islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

САМАРҚАНД МАДРАСАЛАРИ ВА УЛАРДАГИ КУТУБХОНАЛАР

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўз миллий-диний қадриятларнинг тикланиши ва узоқ ўтмишда яшаб ўзларининг сермаҳсул ижодлари билан ислом динининг турли соҳаларига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган алломаларнинг ҳаётлари ва бой илмий меросларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш энг долзарб масалалардан бирига айланди. Миллий тикланиш жуда кенг, чуқур мураккаб тарихий жараён бўлиб, у миллат ҳаётининг ҳамма соҳаларини: иқтисодиётни ҳам, сиёсий фаолиятни ҳам, маънавиятни ҳам, илм фан, тил, тарих, урф-одатлар, ҳунармандчилик, меъморчиликни ҳам, инсон камолоти билан бевосита дахлдор барча масалаларни ҳам ўз ичига қамраб олади.

Миллий тикланиш узоқ давом этадиган, кўп йилларни ўз ичига қамраб оладиган мураккаб жараёндир. Бу йўналишдаги энг муҳим босқич – инсон омилига ва унинг маънавий қадриятларига бўлган ижобий муносабатлардир. Табиийки, тадқиқотларда уларнинг тарихига мурожаат этиш алоҳида аҳамият касб этади. Чунки бой миллий қадриятларимизнинг тарихини ўрганмай туриб, уларнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш ва келажаги ҳақида фикр юритиш қийиндир. Бинобарин, йирик мутафаккирлар ҳаёти ва уларнинг бой маънавий меросларини ўрганиб, тадқиқ қилиш кенг қулоч ёзмоқда.

Чунончи, бу тарздаги тадқиқотлар бир томондан жамият учун ҳар томонлама муҳим бўлган маънавий комил инсонларни тарбиялаш, қолаверса, уларда соғлом диний тафаккурни шакллантиришда ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Шу билан бирга айтиш жоизки, ислом дини тарихи бу ўтмишда юртимизда фаолият юритган мадрасалар, кутубхоналар ва уларнинг тараққиёт босқичлари, шунингдек, Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган мутакаллимларнинг ҳаёти ва асарларини ўрганишда ҳали етарли даражада тадқиқотлар амалга оширилган, деб айтолмаймиз.

Мадрасалар ва кутубхоналар тарихини илмий асосда чуқур ўрганиш ҳозирги даврда амалий аҳамиятга эга эканлиги нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Илк ўрта асрларда аниқ илмларни ривожланиши бу ўша даврдаги кутубхонлар айнан шу соҳадаги китоблар жам бўлганидан далолат берса, кейинчалик диний илмларни ривожи шу соҳадаги асарларни кутубхонларда сақланганлигидан хабар беради.

Сомонийлар даврида Мовароуннаҳрда кўп машҳур қомусий олимлар яшаб ижод этган. Бу ҳудуддаги бой кутубхоналарида юнон файласуфлари, табиблари, қомусий олимларининг араб тилидаги таржималари, ислом динига оид мумтоз асарлар сақланган. Ўз навбатида бу манбалар олимларимиз учун илмий озуқа бўлиб хизмат қилган. Дастлаб, саройлар ва мадрасаларда сақланиб келган қўлёзмалар бу даврда аста-секин кутубхоналарда тўплана бошланди. Айни вақтда қўлёзмаларни хилларга ажратиш усуллари ишлаб чиқилди, бу иш IX-X асрларга келиб анча юқори даражага кўтарилди.

Кейинроқ Темурийлар, Шайбонийлар даврларига келиб янги асарлар, янги китоблар пайдо бўлиши натижасида янги кутубхоналар барпо бўлишига олиб келган. Хонликлар даврига келиб эса, кутубхоналар ўзига хос жиҳатлари билан ривожланган [6: 17-41]. Янги-янги асарлар ёзилиб, Самарқанд илм-фан марказига айлана борди.

Бу ўқимишли ва билимлилик бўлишлик анъанаси IX-XIII асрларда мусулмон дунёсини гуркираган давридан қолган ажойиб мерос эди.

Туронзамин мадрасалари ўрта асрларнинг ҳар бир тарихий босқичида қўлёзма китобларнинг муҳим мажмуаларига эгалик қилишарди. Китобат маданияти манбаларининг билимдони проф. А.А. Семёнов таъкидлаганидек, «Бухоро, Самарқанд, Қарши, Хива ва бошқа шаҳарлардаги катта мадрасаларнинг ҳаммасида катта-катта кутубхоналар бўлган. Ҳатто, нисбатан ёш Қўқон хонлигининг Қўқон, Андижон, Марғилон, Наманган шаҳарларидаги мадрасаларда, Бухородаги каби бой бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда кутубхоналари бор эди»[5].

Мадраса кутубхоналари китоб заҳираларининг таркиби, аввало, мадрасаларнинг ёши, қадимийлик даражасига қараб турлича эди. Сўнгра, кутубхона вақфига ким асос солгани билан маблағ таъминоти ким томониданлиги, мударрис ва талабаларнинг ақлий мушоҳада даражаси ва кўплаб илғаб бўлмас омиллар хусусиятини белгилар эди. А.А. Семёнов Бухоро мадрасаларининг китоб мажмуалари тақдири ҳақида қизиқ ва ибратли бир воқеани келтиради. Бухоро амири Музаффар (ҳукмронлик йиллари 1860-1868) мадраса кутубхоналарининг барчасидан қизиқарли китобларни хазинага ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарди.

Турли тарихий манбалар ва тадқиқотларда турли-туман мадрасалар ва уларнинг кутубхоналари, муайян даврда фаолият кўрсатган мадрасалар сони ҳақида жуда кўп қимматли маълумотлар мавжуд бўлиб, улар кутубхоначилик иши тарихи тўғрисида маълум хулосалар чиқариш имконини беради. Қуйида бундай материаллардан хронологик тартибда танлаб олинган маълумотлар келтирилади:

А.И. Кормилицин берган маълумотларга қараганда, XI асрда Самарқандда турли диний мазҳабларга тегишли бўлган 17 та хусусий мадраса фаолият кўрсатган. Хусусий мадрасалардан ташқари, ўша даврда ҳукумат томонидан маблағ билан таъминланиб турилган давлат мадрасалари ҳам бўлган. Хуросоннинг дастлабки давлат мадрасаларига Ғазнавийлар сулоласига мансуб ҳукмдорларнинг бевосита фармойишига биноан Х асрда асос солинган [3: 17].

XV асрнинг биринчи чорагида Мирзо Улуғбек Самарқанддаги Регистон майдонида жуда гўзал меъморчилик обидаси – ўз кутубхонасига эга бўлган мадраса биносини барпо этди. Мазкур мадраса кейинги бир аср мобайнида Марказий Осиёдаги энг йирик мадраса бўлиб қолди. Ўз кутубхонасига эга бўлган мадрасани Улуғбек Бухорода ҳам барпо этди.

XVI асрнинг ўрталарида Самарқанд ва Бухорода бир нечта йирик мадраса ва масжидлар қуриб битказилди ва вақф мулкига берилди. Самарқанддаги тоқига тилла ҳал юргизилган, кўп сонли ҳужралари ва катта кутубхонасига эга бўлган Шайбонийхон мадрасаси, Абдураҳим Садр мадрасаси, Мири Араб мадрасаси, Кўкалдош мадрасаси, Бухородаги Абдуллахоннинг иккита катта мадрасаси шулар жумласидан.

XVII асрнинг дастлабки икки ўн йиллигида Самарқандда амир Ялангтўшбий маблағига бир йўла иккита йирик мадраса барпо этилди. Улардан бири – жаҳон меъморчилик санъатининг мумтоз намунаси бўлган Шердор мадрасаси ва иккинчиси – жоме масжиди вазифасини ҳам бажариши лозим бўлган Тиллакори мадрасаси. Иккала мадрасада ҳам китоб сақлашга мўлжалланган хоналар ва мутолаа заллари назарда тутилган эди.

Аштархоний Имомқулихоннинг нуфузли аъёнларидан бири бўлган Нодир девонбеги томонидан XVII асрнинг 30-йилларида Бухорода шаҳар масжиди ва мадрасаси барпо этилди. У, шунингдек, Самарқанд яқинида Хўжа Аҳрор Вали мақбараси яқинида қурилган мадрасани ҳам маблағ билан таъминлади. XVII асрнинг иккинчи ярмида аштархоний Абдулазизхон Бухорода Улуғбек мадрасасининг рўпарасида кутубхонаси бўлган жуда гўзал бир мадраса биносини бунёд этди.

XVII аср охирида аштархонийлар сулоласининг вакили Субҳонқулихон даврида Бухорода яна бир йирик вақф оммавий кутубхонаси очилган. Бу ҳақда проф. А.А. Семёнов хабар бериб, кутубхонанинг ҳаёти, уни таъсис этган шахслар ҳақида манбаларда ҳеч қандай маълумот йўқлигини таъкидлайди [5: 913].

XIX асрнинг ўрталарида Тошкентда яшайдиган 50 минг аҳолига 300 масжид, 50 дан ортиқ мадраса тўғри келган [2: 627]. Тахминан мана шундай нисбат Самарқандда ҳам кузатилган [2: 626]. Бухорода яшайдиган 70 минг аҳолига [2: 626] 200 тага яқин мадраса [1: 27], 300 дан ортиқ масжид, 38 та карвонсарой, тўққизта тимли бозор, 16 та ҳаммом, шаҳар ичида 45 та ва унинг атрофида 22 та бозор тўғри келган [2: 626]. Қўқонда худди шу даврда 30 минг аҳоли яшаган, 9 карвонсарой, 6 ҳаммом [2: 627], 36 тадан ортиқ мадраса [4: 39], юзга яқин масжид фаолият кўрсатган. Хивада XIX асрнинг 40-йилларида жами 22 та мадраса бўлган, умуман Хоразмда 50 дан ортиқ мадраса [4: 38] ва 100 дан ортиқ масжид фаолият кўрсатган. Андижонда 42 та мадраса бўлган. Юқорида зикр этилган мадраса ва масжидларнинг барчаси катта-кичик кутубхоналарга эга бўлган. Мазкур кутубхоналарда қўлёзма китобларнинг катта ё кичик жамғармалари тўпланган. Масжидлар қошидаги мактабларни, мадрасаи олия, ўрта ва қуйи мадрасаларни ҳар йили минглаб талабалар – потенциал китобхонлар ва китобсеварлар тамомлаган.

Шовосил ЗИЁДОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,т.ф.н., доцент

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

Абд-ур-Рауф. Рассказы индийского путешественника (Бухара, как она есть). Перевод с персидского А.Н. Кондратьева. –Самарканд. 1913.

История Узбекской ССР. Т. 1. –Т.: 1967.

Кормилицын А.И. Судьбы книг. –Т.: Фан, 1994.

Кормилицын А.Н. Рукописные коллекции и библиотеки на территории Узбекистана эпохи средневековья. –Т.: 1993.

Семёнов А.А. Среднеазиатские рукописные фонды и важность их изучения // Материалы I Всесоюзной научной конференции востоковедов в Ташкенте. –Т.: 1958

Shovosil Ziyodov, Ashirbek Muminov et Elizaveta Nekrasova La «Bibliothèque de Khwâja Muhammad Pârsâ” revisitée», dans Écrit et culture en Asie centrale et dans le monde turco-iranien, Xe–XIXe siècles, Francis Richard et Maria Szuppe (eds.), [Studia Iranica. Cahier 40]. Paris: Association pour l’Avancement des études iraniennes, 2009.

Манба

182270cookie-checkСАМАРҚАНД МАДРАСАЛАРИ ВА УЛАРДАГИ КУТУБХОНАЛАР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: