17 июнь куни Халқ таълими вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 14 майдаги ПФ-5718-сонли Фармони билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига мурожаат этган бир қатор тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди. «Учрашувда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вакиллари ҳамда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 30 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этди. Суҳбат жараёнида тадбиркорлар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарори юзасидан оммавий ахборот воситаларида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг мажбурий ягона замонавий формасига ўтилишига доир чиқишлар, улардаги турли хил қарашларга муносабат билдириш сўралди. Хусусан, янги 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун мактаб формаларининг ихтиёрий деб маълум қилингани, шунингдек мажбурий этиб белгиланиш муддати жуда кечга суриб юборилиши ҳақидаги ахборотлар тадбиркорлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар савдосини ташкил этишда салбий таъсир кўрсатаётгани, сотилган маҳсулотларни ота-оналар қайтариб келаётгани ҳам учраётгани, шу билан бирга тадбиркорларнинг аксарияти мазкур ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун банклардан кредитлар олгани сабабли бундай ҳолат охир-оқибатда уларни банкрот ҳолатига олиб келиши мумкинлиги айтиб ўтилди. Бу эса ўз навбатида жойларда ишчи ўринлар камайишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, тадбиркорлар қарор билан тасдиқланган форма фасонлари ва уларни тикишда қўлланадиган матолар ота-оналар томонидан маъқулланаётганини билдирди. Жойлардаги учрашувларда ота-оналарнинг аксарияти ушбу формани жорий этиш таклифини маъқуллашаётгани, кимдадир уни сотиб олишга молиявий қийинчилик бўлса, уларга имкон борича тадбиркорлар ёрдам беришга ҳаракат қилаётгани таъкидланди. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан шу кунга қадар тикилган мактаб формаси савдосини ташкил қилиш жараёнида чин етимларга – бепул, кам таъминланганларга – имтиёзли равишда етказиб бериш бўйича ҳам ташаббус кўрсатиш билдирилди. Халқ таълими вазири ўз навбатида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарори ўз кучини йўқотмагани, шу билан бирга кўплаб ота-оналар, айниқса кўп фарзандли, эҳтиёжманд оилалар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар ҳамда вазирликка келиб тушаётган эътирозларни инобатга олган ҳолда мажбурий мактаб формасига ўтиш муддатини кечиктириш зарурияти туғилгани ҳақида тушунтириш берди. Учрашувда 2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларида Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарорида белгиланган мактаб формаларидан ташқари бошқа фасондаги формаларни марказлашган ҳолда харид қилишга йўл қўйилмаслиги ҳамда ота-оналарга жойларда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан белгиланган тадбиркорлар маҳсулотларини харид қилиш бўйича барча мутасадди раҳбарларга кўрсатма берилиши таъкидланди», дейилади Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабарида. 2018/2019-ўқув йилида ягона мактаб формасини кийиш ўқувчилар учун ихтиёрий эди. Янги ўқув йилидан бошлаб эса мактабга ягона формада келиш мажбурий бўлиши кутилаётганди. Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 15 августида ягона мактаб формаси тўғрисидаги қарорни қабул қилган эди. Жорий йилнинг майида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева янги ўқув йилидан мактаб формасини мажбурий қилмасликни айтиб, мактабларда бошқа камчиликлар ва муаммоларга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаганди. Июнь ойида эса Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаб формаси 2019/2020-ўқув йилида ҳам ихтиёрий бўлиши, бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилиниши кутилаётганини айтиб ўтди. Манбаа:http://kun.uz 278
Янги ўқув йилидан мақсадли қабулга ҳужжат топшириш учун фақат абитуриент мансуб бўлган ҳудуднинг дипломи талаб қилиниши бўйича тақиқ бутунлай бекор бўлди. Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев телеграмдаги каналида бу борада изоҳ берди. «2017 йилдан бошлаб тиббиёт йўналишларида, кейинчалик аграр ва қишлоқ хўжалиши йўналишида ҳам мақсадли қабул асосида давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилиш бошланган эди. Илгари қоида бўйича, мақсадли қабулга топшириш учун фақат ўша ҳудуддаги коллеж-лицейда ўқиган бўлиши керак эди. Яъни навоийлик абитуриент Навоий вилоятига ажратилган мақсадли қабул учун даъвогарлик қилмоқчи бўлса, у албатта коллеж ёки лицейни Навоийда тугатган бўлиши шарт эди. Бундай тақиқ бирмунча кулгили чекловларни келтириб чиқарар эди. Масалан, андижонлик абитуриент Фарғона тиббиёт коллежида ўқиган бўлса, унда у на Андижон бўйича, на Фарғона бўйича мақсадли қабулга топшира олар эди. Бундай вазиятда абитуриент шунчаки тиббиёт йўналишида давлат грантида ўқиш ҳуқуқидан автоматик маҳрум бўлиб қолар, фақат контрактга даъвогарлик қила олар эди. Ниҳоят 27.04.2019 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг 360-сонли қарори билан мақсадли қабулга қўйилган ушбу тақиқ бутунлай бекор бўлди. Бу нима дегани? Эндиликда муайян ҳудудда доимий яшайдиган (паспортдаги маълумот бўйича) исталган абитуриентлар, улар қайси ҳудудда таҳсил олганидан қатъи назар, мақсадли қабулга даъвогарлик қила олади. Масалан, андижонлик абитуриент Фарғонада ўқиганми, Тошкентда ўқиганми, Самарқандда ўқиганми, фарқи йўқ, энди у Андижон учун ажратилган мақсадли қабулга топшира олади. Демак, бундай буён давлат грантига кириш учун барчада бирдек имконият пайдо бўлади», дейилади хабарда. Манбаа:http://kun.uz 252
Фарзандингиз сиз олиб берган нарсаларни қадрига етмаса, исроф қилаётган бўлса, албатта бу борада нимадир қилишингиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма! Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир.“ (Исро сураси, 26-27 оятлар). Болалар кичиклигидан пул ҳақида тушунчалари бўлмаслиги керак, ҳали эрта деб ўйламанг. Уларни иқтисодий муносабатлардан узоқ сақлашга ҳаракат қилманг. Пул ва кундалик ҳаётимиздаги ҳар бир моддий нарсалар – энг биринчи навбатда инсон ақлий ва жисмоний меҳнатининг самараси эканлигини тушунтиринг. Исроф қилмасликни ўргатиш узоқ ва қийин, шунинг учун имкон борича бу тарбияни эрта бошлаганимиз маъқул. Баъзи ота-оналар болалари кўнгли тусаган ҳамма нарсани олиб беради, натижада болалар уни қадрига етмайди. Улар на ўзларининг, на бошқаларнинг нарсаларини эҳтиёт қилишади. Болаларни тежамкорликка ўргатишнинг бир қанча усуллари бор: 1. Болаларга ўз нарсаларига ўзлари ғамхўрлик қилишини вазифа қилиб беринг. Ўйинчоқлари ва китобларини йиғиштириш, нарсаларини тахтлаш, жойлаштириш уларнинг ўз вазифаси бўла қолсин. Ҳар бир боланинг ёшидан келиб чиққан ҳолатда оилада ўз вазифаси бўлиши керак: 2 ёшли боланинг 2 ёшли болага мос, 10 ёш боланинг 10 ёшга мос вазифалари бўлсин. 2. Болалар ниманидир синдириб қўйса, бу воқеа сизни маҳзун қилганини кўрсатинг. У нарсанинг қийматига нималар олиш мумкинлигини мисол қилинг.( Аввалдан огоҳлантирмаган бўлсангиз, бехосдан қилинган хато учун болани жазолашингиз нотўғри) 3. Болаларга ортиқча кўп ўйинчоқ, кийимлар олиб берманг, бу ҳолатда бола учун нарсаларнинг қадри йўқолади. 4. Катта фарзандларингиз, айниқса ўғил болалар, оила бюджетини режалаштиришда иштирок этсин. 5. Нарсалар харид қилишга болаларни биргаликда олиб боринг, қайси маҳсулотни нима учун олиш керак, қайси бирини олиш керак эмас, уларга тушунтиринг. Каттароқ ёшдаги болага бозорлик қилишни топшириш ҳам мумкин (Лекин бошида баъзи бир хатоларга тайёр бўлинг.) 6. Ўзингиз ҳам тежамкорликда намуна бўлинг. Ҳаттоки, сизни мулкингиз бўлмаган нарсаларни ҳам авайлашингизни кўрган бола, албатта сиздан тежамкорликни ўрганади. (Кераксиз жойда лампочкаларни ўчиринг, сувни исроф қилманг, кийимлар ва овқат борасида ҳам тежамкор бўлинг) Аллоҳ берган неъматларни қадрлаб, эҳтиёт қилиб ишлатиш, бу иймонимизнинг яна бир бўлагидир. Бундай тарбия йўлида Аллоҳ бизга мададкор бўлсин. Манбаа:http://muslima ona kundaligi 235
