islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

ИСЛОМ ШАРИАТИ ҲАМДА МАМЛАКАТ ҚОНУНЛАРИДА КОРРУПЦИЯ ВА ПОРАХЎРЛИК ИЛЛАТИНИ ҚОРАЛАНИШИ

Жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш ҳар бир мамлакат олдида турган асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳар бирида коррупцияга қарши кураш бўйича тегишли чора-тадбирлар ва унга қарши курашиш тўғрисида норматив ҳужжатлар қабул қилинган. Ҳақиқатан, коррупция муаммоси бугунги кунда дунё миқёсида ўз ечимини талаб этаётган биринчи масалалардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам жаҳон ҳамжамияти бу иллатга қарши кескин курашмоқда. Бу йўналишда бир қатор халқаро ҳужжатлар ҳам қабул қилинган. Ҳусусан, БМТ ҳомийлигида қабул қилинган коррупцияга қарши курашиш резолюцияси (1995 й.), Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқ кодекси (1996 й.), Халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши курашиш декларацияси (1997 й.), Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси (2000 й.), Коррупцияга қарши конвенция (2003 й.) ва бошқалар шулар жумласидандир.

Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш изчиллик билан олиб борилмоқда. Бу борада сўз юритар эканмиз аввало, мамлакатимиз 2008 йилда Коррупцияга қарши конвенцияга, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига қўшилганлигини, Олий Мажлис томонидан 2011 йилда Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битимни ратификация қилинганлигини кўрсатиб ўтиш лозим.

Бироқ сўнги даврда шиддат билан ўзгариб бораётган пайтда коррупцияга қарши курашиш ҳам ўзгаришлар, ислоҳотлар, янги қонун ҳужжатларини талаб қилар эди. Шу инобатга олиниб мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш янги босқичга кўтарилди. Шуни эътироф этиш керакки, бу борада 2016 йилнинг октябрь ойида мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев ташаббус кўрсатди, ўша пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчиси эди.

Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини киритиш ҳақида қонунчилик ташаббусини билдирди.

Ушбу қонун қисқа вақтда ишлаб чиқилди ва 2017 йил 3 январдан кучга кирди. Қонун умумий қоидалар, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора- тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги, якунловчи қоидалар киритилган 34 моддани қамраб олган 6 бобдан иборат ҳуқуқий механизм яратилди.

Эътироф этиш керакки, мазкур қонун ижросини таъминлаш мақсадида ўша йили коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ҳам тузилди.

Қонунда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат, нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг коррупцияга қарши курашишдаги иштирокига ҳам алоҳида урғу берилган.

Шу ўринда “Коррупция” тушунчасига ҳам тўхталиб ўтсак. Коррупция (лот. Corrumpere – бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.

“Коррупция – аралашмаган жойда ҳар бир инсоннинг истеъдоди намоён бўлади. Ютуқлари илгари сурилади. Бундай етук малакали инсонлардан албатта Ибн Сино, Фарғоний, Беруний, Хоразмий каби мутафаккирлар етишиб чиқса ажаб эмас. Энг аввало юксак тараққиётга эришиш учун фуқаролар ўзини эмас, амал курсисини эмас, балки жамият манфаатини ўйлаб иш тутса ўшандагина коррупциянинг илдизини қуритиш мумкин”.

Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.

Коррупция ва порахўрлик ҳақида гапирганда шуни айтиш керакки, тарихда коррупция иқтисодий ҳодиса сифатида товар-пул муносабатлари бор жойда мавжуд бўлиб келган. Давлатда иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хил чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан ҳоли, чекланмаган ё рухсат бериш, ёки тақиқлаш ваколати коррупциянинг илдиз отишига замин яратади. Шу билан бирга, катта бойликларга эга бўлган баъзи ишблармонлар ўз даромадларини кўпайтириш ва бозордаги рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш мақсадида ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиш, уларнинг ўз иҳтиёрларига бўйсундиришга ҳаракат қиладилар.

Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг ички ахлоқий-руҳий маслаги ва эътиқодига айланиши керакки, бу коррупцияга қарши маърифатнинг ўзагини ташкил қилади. Қонун талабларининг тўлақонли амалга оширилиши мамлакатимиз аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга, ривожланиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масаласи алоҳида ўринни эгаллайди. Унда ёши ва касбидан қатъий назар барчанинг ҳуқуқий саводхонлиги юқори бўлиши, айниқса, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия белгиланган давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилиши лозимлиги кўрсатилган.

Коррупциянинг ҳуқуқий сабаблари ҳақида тўхталганда, унинг ривожи давлатдаги қонунларнинг сифатига боғлиқ бўлиб, номукаммал бўлган қонунлар ишламайди ва коррупцияга мойил шахслар бундан устамонлик билан фойдаланишга интилади. Коррупциянинг ижтимоий сабабларига жамиятдаги носоғлом муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданияти, маънавиятининг қуйи (паст даражада) эканлиги, диний-маърифий саводсизлиги, уюшқоқлик ва жамоатчиликдаги фаолликнинг этишмаслиги киради. Шуниси эътиборлики, жамиятдаги ижтимоий онгнинг у ёки бу тарзда ўзгаришига одамларда давлат ва қонунларга нисбатан ишонч пайдо бўлишига мамлакат раҳбар ходимларининг ўз вазифаларини қай даражада амалга оширишлари ўз таъсирини кўрсатади. Улар томонидан тўғри ва адолатли қарорлар қабул қилинса, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланса, ижтимоий ҳимоя кучайтирилса, халқнинг жамиятда адолат, ҳақиқат борлигига ишончи ортади. Унинг акси бўлса одамлар орасида норозилик ва хукуматга нисбатан ишончсизлик юзага келади.

Ҳозирги вақтда коррупцияга қарши кураш бўйича асосий қонун сифатида Жиноят кодекси эътироф этилади. Жиноят кодексининг 15 га яқин турли моддаларида жазо қўллаш таҳдиди билан жиноят ҳисобланади. Аммо фақатгина қонун доирасида бу иллат билан курашиб бўлмайди. Аввало бунда фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва диний-маърифий маданияти ҳам муҳимдир. Агар фуқаро ҳуқуқий ва шаръий билмларни яхши билса, коррупциянинг илдиз отишини олди олинади.

Коррупция ва порахўрликнинг зарарли иллатлари ҳақида Ислом шариатида ҳам қаттиқ қораланади.Аввало, “Ша¬риат” деганда– Ислом давлатларида ва барча мусулмон халқлари учун риоя этилиши қатъий бўлган, Қуръон ва Ҳадисга асосланган диний-ҳуқуқий ва ахлоқий қонун-қоидалар йи¬ғин¬диси тушунилади. Ислом шариатида корруп¬ция ва порахўрлик қаттиқ қораланади.

Бу ўринда бировнинг ҳаққини ноҳақ ейиш ҳамда пора берувчи ва пора олувчи ҳам оғир гуноҳкор бўлишлиги айтиб ўтилади.

Аллоҳ таоло Нисо сураси 29-оятда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ

“Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йул билан еманг”.

Шунингдек, Бақара сураси 188-отда Аллоҳ таоло айтади:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

Яъни: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил (ҳаром) йўллар билан емангиз. Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ لَحْمٌ نَبَتَ مِنْ سُحْتٍ

Яъни: “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди” – деганлар.

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, фирибгарлик,маҳсулот нархини сунъий равишда кўтариш, ўғирлик, товламачилик каби иллатлар киради. Буларнинг орасида амалининг гуноҳи оғирлиги билан порахўрлик туради.

Пора араб тилида “ришва” деб аталади, шаръий истилоҳда эса, “Пора-хақни йуққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсадир”.

Мисол учун бировнинг бир нарсада ҳаққи бор, ўша ҳақни олиш учун ҳокимнинг ҳукмига қараб турибди. Иккинчи бир одам келиб ўзи ҳақдор бўлмаса ҳам ҳокимга пул бериб, ўз фойдасига ўша нарсани беришни сўрайди. Ҳоким ўша ишни қилса, ҳақдорнинг ҳақи поймол бўлиб, ноҳақдан биров фойдасига ҳукм қилган бўлади. Кўриниб турибдики, бу ҳолатда пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам ноҳақ иш қилмоқда, бировнинг ҳаққига хиёнат қилиб ўз фойдасини кўзламоқда.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоху анҳудан ривоят қилинади “Расулуллох солаллоҳу алайҳи васаллам: “Пора берувчига ва пора олувчига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларини ҳам ушбу ҳаром ишни қилганлари учун лаънатламоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатлари жуда оғир жазодир. Чунки лаънат бировни Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир.

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пора берувчи хам, олувчи хам, ўртада турувчи ҳам жаҳаннамга ташланади”– дедилар.

Одатда пора олувчини қоралаш маъносида кўп гапирамизу, пора берувчи тўғрисида гапирмаймиз. Ҳо묬буки, ушбу ҳадиси шарифда пора берувчи олдин зикр қилинмоқда. Чунки пора, деб номланган иқ¬ти¬содий, ахлоқий, ижтимоий жиноятни бошловчи пора берувчидир.

Шунингдек, шариатда қози (судья)ларга алоҳида эътибор берилган. Уларнинг фаолиятида коррупциянинг олдини олиш хусусида шундай дейилади: “Агар одил қози фисқ йўлига кирса, масалан, пора олса, зино қилса ё хамр ичса – ҳоким уни ишдан четлатур.

Бир киши қозиликка пора билан эришса, шариат бўйича у қози ҳи-собланмас, агар ҳукм қилса, ҳукми ўтмас (яъни бундай ҳукм бошқа қози томонидан бекор қилинган).

Қози ҳеч кимдан ҳадя олмас, ўзи ¬учун махсус ташкил қилинган зиё-фатга бормас, магар кўпчилик чақирилган бўлса, борур”.

Ислом тарихида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Бани Асад қабиласига мансуб Ибн Лутбияята исмли кишини омили садақа-закот олувчилик вазифасига таъйин қилдилар. Амалдор бўлиб олган Ибн Лутбияята розияллоҳу анҳу ўз иш жойларига, закотини йиғиб олиши лозим бўлган диёрга жўнаб кетдилар. Маълум вақт ўтиб, ишни бажариб қайтиб келдилар. Йиғиб келган закотни хазина-байтул молга, мана бу сизларга, деб топширдилар. Аммо, у кишининг ҳузурида топширилган молу-мулкдан ташқари яна баъзи нарсалар қолди. Ибн Лутбияята розияллоҳу анҳу ўша қолган нарсалар нима эканлигини баён қилиб, мана бу эса, менга ҳадя қилинди, дедилар. У кишининг фикрича, ҳадя олишга ҳақлари борлигидан ана шундоқ тасарруф қилдилар.

Ҳар бир жамиятда, ҳар бир тузумда, ҳар бир шахс худди шундоқ ўйлайди. Аммо, Исломда ундай эмас. Шунинг учун ҳамПайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам амалининг ишга солиб ҳадя олган қиёмат куни ўша олган нарсаси туфайли албатта жазога тортилишини Аллоҳнинг номи ила ўз муборак номларини ва қимматли жонларини орага қўшиб қасам ичиб такидлаб туриб баён қилмоқдалар: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, сиздан кимки ўшандан бирор нарса олса, албатта қиёмат куни уни бўйнида кўтариб келади. Туя бўлса пишқириб, сигир бўлса бўкириб, қўй бўлса маъраб туради”.

Қиёмат куни ўз даҳшати билан ҳаммаёқни қамраб олган. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Отанинг бола билан, боланинг ота билан, онанинг қизи билан, қизининг она билан, эрнинг хотин билан, хотининг эр билан, иши йўқ. Ҳамма ўз нажотини кўзлаб, зорланиб, кўзлари қўрқинчга тўлиб турибди. Шундай бир пайтда, бу дунёда порага туя олган бўйнида пишқириб турган туяни аранг кўтариб, қомати букилиб, иши расво бўлганидан ўкиниб, зор-зор йиғлаб келмоқда, унинг ёнида бошқа бири бўйнида бўкириб турган сигирни яна бошқаси маъраб турган қўйни кўтариб келмоқда…

Демак, буларниг сўроқ-саволи, ҳисоб-китоби, далил-гувоҳи ўзлари билан.Албатта, туя, сигир ва қўйлар ўша вақтда закотга омилларга берилиши эҳтимоли кучли поралар сифатида зикр қилинмоқда. Мазкур ҳайвонлардан бошқа нарсаларни, жумладан пулни олганларга ҳам ўзига яраша шармандали ҳолат бўлади. Уларнинг барчалари ўз жазоларини албатта оладилар. Мазкур ҳукм Пайғамбаримиз томонидан етказилиши керак бўлган илоҳий ҳукм эди. Демак, қиёмат кунидан умиди бор ҳар бир шахс пора олмаслиги ва бермаслиги лозим.

Бу борадаги асослар Ўзбекистон Республикаси қонунларида ҳам ўз аксини топган. Ҳусусан, Жиноят кодексининг 211-212-моддаларида порахўрлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жамият учун ижтимоий хавфи юқори ва оғир оқибатларга олиб келувчи жиноятлар тоифасига киради. Ушбу жиноятлар жамиятнинг маънавий-ахлоқий негизига путур етказибгина қолмай, янги жиноий қилмишлар содир этилишига ҳам йўл очиб бериши мумкин. Шу боис, пора берганлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жиноий жазоларнинг кучайтирилгани салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Тарихга назар ташласак, соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида жиноят ва жазо масалаларини ҳал этишда “Темур тузуклари” алоҳида ўрин эгаллаган. Тузукларда мулкни, хусусан, давлат мулкини ўзлаштирганлик учун жавобгарликни белгилашда ўзига хос ёндашув мавжуд бўлган.

Ўша даврда амалдорлар ишини тартибга солиш мақсадида вақти-вақти билан сўроқ, текшириш, тафтиш, тергов ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, доимий равишда ичкилик ичиш, маиший бузуқлик каби қилмишлар оғир гуноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ, неваралари Пирмуҳаммад ва Ҳалил Султонлар юқо¬рида зикр этилган меъёрларни бузганлик учун халқ олдида жазога тортилган.

Ислом шариатида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ношаръий (диний-ахлоқий ва ҳуқуқий нормаларга зид) йўл билан даромад орттиришнинг оддий ўғриликдан бир неча марта оғир гуноҳ эканлигини такрор-такрор айтиб, унинг аламли оқибати нима бўлишини очиқ ойдин баён қилиб қўйганлар. Шундан кейин ҳам мазкур гуноҳга қўл урган одам қиёмат куни қаттиқ азоб-уқубатга учрайди.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга (ишга) юбордилар. Жўнаб кетганимдан кейин орқамдан одам юбордилар. Қайтариб келиндим. Шунда У зот: Сенга нима учун одам юборганимни биласанми? Менинг изнимсиз бирор нарсани олмагин. Чунки, у ғулулдир. Ким ғулул олса, қиёмат куни ғулул (ношаръий йўл билан топилган мол-мулк) олган нарсаси ила келур”.

Порахўрлик қанчалик ёмон иллат эканини ҳамма яхши билади. Ҳаммадан ҳам кўра бу ишнинг ёмонлигини мусулмон халқлар яхши тушунадилар. Чунки, бу иш улар учун нафақат бу дунёга, балки, охиратга ҳам тегишли масаладир. Аммо, афсуслар бўлсинким, кўпгина жамиятларда инсонлар порахўрлик балосидан жафо чекмоқда. Порахўрлик туфайли ноҳақлик ҳақнинг устидан, нопоклик поклик устидан, зулум адолат устидан, хиёнат омонат устиданғолиб келмоқда. Инсонлар бу балодан қутилишлари учун ҳуқуқий саводхонлик қатори Исломдини шариатигаҳамда жамиятнинг ахлоқий нормаларига юзланишлари лозим. Ана шундагина бошқа кўплаб муаммолар қатори порахўрлик муаммосининг олди олинишига эришилади.

Коррупцияга қарши курашиш биринчи навбатда оиладаги муҳит ва таълим-тарбиядан бошланади. Жамиятда нима ҳалолу нима ҳаром эканлиги фарзандларимизга бобо-момолар, ота-оналар ва устозлар ўгити билан сингдирилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев фарзандларимизга болалигидан покни нопокдан, ҳалолни ҳаромдан фарқлашга ўргатишни назарда тутиб, ёш авлод тарбияси ҳақида гапирганда, Абдурауф Фитратнинг қуйидаги фикрларига ҳар биримиз, айниқса, энди ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларимиз амал қилишлари лозимлигини таъкидладилар: “Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб боради. Пора воситасида нохақлик ҳақ мақомига чиқиши боис жамият пароканда бўлади. Мамалакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб яшнашини, охирати обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлиши керак.

