islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Заиф ҳадисдан ҳукм олинадими?

“Аввало заиф нима?”, “уни нимага ҳадисга қўшилади?”, деган саволлар тўғрисида тўхталсак. Заиф луғатда кучлининг зиддидир. Буни ҳадисга нисбатан қўллайдиган бўлсак, таркибида «саҳиҳ» ва «ҳасан» ҳадисларнинг сифати бўлмаган ҳадисдир. Бу заиф ҳадиснинг энг мувофиқ таърифи ҳисобланади.
Заиф ҳадисларнинг нима эканини билишимиз учун аввало, саҳиҳ ҳадисларнинг илмий таърифини билишимиз лозим.
Саҳиҳ ҳадис адолат ва забт шартларига эга бўлган ровийларнинг узлуксиз санад билан, шоз ва иллатдан узоқ ўлароқ ривоят қилинган ҳадислардир.
Заиф ҳадис саҳиҳ ва ҳасан ҳадисларнинг шартларидан бири ёки бир нечтаси топилмаган ҳадисдир.
Саҳиҳ ҳадисни аниқлашда бешта шарт қўйилган:
Ровийнинг адолати;
Ровийнинг забти;
Санаднинг узлуксиз бўлиши;
Ҳадиснинг шоздан ва
Иллатдан узоқ бўлиши.
Булардан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлмаса, ҳадис заиф ҳисобланади. Заиф деб ҳукм қилинишига кўпроқ ровийларни шахсияти, ҳадис санадидаги нуқсон сабаб бўлади.

Аввало ҳадиснинг заиф ёки заиф эмаслигини аниқ билиш зарур. Бунинг учун ровийнинг сиқалиги (ишончлилиги) борасида муҳаддислар орасидаги ихтилофларни билиш керак. Чунки бирисига кўра заиф бўлган ровий бошқасига кўра сиқа бўлиши мумкин. Бир олим заиф санаган ҳадис бошқа олимга кўра саҳиҳ ёки ҳасан бўлиши мумкин.
Шу қаторда фазилатли амаллар ва мустаҳаб ишларда заиф ҳадисга амал қилса бўлади.
Баъзи имомлар:«Ҳалол ва ҳаром каби шаръий ҳукмларда ҳам заиф ҳадисларга ҳам амал қилинади»,деб жумҳур уламолар таянишга иттифоқ қилган қиёсдан устун қўйганлар.
Заиф ҳадисга амал қилиш Абу Ҳанифа, Имом Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбалларнинг, муҳаддис имомлардан Абу Довуд, Насоий ва Абу Ҳотимларнинг мазҳабидир. Фақат бунда икки шарт топилиши лозим:
Ҳадиснинг заифлиги ўта кучли бўлмаслиги;
Масалада ундан бошқа ҳадис бўлмаслиги;
Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ : «Заиф ҳадис биз учун райдан кўра маҳбуброқдир!», деганлар. Қайси бир масалада бўлса ҳам фақат имомлар фикри билан заиф ҳадис тўғри келса, заиф ҳадис олинади. Чунки заиф ҳадис райдан устун туради.
Заиф ҳадисни ривоят қилинаётган пайтда ҳадиснинг заифлиги мутлақо айтилиши зарур.
Шу жумладан, бундай ҳадислар қатъийлик ифода этувчи жумлалар билан эмас, балки мажҳул жумлалар билан ривоят қилиниши муҳаддислар орасида қабул қилинган услубдир.
Афсуски бугунги кунда бу қоидага кўпинча амал қилинмаяпди.
Хулоса ўрнида юқорида келтирган баъзи ҳолатларни инобатга олган ҳолда заифли қатъий бўлмаган, баъзи исбот ва далиллар билан келган ҳадислар эътиқод ва ҳалол-ҳаромларни ажратувчи масалалардан бошқа барча масалаларда ҳужжат бўлади.
Фазилатлар борасидаги заиф ҳадисларга ҳамма ҳам амал қилаверади, лекин фиқҳий мавзулардаги заиф ҳадисларга фақатгина олим ва фуқаҳолар кўрсатмасига мувофиқ амал қилиш мумкин. Чунки аҳком ҳадислардан ҳукм чиқариш учун маълум даражада илмий савия талаб қилинади. Заиф ҳадисларни буткул қабул қилиш ёки рад этиш ўрнига, уларнинг хусусиятларига ва қўлланиладиган мавзусига қараб алоҳида-алоҳида баҳо бериш энг маъқул йўлдир. Ҳақиқатда, олимларнинг кўпчилиги ўтмишда шу услубни татбиқ қилган.

402 гуруҳ талабаси
Муҳамматдинов Аъзамиддин

80870cookie-checkЗаиф ҳадисдан ҳукм олинадими?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: