Кеча, 12 сентябр соат 10:00 да Тошкентда, “Азон китоблари” марказида ислом оламида машҳур, жудаям муҳим манба – “Катта фиқҳ энциклопедияси” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбир Ҳасанхон қори Яҳё Aбдулмажид томонидан Қуръон тиловати ила бошланиб, тақдимот маросимида Azon.uz, Azon TV ва Azon китоблари лойиҳалари раҳбари Мубашшир Aҳмад, ушбу энциклопедиянинг таржимонлар гуруҳи раҳбари Aбдулҳодий Ғиёс, олима Одинахон Муҳаммад Содиқ ва шунингдек кўплаб илм аҳллари, ёш китобхонлар, талабалар қатнашди.
Шундан сўнг Мубашшир Aҳмад, Ҳасанхон Яҳё Aбдулмажид ҳамда Одинахон Муҳаммад Содиқлар ушбу китоб ва унинг муаллифлари ҳақида бир қанча маълумотларни бериб ўтдилар. Бундан ташқари китоб ҳақида фикр билдирган таржимонлар гуруҳи раҳбари Aбдулҳодий Ғиёс таржима жараёнида бўлган қизиқарли воқеа-ҳодисалар ва илм баҳс-мунозаралари ҳақида сўзлаб ўтди.
Шунингдек ушбу тақдимот маросими Azon китоблари, Azon TV ва Kun.uz томонидан эфир жараёнлари орқали ёритиб борилди.
“Катта фиқҳ энциклопедияси” китоби ҳақида
“Катта фиқҳ энциклопедияси” бу – замонавий даврдаги энг йирик фиқҳий энциклопедия бўлиб, у ҳижрий ўн учинчи асрга қадар ислом ҳуқуқшунослиги меросининг замонавий ва ҳужжатлаштирилган шаклидир. Ҳозирга қадар унинг жилдлари катта ҳажмда бўлган 45 жилдга етган бўлиб, улар тадқиқотчилар ва қозиёт мутахассис (суд эксперт) лари талабаларига қулай бўлиши учун, луғавий тартибда (алфавит бўйича) жойлаштирилган.
Қирқ беш жилддан иборат бу йирик ва нуфузли асар дунё ислом уламолари орасида жуда машҳурдир. Аллома шайх Мужоҳидул Ислом Қосимий бошчилигидаги Ҳиндистонда Ислом Фиқҳ Академияси олимларининг саъй-ҳаракатлари билан урду тилига таржима қилинган. Энциклопедиянинг урдучаси Покистонда нашр этилиши катта тантаналар билан қарши олинган ва у тантаналарда бош вазир ўринбосари ва бошқа вазирлар иштирок этиб, нутқ сўзлашган. Аммо, энциклопедия ҳали урду тилидан бошқа мусулмон халқлари тилига тўлиқ таржима қилинмаган.
Ушбу илмий лойиҳа бошланиши 1951 йил Парижда бўлиб ўтган Исломий Фиқҳ ҳафталиги конференциясидан сўнг бошланган эди. Конференциянинг якуний қарор ва тавсиялари қаторида исломий ҳуқуқий маълумотларни замонавий услублар ва лексик тартибга кўра тақдим этиладиган ҳуқуқшунослик энциклопедиясини тузиш ҳам бор эди.
Ушбу икки юз таниқли олим томонидан тайёрланган энциклопедия 1956 йилда Миср ва Суриядан иборат араб давлатлари бирлашмаси қўмитаси томонидан бошланган. Сўнгра эса маблағ тақчиллиги сабабли Қувайт давлатида давом этирилган. Унинг ёзилиб тугалланишига қирқ йилдан ошиқроқ (1965-2005) вақт кетган бўлиб, Қувайт давлатида ниҳоялангани учун “Қувайт фиқҳ энциклопедиси” номини олган. Энциклопедия кўплаб мусулмон мамлакатларда нашрдан чиққан бўлиб, фиқҳ ва қонунчиликда маҳкама, муассаса ва олимларнинг асосий мурожаат қиладиган манбаси бўлиб қолган.
Фиқҳ энциклопедиясини тайёрлашда ислом ҳуқуқшунослиги соҳасидаги юзлаб таниқли олимлар қатнашдилар. Энциклопедия қатъий равишда Вақфлар вазирлигида тайинланган ҳуқуқшунослар орасидан маъмурият ходимларига таянар эди. Фиқҳ энциклопедиясининг ҳуқуқшунослик ва уни қўллаб-қувватловчи илмлар соҳасида ихтисослашган ушбу яхлитлигида, Кувайтнинг ичкарисидан ва ташқарисидан жуда кўп сонли олимлардан фойдаланган, улар ёзиш учун ягона режада ва илмий кўриб чиқиш ва якуний тасдиқлаш учун бошқа режада маълум атамаларни ёзиш учун тайинланган. Фиқҳ энциклопедияси маъмурияти доирасидан ташқарида ёзганлар сони турли мусулмон мамлакатларидан келган икки юз таниқли ҳуқуқшунос етган этди.
Фиқҳ энциклопедиясининг бош котиблари (масъул шахслар)
Ўтган қирқ йил ичида “Катта фиқҳ энциклопедияси”нинг бош котиблари:
1. Шайх Мустафо Зарқо.
2. Доктор Бадр Мутавалли Абдулбосит
3. Доктор Абдусаттор Абу Ғудда.
Ушбу энциклопедиядан кўпроқ манфаатланиш борасидаги ҳаракатлар боис, у CD-дискка ва яна замонавий воситаларга жойланиб, тадқиқотчиларга тақдим қилинмоқда. Ҳозирда фиқҳ энциклопедияси ҳуқуқшунослик материалларини ислом ва ғайриислом дунёси тилларига таржима қилиш устида жиддий ишлар олиб борилмоқда.
Энциклопедия ўз ичига фиқҳий масалаларни тўрт мазҳаб далиллари асосида қиёсий-таҳлил қилиб жамлаган асардир. Ҳар бир мавзу доирасида истилоҳнинг таърифи, унга оид алоқадор сўзлар, ижмолий ҳукми ва ўрганилган ўринлари жой эгаллаган. Ўз навбатида, буларнинг барчаси мавзунинг катта қамровли экани ёки аксинчалигига қараб эҳтиёж доирасида бир қанча бандларга тақсимланган. Истилоҳ “таърифи”да атаманинг луғат китоблари ва уламолар берган тушунчалари келтирилган бўлса, “алоқадор сўзлар” бандида истилоҳнинг бошқа сўзлар билан боғлиқлиги ва уларнинг қисқа тавсифи ўрганилган. “Ижмолий ҳукм”да эса истилоҳнинг фиқҳий жиҳатдан мавзули жойлари, мазҳаблар қарашлари ва уларнинг бунга доир далиллари бирор тарафга оғмаган ҳолда, объектив келтирилган. Истилоҳнинг “ўрганилган ўринлари” бандида мавзу ҳақида бошқа манбаларда келтирилган фикр ва мулоҳазалар тадқиқ қилинган.
“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан мисоллар
Илм олишга оид мисол:
Илм талаб қилишда ота-онадан изн сўраш:
Фақиҳлар илм талаб қилишга ота-онанинг изнисиз чиқишга ижозат берганлар. Бу умумий тарзда айтилган гап. Фақиҳларнинг бу борада тафсилотлари бўлиб, қуйида уларни зикр қиламиз:
Ҳанафий фақиҳларимиз илм талаб қилиш ва чуқур ўрганиш учун чиқишда ушбу чиқиш сабабли ҳалокат хавфи бўлиш ёки бундай хавф бўлмаслиги орасини ажратганлар. Агар унга нисбатан ҳалокат хавфи бўлмаса, унинг илм талабига чиқиши тижорат учун сафар қилиш билан бир хил ўринда бўлади. Тижорат учун сафар қилиш, ота-онанинг зое бўлиб қолиши ёки бўлмаслик хавфига қараб фарқланади. Агар ота-онага нисбатан зое бўлишлари хавфи бўлса, яъни улар камбағал бўлишиб, уларнинг нафақаси у(фарзанд)нинг зиммасида бўлса ва сафарига ва уларнинг нафақасига етарли маблағи бўлмаса, уларнинг изнисиз чиқмайди. Агар уларга нисбатан зое бўлишларидан қўрқмаса, яъни улар бой бўлишиб, нафақаси унинг зиммасида бўлмаса, уларнинг изнисиз чиқиш мумкин. Агар илм талаби учун чиқиш сабабли ҳалокат хавфи бўлса, жиҳодга чиқиш ўрнида бўлади. Агар ота-онаси ёки улардан бири унинг чиқишини ёмон кўрсалар, чиқиш мубоҳ бўлмайди. Бунда ота-онасини зое бўлишлари хавфи бўлиш ёки бўлмаслигида баробар. Агар бир кишининг фарзандлари бўлса, агар у таълим олиш ва оиласини таъминлашга қодир бўлса, иккисини жамлаши афзал.