СОБИРОВ ЎТКИР ТУРСУНБОЙ ЎҒЛИ

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар”кафедраси ўқитувчиси

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати :

1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Зикр аҳлидан сўранг” 1-8 жузлар. “Hilol-nashr”нашриёти 2016 йил.

2. Шайх Абдулазиз Мансур “Қуръони карим маъноларининг таржимаси” Тошкент ислом университети нашриёти 2016 йил.

Фойдаланган интернет сайтлари:

1. http://samarqand.adliya.uz

2. http://xatirchi-hayoti.uz

3. https://www.gazeta.uz

4. http://islomobod.uz

5. http://savollar.islom.uz

6. http://metmash.kasaba.uz

113370cookie-checkИСЛОМ ШАРИАТИ ҲАМДА МАМЛАКАТ ҚОНУНЛАРИДА КОРРУПЦИЯ ВА ПОРАХЎРЛИК ИЛЛАТИНИ ҚОРАЛАНИШИ
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

1 та фикр мавжуд
  1. Nuriddin

    Assalomu Alaykum Ustoz sizdan Alloh rozi bo’lsin saytingizda va telegram kanalingizda berilayotgan har bir xabarni savol-javoblarni kuzatib boryapmiz Ustozlar menda ham bir savol bor edi.
    Ustoz men bir necha yillar oldin Toshkent shahridagi oliy ta’lim dargohlaridan biriga noto’g’ri yo’l ya’ni Pora bilan kirib o’tgan yili bitirganman. O’sha o’qishga kirgan yilimdan turli yurtimizdagi ustozlarning mavizalarini eshitib yurardim lekin o’qishga Pora bilan kirgunimcha Pora bilan kirishning Oxiratda Javobi borligi haqida o’ylab ham ko’rmagan ekanman. Balki Iymonim sustligi yoki diniy bilimim yoqligidandir balki Kirgan yilimning
    2-yilidan boshlab qalbimni turli savollar kemira boshladi hayotingni yolgondan gunohdan boshlading degan narsa tinchlik bermasdi mavizalar eshitishda va turli diniy Olimlarimizning kitoblarini o’qib yurdim 2-kursdan boshlab hayotimdan Pora degan narsani chiqarib tashladim lekin baribir o’sha oladigan diplomimni orqasidan topadigan pulim haromligini va bir umr harom luqma yeb o’tamanmi degan savol qiynab keldi o’qishni bitirdim ham lekin o’zimni soham bo’yicha ishga kirmadim boshqa bir tashkilotga o’sha diplom bilan ishga kirdim hozir o’sha tashkilotda ishlayapman lekin menda endi boshqa maqsad paydo bo’ldi harom diplomni haloliga almashtirish hozir 2020-yil Yanvar oyidan o’qishga tayyorlanyapman lekin uyimdagilar bu haqida o’ylab ham ko’rishmadi aksincha soham bo’yicha pora berib bo’lsada ishga kirishga buyurishdi lekin uzoq vaqt ishlamay yurdim.
    Umuman shu gunohlarga bilib-bilmay qo’l urib qoydim. Ustoz shu qilgan gunohlarimni hukmi va men endi qanday yo’l tutishimni tushuntirib bersangiz balki meni to’gri yo’lga yo’llab qoyganiz Alloh sizni Jannati bilan mukofotlasa ustoz Iymoniy birodaringiz sifatida sizdan shu savolimga javob berishingizni kutaman
    Ustoz ismim Nuriddin iltimos yo’l ko’rsating juda qiynalib ketdim kechalari uxlayolmay chiqaman hozir 5 vaqt namozni to’liq ado etib kelmoqdaman oldindan Raxmat Ustoz Ilohim ilmingiz ziyoda bo’lsin ko’p narsa yozganim uchun uzr so’rayman ustozlar iloji bo’lsa Islom fiqshunosligi yo’nalishidagi ustozlar ozgina vaqtlarini ayamay menga qo’ng’iroq qilib batafsilroq tushuntirib yo’l ko’rsatsalar shoyad Alloh gunohimni kechirsa deb umid qilaman.
    Telefon raqamimni qoldiraman oldindan raxmat Alloh rozi bo’lsin sizlardan !!!
    +998905964543

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!