islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бесуннатлар фитнасидан огоҳ бўлинг!

Сўнги вақтларда айниқса, интернет тармоқларида набавий ҳадисларни юзсизларча инкор қиладиган, уларни масхаралайдиган айни чоғда эса гўёки диний руҳда мақолалар пост қилиб, илмсиз кишиларнинг бошини айлантириб, ўзларининг залолат ботқоқларига тортаётган жирканч тоифа вакиллари афсуски, ўзбеклар ичида ҳам пайдо бўла бошлади.

Уларнинг асл башарасини билмайдиганлар пост қилаётган мақолаларидан таъсирланмоқдалар ёки ҳайратга тушмоқдалар.

Бесуннатлар («Қуръоний»лар) 19 — асрда пайдо бўлган залолатдаги тоифа ҳисобланади. Уларнинг заққум илдизи Британия мустамлака қилган даврдаги Ҳиндистонга бориб тақалади. Англия Ҳиндистонни мустамлака қилган даврда у ернинг мусулмон аҳолисини маънан ва руҳан заифлаштириш учун турли туман бузғунчиликлар амалга оширган, ҳар-хил адиб, файласуф ва бошқа хил тоифаларга диний либос кийдириб, улар орқали янги-янги «исломий» фирқаларни вужудга келтирган, шунингдек, миссионерлардан иборат отлиғу пиёда залолат қўшинини бу диёрга йўналтирган.

Қавлий ҳадисларни таг-туги билан инкор этувчи бу тоифа Аслам Жайражпури, Ғулом Аҳмад Парвез, Абдуллоҳ Жакарулвий сингари Британия Ҳиндистони тарбиялаган уч-тўртта залолат бошчилари томонидан яратилган.

Булар илк бошда ўзларига «аҳлу-л-Қуръон» деган баландпарвоз ном қўйганлар. Улар фақат Қуръоннигина шариат манбаи деб ҳисоблайдилар ва уни ўз нафсларининг хоҳиш-истакларига монанд равишда тафсир ва таъвил қиладилар.

«Фақат Қуръонгагина ишонамиз, зеро, Аллоҳ таоло фақат Қуръоннигина сақлашга ваъда қилган!», деган ўта маккорона даъволарини илгари суриб, қанча-қанча илмсиз кишиларни адаштирдилар.

Уларнинг кўринишдан асалдек соф бўлиб туюлувчи, ботинда эса заҳар ташувчи бу сўзлари Али разияллоҳу анҳунинг таъбири билан айтганда «ботил ирода қилинган ҳақ сўз» дейишга ҳам арзимайди аслида. Чунки, Али разияллоҳу анҳу бу машҳур сўзларини «Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилайлик!», деган адашган хаворижларга қарата айтган эдилар. Ваҳоланки, Хаворижлар ҳам бесуннатлар сингари Суннатни жумлатан ва тафсийлан инкор қилмас эдилар.

Бесуннатларнинг залолати ва сафоҳати озгина ақлу тафаккури бор кимсага махфий қолмайди. Улар, фақат Қуръонни тан оламиз дер эканлар, ўзлари билиб ё билмаган ҳолда Исломдан бошқа бир динни олиб келдилар. Чунки, Ислом динининг асосий масдар ва манбаларининг аввалида Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳара туради. Ундан кейин саҳоба ва тобеинлар ижмоъси, қиёс, истеҳсон ва урф каби нарсалар келади.

Дини Ислом бизга фақат Қуръоннинг ўзи билан эмас, балки, мазкур манбаларнинг барчаси орқали асрлар давомида етиб келмоқда. Мазкур манбаларга таяниб, асрлар давомида Ислом уламолари динимизнинг барча замону барча маконга тўлақонли жавоб бера олишини амалий равишда исботлаб келмоқдалар.

Қуръони карим таъбир жоиз бўлса бир илоҳий уруғки, ундан Ҳадис ва унинг билимлари, Қуръон ва унинг илмлари, тафсир, фиқҳ ва унинг асослари, тасаввуф, руҳий тарбия, одобу ахлоқ, қўйингки, барча-барча Ислом олами эришган илмий маънавий бойликлар ва илмий мерослар униб чиққан.