Моликийлар наздида: Агар сафар асносида хатар бўлса ота-она фарзандини илм талабига чиқишдан ман қилишлари мумкин. Дусуқий: “Эҳтиёждан ташқари илм талаби тижорат каби бўлиб, фарзи кифоя ҳисобланади. Ота-она фарзандини бундай илм талабига чиқишидан ман этишлари мумкин. Яъни, уларнинг шаҳарларида илм эгаси бўлса, қурққулик ёки денгиз сафари ҳам хатарли бўлса, ман қила оладилар. Акс ҳолда ман қилмайдилар”, деган. Адавий: “Агар шаҳарда талабга лойиқ қилинадиган илм эгаси бўлмаса, фарзанд кифоий илм олиш учун – илм аҳли бўлиш умид қилиниши шарти билан – ота-онанинг изнисиз чиқиши мумкин. Агар шаҳарда илмидан истифода қилинадиган киши бўлса, фарзанд фақат ота-онасининг изни билан чиқади”, деган.
Шофеийлар наздида: Фарз ва барча вожиб илмларни ўрганиш учун узоқ муддатга бўлса-да, ота-онанинг изнисиз чиқиш жоиз. Шунингдек, улар фатво бериш даражаси каби фарзи кифоя илм талабида сафар қилишга, гарчи ота-она изн бермаса ҳам, ижозат берганлар. Фақат сафарни омонда ёки хатари оз бўлиши ва шаҳарда у истагандек таълим берадиган аҳли илм бўлмаслиги, мусофирликда кўп бўш вақт топиш ёки устознинг иршод қилиши умиди кабилар шарт қилинади. Фарзи кифоя илм талабига чиқиши учун рашид (яхши-ёмонни фарқига борадиган) бўлиши шарт. Агар ота-онасининг нафақаси унинг зиммасида бўлса, агар мавжуд молдан уларни таъминлаб турадиган ўринбосар топилмаса – уларнинг изнига муҳтож бўлади. Худди шу каби фарзанднинг таъминоти ота-онанинг зиммасига лозим бўлиб турганда – ва ўринбосар топилмаганда – ота-она фарзанднинг изнисиз сафар қила олмайдилар.
Ҳанбалийлар бу борада шофеийлар билан бир хил сўзни айтганлар. Яъни, таҳорат, намоз ва рўза каби динининг асоси бўлган вожиб илмларни ўрганишда ота-онанинг изнисиз чиқиш мумкин. Албатта, ушбу ҳолатда ўз шаҳрида вожиб илмларни таълим берадиган устоз мавжуд бўлмаса, изнсиз бошқа шаҳарга чиқилади. Акс ҳолда ўз шаҳрида таълим олади.
Ҳалол ҳаромга оид яна бир мисол:
عاج [ъа́жу] − Фил тишлари
Таърифи:
“Ъа́жу” луғатда: Филнинг тишлари. Тишдан бошқа нарса “ъа́ж”, деб номланмайди. Фил тишини сотувчига “الْعَوَّاجُ – авва́ж”, дейилади. Сибавайҳ шундай деган. “Сиҳоҳ”да: “Ъа́жу” – фил суяги, дейилган.
