Тарихга назар ташласак, кўп нарсага гувоҳ бўламиз. Қайси жамиятда бузғунчилик авж олган бўлса, қайси тузум босар-тусарини билмай қолган бўлса, албатта, уларнинг бошига қаттиқ синов тушган, фалокат исканжасида довдираган, бало ёғилиб, ҳаётларига нуқта қўйилган.
Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми у зотга иймон келтирмади. Ораларида бирор солиҳ киши вафот этса, унга ҳайкал қўйишди. Бора-бора ҳайкаллар бут-санамларга айланди. Уларни илоҳ даражасига кўтариб, эътиқод билан ибодат қила бошлашди. Улардан ёрдам сўрашди, сиғинишди, сажда қилишди. Уларга атаб жонлиқ сўйишди, ибодатхона ва уйлар қуришди..
Аллоҳ таоло бу қавмга тўфон балосини юборди. Тўфон бир зумда даҳшатли тус олиб, кофирларни битта қўймай ҳалок қилди, барини ер тишлатди.
Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларида ҳам одамлар батамом бутга сиғиниб, Аллоҳни унутиб қўйишди. Унинг буйруқларига бўйсунишмади, илоҳий амрни калака қилишди, пайғамбарнинг устидан кулишди. Иш ҳатто Иброҳим алайҳиссаломни оловга ташлашгача борди…
Аллоҳ уларнинг устига азоб юборди, Намруд бошлиқ кофирларни битта қўймай қириб ташлади.
Лут алайҳиссалом қавмини хўп ва кўп даъват қилди. Улар дунёдаги энг ёмон гуноҳлардан бирига мубтало бўлишган эди. Яъни баччабозлик билан шуғулланишарди. Жинсий бузуқликка муккасидан кетишганди. Улар на ўзларидан, на бошқалардан уялишарди. Лут алайҳиссаломнинг даъватлари заррача таъсир қилмади. Аксинча, туғёнга кетган қавм ўз пайғамбарини истеҳзо қилиб, устидан кулди…
Аллоҳ бу нобакор қавмни ҳалок қилиш учун фаришталарни юборди. Қавмнинг кўзи кўр бўлиб қолди, уйларидан чиқолмай, бир-бирини кўролмай, гангираб, саросимага тушди. Бу ҳам етмагандек, Аллоҳнинг амри ила фаришталар улар яшаб турган заминнинг остини устига айлантириб қўйишди. Садум диёри бутун аҳолиси ва бор-буди билан ер остига кўмилди.
Ҳуд алайҳиссалом қавмини динга даъват қилди. Улар: “Бу ҳаётда биздан ҳам кучли одам борми?” деб гердайишди, кибрга кетишди, бошқаларни заррача менсимай қўйди. Пайғамбарни ҳақорат қилди, эсипастликда айблади. Беш кунлик дунё матоҳига берилиб, бор топганини иншоотларга сарфлашди. Натижада Аллоҳни унутишди, охиратни эсдан чиқаришди, турли ёмонликларга қўл уришди, бошқаларга зулм ўтказишди…
Аллоҳ уларнинг устига азоб юборди. Од қавми қаттиқ иссиқликка дучор бўлди. Ёмғир ёғмай, қурғоқчилик ва иссиқнинг таъсиридан ҳаво лов-лов ёнарди. Бирдан тепада булут пайдо бўлди, қаттиқ шамол турди, барча нарсани остин-устун қилиб ташлади, уйлар илма-тешик бўлди.
Солиҳ алайҳиссалом қавмини ҳидоятга чақирди. Улар эса бунга шак-шубҳа билан қарадилар. Самуд қавми дунё матоҳлари ила манманлик қилди. Солиҳ алайҳиссаломнинг мўъжизалари бўлмиш туяни сўйиб ташладилар. Солиҳ алайҳиссаломни ўлдирмоқчи ҳам бўлдилар.
Аллоҳ уларни турли услубдаги шиддатли азоблар билан ҳалок қилди. Даҳшатли, кучли овоз тутиб, қулоқларини кар қилди, устларига тош парчалари ёғилди. Шиддатли зилзила олди ва жойларида мук бўлиб қолдилар. Куфри ва гуноҳлари туфайли чақмоққа учрашди.
Мусо алайҳиссалом қавмини ҳидоятга даъват қилди. Улар иймон келтиришдан бош тортди. Шунда Аллоҳ таоло фиръавн ва унинг қавмини қаҳатчилик – очарчилик йиллари билан сиқувга олди. Шунда ҳам улар ўз ишларидан қайтмагач, Аллоҳ таоло уларга бошқа уқубатларни ҳам кетма-кет нозил қилди. Устларига тўфон, чигирткалар, каналар, бақалар ва қип-қизил қон ёғдирди. Фиръавн ва унинг лашкарини битта қолдирмай сувга ғарқ қилди.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Ҳа, Аллоҳ таоло бирор қавмга ҳеч қандай сабабсиз мусибат юбормайди. Бандаларни бекордан-бекорга зарар ва балога гирифтор қилавермайди. Аввало, бандаларнинг ўзлари шунга лойиқдир. Бундан яна бир мақсад, уларни тавба-тазарру қилишга чорлашдир. Инсон фароғатда яшаса, ҳар томонлама тўқ бўлса, бирор кам-кўсти бўлмаса, Аллоҳнинг берган неъматларини унутиб қўяр экан. Ҳатто Аллоҳни ҳам эсдан чиқариб, ғулувга кетиб қолар экан. Бошига мусибат етиб, ўзининг ожизлигини, қўлидан ҳеч нарса келмаслигини англаб қолса, ўзига келиши муқаррар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло чегарадан чиқиб кетган қавмга мусибат юбориб туради, уларни синайди, тавба-тазарру қилиб ўзларига келиб олишларига имкон яратади.
Бизнинг жамиятимизда ҳам яширмасдан тан олайлик, қанчадан-қанча тўфонлар, зилзилалар, ер кўчишлар, тоғ силкинишлар, вулқонлар отилиши, ёнғин, қурғоқчилик, тошқин каби турли табиий офатлар содир бўлмади, дейсиз. Ҳеч ўзимизга келмадик, ўзимизни ўнгламадик, тўғри хулоса чиқармадик.
Қайси бир юртларда одамлар бут-санамга сиғинмоқда, ҳайвонларни, жонзотларни илоҳ деб олишди, уларга атаб қурбонликлар қилмоқда, байрамлар ўтказмоқда. Ҳаром ва ҳалолнинг фарқи қолмади. Зино авжига чиқди, фоҳишахоналар кўпайди, баччабозликка, бир жинсликларнинг никоҳига рухсат берилди. Қиморбозлик, ичкилик, зўравонлик, исроф, фитна, фасод, қотиллик, ўғрилик, босқинчилик, каззоблик, қаллоблик, товламачилик, фирибгарлик, судхўрлик, порахўрлик кундалик турмушга айланиб қолди. Туҳматдан неча-неча оилаларнинг шўри қуриди, ғийбатлар болалаб кетди, чақимчилик модага айланди, ҳасад урчиди. Аёл-қизларда ибо-ҳаё, эркакларда ҳамият йўқолди, рашкимиз сўнди, ориятимиз ўлди. Мусулмонлар бир-бири билан мулк учун, сиёсат учун жангга кирди, куфрда айблашди, қўллари қонга ботди. Кексаларни, заифларни, аёлларни ҳатто ёш болаларни ҳам аямасдан қатл этишгача борди.
Фарзандларимизга яхши тарбия беролмаганимиздан, уларга ўрнак бўлолмаганимиздан янги қурилган оилалар пароканда бўлди, тирик етимлар кўпайди. Мерос талашиб бир-бирини пичоқлашлар, ҳақоратлар, камситишлар, ур-тўпалонлар сира-сира камаймади. Бойлигини итига, мушугига мерос қолдираётганларни кўрдик, эшитдик, ҳатто гувоҳи ҳам бўлдик.
Айтинг, бу не кўргулик? Наҳот, шунчалар тубанлашдик? Кўзимизни ғафлат пардаси қоплади. Дилимиз қулфланди, тилимиз яхшиликдан муҳрланди, қулоқларимиз ҳидоятдан кар бўлди. Маишат, дунёнинг арзимас матоси, саробдек обрў учун виждонимизни сотдик, нафсимиз ҳакалак отиб кетди. Иблисни роса қувонтириб юбордик…
Ҳали ҳам шукр қилайлик, Аллоҳнинг бу охирзамон умматига раҳмати чексиз эканки, осмонни устимизга ташлаб юбормади, заминни чаппа қилиб ташламади, денгизларни ўзанидан чиқариб юбормади, тош ёғдирмади, иссиқда қовжиратиб куйдирмади, шиддатли азоблар билан ҳалок этмади…
Меҳрибон Парвардигоримиз бизга имкон берди. Ўнгланишимиз учун фурсат насиб этди. Ўзимизга келайлик, инсофга қайтайлик, ҳақ йўлда юрайлик, фасоддан сақланайлик, маърифатга интилайлик, бандалик вазифамизни адо этайлик. Беш кунлик дунёда берилган умрнинг қадрига етайлик, уни ҳавога совурмасдан савобларни тўплаш пайида бўлиб, гапнинг индаллосини айтганда, Аллоҳнинг розилиги йўлида яшайлик.
Роббим ҳеч кимни ҳақ йўлдан, соф эътиқоддан, саломатликдан айирмасин!
Эркин ҚУДРАТОВ,
ТИИ Махсус сиртқи бўлим талабаси