islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 16, 2019

Day

Қайтим

Бу воқеа муборак Рамазон кунларининг бирида бўлган эди. Ифторлик вақтига яқин қолганда Адҳам янги ёпилган нон сотиб олиш учун новвойхонага борди. Новвойхона олдида кўпгина инсонлар навбатда турар эди. Ифторлик вақти яқин қолганлиги боис навбатда турган инсонлар бетоқат бўлар, новвой ҳам имкон қадар тезроқ ишлашга  ҳаракат қилар эди. Албатта бир вақтнинг ўзида нонларни харидорларга узатиш ва уларнинг пулларини санаб олиш осон эмасди. Адҳамнинг навбати ифорликка жуда оз сониялар қолганида етиб келди. Чарчаб қолган сотувчи унга керагидан ортиқ қайтим бериб юборди. Адҳам иккиланиб бир қўлидаги пулларга бир сотувчига қараб туриб қолди. Новвой унга қараб: “Тинчликми, ҳаммаси жойидами, болакай?” – деди. Адҳам эса: “Ҳаммаси яхши”-деди-да, пулларни кўтарганча уйига югуриб кетди. Кечки овқат вақтида у бир оз ўйчан кўринар эди. Кечқурун ўз жойига ётганида унинг безовталиги янада ортди. Гўёки кимдир  ғойибдан унга: “Сен нега бундай йўл тутдинг? Нега бировнинг ҳаққига хиёнат қилдинг?”- дегандек бўлаверар эди. Адҳам бўлиб ўтган воқеаларни ҳаммасини онасига айтиб беришга қарор қилди-ю аммо дарҳол бу фикридан қайтди. Онаси бу иши сабабли қаттиқ уришишидан ва уялтиришидан қўрқди. Туни билан босинқираб ғалати тушлар кўриб уйғонган Адҳамни сахарлик вақтида ҳам безовталик  тарк этмаган эди. Кундузи  унинг кўзи деворда илиниб  турган тақвимга тушди. Тақвимга яқинроқ борганида унинг очиқ саҳифасида ёзилган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини ўқиди: “الإثم ما حاك في صدرك و كرهت أن يطلع عليه  الناس” (رواه مسلم) “Гуноҳ бу –  қалбингни қийнаган ва сен бошқалар уни билиб қолишидан қўрқадиган амалдир” (Муслим ривояти) Адҳамнинг юзлари қизариб кетди. Гўёки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисни айнан у учун айтгандек эди. У тўғри новвойхонага борди. Сўнгра  новвойдан узр сўраб ўзига тегишли бўлмаган пулларни қайтариб берди. Адҳам нақадар тўғри иш қилди ва ўзини гуноҳдан сақлаб қолди! Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм  таржимаси   473

Мусулмон давлатларидаги геосиёсий жараёнлар

Тошкент ислом институти 1-курс талабаларига 2019 йил 16 май куни “Ислом ва ҳозирги замон” фанидан доцент, сиёсий фанлар номзоди Баҳром Хўжанов иштирокида “Мусулмон давлатларидаги геосиёсий жараёнлар” мавзусида маъруза дарси ташкил этилди. Талабалар маъруза тинглаш билан бирга мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. 295

Араб дунёси бугунги халқаро муносабатлар тизимида

Тошкент ислом институти 1-курс талабаларига 2019 йил 16 май куни “Мусулмон мамлакатлар янги тарихи” фанидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедра мудири, сиёсий фанлар доктори, профессор Зоҳидулло Мунаваров иштирокида “Араб дунёси бугунги халқаро муносабатлар тизимида” мавзусида маъруза дарси ташкил этилди. Талабалар маъруза тинглаш билан бирга мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. 299

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик вафот этди

Бугун ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб Тоҳир Малик (Ҳобилов Тоҳир) 2019 йил 16 май куни 73 ёшида вафот этди. Шу муносабат билан «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси ҳамда Islom.uz портали таҳририяти адибнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади. Тоҳир Малик (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович) (1946 йил, 27 декабрь, Тошкент) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси (2000). Ўзбек адабий фантастикасининг асосчиларидан бири. Биринчи йирик асари – «Ҳикмат афандининг ўлими» (1972). «Заҳарли ғубор» (1974), «Фалак» (1975), «Сомон йўли элчилари» (1978), «Чорраҳада қолган одамлар» (1982), «Бир кўча, бир кеча» (1983), «Алвидо, болалик» (1989), «Сўнгги ўқ» (1990), «Ов» (1995) каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машҳур. «Шайтанат» романи (1-китоб, 1992; 2-китоб, 1995; 3-китоб, 1997; 4-китоб, 2000; 5-китоб, 2011) Тоҳир Маликнинг йирик асарларидан. Асар асосида кўп серияли телефильм яратилди. Романда турли қиёфадаги замондошларимизнинг образлари ёрқин лавҳаларда катта маҳорат билан чизилган, муҳим маънавий-ахлоқий муаммолар кўтарилган. Кишиларни жиноятнинг разил оламидан эҳтиёт бўлишга чақирувчи ушбу огоҳлантирувчи асар мазмуни Тоҳир Маликнинг «Жиноятнинг узун йўли» (2004) илмий-таҳлилий рисоласида давом эттирилган. «Меҳмон туйғулар» (2003) номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўпламида адабий жараёндаги муаммолар акс этган. Тоҳир Маликнинг ёзувчи Мирзакалон Исмоилий ижодий фаолиятини ёритувчи «Ёзувчининг бахти ва бахтсизлиги» (1988), Асқад Мухтор ижодини таҳлил этувчи «Собир» (2003), Ўлмас Умарбеков ижодига бағишланган «Қиёмат қарз» (2002) ҳамда Абдулла Қодирий романлари тахлил этилган «Ибрат мактаби» (1993) бадиалари ҳам бор. Аллоҳ таоло бу табаррук инсонни Ўз раҳматига олсин, барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, саҳву хатоларини авф қилсин, гуноҳларини мағфират қилиб, раҳматига ноил, жаннатига дохил айласин! Жаноза бугун, 16 май куни аср намозидан кейин Кўкча масжидида бўлиб ўтади. Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун! 281