Уларнинг барчаси бир бутун бўлиб, Ваҳийдан келиб чиққан.

Шунинг учун ҳам Қуръондан бошқасини инкор қилувчи кимса, Исломни инкор қилувчи ҳисобланади. Ундай инсон Қуръонни ҳам тўғри тушуна олмайди. Чунки, кўплаб ояти карималарнинг тафсири ҳадиси шарифларда баён қилинган, саҳобаю тобеинлар сўзларида ўз ифодасини топган ва муфассир уламолар томонидан китобларда нақл қилинган. Уларнинг ҳаммасини инкор қилган одам Қуръони каримни қандай тушунсин, шундай улуғ каломни ниманинг ёғдусида англасин?! Бунга жавоб битта: ундай инсон Қуръонни ўз шайтонининг «ваҳйи» билан тушунади, унинг шивир-шивири билан англайди. Бу гаплар шунчаки, эҳтиросга берилиб айтилаётган гаплар эмас. Аслида ҳам шундай. Қуръондан бошқа барча исломий манбаларни инкор этувчи, барча тафсирларга тупурувчи, ҳадисларни рад қилувчи тоифа қандай қилиб Қуръонни тафсир қилади? Албатта, ҳавою нафси билан ва шайтоний ақли билан тафсир қилади.

Бесуннатлар тоифасининг асосчилари муътазилийлар, қадарийлар ва ғарб-юнон фалсафасидан ниҳоятда қаттиқ таъсирланган кишилар бўлганлар. Инсон ўз ақлига ортиқ даражада эрк бериб юборса, гоҳида адашиб, залолатга кетиб қолиши бор нарса. Чунки, бундай катта оламда, сонсиз саноқсиз махлуқоту мавжудотлар ва ҳодисотлар мавжлари бир-бирига уришган тубсиз денгизда Ваҳий нуридан фойдаланмаган киши ҳайратга юз тутиб, тўғри йўлдан адашиб кетиши ҳеч гап эмас.

Ҳамма нарсага аввал шубҳа билан ёндашиб, ақли шубҳаларни енгиб, қониқиш ҳосил қилсагина ишониш керак деган фикр ўта хатарли фикрдир. Инсон ўз ақлини Ҳақиқат устидан ҳукмрон қилиши аслида ақлсизликдир. Негаки, Ҳақиқат битта, ақл ва онглар эса сон-саноқсиздир. Кимнингдир ақли тасдиқлаган нарсани бошқанинг ақли кўтармаслиги мумкин. Бесуннатлар тоифасининг бошчилари ҳам шубҳа ва гумонларга берилиши оқибатида кўп залолатларга тамал тоши қўйиб кетганлар.

Ҳа, бу тоифанинг бошида аслида шайтон турган. Шайтон мўмин қалбига доим шубҳа ва гумонлар солади. Мазкур шайтоний тоифа чиндан ҳам шайтонга мансублигини қуйида келтириладиган сўзлардан билиб олиш ҳам мумкин. Абдуллоҳ Жакарулвий Покистонда ҳадис фанидан сабоқ берувчи кишилардан бўлган. Аммо, кўплаб ҳадислар борасида қалбига шубҳа оралагач, барча ҳадисларни инкор қилиш керак, деган фикрга келган.

Ғулом Аҳмад Парвез ҳам шу сўзлардан таъсирланиб юрарди, кейинчалик у ҳам шубҳа ва гумонлар ғолиб келгач, бесуннатлар тоифасига ўтиб олди. Бу ҳақда унинг ўзи шундай ҳикоя қилади: «бир куни тафсир китобларини ўқиб ўтиргандим Аллоҳ таолонинг: «эй мўминлар, сизлар (ўз Пайғамбарингиз Муҳаммадга нисбатан Бани Исроил қавмидан бўлган) Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Бас, Аллоҳ уни улар айтган айблардан поклади. У Аллоҳ наздида обрўли киши эди«—деган сўзини ўқиб қолдим. (Аҳзоб сураси, 69-оят). Лекин, ушбу оят тафсирида Абу Ҳурайрадан Бухорий ва Темизийлар ривоят қилмиш Бани Исроилнинг Мусони песликда айблашлари, тошнинг унинг либослари билан қочиши ва Мусонинг ўз ҳассаси билан тошни уриши ҳақидаги ҳадисларни ўқигач, қалбим титраб кетди, турли ўй-фикрлар ўз оғушига олди ва қалбимга шубҳа кетидан шубҳалар оқиб кела бошлади». Ундан сўнг, Ғулом Аҳмад ўз ботил фикрларини ўзи таъсис этган «тулуъ ал-ислом» (Исломнинг порлаши) номли журнал орқали Ҳиндистонда ёя бошлади (қаранг: Доктор Маҳмуд Муҳаммад Мазруъа. «Набавий суннат борасида «Қуръоний»лар қўзғаган шубҳалар».).

Бесуннатлар Қуръони каримдан бошқасини эътироф этмасликлари ҳақидаги ўз даъволарига қарши иш қиладилар. Зеро, кўплаб оятларда Аллоҳ таолога ва Пайғамбарга итоат қилиш буюрилади. «Аллоҳга итоат қилингиз, Расулга итоат қилингиз ҳамда ўзингиздан бўлган бошлиқларингизга бўйсунингиз!» (Нисо сураси: 59-оят).

Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳга итоат ва Пайғамбарга итоат ажратиб айтилмоқда. Агар набавий ҳадисларнинг ҳеч қандай аҳамияти бўлмаса, алоҳида қилиб, «Расулга итоат қилингиз!» демаган бўларди Аллоҳ. Агар, ҳадис шарифларнинг аҳамияти бўлмаса, Пайғамбар юборишнинг ҳам маъноси қолмасди. Аллоҳ бирор пайғамбарсиз ҳам Ўз каломини инсонларга ўзи хоҳлаган йўсинда етказиб қўйишга қодир эди. Лекин, шундай қилмади. Балки, пайғамбар юбориб, «кимки, Пайғамбарга итоат қилса, демакки, Аллоҳга итоат қилибди» (Нисо сураси: 80-оят), деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «огоҳ бўлинг, Менга Қуръон берилди ва У билан бирга унинг мислидек илм берилди» (Абу Довуд ривояти), дея марҳамат қилганлар.

Уламоларимиз Пайғамбаримизга ато этилган «Қуръоннинг мислича бўлган нарса»ни тиловат қилинмайдиган ботиний илм эканлигини айтадилар.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 7-оятида шундай марҳамат қилади (маъноси): «Пайғамбар сизларга берган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсалардан қайтинглар!».

Ушбу ва шу маънодаги кўплаб ояти карималар Пайғамбарнинг оғзидан чиқувчи сўз, ўгит ва буйруқлар, унинг сийрати ва қилган ишлари шаръий ҳужжат эканлигига далилдир.

Бесуннатлар Қуръонга ҳам жоҳиллик қилдилар. Агар улар Қуръонни ҳаққи рост таниганларида суннати набавийяни инкор қилмас эдилар. Зеро, Қуръони каримнинг ўзи суннати набавийяга чақиради, унинг мартабасини баланд қилади. Бу мақолада бесуннатларга мукаммал раддия бериш қасд қилинмаган. Йўқса, уларга бериладиган раддия жилд-жилд китоб бўлади. Боз устига, муҳтарам уламоларимиз ўз ўрнида уларга етарлича раддиялар бериб бўлганлар.

Бесуннатлар Пайғамбаримизнинг маъсум эканлигига иймон келтирмайдилар. Саҳобийларни ҳам адолатли деб билмайдилар. Замонамиздаги бесуннатларнинг Аҳмад Субҳий Мансур каби айрим нодон вакиллари наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва бошқа кўплаб бузуқликларга Қуръонда очиқ зикр этилмаганлиги учун ҳалол деб фатво ҳам берадилар.

Бу тоифа Ҳиндистон ва Покистондан Англияга, у ердан Европа ва бошқа давлатларга ўтиб, атайин ривожлантирилади. Ҳизбут таҳрир каби залолатдаги оқимларга макон ва бошпана бўлган айрим ғарб давлатлари ушбу залолатдаги тоифага ҳам ҳомий ва бошпанага айланган афсуски.

Сўнги пайтларда мазкур адашган тоифа вакиллари ўзимизда ҳам пайдо бўлаётгани ачинарлидир. Уларнинг зомбидан фарқи қолмаган, тафаккур ва ақлни ишлатишдан мосуво бўлган тўдадир.

Уларнинг кўп жиҳатлари ҳизбут таҳрир аъзоларининг ғояларига ҳам ўхшаб кетади. Ҳизбут таҳрир ҳам ҳадисларни осонгина инкор қилиб, мусулмонлар бирлигига раҳна солар эди. Оҳод ҳадис гарчи саҳиҳлиги муттафақун алайҳ ва ундан юқори даражада бўлса ҳам барибир, гумонни тақозо этади, бинобарин, ундай ҳадисларга ишониш мумкин эмас, деган даъволари билан кўплаб ҳадисларни инкор қилар ва ҳалолни ҳаром, ҳаромни эса ҳалол қилардилар. Улар бу борада шу сўзни пайдо қилган уламоларнинг ҳам хаёлига келмаган жоҳилона таъвил билан ёндашар эдилар. Маълумки, усулул фиқҳ ва мусталаҳул ҳадис илмида тавотур даражасига етмаган хабар «зонн»и ифода қилади деган қоида бор. Бу ерда ишлатилган «зонн» сузи яқийн ва қатъий илм даражасига чиқмаган бўлсада, оғир босувчи фикр маъносини ифода этади. Ўзимизнинг ўзбек тилимизда ҳам бирор инсонни бирор нарсада гумон қилиш бу шак ва тараддуддан кучлироқ даражадаги фикрга нисбатан қўлланади. Фалончи ҳақида яхши гумон қиламан, дейишади. Бу дегани уни яхши инсон деб ўйлайман, дегани бўлади, яхшими ёмонми тараддуд қиламан дегани бўлмайди.

Мутавотир даражасига етмаган ҳадис қатъий илмни ифода қилмайди деганда олимларимиз яна шуни ҳам таъкидлайдиларки, мутавотир даражасига етмаган, аммо саҳиҳ бўлган ҳадисни инкор қилган кимса қаттиқ гуноҳкор бўлади ва фосиқ бўлади, дейдилар. Ҳизбут таҳрир эса зонн деган истилоҳни саводсизларча ўзбекчага ўгириб, уни шубҳа ва гумон деган маъносини олганлар холос. Эҳтимол, улар бу борада бор йўғи «Баранов» луғатига таянган чиқарлар. Ваҳоланки, Қуръони каримнинг баъзи жойларида мазкур «зонн» сўзи яқийний ишонч маъносида ҳам келган. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Қуръони каримнинг ал-Ҳаққа сурасида ўз номаи аъмолини ўнг томонидан олиб, шодликка ғарқ бўлган мўмин кишининг тилидан қуйидаги сўзлар келтирилади:

«إِنِّي ظَنَنتُ أَنِّي مُلَاقٍ حِسَابِيَهْ (20) فَهُوَ فِي عِيشَةٍ رَّاضِيَةٍ (21) فِي جَنَّةٍ عَالِيَةٍ (22) قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ»

маъноси: «дарҳақиқат, мен ҳисоб-китобимга рўбарў бўлишимни билган эдим, дер. Сўнг у кўнгилли ҳаётда, мевалари (қўлга) яқин бўлган олий жаннатда бўлур» (ал-Ҳааққа сураси: 20-23-оятлар). Яъни, айтмоқчи, бўлганимиз араб тилида «зонн» сўзи доим ҳам салбий маънони англатмайди, балки, баъзан Қуръони карим далолати билан ишонч ва билим маъносини ҳам англатиши мумкин экан. Баъзан эса, қатъий ишонч ва билим даражасига чиқмаган бўлсада оғир босувчи фикр маъносини ифода қилади.

Нима бўлганда ҳам ҳизбчилар аслида ўз манфаатлари учун келтирган ҳужжатларида ўзларига қарши катта зарба бор эди. Оҳод ҳадислар «зонн»и ифода қилади деган аҳли илмлар саҳиҳ ҳадисларни инкор қилган киши гарчи кофир бўлмаса-да аммо, қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва фосиққа айланишини ҳам таъкидлаб ўтганлар. Демак, ҳизбчилар биринчи галда ўз қўллари билан ўз бўйинларига фосиқлик тавқини илганлари ҳолда ўз йўлларига даъват қилганлар. Бундан ортиқ шармандалик йўқ эди аслида улар учун.

Ундан ташқари, усулийларнинг мазкур сўзларини суистеъмол қилиш ҳам тўғри эмас. Бизга етиб келган имконият ва тажриба асосида бирор ҳадисни оҳодга ҳукм қилар эканмиз, бу ҳолат аслида ўша ҳадис Набий алайҳиссалом томонларидан айтилган бўлиши мумкинлигини инкор қилмайди. Яъни, биз зонний деб билган ҳадис Набий алайҳиссалом томонларидан ҳақиқатан айтилган бўлиши ҳам мумкиндир. Чунки, биз ўртадаги восита ва василаларнинг ҳолатига таяниб, у ёки бу хабарни зоннийга ҳукм қилганмиз. Асл ҳолат эса яна Аллоҳнинг илмидадир. Айнан шунинг учун ҳам шайх аллома Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ шунга ишора қилиб: «кейингилар учун зонний бўлган ҳадис унинг асл ровийси бўлган саҳобий учун яқийний бўлиши мумкин», дейдилар. Шундай экан илмий истилоҳлар ва уларни келиб чиқиши борасида етарлича билимга эга бўлмаган ҳолда улар билан ўйнашиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шунингдек, усулул фиқҳ уламолари оҳод кишиларнинг хабари зонни ифода қилади, дер эканлар, ҳизбуттаҳрир суитстеъмол қилган фитна қўзғаш мақсадини ирода қилмаганлари ҳолда бу билан «ўша ҳадисларга ишониб юборманглар! уларга ишониш ҳаром!» деган нарсани ҳам мақсад қилмаганлар. Бирор нарсага ишониш ёки ишонмаслик қалбнинг иши. Инсон саҳиҳ ва ҳасан ва ҳаттоки заиф санадли ҳадисларга ишонса ажр олса оладики, гуноҳкор бўлмайди.

Шунинг учун ҳам уламолар тавотур даражасига чиқмаган ҳадисни инкор қилувчи киши кофир бўлмаса ҳам, фосиқ бўлади деганларида, битта ҳолат узри билан шуни айтганлар. У ҳам бўлса, у ёки бу кишининг мазкур ҳадиснинг чиндан ҳам пайғамбаримиз айтганларига шубҳа қилиш ҳолатидир. Агар мусулмон киши қайсидир сабаб билан қалбида пайдо бўлган гумон туфайли бирор саҳиҳ ҳадисни инкор қилса, кофирга ҳукм қилинмаслиги унинг нияти яхши эканлиги туфайлидир. Эҳтимол, у мазкур ривоятни бирор илмий сабаб билан қалбул қилмаётгандир. Аммо, қалбан шу сўз Набий алайҳиссаломга мансублигига ишонган ҳолда инкор қилса, унинг ҳолати оғирроқ бўлади.

Шунингдек, уламолар мутавотирлигига иттифоқ қилинган ҳадиси шарифларни инкор қилиш кишини диндан чиқаради, дейдилар.

Ўзини Қуръонга нисбат берувчи аслида эса ундан узоқ бўлган бесуннатлар тоифаси ҳизбут таҳрир каби ниҳоятда зарарли балки, ундан ҳам ёмонроқ бўлган адашган тоифадир. Уларнинг асалга заҳар қўшиб бериш услубидаги нағмаларига қулоқ тутиш бениҳоя хатарлидир. Худо билади, уларнинг ортида қандай кучлар турибди, кимлар бошқаряпти. Ҳозирда ўзбеклар орасида ҳам битта яримта шундай адашганлар пайдо бўлиб қоляпти. Эҳтимол, уларнинг ортида турганлар Ватанимизнинг барқарорлиги, тинчлиги ва фаровон ҳаётини кўра олмаётган ғаразли кучлардир, ким билсин.


Алишер Рихсиддин ўғли

221350cookie-checkБесуннатлар фитнасидан огоҳ бўлинг!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: