islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 19, 2019

Day

Яхшиликка далолат қилувчи

Совуқ қиш кунларидан бири. Исо мактабга кетаётган эди. У йўл четида юриб бораётган фақир бир болани кўриб қолди. Боланинг устки кийимлари юпун эди. Оёқ кийими ҳам жуда эски бўлиб, улардан сув ўтиб кетаётгани яққол билиниб турар эди. Исонинг қалби ларзага келди. Дарвоқе, уларнинг оиласи ҳам гарчи бирор нарсага зориқмасдан яшасалар-да ўзига тўқ хонадонлардан ҳисобланмас эди. Исо болакайни қаёққа кетаётганини билиш учун ортидан юрди. Қарасаки, болакай ҳам Исо кетаётган мактабга кириб кетди. Бироқ Исо аввал уни кўрганини эслай олмади. У дарс давомида бу болага қандай ёрдам бериш ҳақида кўп ўйлади аммо бир қарорга кела олмади. Агар ўзининг икки йилдан буён кияётган оёқ кийимини берадиган бўлса ўзи оёқ кийимсиз қолиши аниқ. Исо катта танаффус вақтида ўша йигитни қидириб топди ва суҳбатлашди. Улар дарҳол дўстлашиб олишди. Маьлум бўлишича, бир неча йиллар олдин бу болакайни отаси вафот этган экан. У онаси ва укалари билан яшар экан. Уларнинг оиласи бу ерга кўчиб келганига кўп бўлмабди. Исо ўзининг сумкасидан ширинлик чиқариб янги дўстини меҳмон қилди. Уйига келгач отасидан камбағалларга қандай ёрдам бериш мумкинлиги ҳақида сўради. Отаси Исога бу борада бир қанча маслаҳатларни берди. Эртаси куни дарслар ниҳояига етгач Исо камбағалларни қўллаб-қувватлайдиган марказга борди. У ердаги фонд ходимига дўстининг ҳолати ҳақида гапириб берди. Фонд ходими Исонинг гапларини ижобий қабул қилди ва ундан дўстининг манзилини ёзиб олди, сўнгра Исога: “Сен каби инсонларни Аллоҳ таоло ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўради. Зеро Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: (إنّ الدّالّ عَلَي الخَيْرِ كَفَاعلهِ (رواه الترمزي “Яхшиликка далолат қилувчи уни қилган киши кабидир” (Термизий ривояти) деганлар. Яьни ўзга бир инсонга яхшилик қилинишига сабабчи бўлган киши шу яхшиликни қилувчиси каби ажру ҳасанотларга сазовор бўлгай!” – деди. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 138