) деб гувоҳлик бериши билан ажралиб туради. Мусулмон киши учун ушбу гувоҳлиги мусулмонлигининг асоси ҳисобланиб, унинг ҳамма қарашлари мазкур асос устига қурилади. Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва қайта тирилишга иймон келтириш Ислом ақоидининг асослари ҳисобланади. Амалий ҳукмлар деганда мусулмон кишининг ўзига нима фойдали ва нима зарарли эканини билиб бажариши лозим бўлган ҳукмлар тушунилади. Эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Эътиқодий ҳукмларда инсоннинг Аллоҳ таолога боғланиши тартибга солинса, амалий ҳукмларда инсоннинг жамият вакиллари билан ва бутун борлиқ билан бўладиган алоқаси эътиқодий ҳукмлар асосида тартибга солинади. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларни ўрганмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди. Амалий ҳукмлар умумий икки қисмга бўлинади: 1. Ибодатлар; 2. Муомалалар. “Ибодатлар” қисмида мусулмон кишининг соғлом эътиқоди тақозосига кўра адо этадиган амаллари баён қилинади. “Муомалалар” қисмида эса мусулмонларнинг умумий манфаатларини сақлашга, бир-бирларига ёки бошқаларга зарар бериб қўйишларининг олдини олишга тааллуқли бўлган амаллар баён қилинади. Гўзал хулқлар деганда мусулмон кишининг динида тарғиб қилинган одобларни жамлаши ва уларга риоя қилиши тушунилади. Уламолар хулқни қуйидагича таърифлаганлар: “Бандадаги мақталадиган ё ёмонланадиган белгилари орқали билиниб турадиган сифат хулқ деб аталади”. Яъни хулқ яхши ёки ёмон бўлиши мумкин, унинг яхши ёки ёмонлиги ташқи аломатлари орқали билиниб туради. Инсонларнинг хулқи шаклланиш жиҳатидан икки турга бўлинади: 1. Туғма хулқ; 2. Кейинчалик ўзлаштириб олинадиган хулқ. Яхши хулқни ўзлаштиришга уриниш ва ёмон хулқли бўлишдан сақланиш комил мусулмоннинг белгиларидан саналади. Мусулмон кишининг эътиқоди ва амалларида содиқ экани унинг гўзал хулқидан билиниб туради. Амалий ҳукмлар ҳам, гўзал хулқлар ҳам эътиқодий ҳукмлардан келиб чиқади. “Динимиз аҳкомлари” номли ушбу китобда бир неча йиллар давомида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган, айрим долзарб мақолалар жамланган. Китоб уч бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлимда эътиқодга тааллуқли масалалар, иккинчи бўлимда фиқҳга яъни амалий ҳукмларга тегишли масалалар ва учинчи бўлимда ахлоқ ва турли масалалар баён қилинган. Аллоҳ таолодан ушбу китобни барча ўқувчиларга манфаатли қилишини сўрайман. Ундаги сатрларда асосий мақсад тўғри ифодаланган бўлса, тўғри йўлга муваффақ қилган Парвардигоримизга ҳамду санолар бўлсин. Агар бирор хато-нуқсонга йўл қўйилган бўлса, раҳмати чексиз меҳрибон Парвардигоримизнинг мағфират қилишини сўрайман. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 351
Тарихга назар ташласак, кўп нарсага гувоҳ бўламиз. Қайси жамиятда бузғунчилик авж олган бўлса, қайси тузум босар-тусарини билмай қолган бўлса, албатта, уларнинг бошига қаттиқ синов тушган, фалокат исканжасида довдираган, бало ёғилиб, ҳаётларига нуқта қўйилган. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми у зотга иймон келтирмади. Ораларида бирор солиҳ киши вафот этса, унга ҳайкал қўйишди. Бора-бора ҳайкаллар бут-санамларга айланди. Уларни илоҳ даражасига кўтариб, эътиқод билан ибодат қила бошлашди. Улардан ёрдам сўрашди, сиғинишди, сажда қилишди. Уларга атаб жонлиқ сўйишди, ибодатхона ва уйлар қуришди.. Аллоҳ таоло бу қавмга тўфон балосини юборди. Тўфон бир зумда даҳшатли тус олиб, кофирларни битта қўймай ҳалок қилди, барини ер тишлатди. Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларида ҳам одамлар батамом бутга сиғиниб, Аллоҳни унутиб қўйишди. Унинг буйруқларига бўйсунишмади, илоҳий амрни калака қилишди, пайғамбарнинг устидан кулишди. Иш ҳатто Иброҳим алайҳиссаломни оловга ташлашгача борди… Аллоҳ уларнинг устига азоб юборди, Намруд бошлиқ кофирларни битта қўймай қириб ташлади. Лут алайҳиссалом қавмини хўп ва кўп даъват қилди. Улар дунёдаги энг ёмон гуноҳлардан бирига мубтало бўлишган эди. Яъни баччабозлик билан шуғулланишарди. Жинсий бузуқликка муккасидан кетишганди. Улар на ўзларидан, на бошқалардан уялишарди. Лут алайҳиссаломнинг даъватлари заррача таъсир қилмади. Аксинча, туғёнга кетган қавм ўз пайғамбарини истеҳзо қилиб, устидан кулди… Аллоҳ бу нобакор қавмни ҳалок қилиш учун фаришталарни юборди. Қавмнинг кўзи кўр бўлиб қолди, уйларидан чиқолмай, бир-бирини кўролмай, гангираб, саросимага тушди. Бу ҳам етмагандек, Аллоҳнинг амри ила фаришталар улар яшаб турган заминнинг остини устига айлантириб қўйишди. Садум диёри бутун аҳолиси ва бор-буди билан ер остига кўмилди. Ҳуд алайҳиссалом қавмини динга даъват қилди. Улар: “Бу ҳаётда биздан ҳам кучли одам борми?” деб гердайишди, кибрга кетишди, бошқаларни заррача менсимай қўйди. Пайғамбарни ҳақорат қилди, эсипастликда айблади. Беш кунлик дунё матоҳига берилиб, бор топганини иншоотларга сарфлашди. Натижада Аллоҳни унутишди, охиратни эсдан чиқаришди, турли ёмонликларга қўл уришди, бошқаларга зулм ўтказишди… Аллоҳ уларнинг устига азоб юборди. Од қавми қаттиқ иссиқликка дучор бўлди. Ёмғир ёғмай, қурғоқчилик ва иссиқнинг таъсиридан ҳаво лов-лов ёнарди. Бирдан тепада булут пайдо бўлди, қаттиқ шамол турди, барча нарсани остин-устун қилиб ташлади, уйлар илма-тешик бўлди. Солиҳ алайҳиссалом қавмини ҳидоятга чақирди. Улар эса бунга шак-шубҳа билан қарадилар. Самуд қавми дунё матоҳлари ила манманлик қилди. Солиҳ алайҳиссаломнинг мўъжизалари бўлмиш туяни сўйиб ташладилар. Солиҳ алайҳиссаломни ўлдирмоқчи ҳам бўлдилар. Аллоҳ уларни турли услубдаги шиддатли азоблар билан ҳалок қилди. Даҳшатли, кучли овоз тутиб, қулоқларини кар қилди, устларига тош парчалари ёғилди. Шиддатли зилзила олди ва жойларида мук бўлиб қолдилар. Куфри ва гуноҳлари туфайли чақмоққа учрашди. Мусо алайҳиссалом қавмини ҳидоятга даъват қилди. Улар иймон келтиришдан бош тортди. Шунда Аллоҳ таоло фиръавн ва унинг қавмини қаҳатчилик – очарчилик йиллари билан сиқувга олди. Шунда ҳам улар ўз ишларидан қайтмагач, Аллоҳ таоло уларга бошқа уқубатларни ҳам кетма-кет нозил қилди. Устларига тўфон, чигирткалар, каналар, бақалар ва қип-қизил қон ёғдирди. Фиръавн ва унинг лашкарини битта қолдирмай сувга ғарқ қилди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ҳа, Аллоҳ таоло бирор қавмга ҳеч қандай сабабсиз мусибат юбормайди. Бандаларни бекордан-бекорга зарар ва балога гирифтор қилавермайди. Аввало, бандаларнинг ўзлари шунга лойиқдир. Бундан яна бир мақсад, уларни тавба-тазарру қилишга чорлашдир. Инсон фароғатда яшаса, ҳар томонлама тўқ бўлса, бирор кам-кўсти бўлмаса, Аллоҳнинг берган неъматларини унутиб қўяр экан. Ҳатто Аллоҳни ҳам эсдан чиқариб, ғулувга кетиб қолар экан. Бошига мусибат...
