Фарзандингиз сиз олиб берган нарсаларни қадрига етмаса, исроф қилаётган бўлса, албатта бу борада нимадир қилишингиз керак.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма! Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир.“ (Исро сураси, 26-27 оятлар).
Болалар кичиклигидан пул ҳақида тушунчалари бўлмаслиги керак, ҳали эрта деб ўйламанг. Уларни иқтисодий муносабатлардан узоқ сақлашга ҳаракат қилманг. Пул ва кундалик ҳаётимиздаги ҳар бир моддий нарсалар – энг биринчи навбатда инсон ақлий ва жисмоний меҳнатининг самараси эканлигини тушунтиринг.
Исроф қилмасликни ўргатиш узоқ ва қийин, шунинг учун имкон борича бу тарбияни эрта бошлаганимиз маъқул.
Баъзи ота-оналар болалари кўнгли тусаган ҳамма нарсани олиб беради, натижада болалар уни қадрига етмайди. Улар на ўзларининг, на бошқаларнинг нарсаларини эҳтиёт қилишади.
Болаларни тежамкорликка ўргатишнинг бир қанча усуллари бор:
1. Болаларга ўз нарсаларига ўзлари ғамхўрлик қилишини вазифа қилиб беринг. Ўйинчоқлари ва китобларини йиғиштириш, нарсаларини тахтлаш, жойлаштириш уларнинг ўз вазифаси бўла қолсин. Ҳар бир боланинг ёшидан келиб чиққан ҳолатда оилада ўз вазифаси бўлиши керак: 2 ёшли боланинг 2 ёшли болага мос, 10 ёш боланинг 10 ёшга мос вазифалари бўлсин.
2. Болалар ниманидир синдириб қўйса, бу воқеа сизни маҳзун қилганини кўрсатинг. У нарсанинг қийматига нималар олиш мумкинлигини мисол қилинг.( Аввалдан огоҳлантирмаган бўлсангиз, бехосдан қилинган хато учун болани жазолашингиз нотўғри)
3. Болаларга ортиқча кўп ўйинчоқ, кийимлар олиб берманг, бу ҳолатда бола учун нарсаларнинг қадри йўқолади.
4. Катта фарзандларингиз, айниқса ўғил болалар, оила бюджетини режалаштиришда иштирок этсин.
5. Нарсалар харид қилишга болаларни биргаликда олиб боринг, қайси маҳсулотни нима учун олиш керак, қайси бирини олиш керак эмас, уларга тушунтиринг. Каттароқ ёшдаги болага бозорлик қилишни топшириш ҳам мумкин (Лекин бошида баъзи бир хатоларга тайёр бўлинг.)
6. Ўзингиз ҳам тежамкорликда намуна бўлинг. Ҳаттоки, сизни мулкингиз бўлмаган нарсаларни ҳам авайлашингизни кўрган бола, албатта сиздан тежамкорликни ўрганади. (Кераксиз жойда лампочкаларни ўчиринг, сувни исроф қилманг, кийимлар ва овқат борасида ҳам тежамкор бўлинг)
Аллоҳ берган неъматларни қадрлаб, эҳтиёт қилиб ишлатиш, бу иймонимизнинг яна бир бўлагидир. Бундай тарбия йўлида Аллоҳ бизга мададкор бўлсин.
Манбаа:http://muslima ona kundaligi