Унинг бирлиги “عَاجَةٌ – ъа́жатун” бўлади. Шимр: “билакузук учун ъа́ж, дейилади”, деган. Азҳарий айтади: “Шимрнинг ъа́ж борасида айтган сўзининг тўғри эканига далил, марфуъ тарзда ривоят қилинган ҳадис.
Пайғамбаримиз солллаллоҳу алайҳи ва саллам Савбон розияллоҳу анҳуга: “Фотимага пайдан бўлган мунчоқ ва фил суягидан билакузук сотиб олиб кел”, дедилар”. (Абу Довуд ривояти).
Баъзи уламолар ушбу ҳадисда келган “ъа́ж” лафзидан филнинг суяги ирода қилинмаган, чунки у ўлимтик. Балки ундан денгиз тошбақасининг косаси ирода қилинган, дейишган. Бунга сабаб филнинг суяги имом Шофеъий наздида нажосат ва имом Абу Ҳанифа наздида пок ҳисобланади. Шу эътибордан Ҳанафий фақиҳларимиз “фил суяги”, деб маъно берганлар.
Фақиҳлар фиқҳий масалаларда айнан луғавий маъносидан келиб чиқиб ишлатадилар. Шофеъийлар наздида: “Ъа́ж” – денгиз тошбақасининг косаси, дейишган ҳанафий уламоларимиз ҳамда моликий ва ҳанбалийлар наздида: Филнинг тишидан олинган нарсага “ъ́аж”, дейилади.
Ҳажга оид яна бир мисол:
Рукнул ямонийни истилом қилиш (икки қўллаб ушлаш):
Рукнул ямонийни истилом қилиш икки қўлни унга қўйиш билан бўлади. У ҳажарул асвад бурчагидан олдинги бурчак. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен ушбу икки рукн: ямоний ва ҳажарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни истилом қилганларини кўрганимдан бери тиқилинч ва бўш ҳолатда ҳам истилом қилишни тарк этмадим”, деди. (Муслим ривояти).
Жумҳур наздида ва Ҳанафий имомларимиздан имом Муҳаммаднинг сўзида: Рукнул ямонийни истилом қилиш суннат. Лекин Моликийлар наздида биринчи айланишда суннат, қолганларида мандуб.
Имом Абу Ҳанифа ва имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳлар наздида: Истилом мандуб.
Барча фақиҳлар наздида: Рукнул ямоний ўпилмайди ва унинг устига сажда қилинмайди.
Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда: Рукнул ямонийга теккизилган ёки ишора қилинган нарса ўпилмайди.
Шофеийлар наздида: Рукнул ямонийга етишишдан ожиз бўлган вақтда унга теккизилган ва ишора қилинган нарса ўпилади.
Моликийлар наздида: Қўлини ўпмасдан шундоқ оғзига қўяди.
Аммо мазкур икки рукн (бурчак)дан бошқа рукнлар ўпилмайди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки рукнни истилом қилганлар ва иккисидан бошқасини истилом қилмаганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳмодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг байтдан фақат икки яманий рукндан бошқани истилом қилганларини кўрмадим”.
Дарҳақиқат, уламолар Байтнинг рукнлари орасидаги тафовутга бир қанча сабабларни кўрсатганлар. Буни Рамлий қуйидагича баён қилган: “Ушбу ҳукмлар борасида рукнларнинг турлича бўлишига сабаб: Албатта, ҳажарул асвад жойлашган рукнда иккита фазилат бор: ҳажарул асваднинг мавжудлиги ва саййидимиз Иброҳим алайҳис саломнинг асослари устида экани. Рукнул ямонийда битта фазилат бор: У отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг асослари устида экани. Аммо шомий икки рукнда бундай фазилатлар йўқ”, деган.
“Катта фиқҳ энциклопедияси” таржимаси
Ушбу энциклопедия таржима қилинса халқимиз учун ўта манфаатли бўлишини ҳисобга олиб, устозларнинг фикр-мулоҳазалари, маслаҳатлари, аҳли илмларнинг йўл-йўриқлари инобатга олиниб “Катта фиқҳ энцклопедияси”ни таржима қилиб нашрга тайёрлашга киришдик. Қирқ беш жилддан иборат бу йирик ва нуфузли асар дунё ислом уламолари орасида жуда машҳурдир.
