بسم الله الرحمن الرحيم
“Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларгина қўрқарлар”, дея марҳамат этган Ҳакийм, Алийм бўлган Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсин. “Олимнинг обидга нисбатан фазли, сизларнинг энг паст даражангиздаги кимса билан менинг фазлим кабидир”, дея мадҳ этган ҳабибимиз Муҳаммад Мустафога, оилаларига ва сафою вафо аҳли бўлган саҳобаларига, бизга маҳшар даҳшатида орзу-умид бўладиган саловат ва саломлар бўлсин.
Бу мақолада буюк, муҳаддис, муфассир, мутакаллим, фақиҳ, аллома, ўз асрининг мужаддиди Муҳаммад Зоҳид Кавсарий роҳимаҳуллоҳ ҳақларида сиз ўқувчига меҳрибон ва раҳимли бўлган Зот Аллоҳнинг тавфиқи ва ёрдами ила қисқача маълумотларни тақдим этишга уриндик. Бу урунишдан кўзлаган мақсадимиз бу буюк зот ҳақларида сиз азиз ўқувчимизда озгина бўлса ҳам тасаввур уйғотишдир. Зеро улуғ алломанинг ҳаётлари, қадрлари ва ислом умматига қилган чексиз хизматларини тўлиқ ёритиш учун бир неча юз саҳифаларни қоралашга тўғри келади. Меҳрибон ва раҳмли бўлган буюк зотдан ушбу ожизона уринишимизни манфаатли ва барокотли қилишини ўтиниб қоламиз.
Муҳаммад Зоҳид ибн Ҳасан Ҳилмий Кавсарий ҳижрий 1296-йили (1878), Шаввол ойининг 27 ёки 28 (14-октябр) санаси, сешанба куни, бомдод намозига азон садолари мўминларни чорлаётган вақтда, Туркиянинг Дузжа шаҳрига яқин бўлган Ҳожи Ҳасан Қорисий қишлоғида таваллуд топдилар. “Кавсарий” Кавказ минтақаларидан бўлган “Шиз” дарёси соҳилидаги Кавсарий қишлоғига нисбат ҳисобланади. Шунингдек “Кавсарий” у зотнинг аждодларидан бирига нисбат дейилган гап ҳам бор.
Бошланғич исломий илмларни оталари Шайх Ҳасан ибн Алий Кавсарий роҳимаҳуллоҳдан таҳсил оладилар. Бу ҳақида Шайх Кавсарий ўзлари шундай дейдилар: “Мен фиқҳ, ҳадис ва бошқа илмларни отамдан ўргандим. Чунки отам мана шу илмларни дарс бериш учун бўш бўлар эдилар”. Шайх Ҳасан ўғилларига ўзларига ривоят силсиласи орқали етиб келган барча илмлардан ижоза берадилар. Сўнгра Шайх Кавсарий Дузжа шаҳридаги шайхлардан таълим оладилар ва Низом Дузжавийга шогирд бўладилар. Низом Дузжавийдан сарф, наҳв, тарих, риёзийёт, форс тили ва бошқа шаръий илмларни таълим этадилар. 1311-йили бу ерни тарк этиб Астана (хозирги Истамбул) шаҳрига йўл оладилар. Астанага етиб борганларида “Дорул ҳадис” мадрасасига жойлашадилар. Кейинроқ “Фотиҳ” жомеъсида, Шайх Иброҳим Ҳаққий Абиний, Зайнул Обидин Алсуний ва Шайх Ҳасан Қостуний роҳимаҳумуллоҳ қўллари остида талаби илмни давом эттирадилар. Шунингдек Юсуф Зиёуддин Такуший, шайхлар шайхи Шайх Аҳмад Кабийр, Муҳаммад Асаъд каби зотлардан ҳадис эшитадилар. Шайх Кавсарий бу улуғ зотлардан сарф, балоғат, адабиёт(адаб), фиқҳ, усул, тавҳид, мусталаҳ, тафсир, ҳадис, мантиқ ва мунозара одоблари каби илмларни таълим оладилар.
“Фотиҳ” жомесида талаби илмни ниҳоясига етказганларидан кейин ўша илм масканида мударрис бўлиб хизмат қилишни бошлайдилар. Бу улуғ хизмат давомида ана шу илм-у ирфон масканида мударрислар раҳбарига айланадилар ва Усмонийлар халифалигида исломий шайхлар вакили этиб тайинланадилар. Буюк Шайх бу маърифат масканида 1-жаҳон уриши бошларига қадар илм-у ирфон таратишда давом этадилар ҳамда бу ердан Мисрга ҳижрат қилишга мажбур бўладилар. Ҳижрий 1341-йили (1922) қишда Мисрга бориб қўним топадилар ва умрлари сўнгига қадар шу ерда яшайдилар. Мисрда ҳаёт кечиришлари давомида бир неча маротаба Дамашққа сафар қиладилар. Шайх Мисрда истиқомат қилганларида Астанадаги каби омматан дарс бериш билан машғул бўлмадилар. Бунинг сабаби Шайх бу ерда асосан китоб таълифи ва таълиқи каби илмий фаолият билан машғул бўлдилар. Лекин Шайх бу илмий фаолият билан машғул бўлишларига қарамасдан ҳузурларига илм талабида келган толиби илмларни қайтармас эдилар. Бунга Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда каби ўнлаб олимлар айнан шу ерда Шайхдан таълим олиб, забардаст олим бўлиб етишганлари ёрқин мисол бўла олади.
Шайх Кавсарий ҳадис ва ҳадис илмларини яхши кўрар, унинг таҳсилига, эшитиш ҳамда шайхлар ва ўз тенгқурларидан ижоза олишга одатланган эдилар. Шайх Кавсарий ҳадис уламолари ўз ривоят қилган нарсаларини мундарижалар ё рўйхатлар, ё жадваллар, ёки шайхлар орқали билиб олинадиган хос китобларга жамлаш одатига биноан ҳадис илмидаги шайхлари, эшитган ривоятлари ва ижозаларини баён этиш учун алоҳида мустақил китоб ҳам ёзганлар. Бу китобни “Таҳрирул важиз фийма ябтағиҳил мустажиз”, деб номлаганлар. Шайх Кавсарий ушбу китобларида ҳадис эшитган ва ижоза берган шайхларини зикр этадилар. Улуғ аллома қанчалар кўп шайхлардан ҳадис эшитиб, қанчалар кўп китоблардан ижозлар олганлари бир мустақил китоб таълиф этганларидан ҳам кўриниб турибди. Албатта бу иш Шайх Кавсарийнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб туташадиган узлуксиз санадлар орқали ҳадис ривоят қилишга эътибор бериш борасидаги муҳаддислар йўлларини тутганларини кўрсатиб турибди.
Улуғ аллома илмий фаолиятлари давомида ислом умматига 50 дан ортиқ китоблар, бир нечта китобларга муқаддима ва таълиқотлар ҳамда кўплаб мақолалар тақдим этганлар. Қуйида уларнинг баъзиларини эслаб ўтамиз:
1. “Мадхолул ом лиулумил Қуръон”
2. “Таънибул Хотиб аъла ма саақоҳу фий таржимати Аби Ҳанифа минал аказиб”
3. “Нукатут торифа фий таҳаддуси аън руду ди ибн Аби Шайба аъла Аби Ҳанифа”
4. “Ҳуснут тақодий фий сийротил Имам Аби Юсуфил қозий”
5. “Насбур роя лиаҳадисил ҳидоя” китобига муқаддима
6. Абу Мусо маданийнинг “Муснади Аҳмад”нинг хусусиятлари китобига таълиқ…
Шайх Кавсарийнинг қўл остиларида жуда кўплаб олимлар етишиб чиққан. Қуйида улардан баъзиларини таништириб ўтамиз:
1. Саййид Ҳусомиддин Қудсий. Мисрдаги “Қудсий” кутубхонасининг соҳиби, 12 жуз қилиб чоп этилган “Ад-довул ломъи”, 10 жуз қилиб чоп этилган “Мажмауз завоид”, 8 жуз қилиб чоп этилган “Шазаротуз заҳаб”каби китоблар ношири ҳисобланадилар. Саййид Ҳусомиддин устозлари Шайх Кавсарий кўрсатмаларига билан кўплаб фойдали китоблар нашр қилганлар.
2. Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда. Шайх “Азҳар”да таълим олганлар ва бу даргоҳни битирганларидан кейин она юртлари Сурияга қайтиб шу ердаги илм даргоҳларида дарс бериш билан машғул бўлганлар. Бир неча йил Сурияда таълим берганларидан сўнг Саудия Арабистонига бориб, ар-Риёддаги “Муҳаммад ибн Сауд” университетида бир неча йил дарс берадилар. Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда устозлари каби бир нечта фойдали китоблар, муқаддима ва таълиқотлар соҳиби ҳисобланадилар.
