islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ (Муқаддима)

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

Оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбарлар сўнггиси Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

Ҳар бир мўмин-мусулмон эътиқодига, амалига ва ахлоқига тааллуқли масалаларни тўғри ўрганиши ва улар тақозосига кўра ҳаёт кечириши динимиз талаби ҳисобланади. Шу маънода Ислом динидаги ҳукмларни умумий уч қисмга ажратиш мумкин:
1. Эътиқодга тегишли ҳукмлар;
2. Амалга тегишли ҳукмлар;
3. Ахлоққа тегишли ҳукмлар.

Эътиқодий ҳукмлар деганда фақатгина ишониш ва қалбни унга мустаҳкам боғлаш лозим бўлган ҳукмлар тушунилади. Бу ҳукмларнинг аввалида Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига, комил сифатлар билан сифатланганига иймон келтириш туради. Мусулмон киши номусулмон кишидан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман) деб гувоҳлик бериши билан ажралиб туради. Мусулмон киши учун ушбу гувоҳлиги мусулмонлигининг асоси ҳисобланиб, унинг ҳамма қарашлари мазкур асос устига қурилади.

Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва қайта тирилишга иймон келтириш Ислом ақоидининг асослари ҳисобланади.

Амалий ҳукмлар деганда мусулмон кишининг ўзига нима фойдали ва нима зарарли эканини билиб бажариши лозим бўлган ҳукмлар тушунилади. Эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Эътиқодий ҳукмларда инсоннинг Аллоҳ таолога боғланиши тартибга солинса, амалий ҳукмларда инсоннинг жамият вакиллари билан ва бутун борлиқ билан бўладиган алоқаси эътиқодий ҳукмлар асосида тартибга солинади. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларни ўрганмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди.

Амалий ҳукмлар умумий икки қисмга бўлинади:
1. Ибодатлар;
2. Муомалалар.

“Ибодатлар” қисмида мусулмон кишининг соғлом эътиқоди тақозосига кўра адо этадиган амаллари баён қилинади.

“Муомалалар” қисмида эса мусулмонларнинг умумий манфаатларини сақлашга, бир-бирларига ёки бошқаларга зарар бериб қўйишларининг олдини олишга тааллуқли бўлган амаллар баён қилинади.

Гўзал хулқлар деганда мусулмон кишининг динида тарғиб қилинган одобларни жамлаши ва уларга риоя қилиши тушунилади. Уламолар хулқни қуйидагича таърифлаганлар: “Бандадаги мақталадиган ё ёмонланадиган белгилари орқали билиниб турадиган сифат хулқ деб аталади”. Яъни хулқ яхши ёки ёмон бўлиши мумкин, унинг яхши ёки ёмонлиги ташқи аломатлари орқали билиниб туради. Инсонларнинг хулқи шаклланиш жиҳатидан икки турга бўлинади:
1. Туғма хулқ;
2. Кейинчалик ўзлаштириб олинадиган хулқ.

Яхши хулқни ўзлаштиришга уриниш ва ёмон хулқли бўлишдан сақланиш комил мусулмоннинг белгиларидан саналади.
Мусулмон кишининг эътиқоди ва амалларида содиқ экани унинг гўзал хулқидан билиниб туради.

Амалий ҳукмлар ҳам, гўзал хулқлар ҳам эътиқодий ҳукмлардан келиб чиқади.

“Динимиз аҳкомлари” номли ушбу китобда бир неча йиллар давомида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган, айрим долзарб мақолалар жамланган. Китоб уч бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлимда эътиқодга тааллуқли масалалар, иккинчи бўлимда фиқҳга яъни амалий ҳукмларга тегишли масалалар ва учинчи бўлимда ахлоқ ва турли масалалар баён қилинган.

Аллоҳ таолодан ушбу китобни барча ўқувчиларга манфаатли қилишини сўрайман. Ундаги сатрларда асосий мақсад тўғри ифодаланган бўлса, тўғри йўлга муваффақ қилган Парвардигоримизга ҳамду санолар бўлсин. Агар бирор хато-нуқсонга йўл қўйилган бўлса, раҳмати чексиз меҳрибон Парвардигоримизнинг мағфират қилишини сўрайман.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

127730cookie-checkДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ (Муқаддима)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: