islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 11, 2019

Day

“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжидига имом-хатиб тайинланди

Хабарингиз бор, куни кеча Тошкент шаҳрида нафақат юртимиз, балки ислом оламида машҳур бўлган, улуғ аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ номларидаги муҳташам жоме масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан бунёд этилган ушбу муаззам мажмуа Рамазон ойида халқимизга катта туҳфа бўлди. Бугун ушбу жоме масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ўғиллари, бошлаган хайрли ишларининг давомчиси, бир неча исломий ташкилотларнинг аъзоси ва мўмин-мусулмонларга жуда катта хизмат қилаётган “Ҳилол нашр” мажмуаси раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф имом-хатиб этиб тайинланди. Шунингдек, Шайх ҳазратларининг суюкли шогирдлари, ҳофизи Каломуллоҳ Баҳодир қори Раҳматуллев эса мазкур масжид имом ноиби вазифасига тайинланди, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Шу ўрнида айтиш керакки, Исмоил Муҳаммад Содиқ кучли илмий салоҳият, ҳаётий тажриба ва ноёб истеъдод соҳиби ҳисобланади. 1976 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1994 йил «Исломий даъват куллияси»га ўқишга кирди. Тўрт йил бакалавр босқичида, сўнг икки йил магистратурада ўқиб, 2001 йили ушбу куллияни тамомлади. Шундан сўнг, элчихоналарда, диний таълим муассасаларида, нашр ишларида, сайт хизматларида ва таълим марказларида фаолият олиб борди. Ҳозирда Исмоил Муҳаммад Содиқ «Ҳилол нашр» матбаа нашриёти раҳбари ҳисобланади. Бугун 11 май куни ушбу масжидда таровеҳ намози адо этилиб, хатми Қуръон бошланади. Таровеҳ намозида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, уламолар, марҳум ва мағфур Шайх ҳазратларининг яқинлари, шогирдлари иштирок этиши кутилмоқда. Аллоҳ таборака ва таоло Исмоил Муҳаммад Содиқни улуғ Устознинг вориси сифатида отасининг ишларини давом эттириб боришини насиб этсин ва янги шарафли мартабани Ҳақ таоло муборак айласин. Хатми Қуръонга марҳабо! 265

Заиф ҳадисдан ҳукм олинадими?

“Аввало заиф нима?”, “уни нимага ҳадисга қўшилади?”, деган саволлар тўғрисида тўхталсак. Заиф луғатда кучлининг зиддидир. Буни ҳадисга нисбатан қўллайдиган бўлсак, таркибида «саҳиҳ» ва «ҳасан» ҳадисларнинг сифати бўлмаган ҳадисдир. Бу заиф ҳадиснинг энг мувофиқ таърифи ҳисобланади. Заиф ҳадисларнинг нима эканини билишимиз учун аввало, саҳиҳ ҳадисларнинг илмий таърифини билишимиз лозим. Саҳиҳ ҳадис адолат ва забт шартларига эга бўлган ровийларнинг узлуксиз санад билан, шоз ва иллатдан узоқ ўлароқ ривоят қилинган ҳадислардир. Заиф ҳадис саҳиҳ ва ҳасан ҳадисларнинг шартларидан бири ёки бир нечтаси топилмаган ҳадисдир. Саҳиҳ ҳадисни аниқлашда бешта шарт қўйилган: Ровийнинг адолати; Ровийнинг забти; Санаднинг узлуксиз бўлиши; Ҳадиснинг шоздан ва Иллатдан узоқ бўлиши. Булардан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлмаса, ҳадис заиф ҳисобланади. Заиф деб ҳукм қилинишига кўпроқ ровийларни шахсияти, ҳадис санадидаги нуқсон сабаб бўлади. Аввало ҳадиснинг заиф ёки заиф эмаслигини аниқ билиш зарур. Бунинг учун ровийнинг сиқалиги (ишончлилиги) борасида муҳаддислар орасидаги ихтилофларни билиш керак. Чунки бирисига кўра заиф бўлган ровий бошқасига кўра сиқа бўлиши мумкин. Бир олим заиф санаган ҳадис бошқа олимга кўра саҳиҳ ёки ҳасан бўлиши мумкин. Шу қаторда фазилатли амаллар ва мустаҳаб ишларда заиф ҳадисга амал қилса бўлади. Баъзи имомлар:«Ҳалол ва ҳаром каби шаръий ҳукмларда ҳам заиф ҳадисларга ҳам амал қилинади»,деб жумҳур уламолар таянишга иттифоқ қилган қиёсдан устун қўйганлар. Заиф ҳадисга амал қилиш Абу Ҳанифа, Имом Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбалларнинг, муҳаддис имомлардан Абу Довуд, Насоий ва Абу Ҳотимларнинг мазҳабидир. Фақат бунда икки шарт топилиши лозим: Ҳадиснинг заифлиги ўта кучли бўлмаслиги; Масалада ундан бошқа ҳадис бўлмаслиги; Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ : «Заиф ҳадис биз учун райдан кўра маҳбуброқдир!», деганлар. Қайси бир масалада бўлса ҳам фақат имомлар фикри билан заиф ҳадис тўғри келса, заиф ҳадис олинади. Чунки заиф ҳадис райдан устун туради. Заиф ҳадисни ривоят қилинаётган пайтда ҳадиснинг заифлиги мутлақо айтилиши зарур. Шу жумладан, бундай ҳадислар қатъийлик ифода этувчи жумлалар билан эмас, балки мажҳул жумлалар билан ривоят қилиниши муҳаддислар орасида қабул қилинган услубдир. Афсуски бугунги кунда бу қоидага кўпинча амал қилинмаяпди. Хулоса ўрнида юқорида келтирган баъзи ҳолатларни инобатга олган ҳолда заифли қатъий бўлмаган, баъзи исбот ва далиллар билан келган ҳадислар эътиқод ва ҳалол-ҳаромларни ажратувчи масалалардан бошқа барча масалаларда ҳужжат бўлади. Фазилатлар борасидаги заиф ҳадисларга ҳамма ҳам амал қилаверади, лекин фиқҳий мавзулардаги заиф ҳадисларга фақатгина олим ва фуқаҳолар кўрсатмасига мувофиқ амал қилиш мумкин. Чунки аҳком ҳадислардан ҳукм чиқариш учун маълум даражада илмий савия талаб қилинади. Заиф ҳадисларни буткул қабул қилиш ёки рад этиш ўрнига, уларнинг хусусиятларига ва қўлланиладиган мавзусига қараб алоҳида-алоҳида баҳо бериш энг маъқул йўлдир. Ҳақиқатда, олимларнинг кўпчилиги ўтмишда шу услубни татбиқ қилган. 402 гуруҳ талабаси Муҳамматдинов Аъзамиддин 291

Ғазаб

Холид жуда кучли ва бақувват бола эди. У хотиржам ҳолатда чўзган қўлини букмасдан стулларни кўтариш қобилиятига эга эди. Мактабда унга кураш борасида тенг келадигани йўқ эди. Ҳаммадан ҳам кўпроқ Нуриддин билан уришар эди. Кунлардан бир куни улар мактаб ҳовлисида уришиб қолишди. Нуриддин енгилди. Мағлуб бўлган Нуриддин синфга қайтиб кирди-да ўч олиш учун Холиднинг дафтарига чизиб ташлади. Бу нарса Холидни жуда ғазаблантирди ва Нуриддинни ёнига бориб юзига мушт туширди. Нуриддиннинг бурнидан отилиб чиққан қон унинг кийимларини ва синфхона ерини қизартириб юборди. Синхонадаги барча ўқувчилар ҳайрат ва таажубда эди. Шу чоғда хонага кириб келган муаллим Холидни қилган ишидан хабардор бўлди. Ва унга танбеҳ бериш мақсадидида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини мисол қилиб келтирди: ليس الشديد بالصرعة إنما الشديد الذي يملك نفسه عند الغضب “Кучли инсон рақибини мағлуб қилган киши эмас, балки ғазабланганда ғазабини енга олган кишидир”. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 548