Ўз каломи шарифида : «Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади» (Бақара сураси, 222),- дея бандаларини покликка ундаган Зот – Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Ҳадиси шарифларида: «Аллоҳ покдир! Покликни севади!»,- дея Роббисининг сўзини тасдиқ қилган зот-ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломлар бўлсин. Ислом дини ҳукмларини гўзал тарзда, буюк омонат қилиб етказган зотлар – саҳобаи-киром, тобеъин, улуғ мужтаҳидларга Аллоҳнинг ризолиги, раҳмати ва мағфирати бўлсин. Биз ўрганмоқчи бўлган мавзу – таҳорат диннинг беш арконидан шаҳодатдан кейинги ўринда турувчи, мўминнинг меърожи бўлган намознинг асосий шартларидандир. Бунинг бошқа амалларга масалан айнан намозга шарт қилинишида Ислом динининг нафақат маънан, балки, ҳиссан (моддий) покланишга ҳам қанчалар аҳамият берганини кўрасиз. Чунки, намоз бошқа амаллардан фарқли равишда мўмин кишининг кундалигидан алоҳида ўрин олгандир. Биз бу мавзуни Ҳанафий мазҳабимиз учинчи табақаси – мазҳаб соҳибларидан ривояти келмаган масалаларда ўз ижтиҳодлари ила ҳукм чиқаришга қодир бўлган мужтаҳид-фақиҳлар табақасидан бўлмиш имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салама ибн Салама ал-Аздий ат-Таҳовий (роҳматуллоҳи алайҳ) қаламларига мансуб «Шарҳи маонил-осор» – «Осорлар маʼнолари шарҳи» китоби орқали ўрганамиз. Мавзуни ўрганиш жараёнида ҳадисларнинг бир-бирига қандай мувофиқлаштирилиши, бир ҳадисдан қандай маъно тушунилиши, ҳадисларнинг ҳукмлар билан нақадар боғлиқлиги, асосийси, бу Динни етказиш йўлида уламоларнинг қилган ҳиммату ғайратлари, машаққату заҳматларини озгина бўлсада тушуниб, ҳис қилсак ажаб эмас… Биздан Имом Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳгача муттасил равишда етиб келган ривоятга кўра, у зот роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Сулаймон ибн Бурайра розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намоз учун таҳорат қилардилар. (Макка) фатҳ бўлган пайтда эса (беш вақт) намозларни бир таҳорат билан ўқидилар». Сулаймон ибн Бурайда розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ бўлган куни беш (вақт) намозни бир таҳорат билан ўқидилар ва икки махсиларига масх тортдилар. Шунда, Умар розияллоҳу анҳу У зот соллалллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Росулуллоҳ, аввал ҳеч қилмаган ишингизни қилдингиз?!, – дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Буни атайин қилдим, эй Умар!», – дедилар. Зоҳирийлар ва Шофеийлардан бир жамоаси бу ҳадисларни ҳужжат қилиб: “Муқим бўлган кишиларга ҳар намозга алоҳида таҳорат қилиш вожиб, – дейишди. Тўрт мазҳаб имомлари ва уларнинг асҳоблари, ҳадис аҳлининг кўпчилиги ва бошқалардан иборат жумҳур уламолар шундай дедилар: «Таҳорат таҳоратсизлик (яъни, уни бузувчи нарса) етгандагина вожиб бўлади». Бу масалада ушбу уламолар юрган йўлга мос келувчи ҳадислар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир аёлнинг уйига саҳобалар билан (меҳмонга) бордилар. Саҳобия – ансория аёл уларнинг ҳузурларига қовуриб қўйилган қўй гўштини келтирди. (Ундан) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам едилар ва биз ҳам едик. Сўнг пешин вақти кирди. Шу дам Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиб намоз ўқидилар. Сўнг, аср вақти кирди, шунда, таҳорат олмай намоз ўқидилар». Абу Жаъфар роҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин ва аср намозини пешин вақтида қилган таҳоратлари билан ўқиганлар. Бурайда розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намоз учун таҳорат олишлари фазлни истаб бўлгани эҳтимол, вожиб бўлганлиги учун мас. Бирор киши: “Бу ишда қандай исталадиган фазл бор?”, – деса, унга шундай жавоб берилади: “Албатта, фазл бор. Бизга Абу Ғутойф ал-Ҳузалийдан ривоят қилинди, у...