3.Саййид Иззат Аттор Ҳусайний. Фойдали китоблар ношири. Шайх Кавсарийнинг асарларидан бўлган “Таънибул Хотиб” китобларини нашр қилдирган.
Шу ўринда “Зар қадрини заргар билади”, деб айтилган ҳикматга монанд равишда кўплаб уламолар ичидан баъзиларининг Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий роҳимаҳуллоҳ ҳақларида айтган сўзларини келтириб ўтсак фойдадан холи бўлмайди.
Шогирдлари Аҳмад Хойрий Шайх Кавсарий ҳақларида айтадилар: “Хос хотира соҳиби эдилар. Хусусан исмларни ёдда сақлаш борасида. Қачонки бир нарса эшитсалар ёки бирор бир кишини кўрсалар, бир неча йиллардан кейин бўлса ҳам уни эслардилар. Бу хусусият у зотни Астана, Миср ва Шомдаги нодир қўлёзмалар билан танишишлари билан бирга, рижол илми борасида рақобатлашилмайдиган ҳужжатга айланишларига сабаб бўлди. Усул ҳамда фиқҳ илмларида аср устози бўлишлари билан бирга, ҳадис ва ҳадис рижоллари борасидаги моҳирликларини калом илми ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони поклаш борасидаги ажабланарли моҳирликка бирлаштирган эдилар. Лол қолдирувчи истеъдодларига қарамасдан уламолар у зотни текширишларини яхши кўрар эдилар”.
Истамбулдаги исломий илмларга мўлжалланган “Амир Абдулқодир” университетидаги китоб ва суннат қисми раиси, ҳадис ва ҳадис илмлари устози Доктор Абу Бакр Кофий айтадилар: “Албатта Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий шариатнинг нақлийси, ё ақлийсини билиш, уммат ва фиқҳ тарихини билиш борасида ўз асрида ажралиб турган атоқли уламолардан ҳисобланадилар”.
Доктор Солаҳ Муҳаммад Абулҳаж айтадилар: “Имом Кавсарий йигирманчи асрда гавдаланган илмий шахсиятларнинг энг кўзга кўрингани ҳисобланадилар. Дарҳақиқат, у зот аҳли сунна илмларидан ҳақни юзага чиқариш ва уни ҳимоя қилиш борасида мана шу замоннинг мужаддидидирлар. Ҳаттоки Имом Кавсарий аҳли сунна мазҳабига, хусусан фиқҳий мазҳабларга ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаш борасида буюк из қолдирдилар”.
Аллома Муҳаддис Муҳаммад Аввома Имом Кавсарийнинг “Нукатут торифа” китоблари ҳақида қуйидагиларни айтадилар: “Албатта аллома Кавсарий бу китобни мўжаз услублари ила ёзганлар. Агар у зотдан бошқа кимса бу фойда ва таҳқиқотларни одатий услубда ёзса эди, китобнинг ҳажми бир неча баробар кўпайиб кетган бўларди”.
Шайх Салома Қодоъий айтадилар: “Аллома, муҳаққиқ, муҳаддис, фақиҳ, улуғ устоз Зоҳид Кавсарий сабабидан суннат кўкси даволанди ва у зот сабабли уммат унинг устида бўлган ҳақ нусратга эришди”.
Исломга бағишланган ва илм-у ирфонга тўла бўлган буюк алломанинг ҳаётлари ҳижрий 1371-йил (1952), Қоҳирада, зулҳижжа ойининг 13-санаси, чоршанба куни ўз ниҳоясига етди. Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтгувчимиз.
Аллоҳим, Шайх Кавсарийни мағфират қилиб, у зотни Ўз раҳматингга ғарқ айлагин. Уммати Муҳаммадийга қилган хизматларига чексиз савоблар битгин. Жаннатингдан жой бериб, даражаларини баланд қилгин. Бизга бу зотнинг илмий меросларидан кўплаб фойдалар олишимизни насиб қилгин. Эй Роббим, бизни олимларни яхши кўрадиган бандаларинг сафида қил.
Тошкент ислом институти 1-курс талабаси Мурод Музаффар ўғли манбалар асосида тайёрлади.