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, профессор Рустам Собирович Қосимов номига Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб жаноблари томонидан йўлланган миннатдорлик мактуби қабул қилинди. Унда жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги тарихий конференциянинг юқори савияда ўтказилгани эътироф этилгани ҳолда меҳмонларга кўрсатилган самимийлик ва илтифот учун чин қалбдан миннатдорлик билдирилган. Ушбу конференциянинг катта муваффақиятларга эришгани ва унинг натижасида муҳим хулосалар ҳамда қимматли тавсиялар қабул қилингани алоҳида таъкидланган. Эътиборлиси, мазкур анжуман буюк Имом ал-Мотуридийнинг инсонларни мулоқот маданиятига чақирувчи мўътадиллик қарашлари ва фикр-мулоҳазаларини дунёга ёйиш, барчага ҳурмат билан қараш, халқлар ўртасида биродарлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириш қадриятларини мустаҳкамлаш ҳамда жаҳонда тинчлик маданиятини тарғиб этишда катта из қолдиргани юксак баҳоланган. Шунингдек, анжуман доирасидаги мулоқотларда келишилганидек, Имом Абу Мансур ал-Мотуридий мавзуида талабалар ва тадқиқотчилар ўртасида мусобақалар ўтказиш, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, аз-Замаҳшарий ҳамда юртимизнинг бошқа буюк алломалари ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишлаб ўтказиладиган халқаро конференцияларда доимий ҳамкорлик қилишга умид билдирилган. АҲМАД АТ-ТАЙЙИБ, АЛ-АЗҲАР ШАЙХИ Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати 280
“Гул очган атиргул буталари очиқ дераза оша уй томон мўралади. Кай ва Герданинг стуллари бор эди, улар бир-бирларининг қўлларини ушлаганча стулларида ўтиришарди. Қор маликасининг совуқ ва ҳашаматли саройи уларнинг ёдларидан қўрқинчли туш каби унутилган эди”. Ҳ.К.Андерсен, “Қор маликаси” Ҳар йили машҳур ҳикоянавис адиб Ҳанс Кристиан Андерсеннинг туғилган куни – 2 апрелда Халқаро болалар китоби куни дунё бўйлаб нишонланади. Ушбу байрам 1967 йилда Ёшлар китоблари халқаро кенгаши (IBBY) ташаббуси ва қарори билан жорий этилган. Кенгаш ушбу кун орқали болаларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини яхшилаш, янги авлод маънавий ва интеллектуал қиёфасини шакллантиришда болалар китобининг ролини оширишни тарғиб қилади. Шунингдек, байрамнинг мақсадларидан бири болалар адабиёти, китоб санъати ва маданиятини ривожлантириш ҳамда болалар китобхонлиги борасидаги мавжуд муаммоларга дунё ҳамжамияти эътиборини қаратишдан иборат. Айтиш керакки, болалар адабиётининг пайдо бўлиши ва ривожланиши нисбатан яқин ўтмишга эга. XVII асрнинг ўрталарига қадар болаларга эртаклар асосан оғзаки айтилган ва улар ота-оналар орқали етказилган. XVIII асрда болалар Д.Дефонинг “Робинзон Крузо” ва Ж.Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари” сингари машҳур асарлари билан танишдилар, шарқ эртаклари тўпламлари эса бу даврда ҳали машҳур эмас эди. XIX асрга келиб ака-ука Гримм ва Ҳанс Андерсенлар болаларга эртаклар тақдим қила бошладилар. Россияда ҳам болалар адабиётини ривожлантиришга катта эътибор берилди. XVIII-XIX асрларда болалар асарлари А.Пушкин, С.Аксаков, А.Шишков, А.Погорелский ва бошқалар томонидан яратилган. Кейинчалик биринчи болалар журналлари чиқа бошлади. Ҳозирги кунда болалар адабиёти алоҳида бадиий йўналиш ҳисобланади. Ҳар йили дунёнинг турли ҳудудларида жойлашган Ёшлар китоблари халқаро кенгашининг филиаллари ушбу ажойиб байрам – Халқаро болалар китоби кунини халқаро миқёсда нишонлаш бўйича ҳомийлик қилади. Ҳар йили байрам шиори эълон қилиниб, мезбон мамлакатнинг машҳур болалар ёзувчилари томонидан бутун дунё болаларига мактуб юборилиб тадбирга таклиф этилади. Шунингдек, таниқли рассомлар Халқаро болалар китоблари кунига бағишлаб кўргазмали плакат таёрлашади. Кейинчалик ушбу материаллар болалар адабиётини ривожлантириш ва китоб мутолаасини оммалаштириш тарғиботи ишларида фойдаланилади. Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Болалар китоблари куни фестивалида болалар ёзувчилари ва рассомлари ушбу адабий соҳадаги асосий мукофот – Ҳанс Кристиан Андерсен номидаги Халқаро мукофотга сазовор бўладилар. Андерсен олтин медали “Кичик Нобел мукофоти” ҳам деб аталади. Олтин медал болалар китоблари бўйича халқаро кенгашнинг навбатдаги конгрессида номзодларга топширилади, шунингдек болалар китобларининг дунё тилларига қилинган энг яхши таржималар учун ҳам фахрий ёрлиқ берилади. Болалар китоблари куни муносабати билан турли мамлакатларда энг яхши бадиий асарларга бағишланган кўргазмалар, танловлар, конференциялар ва фестиваллар ўтказилади. Тадбирларга замонавий болалар ёзувчилари ва шоирлари таклиф қилиниб болалар ва ўсмирлар билан мулоқот қиладилар ҳамда ушбу ҳафталик давомида асарлар мутолаа қилинади. 1 583