У урду тилидан бошқа мусулмон халқлари тилига таржима қилингани, нашр этилгани ҳақида эшитмаганмиз. Демак, бу борада биринчилар сафида эканлигимиз ҳам кўнгилларга сурур ва илҳом бахш этди. Албатта, хоҳиш-истак, илҳом-ҳаяжон билангина мурод-мақсадга эришиб бўлмайди.
“Катта фиқҳ энциклопедияси”дек улуғ ва нуфузли, шу баробарида, мураккаб ва серқирра асарни ўзбек тилига ўгириб, чоп этиш учун бир қадар моддий ва маънавий имкониятлар, юксак масъулият, метиндек сабр-тоқат, қаттиқ меҳнат талаб этилади.
Таржимонлар гуруҳи худди шу шарт ва талабларни ўз зиммаларига олиб, Аллоҳнинг изн-иродаси, ёрдами билан ишга киришдилар. Аввало, араб тилини, исломий илмларни мукаммал ўзлаштирган, бир қадар ижодкорлик қобилиятига эга таржимонлар гуруҳи жамланди. Улар орасида Мубашшир Аҳмад, Абдулҳодий Ғиёс, Абдуллатиф Аллоқулов, Яҳё Раззоқов, Фарҳод Жўраев, Ҳабибуллоҳ Жўрабоев каби Тошкент Ислом институти ва Ислом Академисининг фиқҳ фани устозлари борлигини мамнуният билан қайд этишимиз мумкин.
Таржимонлар пайдар-пай ўзбек тилига ўгирган саҳифалар, боблар нашриётдаги махсус диний билимга эга, салоҳиятли мутахассислар томонидан яна бир карра кўздан кечирилди, зарурий ўзгартиришлар киритлиб, сайқалланиб борилди. Мутахассислар назаридан ўтказилган ўша саҳифа ва боблар, ўз навбатида, ўзбек тили бўйича маълум малакага эга муҳаррирларга узатилди.
Уларнинг таҳрир ишлари жараёнида кўпгина сўз ва жумлалар баъзи бир диний-илмий атамалар, иборалар ўзгариб кетиши ёхуд мазмунан чалкашиб қолиши эҳтимоли мавжуд. Худди шу сабабга кўра махсус мутахассислар гуруҳи муҳаррирлар таҳриридан чиққан матнларни тағин бир бор кўздан кечирдилар.
Уларнинг галдаги назоратидан сўнг, синчков мусаҳҳиҳларимиз жиддий шуғулланиб қўлёзмаларни тайёрлаш ишларини ниҳоясига етказишди. Мазкур жараёнлардан кейин дизайнерлик хизматлари амалга оширилди.
Алҳамдулиллоҳ, бугунги кунда ҳам “Катта фиқҳ энциклопедияси”ни жилдма-жилд нашрга тайёрлаш худди шу тизимда давом этмоқда.
Албатта, ушбу чоп этилган биринчи китоб, бизнинг бу борадаги биринчи қадамимиздир. Уни тайёрлашга киришилган илк дамларда бир қатор баҳс-мунозаралар, фикр алмашувлар бўлиб ўтди.
Жумладан, боблар, сўзлар, атамалар кетма-кетлигини қай тартибда бериш, махсус диний-илмий ибораларни қай йўсунда қўллаш масалалари жиддий муҳокама қилинди. Натижада, боблар, сўзлар кетма-кетлигини араб алифбоси бўйича жойлаштириш маъқул кўрилди. Чунки, бу муҳтарам ўқувчига машаққат, мураккаблик туғдирмайди, нега айнан шу тартиб жорий этилганини қийналмай англайди. Қолаверса, ҳар бир сўз, боб аввалида ўша сўз ёхуд бобнинг арабча ёзуви бериб борилади. Маълумки, диний илмларга оид қатор сўзлар ва иборалар мавжуд.
Биз, улар илк қўлланган пайт, мазкур сўз ва иборалар изоҳини, маъносини қавс ичида бериб, кейинчалик худди шу диний-илмий атамалар, иборалар қайта қўлланилганда, ўз ҳолича қолдирдик.
Dõkon qayerda joylashgan