Меҳр-оқибат, инсон қадрини улуғлашга қаратилган байрам
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, муқаддас ислом динининг эзгу ғояларини ўзида яққол ифода этадиган байрам — Ийд ал-Фитрни муносиб нишонлаш, жамиятимизда инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак фазилатларни камол топтириш мақсадида Рамазон ҳайити 2022-йил 2–4-май кунлари мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланмоқда.
Бу йилги байрам, айниқса, ўзгача шукуҳ ва файз билан ўтмоқда. Буни одамларнинг юз-кўзларидаги қувонч ва тилларидаги шукроналик сўзларидан яққол англаш мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат, Рамазон ҳайити муносабати билан давлатимиз раҳбари номига кўплаб хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари номидан қутлов мактублари келиши давом этмоқда, ўз навбатида, Президентимиз томонидан ҳам чет эл давлатлари раҳбарларига табрикномалар юборилмоқда. Байрам том маънода ўзаро меҳр-оқибат рамзи ўлароқ халқаро алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлмоқда.
Шуни алоҳида айтиш лозимки, Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Рамазон ҳайити табриги юртдошларимизнинг бениҳоя хурсанд қилди, барчамизга ҳақиқий байрам кайфиятини бахш этди.
Байрам табригида халқимизнинг олижаноб қадриятларини асраб-авайлаш, аждодларимизнинг бой илмий меросларини тиклаш ва фаол тарғиб этиш, буюк аждодларимизнинг табаррук қадамжоларини обод қилиш, байрам кунларида ўзаро меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш, сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлаш бош ғояси асосида улуғвор ташаббуслар қўллаб-қувватланаётгани, амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига чиқди. Буни янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатидан тортиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамда диний-маърифий соҳаларидаги туб ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Сўнгги беш йилда мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
Эътиборлиси, мамлакатимизда инсон қадри учун амалга оширилаётган ишларни ҳар жабҳада кўриш мумкин. Хусусан, турли ғаразли кучлар таъсирида диний-экстремизм фаолиятига адашиб кириб қолган фуқароларнинг 16 мингдан зиёди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари “қора рўйхат”идан чиқарилгани ёки “Меҳр” операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Aфғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 500 нафардан ортиқ аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келингани, улар янгиланаётган, инсон эрки ва ҳуқуқлари қадрланадиган юртимизда ўзларининг янги ҳаётини бошлагани бунинг яққол мисолидир.
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Рамазон ҳайити арафасида адашиб жиноятга қўл урган, лекин айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича Фармонни имзолагани халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Виждон ва дин эркинлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси олиб бораётган сиёсатнинг устувор вазифаларидан саналади. Шу боис сўнгги йилларда республикамизда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу борада виждон эркинлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қонунчиликни инсон ҳуқуқларига оид халқаро андозалар асосида такомиллаштириш ҳам республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг долзарб вазифаларидан деб қаралмоқда.
Инсон қадри улуғланаётган юртимизда 2021-йил 5-июлда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги Қонун қабул қилингани жамиятдаги жуда кўп масалаларни ечди. Мазкур ҳужжат ўзининг халқчиллиги ва жамиятдаги барча масалага энг ҳаққоний ва одолатли жавоб бериши билан аҳамиятлидир.
Янги таҳрирдаги ушбу қонун AҚШ, Европа Иттифоқи ва жаҳоннинг илғор давлатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича марказлари ҳамда халқаро ташкилотлар мутахассисларининг таклиф ва тавсияларини ўрганган ҳолда ишлаб чиқилди. Янги қонуннинг олдинги қонундан асосий фарқли жиҳатлари шундаки, бу ҳужжатда фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатлари кучайтирилди, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқини таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилди, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсати такомиллаштирилди.
Яна бир асосий жиҳат, диний таълим тизимидаги янгиликлар алоҳида муҳим ўрин тутади. Ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк муҳаддис боболаримизнинг диний ва илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб етиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда. Шунингдек, учта йирик олий диний таълим ва 10 та ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият юритмоқда.
Шу қаторда Қашқадарё вилоятида калом илмининг атоқли намояндаси Aбу Муин Насафий, Наманган вилоятида тасаввуф таълимотининг йирик вакили Султон Увайс Қараний, Тошкент шаҳрида Сузук ота ёдгорлик мажмуалари бунёд етилгани, кўплаб масжид, мадраса ва диний обидалар қайта қурилаётгани ёки таъмирланаётгани, айниқса, Имом Бухорий ҳазратларининг Самарқанд вилоятидаги ёдгорлик мажмуасини мутлақо янги, замонавий ҳолда барпо етиш ишлари шиддат билан давом этаётгани қувонарли ҳол, албатта.
Қолаверса, ўзининг маҳобати ва Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилаётган юртимизда илмий салоҳияти туфайли маърифат масканига айланиши кутилаётган, Тошкент шаҳрида барпо етилаётган Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Зотан, халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган мазкур илм-маърифат маркази ҳозирданоқ ўз маҳобати, амалга ошираётган маънавий, илмий тадқиқот фаолияти билан бутун дунё ҳавасини келтирмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳат, давлатимиз раҳбарининг қатъияти ва ташаббуси билан Ҳаж ва Умра зиёрати қайта тикланди. Пандемия туфайли ушбу муқаддас диний амалларни бажариш имконияти чекланган эди. Бироқ юртимизда пандемик вазиятни бартараф этишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида аҳоли динимизнинг муқаддас амалларини бажариш имконига эга бўлди. Мисол учун пандемиядан кейин, ўтган қисқа давр ичида, 35 мингга яқин юртдошларимиз муборак Умра зиёратини адо этиш бахтига муяссар бўлди.
Aлбатта, мазкур кенг кўламли ислоҳотлар, енгилликлар, қулайликлар замирида кўп миллатли халқимиз ҳаёти, фаровон турмуши, ёрқин истиқболи, фарзандлар камолоти ва орзу-истаклари рўёби мужассамдир.
Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, бугунги шиддатли замон мафкураси, айниқса, дунё миқёсида тобора кескин ва шафқатсиз тус олаётган рақобат, барқарорликка нисбатан таҳдидлар, фарзандлар тарбиясидаги доимий ҳушёрлик ва огоҳлик масалаларига ҳар қачонгидан ҳам жиддий аҳамият беришни тақозо этмоқда. Aлбатта, бу жараёнда юртимизда яшаётган ҳар бир инсон чуқур хулоса чиқариши, доимо огоҳ ва сергак бўлиши, фарзандлар тарбияси масаласида янада эътиборли бўлиши лозим.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда кенг кўламли ислоҳот ва туб ўзгаришлар натижасида янгиланиб бораётган юртимизда халқ билан мулоқот, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини, жумладан, виждон эркинлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада улкан чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, кўлами ва миқёси тобора кенгайиб бораётган бундай амалий ишлар янги Ўзбекистонни барпо этиш, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини оширишдек эзгу мақсадларимизга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, барча юртдошларимизни ана шу ғоялар атрофида янада бирлаштиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Меҳр-оқибатли, саховатли халқимизга, тинч-осойишта юртимизга мана шундай байрамлар ярашади. Бинобарин, бунинг шукронасини қилиш, янги бунёдкорлик ишларида бирдам бўлиш, буюк келажак сари шаҳдам қадамлар ташлаш, янги Ўзбекистонни барпо етишда бир ёқадан бош чиқариб, давлатимиз раҳбари атрофида бирлашиш — бизни мақсад сари олиб борувчи ягона йўлдир.
Содиқ Тошбоев,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси.
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022-йил 2-май, 91-сон.